1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳнинг раҳматига сазовор бандалар

20:41 / 10.06.2018 3326 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зот бандаларнинг иноят сири юзага чиқишига интиқликларини билди ва: «Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади», деди. Агар уларни ўша ила тарк қилса, азалга суяниб, амални тарк қилишларини билди ва: «Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир», деди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг ушбу ҳикмати ўзидан олдинги ҳикматга боғлиқдир ва ундаги маънони тўлдириш учун келтирилгандир. Аввалги ҳикматда Аллоҳ таолонинг бандаларга инояти азалдан бор илоҳий туҳфа экани, у барчага баробар тақдим қилингани ҳақида сўз юритилган эди. Шунинг учун ҳам ушбу илоҳий иноятга мўмину кофир, обиду фосиқ, тақводору фожир, эркагу аёл – барча баробар интиқ бўлиши бор ҳақиқатдир.

Албатта, Аллоҳ таоло бандаларидаги мазкур интиқликни жуда яхши билади ва уларга шунга яраша муомала қилади.

«У Зот бандаларнинг иноят сири юзага чиқишига интиқликларини билди ва: «Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади», деди».

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила Ўзининг мазкур иноятидан ёмонларнинг умидини узиш учун абадий дастури бўлмиш Қуръони Каримда Ўзининг раҳмати бандаларидан қай бирларига хос эканини эълон қилди.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади» (105-оят).

Аллоҳ таолонинг раҳмати жуда ҳам кенг, бандаларига раво кўрган инояти ҳам У Зотнинг раҳматининг энг улуғ кўринишларидан биридир. Мазкур раҳмат – иноят Аллоҳ таолонинг бандаларидан У Зот хоҳлаганларигагина насиб қилади. Дуч келганига эмас.

Баъзи одамлар «Агар Аллоҳ таолонинг раҳмати бандалардан У Зот Ўзи хоҳлаганларигагина насиб қиладиган бўлса, унда амалнинг ҳожати йўқ экан-да, амал қилган ҳам, қилмаган ҳам бир хил экан-да. Ундай бўлса, амалнинг нима ҳожати бор», дея дангасалик йўлини тутишлари ҳам мумкин бўлиб қолади. Аллоҳ таоло уларнинг ушбу ҳолатини ҳам ўзига яраша муолажа қилади.

«Агар уларни ўша ила тарк қилса, азалга суяниб, амални тарк қилишларини билди ва: «Албатта, Аллоҳнинг раҳмати яхшилик қилувчиларга яқиндир», деди».

Агар Аллоҳ таоло бандаларни ўша ила, яъни «Аллоҳ таолонинг раҳмати – инояти баъзи кишилрга хос, ҳаммага умумий эмас», деган мулоҳазалари ила тек қўйиб қўйса, барча буюрилган амалларни тарк қилиб, У Зотнинг азалдаги инояти кимга насиб қилишини кутиб турадиган бўладилар.  Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Ўзининг бу борадаги ҳукмини баралла эълон қилди.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, яхшилик қилувчиларга Аллоҳнинг раҳмати яқиндир» (56-оят).

Биз «яхшилик қилувчи» деб ўгирган ибора ояти каримада «муҳсин» лафзи ила ифодаланган. «Муҳсин» – «эҳсон қилувчи» демакдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Эҳсон нима?» деб сўралганда, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга худди Уни кўриб тургандек, агар сен кўрмасанг, У сени кўриб тургандек ибодат қилишинг», деганлар. Демак, Аллоҳнинг раҳмати шундай одамларга яқиндир.

Бу билан Аллоҳ таоло бандаларнинг барчасини эҳсон – яхши амалларни қилишга чорлади ва Ўзининг азалдаги қазосида нима борлигига интиқ бўлишдан қайтарди.

Бундан олдинги ҳикматдаги маънога ушбу ҳикматдаги маънони қўшиб мулоҳаза қиладиган бўлсак, бандаларга бўладиган илоҳий иноят тўғрисидаги тўлиқ тушунчани англаб етишимиз бир оз осонлашади, деган умиддамиз.

Аввалги ҳикматда Аллоҳ таоло азалда барча бандаларига иноятини туҳфа қилиб қўйгани эслатилган, бунга соф табиат – иймон фитрати мисол қилинган эди.  «Илоҳий иноятнинг асоси бўлган иймон фитрати Аллоҳ таолонинг барча бандаларга тақдим қилган умумий армуғонидир», дейилган эди.

Ушбу ҳикматда эса Аллоҳ таоло Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилиши ҳақида сўз бормоқда. Шу ерда ушбу икки хилликни қандай тушуниш мумкин, деган савол пайдо бўлиши турган гап. Бу саволнинг жавобига, Аллоҳ таолонинг баъзи иноятлари барчага баробар бўлади, аввалги ҳикматда ана ўшандай иноят ҳақида сўз кетган, дейилади. Сўнгра Аллоҳ таолонинг баъзи иноятлари ҳаммага эмас, баъзи хусусиятларга эга бўлган бандаларга насиб қилади. Ушбу ҳикматда ана ўшалар ҳақида сўз бормоқда.

Мазкур иккинчи ҳолатдаги иноят қайси асосда бўлиши ҳақида Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримда хабар берган.

Аллоҳ таоло Шуро сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини танлаб олур ва Ўзигагина тавба қилувчи кишини ҳидоят қилур» (13-оят).

Бу оятдан Аллоҳ таоло хоҳлаган кишини Ўз раҳматига хос қилишининг биринчи тури ижтибо – танлаб олиш ила бўлиши аён бўлмоқда. Баъзи уламоларимиз ушбу танлаб олиш қуйидаги оятдан билиб олинади, дейдилар.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қиладир» (105-оят).

Ушбу оятда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг Ўз раҳматига хоҳлаган кишини сазовор қилиши банданинг ҳеч қандай сабаби бўлмаса ҳам ўз-ўзидан содир бўлади. Бу ҳолат фақатгина Аллоҳ таолонинг хоҳиши ила бўлади. Унда банданинг нафси ҳеч қандай ортиқча ҳаракатсиз, риёзатсиз, ибодатсиз, ўз-ўзидан  дунёдан юз ўгиради. Ҳис-туйғулар Аллоҳ таолони улуғлашга, У Зотнинг маҳобатини ҳис қилишга юзланади. Банданинг қалбида Аллоҳ таолога нисбатан содиқ муҳаббат жойлашади. Банда ана ўша асосда ибодатга, зикрга, солиҳ амалга ва бошқа қурбатларга ўзини уради.

Аллоҳ таоло хоҳлаган кишини Ўз раҳматига хос қилишининг иккинчи тури ҳидоятдир. Ҳидоят эса ўзининг сабабларига боғлиқдир. Шунинг учун ҳам юқоридаги оятда Аллоҳ таоло: «Ўзигагина тавба қилувчи кишини ҳидоят қилур», демоқда.

Тавба қилиш Аллоҳ таолога қайтишни англатади. Буни араб тилида «иноба» дейилади ва ундан кўзланган мақсад Аллоҳ таолога собит тавба ила сидқидилдан юзланиш, У Зотнинг зикрида бардавом бўлиш, қайтарган нарсаларидан қайтиш, буйруқларининг барчасини ихлос ила бажаришдан иборатдир.

Уламоларимиз: «Аллоҳ таолонинг Аъроф сурасидаги қуйидаги оятдан кўзланган мақсад ҳидоятдир», дейдилар.

«Албатта, яхшилик қилувчиларга Аллоҳнинг раҳмати яқиндир» (56-оят).

Яъни, албатта, яхшилик қилувчилар учун Аллоҳ таолонинг ҳидояти яқиндир. Улар Аллоҳ таолога ёқадиган яхшиликларни қилиш ила ҳидоятга яқинлашадилар ва охир-оқибат мазкур ҳидоятга сазовор бўладилар.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳнинг биз ўрганаётган ушбу ҳикматида келган «Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади» оятидан мужтабо – танланган бандалар кўзлангандир. Ушбу ҳикматдаги иккинчи оят – «Албатта, яхшилик қилувчиларга Аллоҳнинг раҳмати яқиндир» оятидан эса Аллоҳ таолонинг ҳидоятига сазовор бўлган бандалар кўзлангандир.

Биринчи турдаги бандаларни Аллоҳ таоло танлаб олиб, ўз-ўзларидан солиҳ бандалар бўлиб кетишлари бор. Албатта, бу ҳолат Аллоҳ таолонинг инояти билан бўлади.

Иккинчи турдаги бандалар эса «иноба» – Аллоҳ таолога қайтиш билан бўлади. Бу ҳолатда сиртдан қараганда банданинг амали ҳидоятга сабаб бўлиб кўринади. Аммо бу ҳам барибир Аллоҳ таолонинг инояти ила юзага чиқади.

Юқорида ўтган оятда бандадан содир бўладиган эҳсон, яъни яхши амалнинг Аллоҳ таолонинг раҳматидан баҳраманд бўлишга сабаб қилиниши Ҳақ таолонинг бандаларига армуғон қилиб берган илоҳий иноятига тескари эмасдир. Банданинг яхши амали унинг бу дунёда яхши яшашига ва охиратда яхшиликка сазовор бўлишига сабабчи бўлиши ҳам азалий илоҳий иноятнинг ичидаги нарсадир.

Шариатнинг барча ҳукмлари бандаларга икки дунёнинг фойдаларини келтиришга боғлангандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло барча бандаларини Ислом динига ва унинг таълимотларига амал қилишга чақиргандир. Аллоҳ таоло Ислом динига амал қилишни Ўз раҳматига эришишнинг, бу дунё ва охиратнинг саодатига сазовор бўлишнинг манбаи қилиб қўйгандир.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман» (156-оят).

Аллоҳнинг раҳмати жуда ҳам кенг, Ўзи халқ қилган бу ­дунёдан ҳам кенг. Унинг раҳмати мўминга ҳам, кофирга ҳам, тақводорга ҳам ва осийга ҳам шомилдир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло Ўз раҳматини ёзиб қўядиган, алоҳида бахтга сазовор этадиган бандаларининг сифатларини ҳам зикр қилиб ўтмоқда:

«Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганларга ёзажакман».

Аллоҳ таолонинг раҳматига шубҳасиз сазовор бўлиши, Унинг раҳмати ёзилиб қолиши учун банда бир неча сифатларга эга бўлиши лозимлиги шарт қилинмоқда:

Биринчиси – тақво қилиш. Яъни Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиб яшаш.

Иккинчиси – закот бериш. Яъни Аллоҳга молиявий ибодат қилиш.

Учинчиси – Аллоҳнинг оятларига иймон келтириш.

Тўртинчиси – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш.

Аллоҳ барчаларимизга Ўз раҳматига хос қилишни хоҳлаган бандаларидан бўлишимизни насиб этсин! Аллоҳ барчаларимизга яхшилик қилувчи бандалардан бўлиб, У Зотнинг раҳматига яқин бўлишимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуйида Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатлари билан тилларда достон бўлган авлод ndash саҳобалар авлоди вакилларидан бирига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4137 10:35 / 26.12.2018
Аллоҳ таоло айтади .Сизлардан баъзингиз баъзингизни ғийбат қилмасин. Бирортангиз ўлик ҳолдаги биродарининг гўштини ейишни яхши кўрадими Бас, ундан давоми...

4693 18:51 / 10.03.2018
.Фитна, деганда биз бузғунчилик, махфий равишда зарар етказишга уриниш, фасод қўзғашни тушунамиз. Тўғри, фитна сўзида шу маъно устун. Аммо бу сўзнинг асл келиб давоми...

18090 13:30 / 08.11.2017
Учинчи гуруҳ олимлар .Ғийбатнинг гуноҳи ўчирилиши учун тавба қилишдан ташқари ғийбат қилинган кишидан кечирим сўраш ҳам зарур. Ўша одамга уни ғийбат қилишгани давоми...

3642 12:33 / 12.06.2018