1446 йил 6 рабиъус сони | 2024 йил 09 октябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Хатми Қуръонда дуо қилиш

12:40 / 12.06.2018 34160 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримни хатм қилган чоғда дуо қилиш саҳобаи киромлар ва улардан кейинги салафи солиҳларнинг суннатларидандир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У (қори) учун хатми Қуръон чоғида мустажоб бўладиган дуо ва жаннатда дарахт бор», дедилар».

Байҳақий «Шуъабулиймон»да ривоят қилган.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон ўқиб, у ила одамлардан сўрайдиган қавмлар келмай туриб, Қуръон ўқиб, у ила Аллоҳдан сўраб қолинглар», дедилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Ҳакамдан ривоят қилинади:

«Мужоҳид ва Абда ибн Абу Лубоба менга одам юборишди. Кейин: «Биз Қуръонни хатм қилмоқчи эдик, шунга сенга одам юбордик. Хатми Қуръон чоғида дуо мустажоб бўлади, дейилар эди», дейишди. Улар Қуръонни хатм қилгач, дуолар қилишди».

Байҳақий «Шуъабулиймон»да ривоят қилган.

Буни Доримий ҳам саҳиҳ санад билан ривоят қилган.

Мужоҳид ибн Жабр ва Абда Абу Лубоба илму ибодатда ва тақвода пешво бўлган улуғ тобеъинлардан. Уларнинг Қуръондан кунлик вазифалари бўлиб, узлуксиз хатм қилиб туришган. Ана шундай хатмона онларида айрим ёру дўстларни ҳам чақиришар ва биргалашиб дуо қилишар экан.

Муҳаммад ибн Зурайс «Қуръон фазилатлари»да Иброҳим Таймийдан қуйидагича ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Масъуд: «Ким Қуръонни хатм қилса, унинг учун мустажоб дуо бордир», деди. Абдуллоҳ ўзи қачон Қуръон­ хатм қилса, аҳли‑оиласини тўплаб, дуо қилар, улар «Омин!» деб туришар эди».

Имом Аламуддин Саховий ва имом Жазарий ўз асарларида, Яҳё ибн Ҳусайн Журжоний ўзининг «Омолий»сида қуйидаги ривоятни келтиради:

Осимдан ривоят қилинади:

«Зирр ибн Ҳубайш шундай деди: «Куфа жомеъсида мўминлар амири Алий ибн Абу Толибга Қуръонни бошидан охиригача ўқиб бердим. «Ҳомим»ларга келганимда мўминлар амири алайҳиссалом: «Дарҳақиқат, сен Қуръоннинг келинчакларига етиб келдинг», деди. Йигирманчи оятларга етиб: «Иймон келтириб, солиҳ амалларни қилувчилар эса жаннат боғларидадир. Улар учун Робблари ҳузурида хоҳлаган нарсалари бордир. Ана ўша ўзи катта фазлдир» (22-оят) оятини ўқиганимда ҳўнграб йиғлаб юборди. Кейин қўлини осмонга кўтара туриб, менга: «Эй Зирр, дуойимга «Омин!» деб тур», деб айтди‑да, шундай деди: «Аллоҳим! Мен Сендан хокисорларнинг хокисорлигини, чин ишонувчиларнинг ихлосини, яхшиларга ёндашишни, иймон ҳақиқатларига етишишни, ҳар бир яхшиликдан ўлжа олишни, ҳар қандай гуноҳдан омонликни, раҳматинг менга лозим бўлишини, мағфиратингни тақозо этувчи нарсаларни, жаннат билан зафар қучишни, дўзахдан нажот топишни сўрайман.

Эй Зирр, Қуръонни хатм қилганингда ушбу дуоларни қил, чунки Ҳабибим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга хатми Қуръон чоғида ушбулар билан дуо қилишимни буюрганлар».

Имом Байҳақий «Шуъабул‑иймон»да Алий Фошонийдан ривоят қилади:

«Абдуллоҳ ибн Муборак Қуръон хатм қилганида саждада дуо қилишни хуш кўрар эди».

Аламуддин Саховий: «Дуонинг баракоти кўп, фойдалари қамровлидир, хусусан, хатми Қуръон чоғида раҳмат нозил бўлиб турган пайтда бўлса», деган.

Демак, Қуръон хатм қилганда дуо қилишни шахсан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тавсия этган, суннат қилган эканлар ва саҳобалардан тортиб, барча улуғ имомлар бу суннатга амал қилиб келишган экан.

Хатми Қуръонда дуо қилганда дуо одобларини унутмаслик керак.

Таҳорат билан, иложи бўлса, қиблага юзланиб, қўлни кўтариб дуо қилиш мустаҳабдир.

Дуода сўзамолликка, бировларни ром қилишга эмас, Аллоҳга илтижо ва тазарруда бўлишга эътибор бериш даркор.

Тилакларни қатъий ишонч, комил иймон билан сўраш.

Имкон қадар сермазмун, кўп маъноларни ўзида жамлаган, қамровли дуоларни қилиш лозим. Майдалаб, санаб дуо қилиш одобдан эмас.

Овозни ортиқча баланд кўтармаслик керак.

Дуо араб тилида бўлиши шарт эмас. Энг муҳими, чин дилдан, қалб ҳозирлигида бўлиши керак.

Дуода аввал Аллоҳ таолога ҳамду сано, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтилади. Кейин гуноҳларга тавба қилиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўралади, хушуъ ва хокисорлик изҳор қилинади.

Хатм ва тиловатларнинг қабул бўлиши сўралади. Сўнг тилакларга ўтилади. Бунда аввало Қуръони Каримда ва ҳадиси шарифларда келган дуоларни қилиш мақсадга мувофиқдир. Кейин инсон ўзи билганича, истаганча дуо қилиши мумкин.

Дуода мўмин‑мусулмонларнинг ўтганлари­ю тириклари ҳаққига, эл-­юрт, аҳлу ватан ҳаққига дуо қилиш, дину дунё фаровонлигини сўраш лозим.

Жамоат билан дуо қилинганда уларни риоя қилиш керак. Кўпчилик малолланмайдиган меъёрда, улар тушунадиган, тушуниб, «Омин!» дейдиган суратда бўлиши ва дуонинг лафзи ҳам умумий, кўплик сийғасида бўлиши даркор. Араб тилини тушунадиган кишилар ичида арабча дуо қилгани афзал.

Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ раҳматуллоҳи алайҳ дуо ҳақида шундай дердилар: «Дуо билан талабнинг фарқи бор. Талаб бировдан бир нарсани беришини айтиб сўрашдир. Дуо эса инсоннинг қалбидан чиқадиган, бутун вужудини қамраб оладиган ҳол, дилдан ёлворишдир. Дуо қуруқ сўзлардан иборат эмас. Биров сўзларни териб, ниҳоятда балоғат билан дуо қиляпти, аммо қалби ғафлатда. Унинг дуоси қабул бўлмайди. Бошқа бир киши сўзини унча тополмай, тутилиб-­тутилиб дуо қиляпти, аммо бутун вужуди билан берилиб илтижо этяпти. Унинг дуоси ҳақиқий дуодир ва ижобатга яқиндир».

(Кўпчиликнинг эҳтиёжи ва илтимосларини эътиборга олиб, рисола охирида хатми Қуръон дуолари ҳам илова қилинди.)

Хатми Қуръон ҳақида айтмоқчи бўлган умумий сўзларимиз асосан шулардан иборат эди. Бироқ бизда омма халқимиз ўртасида хатм асосан Рамазон ойида таровеҳларда қилинадиган бўлиб қолганидан, «Хатми Қуръон» дейилса, ана шу Рамазондаги хатмлар тушуниладиган бўлиб қолгани эътиборидан, хусусан, Рамазондаги хатми Қуръонлар ҳақида ҳам алоҳида тўхтаб ўтишга қарор қилдик. Шу боис фурсатдан фойдаланиб ва муносиброқ бўлишини умид қилган ҳолда ўтган йили Рамазон ойида ёзилган «Хатми Қуръонга марҳабо!» номли мақоламизни бироз таҳрир қилган ҳолда эътиборингизга ҳавола қилишни маъқул топдик. Умид қиламизки, бу, албатта, фойдадан холи бўлмайди.

* * *

Роббимиз Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар бўлсин! Саййидимиз Муҳаммад Мустафога беадад дуруду салавотларимиз бўлсин!

Иймонли кишиларнинг бутун борлиғини муборак Рамазон ойининг шукуҳи тўла қамраган онлар... Юртимизда тинчлик, осудалик ҳукм суриб турибди... Масжидларимизда Аллоҳнинг сўнгги Китоби, муқаддас каломи хатм қилинмоқда. Юзлаб масжидларимизда ҳар оқшом Қуръон садоси янграмоқда. Қалблари Қуръонга ташна мўминлар жомеъларда қоим бўлиб, илоҳий каломга сомеъ бўлмоқдалар. Бунинг учун масжидларимизда барча шароитлар юксак даражада, намунали тарзда муҳайё этилган. Масжидларимизни қорилар билан таъминлашни Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси ўз зиммасига олган. Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг сизу биз – мусулмонларга ато этган фазлу марҳамати, буюк неъматидир. Неъмат эса охиратда ҳисоб‑китоб қилинадиган, маънавий ва амалий шукрни тақозо этадиган тортиқдир. Неъматнинг маънавий шукри ушбу неъмат учун Аллоҳ таолога шукроналар айтиш билан бўлса, амалий шукри У Зотни рози этадиган тарзда бу неъматдан фойдаланиб қолиш билан бўлади. Зотан, шукрнинг асосий қисми ҳам ана шу амалий шукрдир.

Мана, йигирма йилдан зиёд бўлдики, Аллоҳ таолонинг марҳамати ва тавфиқи билан камина ходимингиз ҳам мазкур неъматдан ҳар йили баҳраманд бўлиб келаман. Роббимизга чексиз шукрлар бўлсинки, ҳар йили Рамазонни Қуръон ойи қилиб ўтказиш, таровеҳларда Қуръони Каримни баҳолиқудрат хатм қилиш бахти насиб этиб келмоқда. Бунинг учун Парвардигоримизга қанча ҳамд айтсак, оз. Илоҳим, бу неъмат умр неъмати билан ҳамиша ҳамнафас, ҳамроҳ бўлсин!

Назаримда бугун ушбу неъматнинг шукрини адо этиш ўлароқ, айрим сатрларни қоралаш масъулияти ва бурчи бўй кўрсатди. Шу боис ижозатингиз билан айрим масалалар ҳақида сиз азизлар билан дилдан суҳбат қилсам.

Ҳаётнинг қайси жабҳаси бўлмасин, бир соҳанинг устозларидан таълим олиб, сўнг шу соҳада фаолият юритилса, йиллар ўтиши билан бу борада фикр-мулоҳазалар ҳам тўпланиб, бойиб борар экан. Сиз ўқиётган ушбу сатрлар ҳам худди шу мазмунга эга. Бу ерда билдириладиган фикрлар устозлардан ўзлаштирилган кўрсатмалар, тажрибадан олинган хулосалар ҳамда уларга асосланган шахсий фикр‑мулоҳазалардан иборат. Яхшилик бўлса, Аллоҳдан, камчилик ва хато топсангиз, инсоний ожизлигимиз ҳосиласи деб билгайсиз.

Шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, бу ерда айтилмоқчи бўлган мулоҳазалар йиллар давомида йиғилиб келган бўлиб, кейинги пайтларда уларни хатга тушириш нияти туғилиб қолган эди. Айримларини ўзаро давраларда, қорилар билан бўлган суҳбатларда ўртоқлашиб ҳам турилар эди. Аммо уларни қоғозга кўчириш вақти‑соатини тақдир қалами бугунга белгилаган экан, Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолда саҳифа қоралашга киришаман ва бу битиклар Рамазонга ожизона туҳфа бўлишини умид қилиб қоламан.

Суҳбатимиз аввалида яқин ўтмишга бир назар солсак. Юртимизда Рамазон ойидаги хатми Қуръонлар қадимдан бўлиб келган. Мисол учун, аввалги хонликлар даврида имом Бухорийнинг мақбаралари олдига солинган масжидда ҳар Рамазон ойида хатми Қуръон қилиниб, унда хон ва амирлар ҳам иштирок этишган. Ўтган асрнинг бошларида Андижон шаҳридаги Жомеъ масжидда Комил қори, Абдуқаҳҳор қори, Рўзи қори домла каби улуғ устозлар хатмга ўтганлар. У вақтларда Рамазонда масжидлар қорилар билан қозиётлар ва марказий мадрасаларнинг бош мударрислари томонидан таъминланган. Аммо ҳозир узоқ ўтмишга қайтмай, биз учун айни вақтда аҳамиятли бўлган ўтган аср ярмидан бу ёғидаги ҳолат ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

1943 йилда Диний идора ташкил топиб, масжидларни қайта очишга рухсат бўлгач, аввалига Рамазонда фақат таровеҳ ўқиш билан чекланилган. Бу жараённи Андижон мисолида кўрадиган бўлсак, катта ёшли кишиларнинг нақл қилишларича, ўша вақтда таровеҳ намози шаҳарда биринчи бўлиб очилган «Чуқур масжид»да ўқилган. Айтишларича, у пайтларда таровеҳ жуда қисқа суратда бўлиб, ҳар ракъатга зам сура учун бир оятдан ўқишган экан. Сабаби – одамларда ҳали қатағон қўрқуви кетмаган, ишонч йўқ, бунинг устига тоқатлари ҳам етмас экан. Вақт ўтиши билан аста-секин ҳамма нарса изга тушиб, тўлақонли хатми Қуръон қилиш йўлга қўйилган экан. Авваллари қайси масжидда ким хатмга ўтиши, хатм неча кун давом этиши юқори идоралар тарафидан ҳал қилинган бўлса, секин-аста ҳолат енгиллаша борган экан. Диний раҳбарларнинг, имом домлаларнинг ташаббуси билан аста‑секин масжидлардаги хатми Қуръонларга жойлардаги ёш қорилар ҳам жалб қилиб борилган. Эътиборга лойиқ, ибратли жиҳати шундаки, у вақтларда рухсат берган тарафларнинг топшириғи билан хатми Қуръонлар уч кун, етти кун, узоғи ўн кунлик бўлган. Бироқ намозхонлар асосан катта ёшдаги, кекса кишилардан иборат бўлишига қарамай, хатм мобайнида жамоат миқ этмай тик турган. Ҳатто овоз кучайтиргич бўлмагани учун айрим масжидларда қорининг овози ташқаридаги намозхонларга эштилмаса ҳам, Қуръонга мухлис бўлган халқ уч кунлик хатмларда ҳам мунтазам иштирок этган. Неча йиллик узоқ айрилиқдан сўнг Қуръонга етишиб турган юртдошларимиз қорининг овозини эшита олмаган ҳолларида ҳам қалблари жунбушга келиб, таровеҳ асносида ҳўнг‑ҳўнг йиғлаб олишар экан. Ўша даврларда магнит тасмасига туширилган хатми Қуръонларни тинглар экансиз, устоз қори дадаларимиздаги ихлос, муҳаббатнинг барқ уриб турганига гувоҳ бўласиз. Хатми Қуръон сўнгидаги оҳ‑воҳ, йиғи‑сиғи аралаш қироат ва дуоларни эшитиб, кўнгли эриб, ҳиммати ошиб кетади кишининг... Аллоҳ ўтган азизларимизнинг барчаларини Ўз раҳматига олган бўлсин!

Юртимиз мустақилликка эришгач, қалбларимиз истаган пайтида Қуръони Карим билан ошно бўлиш имкониятига эга бўлди. Рамазон ойини юксак даражада ўтказиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди, Рамазон ва Қурбон ҳайити кунлари миллий байрамларимиз деб эътироф этилди.

Истиқлолнинг илк йилларини оладиган бўлсак, бу давр ўша яқин ўтмишнинг узвий давоми бўлиши билан бирга, айрим жиҳатларда фарқлар юзага келди. Масжидларимизнинг сони кескин кўпайди, қориларимиз сони эса ундан ҳам кўпайди. Даставвал баъзи масжидларда четдан қорилар жалб қилинган бўлса, кейинроқ ўз юртимиздан чиққан қориларимиз ҳамма масжидларни тўлдириб боришди. Айни пайтда ўртадаги узилиш даврида рўй берган айрим камчиликлар ҳам бартараф этилиб, хатми Қуръонларнинг сони ва сифати ортиб борди. Очиғини айтганда, юртимизда ўтказилаётган бугунги хатми Қуръонларнинг сифати, йўсини мусулмон мамлакатларнинг ҳамма жойида ҳам топилавермайди. Айрим жойларда қорилар таровеҳда хатм қилишга ярамайди, Қуръонни ўтириб, мусҳафга қараб ўқиб беради, холос. Яна қайсидир жойларда таровеҳ намози саккиз ракъатда хатм қилиниб, жамоат бироз толиқиб ҳам қолади.

Шу билан бирга, бизда ҳам бу борада ислоҳ қилиш керак бўлган баъзи ҳолатлар борки, уларнинг айримлари қориларимизга тегишли бўлса, айримлари тингловчи жамоатга тааллуқлидир. Биз ҳозир эътиборни асосан шу икки нуқтага қаратмоқчимиз. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, мақсадимиз дилдан суҳбатлашиш бўлгач, камчиликларни рўй-рост айтиш фойдадан холи бўлмайди. Шу боис қори бўлсин ёки тингловчи бўлсин, муҳтарам ўқувчидан ушбу масалаларни ёдда тутишларини умид қиламан.

Кўпгина масжидларда хатми Қуръон ўтказиш намунали ёки қониқарли даржада олиб борилаётгани билан бир қаторда айрим жойларда, хусусан, чеккароқ ерларда баъзи бир камчиликлар кўзга ташланади. Яқин ўтмишдаги ўтиш даврида ҳосил бўлган кўникмалардан ҳали-ҳануз қутулолмай турилган ҳолатлар ҳам бор. Бунга сабаб эса таровеҳнинг, хатми Қуръоннинг мақсад ва моҳиятига эътибор берилмаслигидир. Мустақиллигимизга салкам чорак аср бўлди. Илм‑маърифатга кенг йўл очилди, кўплаб диний адабиётлар нашр этилиб, халқимизда диний савияни ошириш, шунга оид маълумот алмашиш учун кенг имкониятлар яратилди. Бироқ хатми Қуръонларга синчковлик билан назар солинса, тушунчаларимизда, мақсадларимизда, ниятларимизда ва йўл тутишимизда ҳали анча‑мунча камчиликларимиз борлигини пайқаш мумкин. Уларни тузатиш вақти келганига, ислоҳ қилиш имконияти берилганига анча бўлган. Бироқ негадир улар ҳамон эътибордан четда қолиб келмоқда. Энди ўша жиҳатларни ҳам тўғрилаб, юксаклик сари интилишимиз лозим.


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг 

«Хатми Қуръонга марҳабо!» китобидан


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
70. Ўз динларини ўйинкулгу қилиб олган ва ҳаёти дунёга алданиб кетганларни тарк эт. У Қуръон ила эслатгинки, ҳеч бир жон қилган касби туфайли ҳалокатга дучор бўлиб, давоми...

9943 05:00 / 23.01.2017
Сендан илгари ҳеч бир расул ва набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига шубҳа ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон давоми...

4582 05:00 / 23.01.2017
7. Исломга даъват қилиниб турганида Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ киши борми Ҳолбуки, Аллоҳ золимларни ҳидоятга солмас.Яъни, инсон Исломга давоми...

4848 05:00 / 23.01.2017
учинчи мақола Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх қилиниши.Насхнинг ушбу қисми ҳақида уламолар ўртасида очиқойдин ва катта хилоф мавжуд. Имом Шофеъий, у давоми...

4286 13:40 / 28.04.2020
Аудиолар

131375 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51867 14:35 / 11.08.2021