1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Валийма ҳақида

05:00 / 15.02.2017 3626 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хурсандчилик муносабати ила дастурхон ёзиб, таом тортиб ўтказиладиган маросимни, валийма, дейилади. Ақийқа, никоҳ ва сафардан қайтиш каби муносабатлар ила ўтказиладиган зиёфатлар, валийма, деб аталади. Аллоҳ таоло: «Қачон даъват қилинсангиз кирингиз. Бас, қачон таомлансангиз тарқалингиз», деган (Аҳзоб. 53-оят).

Шарҳ: Ушбу ояти каримада валиймага даъват, унда таом ейиш ва ундан тарқалиб кетиш ҳақида сўз кетмоқда. Демак, валийма ва унинг одоблари Қуръони Каримда зикр этилгандир. Бу иш алоҳида эътиборга сазовор ишдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз валиймага даъват қилинса, унга борсин», дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги ва бошқа ҳадислардаги валиймага қилинган даъватни қабул қилиб, унга бориш ҳақидаги амрни улмоларимиз турлича таъвил қилганлар.
Аввало никоҳ тўйидан бошқа валиймага даъват қилинганда бориш вожиб эмас, деганлар.
Никоҳ тўйи валиймасига даъват қилинганда бориш эса Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаби бўйича фарзи айн ҳисобланади.
Шофеъий ва Ҳанбалийларнинг баъзилари никоҳ тўйи валиймасига қилинган даъватни қабул этиб, унга бориш фарзи кифоя, деганлар.
Ҳанафий мазҳабида эса, номи валийма бўлса, унга қилинган даъватни қабул этиб, иштирок этиш учун бориш мандубдир, деганлар.

Бухорийнинг ривоятида: «Асирни озод қилинг, даъватчига ижобат қилинг ва беморни кўргани боринг», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда мусулмонлар ўзларининг бир-бирлари билан бўладиган ижтимоий алоқаларида алоҳида эътибор беришлари лозим бўлган энг муҳим учта масала зикр қилинмоқда;
1. Асирни озод қилиш.
Мусулмонлардан бирор кишининг асир бўлиб қолиши қолган ҳаммаларига мусибатдир. Озодликдаги барча мусулмонлар ўша асир мусулмонни озод қилиш учун ҳаракатда бўлмоқлари вожиб бўлади. Бу уларнинг бошга оғир иш тушганда бир-бирларига ёрдам беришга шошилишлари жумласидандир. Шу билан мусулмонларнинг ижтимоий алоқалари яхшиланади. Шу билан бир-бирларига нисбатан масъулиятни ҳис қиладилар.
2. Валиймага қилинган даъватга ижобат қилиш.
Валийма - бир мусулмон киши ўзига етган хурсандчилик муносабти ила уюштирган зиёфатдир. Мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан унга берилган маълум неъматга шукр қилиш маъносида хайри эҳсон бўлсин, дея дастурхон ёзиб, кўнгил яқин кишиларни даъват қилади. У шу билан ўзига етган неъмат, сурурга биродарларини шерик қилишни ўйлайди. Шунинг учун ҳам уларни даъват қилади. Шунинг учун ҳам ундоқ даъватни қибул қилиш лозим бўлади. Чунки, шу туфайли мусулмонлар орасида ижтимоий алоқалар ривожланади, мустаҳкамланади. Мусулмонлар орасида ҳамжиҳатлик кучаяди.
3. Беморни кўргани бориш.
Бу ҳам мусулмонлар орасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлайдиган, уларнинг орасида муҳаббат ришталарини пишиқлайдиган омиллардан биридир. Бемор бўлган шахснинг кўнгли нозиклашади, бировнинг далдасига, дуосига, ҳол сўрашига интиқ бўлиб қолади. Ана шундоқ пайтида мусулмон кишилар уни бориб кўрмоқлари, ҳолини сўрмоқлари, ҳақига дуо қилмоқлари матлубдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тоамнинг энг ёмони келган одам ман қилиниб, бош тортган одам даъват қилинадиган валийманинг таомидир. Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлур», дедилар».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Таомнинг энг ёмони бойларни даъват қилиниб, камбағалларни тарк қилган валийманинг таомидир. Ким даъватни тарк қилса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлибди», дер эдилар. Икковини учовлари ривоят қилдилар.
Шарҳ: Исломда валиймалар, умуман бировга таом бериш маросимларидан асосий мақсад ҳожатманд кишиларни таомлантириш, уларни кўнглини кўтаришдир. Валийма қилган одам унга келган кишини камбағаллиги учун ман қилиб, бойларнинг эшигига бориб, менинг валиймамга бир қадамингиз етиб қолса бахтиёр бўлар эдим, деб илтижо қилиши мазкур мақсадга хилофдир.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ валийманинг таомини энг ёмон таом, демоқдалар. Демак, валийма қилувчи шахс ҳам кимларни даъват қилишни мулоҳаза қилиши керак. Кўпроқ камбағал, бева-бечораларни даъват қилса, улар валиймадан қорни тўйиб, қайғуси кетиб, кўнгли кўтарилиб кетса яхши бўлар экан. Бойлигига зеб берган, бировни назар-писанд қилмайдиган манманларни даъват қилишдан эса фойда йўқ. Риёкорлик бўлиши мумкин, холос.
Афсуски, валийма қилаётганимизда ушбу набавий насиҳатларни ёдимиздан чиқариб қўямиз. Валиймамизга иложи борича казо-казоларни даъват қилишга ҳаракат қиламиз. Эшикларига бориб ёлборамиз. Юзимизни сарғайтирамиз. Фақиру фуқароларни айтгимиз келмайди. Агар улар ўзлари келиб қолсалар ҳам кўнглимизга оғир ботади.
Аввал билмасак, энди билиб олдик. Бундан буён Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисларига амал қилиб, валиймаларимизга камбағалларни ҳам даъват қилишни унутмайлик.
Ҳадиснинг иккинчи қисмида «Ким даъватга ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳ ва Унинг Расулига осий бўлур», дейилиши валийма даъватини қабул қилиб, унга бормаслик вожиб эканини англатади. Чунки, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлиш тарки вожиб туфайли содир бўлади.

Абу Довуднинг ривоятида: «Ким даъват қилинса-ю, ижобат қилмаса, батаҳқиқ, Аллоҳга ва Унинг Расулига осий бўлур. Ким даъват қилинмасдан кирса, ўғри ҳолида кириб, ғарот қилувчи ҳолида чиқур», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда даъват қилинган жойдан қолмаслик ва даъват қилинмаган жойга бормаслик ҳақида сўз кетмоқда.
Даъват қилинган валиймага бормаслик Аллоҳ таолога ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга осийликдир.
Даъват қилинмаган жойга боришлик эса ўғрилик ва босқинчилик кабидир. Ундоқ одам валиймага даъват қилинмагани учун унга кираётиб, биров кўриб қолмасин, деб ҳудди ўғрига ўхшаб писиб-беркиниб киради. Қайтиб чиқаётиб эса, ҳудди ғарот қилиб, куч билан бировнинг нарсасини тортиб олган одамдай гердайиб, кекириб чиқади. Шунинг учун айтилмаган жойга бормаслик керак.

Абу Шуъайб деб номланадиган бир киши ўзининг қассоб ходими олдига келиб: «Менга беш кишилик таом тайёрлаб қўй, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзларида очликни кўрдим», деди.
У таомни тайёрлади. Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одам юбориб, у зотни ва бирга ўтиришганларни даъват қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам туриб жўнаганларида даъват қилинган пайтларида бўлмаган бир киши ҳам уларга эргашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эшик олдига етиб келганларида манзил соҳибига: «Сен бизни даъват қилганингда биз билан бўлмаган киши бизга эргашиб келди. Агар изн берсанг киради», дедилар.
«Батаҳқиқ, унга изн бердик, кираверсин», деди у». Термизий ва икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Абу Шуъайб розияллоҳу анҳунинг зийракликлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳрибонликлари. Улуғ кишиларнинг атрофларидаги шахслар ана шундоқ бўлишлари лозим.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа кишилар мулоҳаза қиладиган даражада оч қолишга дучор бўлган кунларни ҳам бошларидан кечирганлари.
3. Уйда таом тайёрлаб оч қолган кишиларни таомлантириш савобли иш экани.
4. Даъват қилинмаган одам валийма бор жойга бормагани маъқул экани, борса ҳам алоҳида изн сўраб, кейин кириши лозимлиги.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юксак одоблари. Аввало, эргашган одамга, сен қол, демадилар. Сўнгра, Абу Шуъайб розияллоҳу анҳудан чақирилмаган кишига изн беришни сўрадилар.
Ҳар бир мусулмон киши ушбу одобларга эътибор бериб, ўрганиши, уларга амал қилиши зарур.

Сунан эгалари ривоятида: «Биринчи кун таоми ҳақдир. Иккинчи кун таоми суннатдир. Учинчи кун таоми сумъатдир (эшитсин учундир). Ким, биров эшитсин, деса, Аллоҳ уни эшитдиради», дейилган.
Шарҳ: Биров валийма қилса, биринчи кунгиси ҳақ бўлиб унга даъват қилинганлар бориши вожибдур. Агар жой етишмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра валиймани икки кунлик қилса, иккинчи кунгиси суннат бўлади. Биринчи куни борганлар, иккинчи куни боришлари суннат бўлади. Агар валиймани икки кундан кўп қилиб учинчи кунга ҳам ўтказиб юборилса, хўжа кўрсин ва риёкорлик бўлади. Унга бориш ҳам макруҳ ҳисобланади.

Абу Довуд ва Аҳмаднинг ривоятида: «Қачон иккита даъват қилувчи жамланиб қолса, эшиги яқинроғига ижобат қил, чунки икковларидан эшиги яқинроғи қўшнидир. Агар бирлари олдин айтган бўлса, олдин айтганига ижобат қил», дейилган.
Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Ушбу ривоятда икки жойга бирдан даъват бўлиб қолганида, қайси бирига бориш кераклиги ҳақида иршод бўлмоқда.
Бир вақтда икки валийма бўлса, қайси бирининг соҳиби олдин айтса, ўшанга бориш керак. Кейин айтганига, узр айтиб, бошқа жойга айтилган экинлигини баён қилиш керак. Айтувчи одам ҳам буни тушунмоғи, аввал айтган жойга бориш зарурлигини англаб етмоғи керак.
Агар икки жойга бир вақтда айтилса, яқинроқ қўшниники афзал бўлади. Шунингдек, яқинроқ қариндош ёки аҳли фазл одам ҳам илгари сурилади.

НИКОҲ КЕЧАСИ ВАЛИЙМАСИ ҲАҚИДА

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз ўз биродарини никоҳ кечасигами ёки шунга ўхшаган нарсагами даъват қилса, у ижобат қилсин», дедилар». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳ кечасини тилга олиб номлаб айтишлари унинг бошқа валиймалардан кўра аҳамиятли эканини кўрсатади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз никоҳ валиймасига алоҳида эътибор берганлар.

Абу Усайд ас-Саъдий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз никоҳ кечасига даъват қилди. Ўша куни уларга унинг хотини, келин ўзи хизмат қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам еб бўлганларидан кейин, келин кечаси увитиб қўйган хурмо сувидан у зотга ичгани тутди». Икки Шайх ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шахсан никоҳ тўйига иштирок қилганлари билиб олинади. Шунингдек, келин бўлмиш саҳобия, ўзининг янги уйига меҳмон бўлиб келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга меҳмондорчилик хизматларини қилганлиги келиб чиқади. Хурмони ивитиб қўйиб, таомдан кейин ширин ичимлик сифатида ичиш одатлари борлиги, бу шариатда жоизлиги ҳам билиб олинади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбар билан Мадина орасида уч кун туриб, ўзлари билан София бинти Ҳуяайнинг валиймасини қилдилар. Мен мусулмонларни валиймага даъват қилиб келдим. Унда нон ҳам, гўшт ҳам йўқ эди. У зот тери дастурхонларни ёзишга амр қилдилар. Уларнинг устига хурмо, қурт ва сарёғ ташланди. У зотнинг валиймалари шундан иборат эди.
Мусулмонлар: «Мўъминларнинг оналаридан биримикан ёки у зотнинг қўлларига мулк бўлиб тушдимикан?» дедилар.
Сўнгра: «Агар уни ҳижобга амр қилсалар, мўъминларнинг оналаридан бўлур. Бўлмаса, қўлларига мулк бўлганлардан бўлур», дедилар.
Бас, жўнаганларида ўз ортларидан жой тайёрлаб бердилар ва у билан одамлар орасига ҳижоб тортдилар
». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Хайбар номли жойда яҳудийлар яшар эдилар. Уларнинг хиёнати туфайли мусулмонлар билан ораларида уруш чиққан. Шунда асир тушганлар ичида, Бани Қурайза номли яҳудий қабиласи бошлиғининг қизи София бинти Ҳуяай ҳам бор эди. Урушда тушган ўлжалар, жумладан асрларни ҳам мусулмон мужоҳидларга бўлиб берилганда София бинти Ҳуяай Даҳятул Калбий розияллоҳу анҳунинг улушига тушади. Лекин у киши София кабила бошлиғининг қизи бўлса, мен уни олишим яхши эмас, деб уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб, деб биладилар ва уни У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга берадилар. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбардан Мадинага қайтаётиб йўлда уч кун туриб қоладилар ва кишиларга валийма берадилар. Бу зиёфат ривоятда васф қилинганидек содда ва оддий бўлган. Нон ёки гўшт каби нодир таомлар умуман бўлмаган. Ўша даврнинг камбағалларининг кундалик таомлари хурмо, қурт ва сарёғ теридан қилинган дастурхон устига ташлаб қўйилган, валиймага келган шахслар ана шулардан тановул қилганлар.
Ҳамма валийма Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг София бинти Ҳуяай розияллоҳу анҳуга қўшилишлари муносабати или уюштирилганини билар эди-ю, аммо хотин қилиб оляптиларми, чўри қилиб оляптиларми билмас эдилар. Мусулмонлар бир-бирларидан София мўъминларнинг оналаридан бири - яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутаҳҳараларидан бири бўляптими ёки қўлларидаги мулк, яъни чўри бўляптими? деб сўрар эди.
Чунки, икки эҳтимол ҳам бор эди. София бинти Ҳуяай уруш асираси эдилар. Ўша пайтда асира аёллар чўри қилиб олинар эди. Софияни ҳам Даҳятул Қалбий розияллоҳу анҳу ўз улуши сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга тортиқ қилган эди. Аммо валийма қилиб одамларни чақирилишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Софияни хотин қилиб олаётганга ўхшар эдилар. Биров буни У зотнинг ўзларидан сўрашга журъат қилмасди.
Охири келажакда қилиниши мумкин бўлган тасарруфдан София Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хотинми ёки чўрими эканлигини билиб олишга қарор қилишди. Агар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳижобга киритсалар хотин қилиб олган бўладилар, дейишди. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари ҳижобда - парда ортида бўлишлари лозимлигини Аллоҳ таоло Қуръони Каримда эълон қилган эди. Ҳижоб деганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларини тамоман парда ортида бўлиши кўзда тутилгандир. Улар кўчага чиққанларида ҳам умуман қоралари кўринмайдиган парда ортида бўлар эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам София онамизга ҳам ўзлари минадиган туяга эгарлари орқасига жой қилдириб, парда тўстирдилар ва унинг ичига София онамиз розияллоҳу анҳуни ўтказдилар. Шундан сўнг кишилар У зот София онамизни чўри қилиб эмас, хотин қилиб олганларини англаб етдилар. Кейинроқ бу ишнинг қолган тафсилотлари ҳам маълум бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини озод қилганлари ва озод қилишни маҳрлари ҳисоблаганлари ҳамма томонга тарқалди.
Мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хотинлари Софиянинг қариндошларини асир қилиб олиб туришимиз яхши эмас, деб урушда қўлга тушган ҳамма асирларни озод қилиб юборишди.
Шунинг учун ҳам София онамиз никоҳи қариндошларига энг кўп фойда келтирган аёл сифатида машҳур бўлганлар. Бу ерда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарона ҳаёт кечиришлари билан бирга ўта ҳикматли иш қилганлари ҳам намоён бўлмоқда.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз аёлларидан бирортасига Зайнабга валийма қилгандек валийма қилмадилар. Унга бир қўй ила валийма қилдилар». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган вақт имкони бўлиб қолиб бир қўй сўйиб тўй қилган эканлар. Бу тўй у зотнинг энг катта тўйлари ҳисобланган экан.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу мендан ҳижоб ҳақида сўрар эди. Мен буни одамлар ичида энг яхши билувчи эдим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнабга куёв бўлиб тонг отдирдилар. У зот унга Мадинада уйланган эдилар. Кундузи одамларни таомга чақирдилар. Одамлар туриб кетганларидан кейин ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан баъзи кишилар ўтириб қолдилар. Охири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туриб юриб кетдилар. Мен ҳам у зот билан юриб кетдим. У зот Оишанинг ҳужраси эшигига етиб бордиларда, одамлар чиқиб кетишган бўлсалар керак, деб ортларига қайтдилар. Мен ҳам у зот билан бирга қайтдим. Қарасам улар жойларида ўтирибдилар. Бас, у зот ортга қайтдилар. Мен ҳам иккинчи марта ортга қайтдим. У зот Оишанинг ҳужраси эшигига етиб ортга қайтдилар. Мен ҳам ортга қайтдим. Қарасак, улар туриб кетишган экан. Шунда у зот мен билан ўзлари ораларига парда тортдилар ва Аллоҳ таоло ҳижоб оятини нозил қилди.
«Эй, иймон келтирганлар! Пайғамбарнинг уйларига кирманг. Магар таомга изн берилганда, унинг пишишига мунтазир (бўлмай)диган бўлиб (киринг). Лекин чақирилсангиз кирганда, таомни еб бўлиш билан тарқалиб кетинг, гапга берилиб қолиб кетманг. Албатта, бундоқ қилишингиз Пайғамбарга озор берарди. У эса сизлардан ҳаё қиларди. Аллоҳ ҳақни (айтишдан) ҳаё қилмайди. Қачонки, улардан бирор нарса сўрасангиз, парда ортидан сўранг. Шундоқ қилмоғингиз ўз қалбларингиз учун ҳам, уларнинг қалблари учун ҳам покроқдир
». Икки шайх ва Термизий ривоят қилдилар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳуга уйланганларида валиймани никоҳ кечасининг эртасига қилган эканлар. Бу уйланиш ҳодисасидаги энг машҳур воқеалардан бири ҳижоб оятининг нозил бўлиши эди.
Ўша машҳур воқеада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга у кишига ихлос билан хизмат қилиб юрадиган ёш саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳам бирга иштирок этган эдилар. Шунинг учун ҳам бу масалада бирор савол чиқса ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуга мурожаат қилиш одат бўлиб қолган эди. Ҳатто Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу каби қори ва улуғ саҳобийлар ҳам ҳижоб ояти ҳақида ҳазрати Анас розияллоҳу анҳудан сўрар эдилар.
Ушбу ривоят Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳунинг ҳижоб ояти қандоқ нозил бўлганлиги ҳақидаги саволларига жавоб тариқасида келаётгани учун гапнинг сиёқи ўша томонга бурилиб қолган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб бинти Жаҳш онамизга уйланган кунларининг эртасига кундуз куни таом бермоқчи бўлиб, Анас розияллоҳу анҳуга одамларни чақиртириб келганлар. Улар келиб таом еб тарқалганлар. Аммо, баъзилари гапга берилиб ўтириб қолганлар. Улар кетишавермагач Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хижолат бўлиб ташқарига чиққанлар, Оиша онамизнинг ҳужралари эшиги олдига бориб, қайтиб келганлар, ҳалиги одамлар яна гаплашиб ўтиришибди. Икки марта шундоқ бўлганидан кейин охири ўтирганлар туриб кетишган ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Зайнаб онамиз олдиларига кириб пардани туширганларидан кейин ҳижоб ояти нозил бўлган.
Имом Бухорий ва Имом Муслим икковлари келтирган бошқа бир ривоятда ҳазрати Анас розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйланиб ўз аҳллари олдига кирганларида онам ҳийс (номли таом) қилиб, тавр (номли идиш)га солиб:
«Эй, Анас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига буни олиб боргинда, буни сизга онам бериб юборди, у киши сизга салом айтди ва мана шу оз нарса биздан сизга, деб айтди, дегин», дедилар.
Мен уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бориб:
«Онам сизга салом айтдилар ва мана шу оз нарса биздан сизга, деб айтдилар», дедим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уни қўй!» дедилар-да сўнгра:
«Энди бориб, фалончи, фистончиларни, йўлда учратган одамларингни ҳам айтиб кел», деб бир қанча одамларнинг номларини айтдилар. Мен у киши айтган одамларни ва йўлда учратганларимни чақириб келдим.
«Неча киши эдилар?» деб сўрашди одамлар.
«Уч юз кишича бор эди», деди Анас розияллоҳу анҳу ва гапларида давом этдилар:
«Кейин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга «Эй Анас, таврни олиб кел!» дедилар.
Суффа ва ҳужра одамларга тўлиб кетган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўнта-ўнтадан ҳалқа бўлиб ўтиринглар, ҳар ким ўз олдидан есин», дедилар.
Ҳаммалари еб тўйдилар. Бир гуруҳи кириб, бир гуруҳи чиқиб, ҳаммалари едилар. Сўнгра у зот менга:
«Эй, Анас, кўтар!» дедилар.
Билмайман, олиб келиб қўйганимда, кўпмиди ёки қайтариб олганимда кўпмиди? Ўшалардан баъзи гуруҳлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида ўтириб гаплашиб қолдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўтирар эдилар. Аёллари эса юзларини деворга ўгириб ўтирар эди. Бу ҳолат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келганидан, ташқарига чиқиб аёлларига салом бериб чиқдилар. Ҳалиги одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтиб келганларини кўрган чоғларида оғир келганларини билдилар ва ҳаммалари эшик томон юриб, чиқиб кетдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пардани тушириб, ичкарига кирдилар. Мен ҳужрада ўтирар эдим. Сал ўтмай олдимга чиқдилар. Аллоҳ у кишига «Эй, иймон келтирганлар, Пайғамбарнинг уйларига кирманг», оятини туширди».
Бу ривоятдан мазкур валийманинг бошқа тафсилотлари ҳам аён бўлмоқда. Жумладан, валийманинг таомини ҳазрати Анас розияллоҳу анҳунинг оналари, машҳур саҳобия Умму Сулайм розияллоҳу анҳо қилиб берганлар. Таом ҳийс номли таом бўлиб, тавр деб аталадиган кичик бир идишда бўлган. Бундан янги уйланган кишининг уйига таом юбориш яхши иш экани келиб чиқади. Умму Сулайм розияллоҳу анҳу пишириб юборган ҳийсни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам валийма қилиб юборишни ирода қилганлар.
Бундан тўйнинг таомини кўнгил яқин кишилар қилиб бериши ҳам жоизлиги, балки яхшилиги чиқади. Шунингдек, валиймага одмларни номма-ном ёки ёппасига айтиш мумкин. Халқа бўлиб ўтириб, Ислом одобларига риоя қилиб таом емоқ керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган мўъжиза шу ерда яна бир бор намоён бўлган. Озгина таом уч юз кишига етиб, яна ортиб ҳам қолган. Ортиб қолгани, ўзидан ҳам кўпроқ бўлган.
Валийма таомини еб бўлганидан кейин гапни чўзиб ўтирмасдан, тезроқ туриб кетиш керак. Чунки, узоқ қолиб кетиш хонадон эгасига ноқулайлик туғдириши мумкин.
Валиймани маълум бир вақтда қилиш шарт эмас, ақди никоҳ пайтидами, никоҳ пайтидами, ундан олдин ёки кейинми ҳаммаси бари-бир.

САФАРДАН ҚАЙТИШ ВАЛИЙМАСИ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам (сафардан) Мадинага қайтиб келганларида туя ёки сигир сўйдилар». Абу Довуд ва Бухорий Жуҳодда ривоят қилишган.
Аллоҳу аълам.
Шарҳ: Бу ривоят никоҳга тегишли бўлмаса ҳам, валиймага тегишли бўлгани учун шу ерда келтирилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сафардан соғ-саломат қайтиб келганлари шукронасига туя ёки сигир сўйиб валийма қилган эканлар. Демак, умматлари ҳам шундоқ қилса бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Хўш, қадрқимматинг қачон тушади Қачонки, сени тарбия қилишда машаққат чеккан зотларга овозингни баланд кўтарсанг, ўшанда тушади. Фарзанд, ўзини минг машаққат давоми...

2889 17:04 / 08.01.2017
Аллоҳ таоло .Мўминларга айтгин Кўзларини тийсинлар ва фаржларини сақласинлар. Мана шу улар учун покроқдир. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганларидан ўта хабардордир. давоми...

13461 05:00 / 14.02.2017
.Идда, сўзи луғатда .санаш,, .ҳисоблаш, маъноларини билдиради. Шариатда эса, аёл киши эрининг вафотидан кейин ёки эри билан ажрашгандан кейин сақлаши лозим бўлган давоми...

9025 05:00 / 14.02.2017
2012 йил юртимизда Мустаҳкам оила йилиrdquo, деб эълон қилинди. Оиланинг мустаҳкамлиги жамиятни кучли ва мустаҳкам бўлишига энг асосий сабабдир. Чунки катта жамият давоми...

9160 05:00 / 15.02.2017