1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Истиғфор ойи

09:57 / 08.06.2018 4874 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло шундай деди:

 «(Менинг номимдан) айт: «Эй ўз жонларига жавр (зулм) қилган бандаларим, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг! Албатта, Аллоҳ барча гуноҳларни мағфират этар. Албатта, Унинг Ўзи ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир». (Зумар: 53). 

Имом Бухорий Саъийд ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда айтилишича, кўплаб гуноҳлар қилган бир гуруҳ мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Албатта, сен даъват қилаётган нарса жуда ҳам гўзал. Қани, айт-чи, биз қилган нарсаларни ювадиган нарса ҳам борми?» – деб сўрашганида Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилган экан.

Тафсирчи уламоларимизнинг таъкидлашларича, бу ояти карима Қуръондаги энг умидворлик ояти ҳисобланади. Бу оятда бандалар учун энг улуғ башорат бор.

Ушбу ояти карима Аллоҳнинг раҳмати ва бандаларига лутфи кенг эканини баён қиляпти. Унда энг улкан ва жирканч гуноҳларга (ширк, куфр ва гуноҳи кабиралар шунинг остига дохил бўлади) қўл урган гуноҳкор ва ўз жонига жиноят қилганларга Раҳмон, Раҳим Зот томонидан ушбу гуноҳларини ташлаб, Ғофур, Раҳим бўлган Роббиларига истиғфор айтишликларига нидо қилиняпти. Батаҳқиқ, У барча гуноҳларни мағфират қилади ва ҳар қанча катта ва улкан бўлмасин гуноҳ соҳиби истиғфор айтиб, тавба қилса У Зот асло ноумид қайтармайди.

Термизий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим: «Аллоҳ табарока ва таоло шундай деди: Эй Одам боласи! Модомики сен Менга дуо қилиб, Мендан умид қилар экансан, сени гуноҳинг қанча бўлишига қарамай мағфират қиламан ва (гуноҳларинг кўплигига) парво ҳам қилмасман. Эй Одам боласи! Агар гуноҳларинг осмон булутларига етса сўнг Мендан мағфират сўрасанг, сени мағфират қиламан ва парво ҳам қилмасман. Эй Одам боласи! Сен агар Мени ҳузуримга ер қобиғичалик хатолар билан келсанг сўнг Менга бирор нарсани ширк келтирмаган ҳолатда йўлиқсанг, албатта, сени олдинга унинг қобиғичалик мағфират билан келаман».

Дарҳақиқат, Аллоҳ Қуръонда бандаларини истиғфор айтишга буюриб, шундай деди:

 «Ва Аллоҳдан мағфират сўранг. Албатта, Аллоҳ ўта мағфиратлидир, ўта раҳмлидир.» (Музаммил: 20).

Аллоҳ таоло деди:

 «Роббингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар, У Зот сизларни белгиланган муддатгача чиройли баҳрамандлик ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур.» (Ҳуд: 3).

У субҳанаҳу Ундан мағфират сўраган кишини мағфират қилишини баён қилиб, шундай деди:

 «Ким бир ёмонлик қилса ёки ўзига зулм этса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳнинг тавбани кўплаб қабул қилувчи, ўта раҳмли эканини топадир.» (Нисо: 110).

Аллоҳ истиғфор айтувчи бандаларини мадҳ қилиб, шундай деди:

 «…ва саҳарларда мағфират сўровчилардир.» (Оли Имрон: 17).

Субҳанаҳу деди:

 «Ва улар саҳарларда истиғфор айтар эдилар.» (Зарийат: 18).

Кўп истиғфор айтишлик у киши соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларидан эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Албатта, мен Аллоҳга бир кунда юз марта истиғфор айтаман». (Бухорий).

Бошқа ҳадисда эса: «Етмиш мартадан кўпроқ». (Бухорий).

Рамазон ойининг гуноҳлар мағфират қилиниши ва хатолар ўчирилишида зиёда хусусияти бор.

Бахтли – Рамазонга етган, унинг кеча ва кундузларини Аллоҳнинг тоати ва Уни рози қиладиган ибодатларда ўтказиб, шу билан Подшоҳ, Қиёмат куни ҳисоб қилувчи Зотнинг мағфират ва розилигига мустаҳиқ бўлган кишидир.

Бахтсиз, маҳрум – ушбу буюк ой кириб келсада, ўзининг даражасини кўтарадиган солиҳ амал қилмаган, уни ҳалок ва расво қиладиган гуноҳларидан тавба қилмаган, ушбу ойнинг кун ва тунларини Роббисини ғазаблантирадиган ва ўзини қулатадиган ишларда зое қилган, Роббисига гуноҳ ва ёмон ишларидан мағфират талаб қилган ҳолда юзланмаган, ҳатто у ўзининг юз ўгириш ва пасткашлигида қолган ҳолда мағфират ойи чиқиб кетган кимсадир.

Табароний «Мўъжам»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб, шундай деди: «Эй Муҳаммад! Кимки ота-онасидан бирига етиб, (уларнинг розилигини ололмай) вафот этса ва дўзахга кирса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим. Айтдики: «Эй Муҳаммад! Кимки Рамазон ойига етиб, вафот этса ва (гуноҳлари) мағфират қилинмай дўзахга киргазилса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим. Айтдики: «Кимники ҳузурида ёдга олинсангиз ва сизга саловат айтмай, вафот этиб, дўзахга кирса, бас, Аллоҳ уни узоқ қилсин. Амин, денг». Мен: «Амин», дедим».

Термизий ва бошқалар яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Мен унинг ҳузурида ёдга олинсаму, менга саловат айтмаган кимсанинг бурни ерга ишқалансин! Рамазон кириб сўнг (ундан гуноҳлари) мағфират қилинмай чиққан кимсанинг бурни ерга ишқалансин! Олдида ота-онаси улуғ ёшга етсаю, (уларнинг розилигини олиб) уни жаннатга киргазишмаган-(киришига сабабчи бўлишмаган) кимсанинг бурни ерга ишқалансин!»

Мўмин бандага ушбу ой яхшилик ва баракаларини ғанимат билиши, истиғфор айтишни лозим тутиши, ҳамда унинг муборак фойда ва улуғ манфаатларини ғанимат билиши учун истиғфорни кўп-кўп айтиши лойиқ бўлади. У истиғфорнинг фойдалари дунё ва охиратда сон-саноқсиз даражада кўпдир.

Унинг дунёвий фойдаларидан бири Аллоҳ таолонинг ушбу қавлида ворид бўлган:

 «Мен дедимки: «Роббингиз (Аллоҳ)дан мағфират сўранглар, албатта У ўта мағфиратли бўлган зотдир. (Шунда) У зот устларингизга осмондан ёмғир қуйдирур. Ва сизларга мол-дунё, бола-чақа билан мадад берур, ҳамда сизларга боғу бўстонлар (ато) қилур ва сизларга оқар дарёлар (ато) қилур» (Нуҳ: 10-12).

Ҳазрати имом Ҳасан Басрий ўз даврларида бир гуруҳ кишилар билан суҳбатлашиб ўтирганларида, бир одам келиб, қурғоқчиликдан шикоят қилибди. Ҳазрати имом Ҳасан Басрий: «Истиғфор айтинглар», – дея маслаҳат берибдилар. Иккинчиси келиб, камбағалликдан, учинчиси фарзандсизликдан ва ҳоказо шикоятлар қилибдилар ва барчаларига «Истиғфор айтинглар», деган маслаҳатни айтибдилар. Шунда суҳбатдошлардан Робийъ ибн Субайҳ ҳазрати Ҳасан Басрийга мурожаат қилиб: «Эй Имом, сизга турли кишилар турли нарсалардан шикоят қилдилар, сиз эса ҳаммаларига бир хил жавоб бердингиз, бунинг боиси недур?» – дебди. Ҳазрати Имом бу саволнинг жавобига Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссалом ҳақидаги қавлини тиловат қилдилар:

 «Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У кўплаб мағфират қилувчидир», – дедим»«Шунда устингизга ёмғирни мўлкўл қилиб юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар қилиб берур ҳамда анҳорлар қилиб берадир.» (Нуҳ: 10-12).

«Яъни, агар Аллоҳга тавба қилиб, Унга истиғфор айтиб, бўйинсунсангиз сизларга кўп ризқ ато этади. Сизларни осмон баракаларидан суғоради. Сизлар учун ер баракаларини ўстириб қўяди ва зироатга унум беради. Сизлар учун сутни мўл-кўл қилади, ҳамда сизларга мол ва фарзандлар билан мадад беради. Яъни, сизларга мол ва фарзандлар беради. Сизларга турли мевалари бор боғ-роғлар беради ва ўртасидан оқар дарёлар ўтказади». (Ибн Касир тафсири)

Бу ўринда зикр қилинган самаралар, банда айтган истиғфори мукофоти ўлароқ дунёда эришадиган умумяхшиликлар, мукаррам ҳадялар ва турли-туман самаралардир.

Истиғфор айтувчилар қиёмат куни эришадиган мўл-кўл савоб, улкан ажр, раҳмат, мағфират, дўзахдан озод бўлиш ва азобдан саломат қолишга келсак, бу Аллоҳ таологина саноғига етадиган ишдир.

Ибн Можжа «Сунан»да Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «(Амал) сахифасида кўп истиғфорни топган кишига шодлик бўлсин».

Табароний «Авсат»да ва Зиё ал-Мақдисий «Ал-Аҳадис ал-Мухтароҳ»да Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Кимни (амал) сахифаси хурсанд қилишини яхши кўрса, бас, унда истиғфорни кўпайтирсин».

Бироқ бу ўринда истиғфордан мурод гуноҳларни қилишни ташлашлик чамбарчас боғлиқ бўлгани ирода қилинганини билишлик лозим бўлади. Ана ўшндагина гуноҳни бекор қиладиган чинакам тавба бўлади. Ана шу Аллоҳ тарғиб этган ва эгаларига мағфиратни мукофот қилиб берган истиғфордир.

Аллоҳ таоло деди:

 «Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар. – Гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? – Ва билиб туриб, қилган ишларида бардавом бўлмаслар. Ана ўшаларнинг мукофотлари – Роббларидан бўлган мағфират ва остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бўлиб, унда мангу қолувчидирлар. Амал қилувчиларнинг ажри қандай ҳам яхши!» (Оли Имрон: 135-136).

Мағфиратнинг уч улкан сабаби бўлиб, улар юқоридаги Анас розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жамланган:

Биринчи: Банда бирор гуноҳ қилса, уни мағфират қилишни Роббисидан ўзгасидан умид қилмайди. Ҳамда Ундан ўзгаси гуноҳларни мағфират қилиб, кечиб юбормаслигини билади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шундай деганлар: «Банда бир гуноҳ қилиб: «Эй Аллоҳ! Гуноҳимни мағфират қил», дейди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам бир гуноҳ қилиб, Унинг гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Роббиси борлигини билди», деди. Сўнг яна гуноҳ қилди. Ва: «Эй Роббим! Гуноҳимни мағфират қил», деди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам гуноҳ қилиб, гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Роббиси борлигини билди», деди. Сўнг яна гуноҳ қилди. Ва: «Эй Роббим! Гуноҳимни мағфират қил», деди. Шунда У табарока ва таоло: «Бандам гуноҳ қилиб, гуноҳни мағфират қиладиган ва уни кечиб юборадиган Роббиси борлигини билди. Хоҳлаганингни қил. Дарҳақиқат, сени мағфират қилдим», деди». Абдулаъло: «Хоҳлаганингни қил, деб учинчи ёки тўртинчисида айтдиларми билмай қолдим», деди. Бир ривоятда (шундай ворид бўлган): «Дарҳақиқат, бандамни мағфират қилдим. Хоҳлаганини қилаверсин». (Муслим)

Иккинчи: Истиғфор. Агар гуноҳлар улканлашиб, кўплигидан осмондаги булутлар ёки осмонда кўз илғар жойгача етсада, бошқа ривоятда эса: «Муҳаммаднинг жони Унинг қўлида бўлган Зотга қасамки, агар осмон ва ер орасини тўлдириб юборар даражада хато қилсангиз, сўнг Аллоҳ азза ва жаллага истиғфор айтсангиз, албатта, сизларни мағфират қилади». (Аҳмад)

Истиғфор – мағфират сўрашлик. Мағфират – гуноҳларни сатр қилиш билан уларнинг ёмонлигидан сақлаш. Агар истиғфор тавба билан бўлса, ана шу вақт истиғфор тил билан мағфират сўрашдан иборат, тавба эса қалб ва аъзолар билан гуноҳларни ташлашликдан иборат бўлади.

Учинчи: Тавҳид - Аллоҳнинг бор ва яккалигига ишониш. У энг катта сабабдир. Ким уни йўқотса мағфиратни йўқотибди. Ким уни олиб келса, дарҳақиқат, мағфиратнинг энг катта сабабини олиб келибди. Аллоҳ таоло деди:

 «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас. Ундан бошқани Ўзи хоҳлаган кишидан кечирадир. Ким Аллоҳга ширк келтирса, шубҳасиз, улкан гуноҳни тўқибдир.» (Нисо: 48).

Эй Аллоҳ! Гуноҳларимизнинг барини, кичиги ва каттаси ҳамда биз билган ва билмаганларимизни мағфират қил. Ҳаётимизни солиҳ амалларимиз билан якунла.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Инсонни яратишдан мақсад фақат ибодат бўлса, у ҳолда эрталабдан кечгача ибодатдан бошқа бирор иш қилмаслигимиз ва бошқа иш қилишимизга рухсат ҳам бўлмаслиги давоми...

1531 23:45 / 27.03.2023
Рўзанинг инсонга келтирадиган фойдалари ҳақида гап кетар экан, унинг инсон саломатлигига нисбатан ўта фойдали эканлиги энг кўп гапириладиган мавзуълардан давоми...

4254 05:00 / 11.01.2017
Мана кун сайин улуғ байрамлардан бири Рамазон ҳайити яқинлашиб келмоқда. Мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидан буён бу байрамни давоми...

5986 05:00 / 20.04.2023
. . .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким рўзадорлигини унутиб қўйиб, еса ёки ичса, рўзасини давоми...

2053 04:30 / 24.04.2021