1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ойнасига мавжудотларнинг сурат­лари тамғаланиб қолган қалб ҳақида

04:42 / 27.06.2018 5517 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ойнасига мавжудотларнинг суратлари тамғаланиб қолган қалб қандай қилиб ёришсин? Ёки у шаҳватлари ила кишанланган бўлса, қандай қилиб Аллоҳ томон сафар қилсин? Ёки у ғафлатларининг жунублигидан покланмаган бўлса, қандай қилиб Аллоҳнинг ҳузурига киришни тама қилсин? Ёки хатоларидан тавба қилмаган бўлса, қандай қилиб нозик сирларни фаҳмлашни орзу қилсин?

Ушбу ҳикмат ўзидан аввалги ҳикматга боғлиқдир. Ўн иккинчи ҳикматда қалб учун энг фойдали омил ҳақида сўз кетган эди. Бу ҳикматда эса қалб учун зарарли бўлган тўрт омил тўғрисида сўз боради.

Маълумки, инсон жисм ва руҳдан – моддий ва маънавий қисмдан иборатдир. Моддий қисми танадан, маънавий қисми эса ақл ва қалбдан иборат. Инсоннинг асл қиймати унинг қалби ва ақлидан иборатдир. Уни инсон қилган, қадрининг улуғланишига сабаб бўлган нарса ҳам қалби ва ақлидир.

Зотан, инсон моддий – жисмоний жиҳатдан бошқа жонзотлар билан муштаракдир. Жисмининг суяк, пай, гўшт ва тери каби моддаларида ҳам, қўл-оёқ, тана, бош, кўз, қулоққа ўхшаш ташқи аъзоларида ҳам, юрак, ўпка, жигар, қорин каби ички аъзоларида ҳам бошқа жонзотларга ўхшашлик мавжуд. Аммо инсонни инсон қилиб, бошқа жонзотлардан ажратиб турган нарса унинг маънавий қисми, бошқача қилиб айтганда, унинг ақли ва қалбидир.

Инсоният ўз ортидан қолдирган, унинг ақл-заковати ва илм-маърифатининг самаралари бўлган адабиёт ва санъат асарлари, маданияти, турли илмлари ҳамда цивилизацияси унинг ақли ва қалбига оиддир. Инсон нимани бино қилса, кашф ва ихтиро қилса ҳамда яна нимага эришса, ушбу икки нарсаси – қалби ва ақли ила бино қилган ва эришган. Қисқа қилиб айтадиган бўлсак, инсондан қолган ва қолиб келаётган барча яхшилигу ёмонликлар унинг қалби ва ақлининг самарасидир.

Инсон ҳаётида ақлнинг вазифаси идрок қилиш ва англаб етишдир. Қалбнинг вазифаси эса туртки бўлувчи, қайтарувчи ва мақтовчи ҳамда ёмонловчи туйғуларни ўзида жамлаб туришдир.

Инсон туртки бўлувчи туйғулари ила бир нарсани севади ёки эъзозлайди, қайтарувчи туйғулари ила бир нарсани ёмон кўради ёки ундан қўрқади, мақтовчи туйғулар билан бир нарсадан ажабланади, маҳлиё бўлади ва ҳурматлайди ва ҳоказо. Ушбу туйғуларнинг жамланадиган махфий макони қалб дейилади.

Демак, инсоннинг инсонлиги икки сир туфайли юзага чиқади:

Биринчиси – нарсаларнинг идрок қиладиган ва уларнинг сирларини англашга уринадиган ақлдир.

Иккинчиси – унинг ҳаётида севиш, ёқтирмаслик, қўрқиш, жасур бўлиш, улуғлаш, писанд қилмаслик, хурсандлик, хафалик каби ҳис-туйғулардан иборат ҳолат ва сифатларни ўз ичига олган қалбдир.

«Инсоннинг ўз ҳаёти давомида қиладиган турли ишлари, ҳаракатлари ва ўзини тутишлари ақлидан чиққан бўладими ёки қалбидан чиққан бўладими?» деган саволга жавоб ахтарайлик. Бу саволга дунёнинг барча психология илми бўйича мутахассислари: «Инсоннинг етмиш фоиз фаолиятлари қалбнинг амри ила, ўттиз фоизи ақлининг амри ила бўлади», деб жавоб берадилар. Шунинг учун ҳам одамлар «ақл бовар қилмайдиган» ишларни содир этадилар. Ақли «Бу иш фойдали, уни қилгин», деса ҳам, қалби истамаса, ўша ишни қилмайди. Ақли «Бу иш зарарли, уни қилмагин», деса ҳам, қалби «Қилгин», деб турса, қилаверади.

Агар одамларнинг барчаси ақллари қилган қарорларга амал қиладига бўлсалар, дунёда доимо бирдамлик, дўстлик ва тинчлик барқарор бўларди. Уруш-жанжаллар, қирғинбаротлар бўлмас эди. Шунинг учун ҳам қадимдан ҳис-туйғулар ақлдан устун келишининг хатарини инсоният яхши тушуниб келган ва уни муолажа қилиш пайидан бўлган. Бунинг учун восита қилиб олинган нарса тарбия деб аталади. Тарбия орқали ҳис-туйғуларни ақлга бўйсундиришга ҳаракат қилинади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида қалбнинг хаста бўлиши сабабларини тушунтириш мақсадида қалбнинг ойнаси ҳақида сўз юритмоқда.

1. Мавжудотларнинг суратлари ойнасига тамғаланиб қолган қалб қандай қилиб ёришсин?

Мазкур ойнада инсоннинг қалбидаги нарсалар акс этиб туради. Агар инсон ўзи яхши кўрадиган нарса ва ҳолатларга йўлиқса, унинг қалб ойнасида муҳаббат деб номланадиган туйғу акс этади. Агар у ўзи ёмон кўрадиган нарсани кўрса ёки ҳолатни бошидан кечирса, унинг қалб ойнасида ёқтирмаслик деб номланадиган туйғу пайдо бўлади. Шунингдек, мазкур ойнада турли ҳолатлар ва таъсирлар эътиборидан ҳиқду ҳасад, ғазаб, асабийлашиш, сурур каби туйғулар акс этиши бор.

Аммо мазкур қалб ойнасида мавжудотларнинг суратлари – молу дунё, ҳовлилар, маркаблар, зебу зийнат, ўйин-кулги, айшу ишрат воситалари, кийим-кечак ва бошқаларнинг суратлари тамғаланиб қолса, ёмон бўлади. У қалбни зулмат эгаллаб олади. У қалбдан яхшилик кутиб бўлмайди. У борган сари қорайиб бораверади. Унинг ойнасидаги мавжудотларнинг сурати тамғалари кўпайиб бораверади. Қалбда гуноҳ ва маъсиятларнинг доғи кўпайиб, моғорга айланиб кетади. Мазкур ойнада ёруғлик асари зинҳор бўлмайди.

2. Ёки у шаҳватлари ила кишанланган бўлса, қандай қилиб Аллоҳ томон сафар қилсин?

Шаҳватга берилиш ҳам қалбни бузадиган нарсаларнинг энг катталаридан биридир. Айнан шаҳватга асир бўлиш туфайли инсоннинг қалбига мавжудотларнинг сурати тамғаланиб қолади. Бунинг оқибатида қалбини моғор босиб, иши расво бўлади. Шаҳватлар қалбни кишанлаб қўяди. Шаҳватларга берилган шахснинг қалби улар билан кишанланиб қолиб, Аллоҳ таоло томон сафар қилишга тура олмай қолади. Агар бир иложини топиб, турса ҳам, юра олмай қолади. Яна иложини топиб, юрса ҳам, йўлда тўхтаб қолади.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди. Булар дунё ҳаётининг матоҳидир. Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир» (14-оят).

«Шаҳват» сўзи урфда жинсий маънода ишлатиб келинади. Аслида эса «шаҳват» сўзи «иштаҳа» сўзидан олинган бўлиб, кўнгил тусаши, хоҳлашига айтилади. Ушбу ояти каримада одамларнинг кўнглига муҳаббати зийнатланган, иштаҳалари доим тортиб турадиган нарсалар ҳақида сўз кетмоқда:

«Одамларга аёллардан, фарзандлардан, тўп-тўп тилла ва кумушдан, боқилган отлардан, чорвалардан, экин-тикиндан иборат шаҳватларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди».

Мазкур нарсалар рўйхатининг бошида аёллар турибди. Эркак кишида аёлга бўлган хоҳиш, истак бошқа зикр қилинган нарсаларга қараганда кўпроқ ва кучлироқдир. У ўша бошқа нарсаларни ҳам аёл йўлида сарфлайди.

Кейин аёлидан туғиладиган болалар зикр қилинмоқда. Фарзанд ўзини билган ҳар бир инсон учун жигарбанд, кўзининг қорачиғи, дилпораси ҳисобланади.

Сўнгра тўп-тўп тилла ва кумушнинг зикри келмоқда. Молу дунё шаҳвати ҳам жуда кучли шаҳват. Инсон фақат моли бўлишинигина эмас, балки моли тўп-тўп бўлишини хоҳлайди. Молини кўпайтиришнинг ўзи катта шаҳватдандир. Шунинг учун ҳам моли кўплар бойлик тўплашга молсизлардан кўра кўпроқ уринаётганларини кўрамиз. Молга бўлган кучли шаҳватнинг сабаби у бошқа шаҳватларга ҳам эриштирувчи восита эканидир.

Ундан кейин гўзал отларнинг зикри келмоқда. От ўзида муҳаббатга сабаб бўлувчи кўпгина сифатларни жамлаган ҳайвондир. Доимо кишилар яхши отга эга бўлишни ўзлари учун обрў деб билганлар (ҳатто ҳозирги техника замонида ҳам миллионлаб долларга баҳоланаётган отлар бор). Аммо бу ерда умуман улов маъносида ҳам тушунилади. Атрофимизга қарайлик, биронта уловга эга бўлиш мақсадида инсон нималар қилмаяпти.

Шунингдек, одамларда туя, сигир, қўй каби чорва ҳайвонлари ва экин-тикинларга ҳам муҳаббат кучли бўлиб, ушбу нарсаларни ўзига мулк қилишга доимо ҳаракат қиладилар.

Ояти каримада ушбу нарсаларнинг муҳаббати чиройли кўрсатилди, дейилмоқда. Демак, бу муҳаббат инсоннинг асл табиатида бор экан. Бундай ҳолатнинг бўлиши табиий бир ҳол экан. Модомики, ушбу рағбатлар инсон табиатида бор экан, Аллоҳнинг Ўзи инсонни шундай яратган экан, бу нарсалар инсон ҳаётини муҳофаза қилишда, унинг гўзал ва завқли кечишида хизмат қилмоғи лозим. Шунинг учун Ислом дини мазкур нарсаларни ҳаром қилган эмас, балки мубоҳ қилган. Бу нарсаларни ман қилишни эмас, тартибга солишни йўлга қўйган. Ислом кишиларни тарбия қилиб, шаҳват дарёсида ҳалок бўлмасликка чақиради. Инсон мазкур шаҳватларнинг қули бўлиб қолмаслиги керак. Балки у уларнинг хожаси бўлиб, ўз тасарруфига олиши даркор.

Юқорида зикр этилган нарсалар ояти карима нозил бўлган вақт ва муҳитнинг шаҳватларидан намуналар, холос. Улардан бошқа яна кўп нарсалар бор. Лекин қанча бўлса ҳам,

«Булар дунё ҳаётининг матоҳидир».

Охиратники эмас, абадий ҳаётники эмас, дунёники.

«Ва Аллоҳ – ҳузурида гўзал қайтар жой бор Зотдир».

Бу жой жаннати наъимдир. Унда киши нимани иштаҳа қилса, ўша муҳайёдир.

Шунинг учун охиратни дунёдан устун қўйиш керак. Кофирлар эса дунё зийнати ортидан тушишади, холос. Ким дунё зийнатига берилган бўлса, уни огоҳлантириш лозим.

Довуд алайҳиссаломга қуйидагича ваҳий қилинган экан: «Қавмингни барча шаҳватлардан огоҳлантир! Дунё шаҳватларига боғланган қалбларнинг ақллари Мендан тўсилгандир».

3. Ёки у ғафлатларининг жунублигидан покланмаган бўлса, қандай қилиб Аллоҳнинг ҳузурига киришни тама қилади?

Қалбни бузадиган нарсалардан яна бири ғафлатдир. Айнан ғафлат шаҳватга берилишига сабаб бўлади. Маънавий оламда ғафлат худди ҳиссий оламдаги жунубликка ўхшайди. Таҳорати йўқ одам масжидга кира олмагани каби, ғафлат босган қалб ҳам Аллоҳ таолонинг ҳазрасига кира олмайди, яъни зикри қалбида ҳозир бўлмайди, унинг қалби Аллоҳ таоло билан бирга бўла олмайди.

Машойихлар айтмишлар: «Ғафлатдан оғирроқ уйқу йўқ. Шаҳватдан кучлироқ қуллик йўқ. Ғафлатнинг оғирлиги бўлмаганида шаҳват сенинг устингдан зафар қозонмас эди».

Аслида «ғафлат» сўзи бир нарсани унутишни билдиради. Кўпроқ дангасалик ва бепаровлик ила унутиш ғафлат дейилади.

Уламолар ғафлатнинг таърифида айтадилар:

– Муновий: «Ҳис қилиш лозим бўлган нарсани йўқотиш ғафлатдир».

– Роғиб: «Сақлаш ва сергак бўлиш керак бўлган нарсани унутиш ғафлатдир».

– Кафавий: «Тақозо борлигига қарамай, бир нарсани идрок қилмаслик ғафлатдир».

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ғафлатни қоралаган.

У Зот Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарру-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма» (205-оят).

Яъни «Аллоҳни доимо зикр қилиб юр. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани эшитиб турувчи Зотдир. Унга қарата баланд овозда дуо ёки зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Энг муҳими, зикр бардавом бўлиши ва дилдан чиққан, тазаррули бўлиши шарт. Акс ҳолда инсон ғофиллардан бўлиб қолади».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг ижобатига аниқ ишонган ҳолингизда дуо қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ ғофил ва беҳудачи қалбдан дуони қабул қилмас», дедилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Уламоларимиз ғафлатнинг зарарларини баён қиладилар:

1. Ғафлат шайтонни жалб қилади, Раҳмоннинг ғазабини келтиради.

2. Ғафлат қалбга ғам-ғусса туширади ва ундан шоду хуррамликни кетказади.

3. Ғафлат васваса ва шак-шубҳани чақиради.

4. Ғафлат одамлар орасида душманлик ва ёмон кўришни пайдо қилади ҳамда ҳаё ва виқорни кетказади.

5. Ғафлат зеҳнни ўтмас қилади ва маърифат эшикларини беркитади.

6. Ғафлат бандани Аллоҳ таолодан узоқлаштиради ва маъсиятларга чорлайди.

4. Ёки хатоларидан тавба қилмаган бўлса, қандай қилиб нозик сирларни фаҳмлашни орзу қилади?

Хатолар – гуноҳлар қалбни моғор бостирадиган нарсалардир. Шунинг учун гуноҳкор қалб эгаси нозик сирларни англаб ета олмайдиган даражага тушиб қолади.

Аллоҳ таоло Мутоффифин сурасида марҳамат қилади:

«Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир» (14-оят).

Ҳа, инсон гуноҳ ишларни қилаверса, қалбини моғор босиб, ҳеч нарса таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадиси шариф ворид бўлган:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин киши гуноҳ иш қилса, қалбида бир қора нуқта пайдо бўлади. Агар тавба қилиб, у гуноҳдан бутунлай қайтса, истиғфор айтса, қалби покланади. Агар (гуноҳни) зиёда қилса, (қалбидаги қора ҳам) зиёда бўлади. Мана шу Аллоҳ азза ва жалла Қуръонда зикр қилган моғордир. «Йўқ! Уларнинг қилган касблари қалбларига моғор бўлиб ўрнашиб қолгандир», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: «Савоб иш қалбга нур ва баданга қувват бўлур. Гуноҳ иш қалбга зулмат ва баданга беҳоллик бўлур», деган.

Бас, банда гуноҳлардан четланиши, қалбининг покланиши учун ҳаракат қилиши керак.

Демак, ҳамма бало кичик гуноҳларга эътиборсизликдан бошланади. Хатолардан тавба қилмагани учун бандани ғафлат босади. Ғафлат эса шаҳватга берилишга сабаб бўлади. Шаҳват қалбни кишанлаб қўяди ва у моғор босиб, қораяди. Бунинг оқибати эса ёмон бўлади.

Шунинг учун ҳам руҳий тарбия машойихлари ўзларига шогирд тушган муридларга дастлаб гуноҳлардан тавба қилишни таклиф қилишади. Астойдил тавба қилиб, гуноҳлардан четланганларидан кейин ғафлатдан чиқиб, қалби доимо уйғоқ бўлишини таъминловчи чоралар кўрилади. Ғафлат жунублигидан покланганидан кейин шаҳватлар кишанидан бўшалиш чоралари кўрилади. Охир-оқибат қалбида тамғаланиб қолган мавжудотларнинг суратлари ўчади. Қалблар Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила тўлади.

Аллоҳ таоло барчаларимизни мавжудотларнинг суратлари ойнасига тамғаланиб қолган қалб эгаси бўлишимиздан асрасин!

У Зот қалбларимизни шаҳватлари ила кишанланиб қолиб, Аллоҳ томон сафар қила олмайдиган бўлиб қолишдан асрасин!

У Зот қалбларимизни ғафлатларининг жунублигидан покланмай қолиб, Аллоҳнинг ҳузурига киришни тама қила олмайдиган бўлиб қолишидан асрасин!

Аллоҳ таоло қалбларимизни хатоларидан тавба қилмай, нозик сирларни фаҳмлашни орзу қила олмайдиган бўлиб қолишидан асрасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роббимиз азза ва жалла Ўзининг мукаммал Китобида айтади.Эй иймон келтирганлар Бир қавм бошқасини масхара қилмасин, эҳтимол улар булардан яхшироқдир. Ва аёллар давоми...

5121 21:04 / 14.12.2017
Тўртинчи сабаб ёмoн улaмoлaргa эргашиш вa унинг муoлaжaси.Кўпинча ғийбaт билан мaшғул бўладигaн улaмoлaргa эргашиш ҳaм ғийбат қилишга сабаб бўлади. Чунки oдaмлaр давоми...

2963 15:17 / 02.06.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар Расулуллоҳсоллаллоҳуалайҳива саллам Бошқа инсонларнинг аёлларига нисбатан иффатли бўлинг. Аёлларингиз ҳам иффатли давоми...

6226 00:00 / 26.06.2018
Нурнинг иши кашф қилишдир. Басийратнинг иши ҳукм қилишдир. Қалбнинг иши олға юриш ёки ортга чекинишдир.ndash Нур ndash инсоннинг миясига урадиган, Аллоҳ таоло давоми...

4278 17:48 / 29.07.2017