1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Аллоҳ таолонинг раҳматининг кенглиги ҳақида (2-қисм)

17:45 / 02.04.2018 5014 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Раҳматим эса ҳамма нарсадан ‎кенгдир», деган («Аъроф» сураси, 156-оят).

4714. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар мўмин Аллоҳнинг ҳузуридаги уқубатни билганида, бирор киши Унинг жаннатига тамаъ қилмас эди. Агар кофир Аллоҳнинг ҳузуридаги раҳматни билганида, бирор киши Унинг жаннатидан ноумид бўлмас эди», дедилар».

Шарҳ: Бундан икки тараф ҳам бирлиги ва биридан қўрқиб, бошқасидан умид қилиб, биридан қутулишнинг, бошқасига эса сазовор бўлишнинг чорасини ахтариб юриш лозимлиги келиб чиқади.

4715. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ раҳматни юз бўлак қилгандир. Тўқсон тўққизтасини Ўз ҳузурида тутиб қолиб, бир бўлак раҳматни ерга нозил қилгандир. Ана шу бўлак туфайли махлуқотлар бир-бирларига раҳмат қиладилар. Ҳатто ҳайвон боласини босиб олишдан қўрқиб, туёғини кўтаради», дедилар».

4716. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг юзта раҳмати бордир. Улардан битта раҳматни жин, инс, ҳайвонот ва ҳашаротлар орасига нозил қилгандир. Бас, ўша туфайли улар бир-бирларига меҳр ва раҳм кўрсатадилар. Ўша билан ваҳший ҳайвон ўз боласига меҳр кўрсатади. Аллоҳ тўқсон тўққизта раҳматини кейинга қўйган. Улар ила қиёмат куни бандаларига раҳмат кўрсатади», дедилар».

Ушбу тўрт ҳадисни икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Охирги икки ҳадиси шариф бир-бирини тўлдириб, таъкидлаб келмоқда. Аллоҳ таолонинг кенг раҳматидан катта қисми қиёматга қолдирилган экан. Аллоҳ таоло барчамизни ўша кунда раҳматига олсин.

4717. Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бир киши «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ фалончини мағфират қилмайди» деса, Аллоҳ таоло «Фалончини мағфират қилмаслигим ҳақида қасам ичаётган ким ўзи?! Батаҳқиқ, Мен фалончини мағфират қилдим ва сенинг амалингни беҳуда қилдим», дейди», дедилар (ёки шу каби гап айтдилар)».

Бошқа бир ривоятда:

«Аллоҳ бандани бу дунёда сатр қилган бўлса, албатта, Аллоҳ уни қиёмат кунида ҳам сатр қиладир», дейилган.

Ушбу учтани Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, фалончини Аллоҳ таоло мағфират қилмайди, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Шу билан бирга, қилган гуноҳи беркитилган ҳолда қолган мўмин банданинг яхшиликдан умидвор бўлишига катта йўл бор экан.

4718. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига асирлар келтирилди. Асирлар ичида бир аёл гирён уриб, типирчилаб юрарди. Бирдан у асирлар орасида юрган бир гўдак болани кўриб қолди-да, уни бағрига босиб, эмиза бошлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга:

«Мана шу аёл боласини оловга ташлайди, деб уйлайсизларми?» дедилар.

«Йўқ! Аллоҳга қасам! У уни асло ташламайди», дедик.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ бандаларига мана шу аёлнинг боласига раҳм қилишидан кўра раҳмлироқдир», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: Дунёда онанинг ўз боласига кўрсатадиган раҳм-шафқатига, муҳаббатига ўхшаш нарсани топиб бўлмаслиги ҳаммага маълум. Бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг бандаларга кўрсатадиган раҳм-шафқати ва меҳрибонлиги онанинг раҳм-шафқатидан ҳам кенг ва шомиллиги таъкидланмоқда.

4719. Абу Зарр ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла: «Ким бир яхшилик қилса, унга ўн мислича ва зиёда ҳам қилурман. Ким бир ёмонлик қилса, унинг жазоси ўшанинг мислича ёмонлик бўлади ёки уни мағфират қилурман.

Ким Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашурман. Ким Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашурман. Ким Мен томон юриб келса, Мен у томон югуриб борурман. Ким Менга ер тўла гуноҳ ила рўбарў келса, аммо Менга ширк келтирмаган бўлса, Мен унга ўшанинг мислича мағфират ила рўбарў келурман» дейди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилганлар.

Термизийнинг лафзида:

«Аллоҳ таоло:

«Эй одам боласи! Модомики сен Менга дуо қилар экансан ва Мендан умидвор бўлар экансан, Мен сени сендаги борки нарса ила мағфират қилурман. Парво қилмайман.

Эй одам боласи! Агар гуноҳларинг осмоннинг тепасига етган бўлса, кейин Менга истиғфор айтсанг, сени мағфират қилурман. Парво қилмайман.

Эй одам боласи! Менга ер тўла гуноҳ ила рўбарў келсанг, аммо Менга ширк келтирмаган бўлсанг, Мен сенга ўшанинг мислича мағфират ила рўбарў келурман» дейди», дедилар», дейилган.

Шарҳ: Аллоҳ таоло ҳаммамизни ширкдан сақлаб, Ўз мағфиратига сазовор қилсин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли худди олов ёқиб давоми...

4156 13:30 / 31.03.2021
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам.Жинларнинг кўзи билан одам боласининг аврати ўртасидаги тўсиқ давоми...

3268 19:00 / 25.01.2023
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади.Ким Исломдан бошқа динни истаса, бас, ундан бу ҳаргиз қабул қилинмас ва у охиратда зиён кўрувчилардандир,, давоми...

5506 14:01 / 25.03.2020
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг байъатини .ва Аллоҳга ҳеч нарсани ширк давоми...

3590 13:30 / 27.01.2021