1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

ТАВБА

05:00 / 28.02.2017 7801 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Истиғфор ҳақида айтилган фикрларни баъзи бир кишилар нотўғри тушуниб, инсон ҳар қанча гуноҳ ишларни қилса ҳам, уларни кечиши осон экан, деган хаёлга келиш мумкин. Аслида эса ундай эмас. Бу масалада оғзаки гаплар кифоя қилмайдилар, балки содир бўлган гуноҳга сидқидилдан надомат қилиш, уни қайта такрорламасликка азму қарор қилиб, шу қарорга амал қилмоқлик ҳам зарур. 

Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун осийликдан тавба қилиш керак. Тавба дегани - қайтиш деганидир. Инсон тавба қилди,хатолардан, гуноҳлардан қайтди, аввал қилган гуноҳларига надомат (афсус) қилди, дегани демакдир. Қуръон тавбага катта аҳамият бериб, кўпгина оятларда эслатиб ўтади: «Ким зулмидан кейин тавба этса ва амали солиҳ қилса, Аллоҳ албатта тавбасини қабул қилади. Шубҳасиз, Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир» («Моида» сураси, 39-оят). «Роббингиз Ўз зиммасига раҳматни ёзди. Сиздан ким билмасдан ёмонлик қилса, сўнгра ундан кейин тавба қилиб, амали солиҳ қилса, бас, албатта, У зот мағфиратли ва раҳмли зотдир» («Анъом» сураси, 54-оят). 

Кўпинча Қуръони Каримда истиғфор билан тавба кетма-кет келган: «Парвардигорингизга истиғфор айтинг, сўнгра унга тавба қилинг» каби. Чунки тавбага ундовчи нарса истиғфордир. Шулардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг мағфиратини сўрашда тавба изҳор қилишдан бошқа йўл йўқ. Чунки гуноҳкор киши тўғри йўлдан юз ўгирган бўлади. Модомики, у гуноҳларидан қайтмаса, мағфират талаб қилмоққа имкони йўқ. Демак, истиғфор зарур нарса бўлиб, тавба уни тўлдириб келади. Қуръон талаб қилган тавба гуноҳ содир бўлиши билан дарҳол бажаралиши лозим. Вақт ўтиб, ёмонликлар газак олиб кетмаслиги лозим. Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида: «Жаҳолат-ла ёмонлик қилиб қўйиб, сўнгра тезда тавба қиладиганларнинг тавбаси Аллоҳнинг зиммасидадир. Аллоҳ ана ўшаларнинг тавбасини қабул қилади. Ва Аллоҳ билувчи ва ҳикматли зотдир» дейилган (17-оят). 

Аллоҳ тавбанинг қабул бўлишига 2 та шарт қўйган: 

1. Ёмонликни билмасдан қилиш. 

2. Тезда тавба қилиш.

Аммо инсон ёмонликни ўзига одат қилиб олса ва ажали яқинлашганда тавба қилса, тавба қабул бўлмайди. Бу ҳақда «Нисо» сурасида шундай дейилган: «Ёмонликларни қилиб юриб, бирларига ўлим етганда, энди тавба қилдим, деганларга ва кофир ҳолларида ўлганларга тавба йўқ. Ана ўшаларга аламли азобларни тайёрлаб қўйганмиз» (18-оят). 

Қуръон Аллоҳнинг мағфиратига эришиш учун тавба билан бирга яхши ишлар ҳам қилиниши кераклигини эслатади: «Албатта, Мен тавба қилган, иймон келтириб, яхши амал қилган, сўнгра тўғри юрганларни кўплаб мағфират қилгувчиман» («Тоҳо» сураси, 72-оят). «Магар ким тавба қилса, иймон келтириб, солиҳ амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонликларини яхшиликларга алмаштирур. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли бўлган зотдир» («Фурқон» сураси, 70-оят). 

Демак, тавба муҳим ахлоқий омилдир. Кимки уни кечга сурса, инсоний фазилатлардан маҳрум бўлади. Кимки унга шошилса, ўзни ислоҳ қилган бўлади ва ёмонликни тугатишда катта кучга эга бўлади. Голландиялик ёзувчи Франъ Сталл бир журналга ёзган мақоласида Исломдаги ахлоқий таълимотлар билан Европадаги ахлоққа чақирувчи ташкилотларнинг таълимотини қиёслаб кўриб шундай дейди: «Ислом динида тавба кишиларнинг ўз-ўзини тарбиялаш воситасидир. У улкан ахлоқий қуролдир, унда надомат, ўзгариш ва яхшиликка ўтиш бирлашиб келади».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Юқорида айтиб ўтилган вирдларни яна ҳам яхши тушуниш, уларнинг ҳужжат ва далилларини билиб олиш ҳар бир мурид учун фойдадан холи бўлмайди. Чунки бу зикрлар ва давоми...

2893 13:02 / 29.11.2018
Ўзини юқори олган одам кибр аҳлидан бўлади. Камолот сифатларининг соҳиби бўлган одам ўзини бошқалардан юқори олмайди. Камолот сифатлари эса диний ва дунёвий давоми...

5426 20:00 / 26.02.2022
Ўтган сатрлардан ахлоқда мўътадил бўлиш нафснинг соғломлиги, мўътадилликдан оғиш эса дард ва беморлик экани аён бўлади. Бинобарин, нафсни даволаш ҳам худди давоми...

4608 13:19 / 17.10.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мушкул вақтда.Лаа илаҳа иллаллоҳул Азиймул Ҳалийм. Лаа илаҳа иллаллоҳу Роббул давоми...

25650 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

213170 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132389 14:35 / 11.08.2021