Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (90-дарс). Ҳолатга қараб вирднинг турланиши

13:30 / 20.06.2020 2437 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муриднинг ҳоли қуйидаги олти ҳолдан бири бўлади.

1. Обид.

2. Олим.

3. Таълим олувчи.

4. Волий.

5. Ҳунарманд.

6. Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган одам.

«Обид» барча ишлардан узилиб, ибодатга машғул бўлган шахсдир. У зикр қилинадиган барча вирдларни бажарса бўлади ва имкони ҳам бор. Гоҳида унинг вирдлари ва вазифалари турлича бўлиши ҳам мумкин.

Ўтган обидларнинг ҳоллари ҳам ҳар хил бўлган. Улардан баъзилари тиловатни кўп қилса, бошқалари тасбеҳни кўп айтган. Учинчилари намозни кўп ўқиган. Шунингдек, Байтуллоҳни кўп тавоф қиладиганлари ҳам бўлган.

Аслида намозда туриб қироат қилиш энг афзал ҳисобланади. Аммо бу амал баъзилар учун қийинчилик туғдириши мумкин. Шунинг учун банданинг ҳолига қараб афзали танланади. Вирдлардан асосий мақсад қалбни поклашдир. Мурид бу борада ўзини синаб кўрсин ва қайси вазифани ўзига муносиброқ кўрса, шуни кўп қилсин. Агар бирор вирд малол келиб қолса, бошқасига ўтсин.

Абу Сулаймон Доримий: «Агар қалбингни қиёмда топсанг, рукуъ қилма, агар уни рукуъда топсанг, бошингни кўтарма», деган.

«Олим» деганда одамларга ўз фатвоси, дарси, таълифи ва тарбияси ила манфаат берадиган шахс кўзланади. Унинг вирдлардаги тартиби обиднинг тартибидан бошқача бўлади. Чунки у китоб ўқиши, ёзиши ва дарс бериши керак. Агар унинг ҳамма вақти фарзлардан кейин мазкур ишларга сарфланса, энг афзал йўл танлаган бўлади. «Нафл» ибодатдан устун турадиган илм деганда охиратга тарғиб қиладиган ва унинг йўлида юришга ёрдам берадиган илм ирода қилинади.

Олим ҳам ўз вақтини тўғри тақсимлаши лозим. Чунки вақтнинг ҳаммасини илмга сарфлайверишга нафс чидамаслиги мумкин.

Агар дарслари бўлмаса, субҳдан то қуёш чиққунча бўлган вақтни зикр ва вирдларга ажратиши мумкин. Қуёш чиққандан зуҳо(чошгоҳ)гача таълим-тарбия ила машғул бўлсин. Дарслардан бўшаса, илм ҳақида тафаккур қилсин. Чунки зикрдан кейинги қалб мусаффолиги муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.

Зуҳодан то асргача олим китоб ёзгани ва мутолаа қилгани яхши. Бу вақтда у таом, таҳорат, намоз ва қайлуладан бошқа вақтини фақат мазкур ишга сарфлайди.

Асрдан то қуёш сарғайгунгача тафсир, ҳадис ва бошқа фойдали илмларнинг қироатига қулоқ солади.

Қуёш сарғайгандан то ботиб бўлгунча истиғфор ва тасбеҳ айтиш ила машғул бўлади.

Кечаси учун имом Шофеъийнинг тақсими энг яхши тақсим ҳисобланади. У учга тақсимланади: илм ёзишга, намозга ва уйқуга. Албатта, бунда фаслларнинг ҳам эътибори бор. Ёзда бошқа, қишда бошқа ҳол бўлиши мумкин.

«Таълим олувчи»нинг таълим ила машғул бўлиши зикр ва нафл ибодатдан афзалдир. Таълим олувчининг вирдларга оид ҳукми худди олимнинг ҳукмига ўхшаш. Фарқи шуки, олим фойда беради, мутааллим фойда олади. Агар у авомлардан бўлса, зикр, илм ва ваъз мажлисларига ҳозир бўлиши вирдлардан кўра афзал.

«Волий» деганда вазифадор киши кўзда тутилади. Унинг вазифаси кўпчилик билан ишлашдан иборат бўлади. Унга одамларнинг ҳожати тушиб туради. Ихлос ва тўғрилик билан одамларнинг хизматини қилиб, ҳожатини чиқариши у учун вирдларни бажаришдан афзалдир. У наҳорда фарзларни бажарса, бўлди. Кечаси вирдларни қилишга вақт топади.

«Ҳунарманд» ўзи ва аҳли-аёлининг нафақаси учун касб қилишга муҳтож кишидир. У кўп вақтини нафл ибодатлар ила ўтказа олмайди. Аммо касби давомида зикр билан машғул бўлади. Агар имконини топса, вирдларни одат қилиб олиш пайидан бўлади.

«Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлган»нинг вирди фарзни адо этганидан кейин қалби Аллоҳ таоло билан ҳозир бўлишидир.

Вирдларни давомли равишда бажариш тавсия қилинади. Зотан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳоллари шу эди.

«Оишадан: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маълум кунларга бирор нарсани хос қилиб қўйиш одатлари бормиди?» деб сўралди.

У киши: «Йўқ! Ул зотнинг амаллари доимий эди. Сизлардан қай бирингиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қодир бўлган нарсага қодир бўла олар эди?!» дедилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан:

«Қандай амал Аллоҳ учун энг маҳбуброқ?» дея сўралди.

 «Агар оз бўлса ҳам, давомлиси», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Насиҳат диннинг мағизи, иймоннинг жавҳаридир.Шунинг учун дину диёнат ҳамда иймон мўминмусулмонларнинг Аллоҳ таоло учун, У Зотнинг Расули учун, Китоби учун, давоми...

3188 05:00 / 06.03.2017
1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир. 2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади. 3. Ҳасад ўз эгасининг мартабасини пасайтиради. 4. Ҳасадчини одамлар ёмон давоми...

3037 17:00 / 29.01.2022
Саъид ибн Мусайябдан ибн Абу Дунё ривоят қилади Луқмони ҳаким бир куни ўғлига насиҳат қилиб Эй, ўғилчам Ҳаётингда ўзинг рози бўлган ёки ёқтирмаган неки иш бошинга давоми...

4088 05:00 / 06.03.2017
Зикр қилувчи учун ўзига яраша одоблар мавжуд. Ўша одобларга риоя қилган ҳолда адо этилган зикр қабул ва ижобат бўлиши умидлидир.1. Аллоҳ таолодан зикр учун ёрдам давоми...

3950 19:07 / 20.11.2018
Аудиолар

135069 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55348 14:35 / 11.08.2021