1447 йил 7 ражаб | 2025 йил 27 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ризқ Аллоҳнинг қўлидадир

20:36 / 03.10.2017 5737 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ бандаларига латийфдир. У Ўзи хоҳлаган кишига ризқ берур. У ўта қувватлидир, ўта иззатлидир.

Бандалар такаббурлик ила куфр келтириб, қиёмат кунини инкор этиб, у ҳақида шак-шубҳа қилсалар ҳам, турли гуноҳ ва исёнлар қилсалар ҳам, Аллоҳ уларни азобга дучор қилишга шошилмайди. Чунки

«Аллоҳ бандаларига латийфдир».

Яъни бандалари ким бўлишидан қатъи назар, уларга шафқат қилади, яхшилик кўрсатади, исёнларига қарамай, уларга хайру баракаларини сероб қилиб қўяди.

«У Ўзи хоҳлаган кишига ризқ берур».

Аллоҳ таоло кимга хоҳласа, ўшанга ризқни кўпайтириб беради. Бу иш Унга оғир эмас. Чунки

«У ўта қувватлидир, ўта иззатлидир».

У Зот кучли ва азийздир. Ҳамма нарсага кучи етади, ҳаммадан ғолиб келади.

Ким охират ҳосилини истаса, унга ҳосилини зиёда қилиб берурмиз. Ким дунё ҳосилини истаса, унга ўшандан берурмиз ва унга охиратда бирон насиба бўлмас.

Ушбу оятнинг маъносидан ҳам Аллоҳ таолонинг Латийф сифати яққол кўриниб турибди. Аллоҳ хоҳлаган одамига – у одам солиҳми, солиҳ эмасми, қобилми, қобил эмасми, мўминми, кофирми, барибир ризқ­ни бераверади. Агар Аллоҳ кофир, фосиқ, осий ва гуноҳкорларга ризқ бермаса, улар ўзларига ўзлари ризқ бера олмайдилар, шунингдек, Аллоҳдан бошқа ҳеч бир зот уларга ризқ бера олмайди. Бинобарин, улар тезда ҳалок бўладилар. Натижада эса уларни дунёга келтириш, бу дунёда синовдан ўтказиш, охиратга тайёрланиш ва охиратдаги ҳисоб-китоб ҳикматлари ботил бўларди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло яхшига ҳам, ёмонга ҳам ризқни бераверади. Охират ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага охират ризқини беради. Бу дунё ризқини хоҳлаб, ўшанга яраша ҳаракат қилган бандага бу дунё ризқини беради. Аммо бу дунё ризқини истаган ўша бандага охиратдан ҳеч қандай насиба қолмайди.

Охират ҳосилини истаган одам эса бу дунё ҳосилидан ҳам баҳраманд бўлади, бўлганда ҳам, бошқалардан кўра яхшироқ баҳраманд бўлади. Ҳар ким ўзи ўйлаб, фикр юритиб, юрадиган йўлини танлаб олаверсин. Бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг Китобига, динига амал қилишга боғлиқ. Аллоҳга иймон келтириб, Унинг шариатига амал қилганлар яхши оқибатга эришишлари турган гап.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръонда Аллоҳ таолонинг зикри ҳақида икки хил ривоят келган. Кўпинча, айрим дўстларимиз ушбу икки ривоятни бир бирига қарамақарши деб ўйлайдилар. Баъзида улар бу давоми...

5096 17:37 / 30.11.2017
Шу кунларда кўп инсонлар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандаларига бўлган раҳмати кўриниши ва насибаси ҳақида сўрашади. Уларнинг бу суриштиришларидан танқид давоми...

4447 16:00 / 09.03.2018
Сен Роббингга суяниб талаб қилган нарса тўхтаб қолмас. Сен ўзингга суяниб талаб қилган нарса осон бўлмас.Бу дунё ва охират талабларидан бирини қилмоқчи давоми...

4544 21:18 / 16.12.2017
.Дунё нима Унда зуҳд қилиш қандай бўлади, Шунга ўхшаш масалаларни сўраб, саволни кўпайтирдинг. Булар ҳақда сенга қисқа жавоб бераман.Албатта, бу икки диёр ҳам давоми...

6535 17:40 / 05.10.2017
Видеолар

1106 16:41 / 19 декабрь
Аудиолар

216964 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

136124 14:35 / 11.08.2021