Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тарозидан ва ўлчовдан уриб қолиш мутлақо ҳаромдир.
Аллоҳ таоло Мутоффифун сурасида марҳамат қилади:
ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ
«Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга. Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар уларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар» (1-3-оятлар).
«Вайл» сўзининг икки хил маъноси бор, бири «Вой бўлсин», иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири «Вайл», яъни «Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин» деганидир.
Аслида бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: «Вайл»га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам «Вайл»га тушади.
Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларнинг ҳам дўзахга тушиб, ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуаъйб алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда, Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маъноларини таъкидлаганлар. Жумладан, имом Ҳоким ва Табароний Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўлчовдан уриб қолмаслар. Набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар», – деганлар. Бу «Ўлчовда бировнинг ҳақидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар» деганидир.
Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эълон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ ишни қандай шаклда олиб боришлари васф қилинади.
«Улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар уларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар».
Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олибсотар савдогарлар бўладилар. Улар савдогарликларини ҳалоллик, поклик билан қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар, кўп фойда топар эдилар. Аммо улар очкўз, ебтўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб тўймасдан, ўлчовдан ҳам уриб қолиб – ялаб тўймоқчи бўладилар.
Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса, бир оз ортиғи билан ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировга ўлчаб ёки тортиб берганларида эса камайтириб берадилар. Ана ўшалар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Кишиларга сездирмай, осон йўл билан молу мулк касб қилмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай, қутулиб кетарлар. Аммо...
ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ
«Ана шулар албатта қайта тирилтирилишларини ўйламайдиларми?» (4-оят).
Қайта тирилтирилганларида ҳам...
ﯬ ﯭ ﯮ
«У Кунда одамлар оламлар Робби ҳузурида тик турарлар» (6-оят).
Ҳа, барча халойиқ албатта қайта тирилтириладиган кун Улуғ Кундир. У кунда одамлар Роббул оламин ҳузурида тик туриб, бу дунёда қилган заррача амаллари ҳақида ҳам ҳисоб-китоб берадилар. Ана шунда бу дунёда ўлчовдан уриб қолганлар нима қиладилар? «Нима учун фалон куни ўлчов пайтида Пистончининг ҳақидан бунча нарсани уриб қолдинг?» деб сўралса, нима деб жавоб беришларини ўйлаб кўрмайдиларми?! Ана ўшанда вайл – дўзахга тушиб, ҳолларига вой бўлишини ўйлаб кўрмайдиларми?!
Юқоридаги оятларда савдода кишилар ҳақидан уриб қолувчи фирибгарлар ҳақида сўз юритилди. Тарозими, метрми ёки бошқача ўлчовми – барибир, улар кишилардан нарса олаётганларида тўлиқ, балки ортиқча оладилар, аммо харидорларга ўлчаб бераётганда кам берадилар. Улар бу ишни қиёматдан қўрқмаганларидан қиладилар. Шунинг учун ҳам келаси оятларда иш улар ўйлаганларидек эмас, балки бошқача бўлиши, ҳар бир нарсанинг аниқ ҳисоб-китоби борлиги баён қилинади.
ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ
«Йўқ! Албатта, фожирларнинг китоби «сижжийн»дадир» (7-оят).
Йўқ! Ундай қилмасинлар! Бу йўлларидан қайтсинлар! Ўзларини ўнгласинлар! Ва билиб олсинларки, албатта, улар каби фожирларнинг китоби охиратда, мазкур одамлар Роббул оламин ҳузурида тик туриб, ҳисоб берадиган Улуғ Кунда «сижжийн»да бўлади.
ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ
«Сижжийн» не эканини сенга нима билдирди?!» (8-оят).
Яъни «Сен сижжийн нима эканини қаердан ҳам билардинг. Унинг моҳияти шундай каттаки, сен уни идрок эта олмайсан. Билиб қўй!»
ﭝ ﭞ ﭟ
«У ёзилган китобдир» (9-оят).
«Сижжийн» луғатда «ўта тор» деган маънони англатади. Ушбу оятнинг таърифидан эса у фожир одамнинг бу дунёда қилган каттаю кичик амаллари ёзиб юрилган «номаи аъмол» китоби эканини билиб оламиз. У китобда бирор нарса, ҳатто зарра миқдорида бўлса ҳам, ёзилмай қолмайди. Унга ёзилган нарса эса асло ўчирилмайди. Ҳаммаси тўлалигича қиёмат куни банданинг ўзига кўрсатилади. Ана ўшанинг асосида банда ҳисоб-китобга тутилади. Қиёмат куни фожирларнинг номаи аъмоллари «сижжийн»да бўлар экан. Уларнинг ўзлари тор дўзахга асфаласофилин бўлганлари учун, уларнинг китоблари ҳам ана шундай васфга эга бўлар, ана шундай жойга қўйилар экан. Бундан барча кофир, фожир ва осийлар керакли хулоса чиқариб, фурсатнинг борида ўзларини ўнглаб олишлари керак. Қиёматдан қўрқиб, унга иймон келтириб, унга тайёргарлик кўриб яшасинлар. У кунни ёлғонга чиқарсалар бўлмайди.
Ҳозирги кунда юқоридаги оятларда келган гаплардан бехабар одамларнинг савдода тортиш ва ўлчаш ишларида қилаётган номаъқулчиликларини кўрган, билган одам қўрқиб кетади. Кўпчилик сотувчилар ҳар қандай тарозини одамларнинг ҳақидан уриб қолишга мослаб олиш бўйича устаси фаранг бўлиб кетганлар. Шунинг учун ҳам баъзи харидорлар ўзлари билан қўл тарозисини олиб юришга мажбур бўладилар.
Ўлчаб сотиладиган нарсалардан уриб қолишнинг хилма-хил усуллари ишлаб чиқилган. Мисол учун, эллик килограммлик қопларга қирқ беш килограмм нарса солинади. Савдогар ишлаб чиқарувчи тарафдан тўлиқ эллик килограмм юк олган бўлса ҳам, харидорга сотишдан олдин махсус найча орқали бир неча килограмм гуруч, ун, шакар ва шунга ўхшаш нарсаларни бошқа идишга тўкиб олади-да, харидорга эллик килограмм, деб сотаверади.
“Бозор ва унга боғлиқ масалалар” китобидан