1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Рамазон – тавба ва мағфират ойи

17:00 / 01.04.2023 4857 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу буюк мавсум ва муборак ой оламларнинг Роббиси томонидан хато ва янглишишларни кечириб, мағфират қилиш, ҳамда гуноҳ ва маъсиятлардан тавба қилиш учун бандаларга тортиқ қилинган раҳматдир. Аллоҳ Субҳанаҳу қандай ҳам раҳмли ва ҳалимки, бандалари учун Ўзига яқинлаштирадиган ва уларни Унга қайтарадиган барча нарсани ҳозирлаб қўйди. Мўмин бандалари учун гуноҳлар каффорот қилиниши, хатоларни кечириш, даражаларни кўтариш, ҳамда жаннат ила бахт қучиш ҳосил бўлсин учун уларни барча вақт, замон ва маконда чинакам тавба қилишга мутлақ буйруқ билан амр қилди. Субҳанаҳу шундай деди:

 «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Ажаб эмаски, Роббингиз ёмонликларингизни ўчирса ва сизни остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса.» (Таҳрим: 8).

Субҳанаҳу деди:

 «Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар» (Нур: 31).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Эй инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар. Дарҳақиқат, мен бир кунда У Зотга юз марта тавба қиламан».

Бошқа бир ривоятда: «Албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтаман». (Муслим)

Балки Аллоҳ бандасини Унга қилган тавбаси сабабли бағоят хурсанд бўлади. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ Таоло бандаси тавба қилаётганида сизлардан бирингиз, чўлда, устида еб-ичгулиги бўлган юк туяси қочиб кетиб, ундан умидини узиб, бир дарахт соясининг тагида ёнбошлаб, туясидан тамомила  умидини узиб турганида, беҳосдан туясини тик турганини кўриб, унинг юганини ушлаб, кейин қаттиқ хурсанд бўлган ва (ҳаяжонланганидан) адашиб: “Эй Аллоҳ! Сен менинг бандамсан, мен Сенинг Роббингман!”- деган одамдан кўра кўпроқ хурсанд бўлади». (Муслим)

Мусулмонга тавбанинг аҳамияти ва у унга нақадар муҳтож эканини идрок қилиши, шунингдек, гуноҳларнинг хатари ва уларни ўз эгаларига дунё ва охиратдаги зарарларини идрок қилиши вожиб бўлади. У мусибат, уқубат ва фалокатлар тушишига сабабдир. Аллоҳ таоло деди:

 «Сизга қайси бир мусибат етса, бас, ўз қўлингиз қилган касбдандир ва У Зот кўпини афв қилур» (Шууро: 30). Субҳанаҳу деди:

 «У(Расул)нинг ишига хилоф қиладиганлар ўзларига фитна етиши ёки аламли азоб етишидан эҳтиёт бўлсинлар» (Нур: 63).

Субҳанаҳу шундай деди:

 «Куфр келтирганларга, то Аллоҳнинг ваъдаси келгунича, қилмишлари сабабли мудом ларзага солувчи мусибатлар етар ёки уларнинг диёрлари яқинига тушиб турар. Албатта, Аллоҳ ваъдага хилоф қилмас» (Раъд: 31).

Ахир дунё ва охиратдаги ёмонлик ва дарднинг сабаби гуноҳ ва маъсиятлар эмасми?! Ер аҳлининг барчасини ғарқ қилган нарса нима? Ҳатто сув тоғ чўққиларигача кўтарилди. Ҳуд қавмига шамолни ҳукмрон-(устун) қилган нарса нима? Ҳатто уларни гўё чириб – ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек ўлик ҳолда учириб юборди. Самуд қавмига қичқириқ юборган нарса нима? Ҳатто юраклари ичларида узилиб кетди. Лут қавми қишлоғини тўнтариб, остин-устун қилган сўнг кетларидан тош ёғдирган нарса нима? Натижада тош уларни йўқ қилиб ташлади. Фиръавн ва унинг қавмини ғарқ қилган нарса нима? Қорун, унинг моли ва аҳлини ерга юттириб юборган нарса нима? Буларнинг барининг сабаби гуноҳ ва маъсиятлардир. Аллоҳ таоло деди:

 «Улардан ҳар бирини гуноҳи туфайли тутдик. Бас, улардан баъзиларининг устига тош ёғдирдик, баъзиларини қичқириқ ушлади, баъзиларини ерга юттирдик ва баъзиларини ғарқ қилдик. Аллоҳ уларга зулм этувчи бўлмади, лекин улар ўзларига зулм этдилар» (Анкабут: 40). Субҳанаҳу шундай деди:

 «Улар хатолари туфайли ғарқ қилиндилар, бас, оловга киритилдилар. Бас, ўзларига Аллоҳдан ўзга ёрдамчи топа олмадилар» (Нуҳ: 25).

Уламолар гуноҳларнинг хатарли асоратлари, улкан зарарлари ва зарарли оқибатларидан баъзиларини тушунтириб шундай дейдилар: «Фожирларнинг зулми сабабли ер титради, самони зулмат қоплади, ҳамда қуруқлик ва денгизда фасод-(бузғунчилик) ошкор бўлди. Золимларнинг фисқи сабабли барака кетди, яхшилик озайди, ёввойи ҳайвонлар мадорсизланди-(озуқа топа олмай қолди) ва ҳаёт лойқаланди-(булғанди). Ярамас иш ва ваҳшиёна қилмишлар сабабли кундуз зиёси ва кеча зулмати кўз-ёш тўкди. (Инсон амалларини ёзиб борувчи) улуғ котиб ва (инсонни мудом) таъқиб қилувчи (фаришта)лар Роббиларига фаҳш ишлар кўплиги, ҳамда мункар ва қабиҳ ишлар авж олганидан шикоят қилишди. Бу эса Аллоҳга қасамки, аллақачон (қора) булути қоплаган азоб оқимидан огоҳ этувчидир. Ҳамда аллақачон қоронғулиги қоплаган бало кечасини эълон қилувчидир. Бас, модомики тавба имконияти мавжуд ва эшиги очиқ экан, чинакам тавба ила ушбу йўлдан четлашинглар. Сизлар гўёки қулфланган эшик, гаровга олинган нарса (шартлашилган муддатда хуни тўланмасдан) гаровга олган томоннинг мулкига айланиб бўлган ҳамда тузоққа илинган қанот кабисизлар. 

 «Зулм қилганлар эса тезда қайси қайтиш жойига қайтишларини билурлар» (Шуаро: 227). 

Одамларнинг кўпини турли юмуш, йўлдан урувчи ва чалғитувчи нарсалар эгаллаб, ушбу нарсалар уни тавба ва Аллоҳга қайтишдан тўсиқ ва қийинчилик туғдирадиган нарсага айланиб қолган. Дабдаба, ҳашам, исроф, совуриш, ўйин, базм, уйқу, дангасалик, зулм, гуноҳ ва туғён-(ҳаддан ошиш)лик ичра тонг оттириб, кеч киргазади. Рамазон ойи эса мана шунга ўхшаш ғофилларга чинакам тавба ва Аллоҳга юзланиш учун қулай фурсатдир. Нафс ушбу улуғ мавсумда тавба сари ҳаракатланмаса, унда қачон ҳаракатлнади?! Банда ушбу муборак ойда Аллоҳга юзланмаса, унда қачон юзланади?! Дарҳақиқат, Аллоҳ азза ва жалла бандалари учун тавба эшигини очиб қўйди ва қабул айлашликни ваъда қилди. Аллоҳ таоло деди:

 «У Ўзи бандаларидан тавбани қабул қиладиган, ёмонликларни афв этадиган ва нима қилаётганингизни биладиган Зотдир» (Шууро: 25).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «То қуёш ботар томонидан чиққунича Аллоҳ азза ва жалла Қўлини кечаси, кундузи ёмонлик қилувчи тавба қилиши учун ёзади. Ва Қўлини кундузи, кечаси ёмонлик қилувчи тавба қилиши учун ёзади». (Муслим)

Камчилик ва нуқсонга йўл қўювчилар мағфират ойини шартлари тўла бўлган чинакам тавба учун ғанимат билсинлар. Улар учта шарт бўлиб, агар улардан бири йўқ бўлса тавба саҳиҳ бўлмайди:

Биринчиси: Маъсиятни батамом ташлашлик. Унинг аломати гуноҳдан зудлик билан ажралишликдир.

Иккинчиси: Уни қилиб қўйганига надомат чекиш ва маҳзун бўлишликдир.

Учинчи: Маъсиятга ҳеч қачон қайтмасликка азм қилиш. Унинг аломати қўлдан бой берилганларни тузатиб, келгусидаги ишларни ўнглаш.

Агар маъсият одамнинг ҳаққига боғлиқ бўлса тўртинчи шарт қўшилади. Бу эса уни ўз эгасига қайтариш ёки ундан кечирим сўраш биландир.

Эй Аллоҳ! Дарҳақиқат, биз жонимизга кўп зулм қилдик. Гуноҳларни фақат Сен мағфират қиласан. Бизни Ўзингнинг ҳузурингдан бўлган мағфират ила мағфират қил. Тавбаларимизни қабул эт. Албатта, Сен тавбаларни кўплаб қабул қилгувчи, раҳмлисан.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ният сўз луғатда қасд қилиш, шариатда эса бирор ишни қилишда Аллоҳ таолога ибодат қилишни ва Унга яқин бўлишини қасд қилишдир. Рўза дуруст бўлиши учун дилда ният давоми...

1760 12:10 / 16.04.2021
Ҳазрати Юсуф алайҳиссалом Зулайҳо тарафидан фитнага учрадилар. Бу ҳодисани билмаган бирор мусулмон бўлмаса керак. Қуръони Каримда Зулайҳо Юсуф алайҳиссаломни давоми...

1179 12:51 / 27.03.2023
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин Ортларидан Набий йўқ бўлган саййидимиз, пайғамбаримиз Муҳаммадга салоту саломлар бўлсин.Аммо баъдИслом фиқҳи академияси давоми...

3705 05:00 / 14.01.2017
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Рамазоннинг ўрта ўн кунлигида эътикоф ўтирдик. Йигирманчи давоми...

2257 18:45 / 05 апрель