1446 йил 10 жумадул аввал | 2024 йил 12 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Гуноҳкорнинг тавбаси

16:49 / 26.10.2018 3597 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эркакми, хотинми, қатьи назар ҳар бир мусулмонга тавба қилиш вожибдир. Аллоҳ буюради:

“Эй, мўминлар, холис тавба қилиб, Аллоҳга қайтинглар. Шоядки Парвардигорингиз сизларнинг ёмонлик-гуноҳларингизни ўчириб, остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритур. У кунда Аллоҳ пайғамбарни ва у билан бирга иймон келтирган зотларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг томонларида юрур. Улар: «Парвардигоро, ўзинг бизларга нуримизни комил қилиб бергин ва бизларни мағфират қилгин: Албатта, Сен барча нарсага қодирдирсан»,  дерлар (Нисо сураси, 145-оят. Марям сураси, 71-оят. Таҳрим сураси, 8-оят. Ҳашр сураси, 19-оят).

Бу оятда айтилтан «қайтинглар» амри вужиб (зарурат) учундир. Яна Аллоҳ буюради: “Сизлар Аллоҳни унутиб қўйган бас (шундан кейин Аллоҳ) уларга ҳам ўзларини унуттириб қўйган кимсалар каби бўлмангиз. Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир (Ҳашр сураси, 19-оят).

Фосиқлар Аллоҳнинг йўлидан чиққан кишилардир ва икки қисмдан ибортдирлар: 

1. Иймонсиз фосиқлар.

2. Фожир фосиқлар.

Иймонсиз фосиқлар Аллоҳга ва пайғамбарларига ишонмайдилар. Аллоҳнинг тўғри йўлидан чиқадилар, бузуқ йўлларга кирадилар. Бу борада Раббимиз буюради;

Фақат Иблис сажда қилмади. У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг амрига бўйинсунишдан бош тортди (Каҳф сураси, 50-оятнинг бир қисми).

Фожир фосиқ ичкилик ичади, ҳаром ейди, зино қилади ва бошқа хусусларда Аллоҳга қарши боради. Ибодат йўлидан чиқади, маъсият (гуноҳ) йўлига киради. Фақат Аллоҳга шерик қилмайди.

Иймонсиз фосиқ билан фожир фосиқ орасидаги фарқ шудир:

Иймонсиз фосиқнинг ўлмасдан олдин иймонга келиб, то тавба қилмагунча афвга сазовор бўлишдан умиди йўқдир. Фожир фосиқ эса ўлмасдан олдин тавба қилса, афв этилишдан умиди бордир. Чунки нафснинг шаҳвоний ҳою-ҳавасидан юзага келган кичик гуноҳнинг афв этилишидан умид қилиш мумкин. Кибр ва ғурурдан юзага келган катта гуноҳнинг эса афв этилишидан умид йўқдир. Иблис гуноҳининг асли кибрдан эди.

Шундай бўлгач, эй мусулмон, ўлмасдан олдин ёмон феъл-атворларни тарк этишинг, яхши ва гўзал феъл билан нақшланишинг сенинг зиммангдаги вазифадир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ буюради:

“У бандаларидан тавба-тазарруь қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва қилаётган ишларингизни биладиган зотдир (Шўро сураси, 25-оят).

Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам буюради:

– Гуноҳлардан қайтиб, ёмон феъл-атворларини яхши феъл-атворлар хирмонига айлантирганлар гуноҳ қилмагандай бўлиб кетадилар.

Абу Ҳурайра  ҳикоя қилади:

– Бир кеча Аллоҳ Расули билан бирга хуфтон намозини ўқигандан кейин уйга қараб кетаётган эдим, кўчада қаршимдан бир хотин чиқиб қолди ва менга дедики: – Эй Абу Ҳурайра, мен бир гуноҳ иш қилиб қўйдим. Тавба килсам, яна йўлим очилармикин?

Мен:

– Нима гуноҳ қилдингиз? – деб сўрадим.

– Ғайри шаръий муносабатда бўлдим ва бу муносабатдан бўлган болани ҳам ўлдирдим. – Ўзинг ҳалок бўлибсан, – дедим хотинга, – болани ҳам ўлдирибсан. Сен учун тавба йўли берк.

Бу гапларимни эшитган хотин ақлдан озаёзди. Мен эса жўнаб кетдим. Фақат кейин ўз-ўзимга:

– Мен фатво бердим. Ҳолбуки, Расулуллоҳ ичкарида. Балки, мен янглиш фатво бергандирман. Кириб Расулуллоҳга бу масала ҳақида арз қилай, – дедим ва унинг ҳузурига бордим. Фатвомни айтганимда, Аллоҳ Расули менга шундай деди:

– Ўзингни ҳам ҳалок қилибсан, хотинни ҳам!.. Мана бу оятлардан хабаринг йўқми эди?

“Улар Аллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга илтижо қилмаслар ва Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу гуноҳлардан биронтасини қилса уқубатга дучор бўлур”. 

“Қиёмат кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур. 

Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб, яхши амаллар ила машғул бўлса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Аллоҳ Мағфиратли, меҳрибон зотдир”. 

“Ким тавба қилиб, яхши амаллар қилса, бас албатта у Аллоҳнинг ризо- мағфиратига қайтган бўлур” (Фурқон сураси, 68-71-оятлар).

Шунда янглиш фатво берганимни англадим. Расулуллоҳнинг ёнидан чиқдим-у:

– Э воҳ, мендан фатво олган хотинни энди ким менга топиб беради?! – деб фарёд кўтардим.

Болалар: «Абу Ҳурайра жинни бўлиб қолибди!» – дея пичирлашарди. Кейин зир югуриб кетдим ва хотинни топиб, масалани тушунтирдим. У севиниб чинқириб юборди! 

Сўнгра:

– Менинг бир боғим бор, – деди, – уни Аллоҳ ва унинг Расули учун садақа қиламан! 

Утбат-ул-ғулом деган бир киши бор эди. Фисқу фужур аҳлидан эди. Бузғунчилиқда ва шаробхўрликда унга етадигани йўқ эди. Ана шу фасодчи ва майхўр одам бир кун Ҳасан Басрийнинг даврасига кирди. Ўша онда Ҳасан Басрий мажлисдагиларга:

“Иймон келтирган зотлар учун диллари Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган Ҳақ-Қуръонга мойил бўлиш вақти келмадими? Илгари китоб ато этилган эди, сўнг орадан шунча вақт ўтди, энди диллари қотиб қолган кимсалар каби бўлиб қолмасинлар! Уларнинг кўпчилиги фосиқ-итоатсиздирлар!” (Ҳадид сураси, 16-оят) – мазмунидаги оятни ўқиётган эди. Оятни битиргандан кейин чиройли бир суҳбат қилди, шундай суҳбатки, бутун жамоатни йиғлатди. Шу орада бир ёшгина йигит ўрнидан турди ва Ҳасан Басрийга хитобан шундай деди:

– Эй мўминларнинг энг гўзал ахлоқлиси! Аллоҳ, мендай фисқ-фужур соҳиби гуноҳкорнинг тавбасини ҳам қабул қилишни билдирадими?

– Ҳа, азаматим, агар бошқа бундай қилмаслик шарти билан ёмон феъл-атворларингни тарк этсанг ва Аллоҳдан авф тиласанг, сени ҳам афв этади. Йигит бу сўзларни эшитганда ранги ўчиб, сап-сариқ бўлиб кетди. Ҳар ҳужайрасининг туклари типпа-тик бўлди. Бир «оҳ» тортиб, ҳушини йўқотди. Ўзига келганда Ҳасан Басрий унга яқинлашди ва шу байтларни ўқиди:

Эй Аллоҳга қарши йигит, осий санғи,  

Гуноҳкорнинг жазоси не, биласанми?  

Осийларнинг жойи – Саир, Ёнар ўзи,  

Шиддатли ўт ичра пишар гўзал юзи. 

 

Малли, ўтда ёнай, десанг ҳақни унут... 

Ё ўзингни гуноҳлардан узоқда тут.  

Аллоҳингга қарши гуноҳ қилган бўлсанг,  

Тавба қилки, гаровдаги оддий қулсан! 

Саир – жаҳаннамдаги етти табақанинг олтинчиси. Шу пайт Утбат-ул-ғулом ҳам бир «оҳ» кўтариб, ҳушидан кетди. Ўзига келганда Ҳасан Басрийга юзланиб:

– Эй устод, – деди. – Кўп марҳаматли бўлган Аллоҳ мендай гуноҳкорнинг тавбасини ҳам қабул қиладими?

Ҳасан Басрий:

– Ўзига жафо қилган банданинг тавбасини афви мўл бўлган Аллоҳдан бошқа ким ҳам қабул эта оларди? – деди.

Шундан кейин Утбат-ул-ғулом бошини кўтариб, Аллоҳга уч хил дуо ўқиб ёлворди:

1. Аллоҳим, агар тавбамни қабул қилиб, гуноҳларимни афв этган бўлсанг, менга тушуниш-ўрганиш ва ўрганганимни муҳофаза этиш қобилиятини берки, ўзлаштирганим ҳар илмий асосни ақлимда тутай.

2.  Аллоҳим, менга шундай гўзал бир овоз берки, менинг Қуръон ўқишимни эшитган ҳар кимсанинг – қалби қайғуга чўмган бўлса ҳам – қалбида меҳр ортсин!

3. Аллоҳим, менга ҳалол ризқ насиб эт ва ўзим кутмаган жойдан ризқлантир. 

Аллоҳ унинг бу дуолари қабул бўлишини билдирди. Йигитнинг тушуниш қобилияти ва закоси ортди, ўрганган илмий асосларини ҳеч унутмайдиган бўлди. Унинг Қуръон ўқишини эшитган ҳар киши тавба қилар, ёмон феълларидан воз кечар эди: Ҳар кун уйига бир коса шўрва билан икки лочира келарди. Булар қаердан ва ким томонидан юборилганини ҳеч кимса билмас эди. Бу ҳол ўлимига қадар давом этди. 

Бинобарин, ёлғиз Аллоҳ учун ёмон феълларидан воз кечиб, илоҳий ахлоқ асосларига риоя қилганларнинг ҳаёти шундайдир. Чунки Аллоҳ ёмон феълларни тарк этиб, яхши феъл-атвор билан нақшланган ва гўзал амаллар адо этганларнинг мукофотини бекор қилмайди.

Бир олимдан сўрабдилар:

– Бир кимса тавба қилган чоғида тавбаси қабул қилинган ё қилинмаганлигини билиши мумкинми?

Олим шундай жавоб берди:

– Йўқ, қабул қилингани ёки рад этилгани тўғрисида кескин бир ҳукм чиқарилиши мумкин эмас. Лекин қабул этилганини кўрсатувчи баъзи бир аломатлар бор:

1. Киши ўзида гуноҳ қилишга майл бўлмаётганини кўради.

2. Қалбидан хотиржамлик кетганини кўради, ҳар нарсада Аллоҳни ҳозиру нозир ҳолда топади.

3. Тўғри ва яхши ахлоқли кишилар билан бирга юради, ёмон феълли кишилардан ўзини узоқ тутади.

4. Очкўзлик қилмайди. Оз бўлса ҳам ҳалол йўл билан топганига қаноат қилади. Ўзининг озгина бўлса ҳам ҳалол йўл билан топгани унинг кўзига кўп кўринади, лекин қилган хайрли ва гўзал амаллари кўп бўлса ҳам унинг кўзига оз кўринади.

5. Қалби доимо Аллоҳ фарз қилган нарсалар билан банд бўлади.

6. Динини ёмон-кўзлардан ҳимоя қилади.

7. Давомий тафаккур ҳолида юради.

8. Ўтмишда қилган гуноҳлари туфайли надомат ичида юради.

Абу Ҳомид Ғаззолий, 

“Мукошафат-ул қулуб” китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг азобидан юқори даражада хавф қилиб турадиган инсон эдилар. У киши ўзларининг фазллари ва қилган амалларига ҳеч давоми...

1518 19:00 / 20.08.2023
Муроқабанинг биринчи мақомиМуроқаба ndash киши Аллоҳ уни кўриб, ундан хабардор бўлиб турганлигини билмоқ. Мақом ndash ҳолнинг давоми...

3314 05:00 / 01.03.2017
АЛЛОҲ БИЛАН УНСУ УЛФАТДА БЎЛИШ ВАЛИЙ ЗОТЛАРГА БЕРИЛГАН НЕЪМАТДИРАҳмад ибн Ҳанбал агар тунда ибодат билан бедор бўлмайдиган талабани кўрсалар уни таълим олишдан давоми...

3524 05:00 / 01.03.2017
Аммо муомала илмига келсак, у хавф, ражо ndash умид, ризо, сидқ ва ихлос каби қалбнинг ҳолатларига оид илмдир. Бу илм ила Суфён Саврий, Абу Ҳанифа, Молик, Шофеъий ва давоми...

5386 14:10 / 25.01.2020
Аудиолар

134198 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54539 14:35 / 11.08.2021