Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (88-дарс). Аллоҳни жаннатда кўришга иймон

13:00 / 01.06.2020 5310 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

2. «Улар учун унда (жаннатда) хоҳлайдиган нарсалари бор. Бизнинг ҳузуримизда эса зиёдаси бор» (Қоф сураси, 35-оят).

Али ибн Аби Толиб ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳулар: «Бундан мурод Аллоҳнинг юзига назар солишдир», деганлар.

3. «Гўзал (амал) қилганларга гўзал (мукофот) ва зиёдаси бор» (Юнус сураси, 26-оят).

«Гўзал (мукофот)» жаннатдир, «зиёда» эса Аллоҳнинг юзига назар солишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар худди шундай тафсир қилганлар.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадиснинг охирида:

«Бас, ҳижобни очади. Улар У Зот таборака ва таолога назар соладилар. Уларга У Зотга назар солишдан кўра маҳбуброқ нарса ато қилинмагандур. Зиёда шудир», дейилган.

Ибн Жарир бир гуруҳ саҳобалардан, жумладан, Абу Бакр Сиддиқ, Ҳузайфа, Абу Мусо Ашъарий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилишича, улар ҳам худди шундай тафсир қилганлар.

4. «Йўқ! Улар (кофирлар) ўша Кунда, албатта, Роббларидан ҳижобланадилар» (Мутоффифун сураси, 15-оят).

Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа имомлар ушбу оят ила аҳли жаннат Аллоҳнинг жамолини кўришига ҳужжат келтирганлар. Буни Тобарий ва бошқалар зикр қилганлар.

Ҳоким Робиъ ибн Сулаймондан ривоят қилишича, у қуйидагиларни айтган:

«Муҳаммад ибн Идрис Шофеъийдан ушбу оят ҳақида сўралганда мен ҳозир эдим, Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи шундай деди:

«Анавилардан ғазаб туфайли ҳижоблангандан кейин, авлиёлари У Зотни розилиги туфайли кўриши турган гап».

Кўриш ҳақида ривоят қилинган ҳадислар мутавотир ва жуда ҳам кўпдир. Уларни «Саҳиҳ», «Муснад» ва «Сунан» китобларининг соҳиблари ривоят қилганлар. Кўриш ҳақидаги ҳадисларни ўттизтача саҳобий ривоят қилган.

Абу Ҳурайранинг ҳадиси:

«Баъзи одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?» дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўлин ой кечасида ойни кўрмай қоласизларми?» дедилар.

Улар: «Йўқ, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Булут йўқ пайтда қуёшни кўрмай қоласизларми?» дедилар.

Улар: «Йўқ», дейишди.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, сизлар У Зотни ана шундай кўрасизлар», дедилар».

(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.)

2. Худди Абу Ҳурайранинг мазкур ҳадисига ўхшаш ҳадис имом Бухорий ва имом Муслим томонидан Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.

3. Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалийнинг ҳадиси:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўлтирган эдик. У зот ўн тўрт кунлик ойга қарадилар-да:

«Сизлар Роббингизни манавини кўраётганингиздек очиқ-ойдин кўрасизлар. Уни кўришда кўзингиз тўсилмайди», дедилар».

(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.)

4. Суҳайб розияллоҳу анҳунинг ҳадиси. Бу ҳадиснинг бир бўлаги имом Муслим ривояти ила, «Гўзал (амал) қилганларга гўзал мукофот ва зиёда бор» (Юнус сураси, 26-оят) ояти тафсирида келтирилган.

5. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан, қуйидагилар айтилган:

«Жаннати Аднда у қавм билан Роббларини кўриш орасида У Зотнинг юзидаги кибриё ридоси бўлади, холос».

(Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.)

6. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан, қуйидагилар келган:

«Сиздан ҳар бирингиз мулоқот куни албатта Аллоҳ ила мулоқотда бўлади. У  Зот билан анинг ўртасида ҳижоб ҳам, таржима қиладиган таржимон ҳам бўлмас. Бас, У Зот:

«Наҳотки, Мен сенга набий юбормаган бўлсам, у сенга етказмаган бўлса?!» дейди. У:

«Ҳа, ё Роббим (юбординг)», дейди. У Зот:

«Наҳотки, Мен сенга мол ато қилмаган бўлсам, фазл бермаган бўлсам?!» дейди. У:

«Ҳа, ё Роббим (бердинг)», дейди».

(Бухорий ривоят қилган.)

(Тамом)

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон одам қиёмат куни дунёдан ўтган ҳамма одамлар ўз жасадларига қайта эга бўлиб, қайта тирилишига жазм билан эътиқод қилмоғи керак. Зинҳор ва зинҳор, одам давоми...

4516 19:00 / 12.06.2023
Лавҳ ва қаламга, унга чизилган жамийки нарсага иймон келтирамиз. Шарҳ Лавҳдан мурод, Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. Қаламдан мурод, Аллоҳ давоми...

10167 23:32 / 02.12.2016
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб давоми...

4699 19:00 / 22.05.2023
23. Абу Зарр Fифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келди. У менга.Умматингдан ким Аллоҳга ҳеч давоми...

9751 21:12 / 22.07.2017
Аудиолар

213157 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132378 14:35 / 11.08.2021