1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Хотиннинг эрдаги ҳақлари

05:00 / 14.02.2017 14576 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Ва у(аёл)ларнинг ҳудди зиммаларидаги бурч-ларига ўхшаш ҳақлари маъруф ила бор. Эркаклар улардан даражалидирлар», деган (Бақара, 228).

Шарҳ: Ушбу ояти каримадан эрларнинг хотинларда нима ҳақлари бўлса, хотинларнинг ҳам эрларда ана ўшандоқ ҳақлари борлиги тушуниб олинади. Яъни, аёл киши ҳам эридан жинсий маънода ҳузур олиш, яхши муомала кутиш, зарар ва озор етказмаслик ҳамда бошқа ҳақларга эга.

Эрларнинг хотинлар устидан даражали бўлишлари эса, оила раҳбари сифатида итоат қилишни талаб этиш ва одоб бериш ҳақлари борлигидир. Бунинг эвазига аёлларнинг маҳр олиш ва нафақа–турмушдаги барча сарф-харажатни эридан олиш ҳақи бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 


«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, қўшнисига озор бермасин ва аёлларга доимо яхшилик қилинг! Чунки улар қо-вурғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир. Агар уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан. Агар уни тек қўйсанг, эгрилиги бўйича қолур. Бас, аёлларга доимо яхшилик қилинг!» дедилар
».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда: 

«Албатта, аёл киши қовурғадан яратилгандир. У сен учун бир йўлда мустақим турмас. Агар сен ундан эгрилиги бўйича ҳузурлансанг, ҳузурланиб қолдинг. Агар уни тўғрилайман десанг, синдирасан. Уни синдиришинг, талоқ қилишингдир», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни сиртдан қараганда аёллардаги баъзи камчиликлар ва ўша камчиликларни бартараф этиш мумкин эмаслиги ҳақида, деб тушуниш мумкин. 

Аслида эса, бу ҳадиси шариф аёлларнинг эрларидаги ҳақини билдирувчи ҳадислардандир. Шунинг учун ҳам аёлнинг эридаги ҳақлари, бобида келтирилмоқда. Яъни, аёлнинг ўз эрида ундан содир бўладиган баъзи нуқсонлар учун зулм қилмай сабр қилишини кутиш ҳақи бор. 

Беайб инсон йўқ. Жумладан, беайб аёл киши ҳам йўқ. Беайб ёлғиз Парвардигорнинг Ўзи. Аёл кишини Аллоҳ таоло ўзига хос табиат билан яратган. У хотин бўлиши, она бўлиши ва бу вазифаларга тегишли масъулиятларни адо этиши лозим. Ана ўшанинг учун ҳам аёл кишида тез ва таъсирли меҳр кўрсатиш қобилияти бўлиши зарур, бунинг акси ўлароқ унда тез аччиқ чиқиш ва оғир нарсани кўтара олмаслик сифати ҳам юзага чиқиб туради. Аёл киши ўз жинсига мос келадиган машаққатлардан юз ва ундан ҳам кўп эркак киши кўтара олмайдиганини бир ўзи кўтариши мумкин. Аммо ўзига хос бўлмаган қийинчилик, салгина қўпол муомала, бир оғиз ноқулай сўзни кўтара олмаслиги мумкин. Эр ушбу ҳолатларнинг ҳаммасини ҳисобга олган ҳолда хотинига яхши муомалада бўлиши лозим.

Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда: 

«Аёлларга доимо яхшилик қилинг!» демоқдалар. 

Халқимизда ушбу маъно аёл киши яхши сўз-нинг гадоси, деган ҳикматли сўз билан ифода қи-линади. Бундан аёл кишига қилганига яраша эмас, доимо яхши муносабатда бўлиш кераклиги тушунилади. Чунки аёл кишининг асли яратилиши шу-ни тақозо қилади. Аллоҳ таоло аёл кишини, аввал айтиб ўтилган ҳикматларга биноан, шундоқ қилиб яратган.

Бу маъно ҳадиси шарифда, «Чунки улар қовур-ғадан яратилгандирлар. Албатта, қовурғанинг энг эгри жойи юқори қисмидир» деган сўзлар билан ифода қилинмоқда. 

Бунда Момо Ҳаввони Одам алайҳиссаломнинг қовурғасидан яратилганига ишора қилинмоқда. Аллоҳ таоло Одам Атони тупроқдан яратиб, унга жон киритганидан сўнг у кишининг қовурғасидан Момо Ҳаввони яратган. Қовурға ўзи эгри нарса, ўша эгри нарсанинг энг эгри жойи энг юқорисидир. Шунинг учун ҳам аёл кишининг ҳаёлига тез-тез турли ўзига хос фикрлар келиб, ундан ҳар хил амаллар содир бўлиб туриши мумкин. Бу ҳеч ғариб нарса эмас. Худди ушбу сифат Момо Ҳавво онамизда ҳам зоҳир бўлган. Бундоқ нарсалар у зотнинг қизларида ҳам зоҳир бўлиб туриши эса турган гап. 

Шунинг учун аёлдан содир бўлган ҳар бир нарсани тафтиш қилиб, уни бошқача бўлиши учун уриниш эрга маслаҳат берилмайди. Балки аёл табиатига мансуб нарсаларни ўз ҳолида қолдириб, сабр қилиш афзал саналади. Ана ўшанда уриш-жанжаллар озаяди, оиланинг бузилиш ҳавфи йў-қолади. 

Буни ҳадисда, «уни тўғрилайман деб уринсанг, синдирасан», дейилмоқда. Демак, аёл кишида содир бўлган ҳар бир эгриликни тўғрилаш учун уриниш яхши натижага олиб келавермайди. Баъзида бу иш оила бузилишига олиб келади. Шунинг учун ҳам иккинчи бир ривоятда, «уни синдиришинг – талоқ қилишингдир», дейилмоқда.

Кези келганида ушбу–аёл кишидан содир бўл-ганда эр сабр қилиши лозим бўлган нарсалар ахлоқ-одоб ва шахсий муомалаларда бўладиган нуқсонларга боғлиқ эканини эслаб қўйишимиз керак. Агар камчиликлар шариат чегарасидан чиқишга бориб етса, сабр қилиш эмас, тузатиш керак бўлади.

Демак, аёл кишидан содир бўладиган камчиликларга сабр қилиб, у билан яхши яшашга уриниш эрнинг вазифасидир.

Аёл кишининг эридаги ҳақларидан энг муҳими бўлмиш яхши яшашлик, унга гўзал муомала қилишлик ҳақида шариатимизнинг тавсиялари жуда ҳам кўп. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда эрларга хитоб қилиб «Ва у(аёл)лар ила яхшиликда яшангиз!» деган. 

Бу эса яхши муомала, озор бермаслик, ҳаққини поймол қилмаслик, ёмон кўришни изҳор қилмаслик, ширинсуханлик, қилган яхшиликларини миннат қилмаслик каби ишларда намоён бўлади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин мўминага ғазаб қилмасин, агар унинг бир хулқини ёқтирмаса, бошқасини ёқтирур», дедилар
».

Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Эр хотинининг бирор ёмон хулқидан норози бўлиб, унга ғазабини тўкиб солмасин, ўша пайтда хотинининг яхши фазилатлари ҳам борлигини унутмасин. Эр хотинининг ёмон хулқини иложи борича авф этишга, яхши хулқини эса, бўрттириб кўрсатишга уринсин. Ана шунда ҳаётлари яхши бўлади. Ушбу набавий амр-насиҳатни ҳар бир мўмин эркак яхшилаб билиб олмоғи даркор. Шу билан бирга, мўмина аёллар ҳам бунга амал қилсалар яхши бўлади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар Бани Исроил бўлмаганда таом бузулмас ва гўшт сасимас эди. Агар Ҳавво бўлмаганда аёл эрига ҳеч хиёнат қилмас эди», дедилар
».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Шарҳ: Авваллари пиширилган таом туриши билан бузилмас эди. Гўшт ҳам туриб сасиб қолмас эди. Аллоҳ таоло Бани Исроилга осмондан дастурхон тушириб, манн ва салво берди. Аллоҳ Бани Исроилга мазкур нарсаларни вақтида тановул қилишга амр қилди ва сақлаб қўйишдан наҳйи қилди. Аммо Бани Исроил ўз одатича фармони илоҳийга хилоф қилди. Манн ва салвони сақлаб қўйишни йўлга қўйди. Аллоҳ таоло уларнинг бу нобакорликлари жазосига сақланган таомни бузилиб қоладиган, гўштни сасиб қоладиган қилиб қўйди.

Одам Ато билан Момо Ҳавво жаннатда яшаб турганларида шайтоннинг васвасасига биринчи марта Момо Ҳавво учди ва Одам Атони иғво қилишда ҳам шайтонга ёрдам берди. Ушбу ҳадисдаги хиёнатдан мақсад ана ўша ишдир. 

Бу ҳадисда ҳам аёллар ҳаётда йўл қўядиган хатоларга эрлар бир оз енгил қарасинлар учун тарғиб бор. Агар Исломда ҳар ким ўз қилгани учун ўзи жавоб берса ҳам, аёл киши хатога йўл қўйганда эри кечиримли бўлиб, биринчи аёл Момо Ҳаввонинг хатоси олдида менинг хотинимнинг хатоси нима бўлибди, дейиши афзал кўрилади. Қисқа қилиб айтсак, аёл кишининг аёллиги эътиборидан бир оз хато қилишга ҳам ҳақи бор, десак хато қилмаган бўламиз.


Муовия ал-Қурайший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, бизнинг биримизда хотинининг нима ҳақи бор?» дедим.
«Қачон таомлансанг, уни ҳам таомлантирасан. Қачон кийим кийсанг, уни ҳам кийинтирасан. Юзга урмайсан. Қаттиқ сўкмайсан ва уйдан бошқа жойда ҳижрон қилмайсан», дедилар у Зот
».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда хотин кишининг эрдаги ҳақи ҳақида очиқ жавоб берилмоқда.

1. Хотинининг эрдаги ҳақларидан бири таомдир. Эр ўзи еган таомдан хотинига ҳам егизишга бурчли. Бу эр ўзининг иқтисодий имкониятига қараб, хотинини озиқ-овқат билан таъминлаб бориши лозим, бу унинг зиммасида деганидир.

2. Хотиннинг эрдаги ҳақларидан яна бири кийимидир. Эр ўз имконига қараб, ўзи кийинадиган савияда хотинини ҳам кийинтириши зарур.

3. Хотин айб қилган чоғида ҳам, ҳатто шариат уришга ижозат берадиган даражадаги ҳолат пайдо бўлганда ҳам эр хотинини қаттиқ уришга ҳақи йўқ.

4. Эр хотинини қаттиқ сўкиши ҳам керак эмас.

5. Хотиндан айб ўтиб, унга ваъз-насиҳат кор қилмай, эр тарбия учун жойини бошқа қилиб ётишга қарор қилса ҳам, бир уйнинг ичидагина жойини бошқа қилиб ётишга ҳақли. Хотинини ёлғиз ташлаб, бошқа хонага ёки бошқа уйга кетиб қолишга ҳақи йўқ.

Ушбу маъноларни мусулмон эр-аёллар жуда яхши билиб олмоқлари лозим. Кўплаб эрлар ўз масъулиятларини билмай хотинларига зулм ўтказадилар. Кўплаб аёллар эса, ўз ҳақларини танимай қийналадилар. Ҳамма нарса шариатимизда кўрсатилганидек бўлса, оила бахтли бўлиши турган гап.


Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз ғойибликни чўзиб юборган бўлса, аҳлини кечаси чақириб бормасин», дедилар
».

Шарҳ: Исломда аёл киши ўзининг барча ясан-тусан ва зебу зийнатларини эри учун қилади. Эрига ноқулай ҳолда, ўзига қарамаган сифатда кўринмаслиги керак. Эр сафарга чиқиб уйдан маълум муддат ғойиб бўлганида эса, аёл ўзига қарамай қўйган бўлади. 

Шунинг учун аёлни ноқулай ҳолатда қўймаслик, унга ўзини ростлаб олиш имкони бериш мақсадида сафардан қайтган эр уйига хабар бермасдан, бирданига кечаси кириб бориши маслаҳат берилмайди. 

Иккинчидан, уйга билдирмасдан кириб бориш аёлга ишончсизлик белгиси, уни пойлаш ҳисобланади. Бу ҳол эса, покиза аёл киши учун ўзига хос иҳонат–хорлаш ҳисобланади. 

Ишончсиз аёлни бошқа йўллар билан ҳам синаш мумкин. Аммо оммавий равишда, ҳаммага маълум ҳолатда сафардан қайтганда олдин хабар бериб, кейин уйига кириб бориш керак. Хабар келгандан кейин аёл киши ўзини тартибга солади. Эрининг кўзига хушҳол бўлиб кўриниш чораларини кўради. Уй-жойни саранжомлайди, эрига ёқадиган ҳолатга келтиради. Қувончли ва яхши бир ҳолатда уни кутиб олади. 

Бу ишда ҳам шариатимиз аёлларнинг тарафини олган. Қуйидаги ривоятда ҳам худди шу маъно таъкидланади.


 «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам эр ўз аҳлига тўсатдан кечаси эшик қоқиб келишини хуш кўрмас эдилар».

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам сафардан қайтсалар, аввал хабар юборар эдилар, кейин масжидга кириб намоз ўқир, сўнгра уйга кирар эдилар.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кечаси киришингиздан олдин, то сочи тўзиган тараниб олгунча, эри ғойиб бўлган устара ишлатиб олгунича муҳлат беринг», дедилар
».

Ушбу учтани бешовлари ривоят қилдилар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда нима учун ғойиб эркак уйга қайтганда тўсатдан кирмаслиги керак эканлиги очиқ-ойдин айтилмоқда.

1. Сочи тўзиган тараниб олгунча муҳлат бериш.

Эри йўқлигида аёл киши ўзига қарамай қўйган бўлади. Сочлари ювилмаган, тўзиб бир ҳолга келиб қолган бўлиши мумкин. Эрга бундоқ ҳолда кўриниш эса, уни нафратлантириши турган гап. Ана шунинг олдини олиш учун олдиндан хабар бериб, кейин уйга кириш шариатга киритилган.

2. Эри ғойиб бўлган устара ишлатиб олгунча.

Яъни, ўзидаги ҳаром тукларни кетказиб олгунча. Демак, хабар бериб, орқасидан дарҳол ўзи ҳам етиб бориш керак эмас. Балки хабар етгандан кейин аёл кишига ўзини ва уй-жойни саришталаб олишига ҳам муҳлат бериш керак. Орадан маълум вақт ўтгандан кейин уйга кириш керак.


Хулоса


Уламоларимиз хотиннинг эрдаги ҳақлари тўғрисида келган барча ҳужжат ва далилларни ўрганиб чиқиб, қуйидаги хулосага келганлар

Хотиннинг эрдаги ҳақлари икки қисмга бўлинади


1. Молиявий ҳуқуқлар

2. Муомалавий ҳуқуқлар.


Молиявий ҳуқуқлар маҳр ва нафақадан иборат. 

Бу икки ҳақ алоҳида баҳс, ўрганиш зарур бўлган нарсалардир. 

Маҳр тўғрисида аввал керакли маълумотлар берилди. Нафақа тўғрисида эса, иншоаллоҳ, кези келганда сўз юритамиз.

Муомалавий ҳуқуқлар эса, эрнинг хотин билан яхши яшаши, унга гўзал муомала қилиши ва адолатли бўлишидан иборатдир. Бунга аёлни жинсий маънода қондириш, шариатга хилоф равишда яқинлик қилмаслик каби масалалар ҳам киради.


Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хотиннинг эрдаги ҳақлари қуйидагилардан иборат;

1. Маҳр.

2. Нафақа.

3. Жинсий қондириш.

4. Ортига мутлақо, фаржига эса, ҳайз ва нифос ҳолида яқинлик қилмаслик.

5. Манийни хотиннинг изнисиз раҳмидан ташқарига тўкмаслик.

6. Яхшилик ила турмуш ўтказиш.

Шу билан бирга, эру хотиннинг орасида муштарак ҳуқуқлар ҳам бор. Мисол учун, эру хотин бир-биридан мерос олиш ҳақига эга бўладилар, фарзандларга ҳам нисоб собит бўлади. Юқорида зикр этилган ҳақларнинг кўпи ҳам муштарак ҳақларга киради. Мисол учун, жинсий ҳузур олиш ҳақи. Эр хотиндан, хотин эрдан жинсий ҳузур олиш ҳақига эга. 

Шу билан бирга, яхши муомала қилиш, озор бермаслик. Эр хотинига, хотин эрига яхши муомала қилиши, озор бермаслиги керак. Уй ишларига келганда эса, ташқи ишлар эрга, ички ишлар хотинга тегишли бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Али каррамаллоҳу важ-ҳаҳу билан Фотима розияллоҳу анҳолар орасида ишни шундоқ тақсимлаганлар.

Булардан ташқари хотиннинг одоблари ҳам бор;

1. Кўпроқ уйда ўтириб, уй шароитини яхшилашга ҳаракат қилиш.

2. Қўни-қўшни, таниш-билиш аёллар билан бекорчи гапларни кўпайтириб, рўзғор ишларига футур етказмаслик.

3. Эри ғойиблигида ҳам унинг ҳурматини қилиш.

4. Барча ишларда эрининг хурсандчилигини ўйлаш.

5. Эрининг нафсига ва молига хиёнат қилмаслик.

6. Эрининг рухсатисиз уйдан чиқмаслик.

7. Кўчага чиқиш зарур бўлганда ясанмасдан камтарлик ила чиқиш.

8. Оиласи ва ўзининг керакли ишларига алоҳида эътиборли бўлиш.

9. Эрининг рашкини келтирадиган ишларни қилмаслик.

10. Эрининг топганига қаноат қилиш.

11. Ўзининг ва уйининг озодалигига аҳамият бериш.

12. Эрига ва болаларига меҳрибон бўлиш.

13. Оила аъзоларининг айбларини беркитиш.

14. Эри билан айтишмаслик.

15. Болаларни қарғамаслик.

16. Ўзининг ҳусни жамоли ила эрига фахрланмаслик.

17. Эри борида кўнгилхуши ишларини қилиш.

18. Эрига озор бермаслик.

19. Эри ўлганда тўрт ою ўн кун мотам тутмоқ.

Хотиннинг бошқа одоб ва вазифалари қуйидаги ҳадиси шарифларда келади.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Шариат таълимотлари бўйича отаонанинг фарзанд олдидаги бурчлари оила қуришдан аввал, умр йўлдошини танлаш пайтида бошланади. Ҳар бир шахс ўзининг бўлажак давоми...

3417 05:00 / 15.02.2017
Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Савда бинти Замъа кечаси ташқарига чиқди. Бас, уни Умар кўриб таниди ва .Албатта, Аллоҳга қасамки, сен, эй Савда, бизга давоми...

3935 05:00 / 14.02.2017
.Хулуъ, сўзи луғатда кийим ечиш маъносида кўпроқ ишлатилади. Шариатда эса хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб эри билан ажрашишга хулуъ дейилади. Чунки эру давоми...

14402 05:00 / 14.02.2017
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ рашк қиладир. Мўмин ҳам рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг давоми...

8646 05:00 / 14.02.2017