1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Мақбул дуо (2-қисм)

20:11 / 05.03.2018 4914 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

4595. Абу Довуд ва Термизийларнинг ривоятида:

«Албатта, дуонинг энг тез ижобат бўладигани ғойибнинг ғойибга қиладиган дуосидир», дейилган.

Шарҳ: Чунки бундай дуо риёдан ва хўжакўрсиндан йироқда бўлади ҳамда чин ихлос ва соф ният ила қилинади.

4596. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан умра қилишга изн сўрадим. У зот менга изн бердилар ва:

«Эй биродарим, дуоингда бизни унутмагин», дедилар.

Бу сўзнинг ўрнига менга бутун дунё берилганда ҳам мени масрур қила олмайди».

Абу Довуд ва Термизий ривоят килганлар.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтарликларининг олий намунасидир. Аллоҳ таолонинг маҳбуб Пайғамбари, дуоси тўсиқсиз қабул бўлиб турган зот ўзларининг умматларидан бирининг дуосини сўрамоқдалар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бирор сафарга боришда, ҳатто у сафар Байтуллоҳнинг зиёрати бўлса ҳам, раҳбардан изн сўраш кераклиги.

2. Афзал шахс ўзидан даражаси паст кишидан дуо сўраши мумкинлиги.

3. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг фазилатлари.

4. Ҳаж ёки умрага кетаётган кишилардан дуо қилишларини сўраш алоҳида аҳамиятга эга экани.

5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалар олдидаги қадр-қийматлари. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир оғиз сўзларини бутун дунёга алмаштирмасликлари шуни кўрсатади. Ҳақиқий мусулмон шундай бўлиши керак.

4597. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч дуо мустажобдир. Уларда шак йўқ. Ота-онанинг дуоси, мусофирнинг дуоси ва мазлумнинг дуоси», дедилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, ушбу уч тоифанинг яхши дуосини олишга ва ёмон дуосидан қўрқишга ўтиш керак.

Ота-онанинг дуосини олиб, қарғишидан эҳтиёт бўлиш ҳар бир фарзанд учун ўта муҳимдир. Бу маъно бошқа жойларда батафсил баён қилинган.

Мусофир одам ҳам ўзининг сафардаги ҳолати ила Аллоҳ таолога яқин бир вазиятга ўтиб қолади. Шунинг учун унинг дуоси ҳам қабул бўлади.

Мазлум одам зулм туфайли Аллоҳ таолога илтижоси кучайиб, дуоси мақбул бўладиган бўлиб қолади.

4598. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч тоифанинг дуолари рад қилинмас: рўзадорники, то оғзини очгунча. Одил имомники. Мазлумнинг дуосини Аллоҳ булут устига кўтаради ва унга осмон эшикларини очади. Сўнгра Робб «Иззатим ила қасамки, сенга кейинроқ бўлса ҳам нусрат берурман», дейди», дедилар». 

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Рўзадорнинг дуоси мақбуллиги. Ўша пайтда кўпроқ дуо қилиш ва рўзадорларнинг дуосини олишга ҳаракат қилиш лозим.

2. Одил имомнинг дуоси ҳам мақбуллиги.

3. Мазлумнинг дуоси мақбуллиги. Мазлум нусрат топмай қолмаслиги. Шунинг учун бировга зулм қилмаслик ва мазлумнинг яхши дуосини олишга ҳаракат қилиш керак.

4599. Саъд розияллаҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Зуннуннинг балиқ ичида туриб қилган дуоси «Лаа илааҳа иллаа анта, субҳанака, иннии кунту миназ-золимийн»дир. Қай бир мусулмон одам бирор нарса ҳақда ўша дуони қилса, албатта, Аллоҳ унга ижобат қилур», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу дуо Қуръони Каримнинг «Анбиё» сурасида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло мазкур сурада:

«Зуннунни (эсла). Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди. Бас, у Бизни ўзига (ер ‎‎юзини) тор этмас, деб гумон қилди. Зулматларда туриб «Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен ‎‎поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим», деб нидо қилди», деган (87-оят).

Зуннундан мурод Юнус алайҳисалломдир. «Нун» балиқ, «Зуннун» эса балиқ эгаси дегани. Юнус алайҳиссаломни денгизда балиқ ютиб юборган, кейин қирғоққа келиб, Аллоҳнинг амри билан чиқариб ташлаган. Шунинг учун у зот алайҳиссалом Зуннун, яъни Балиқ эгаси деган лақабни олганлар. У зотнинг қиссалари «Соффаат» сурасида келади. Аммо бу сурада сўзнинг боришига мос равишда бу қисса қисқача баён қилинмоқда.

«Зуннунни (эсла). Ўшанда у ғазабланган ҳолда чиқиб кетган эди».

У киши қавмларига Аллоҳнинг амрини етказганларида, улар қабул қилмадилар. Юнус алайҳиссалом қавмларининг қилмишларидан ғазабланиб, юртларини ташлаб чиқиб кетдилар.

«Бас, у Бизни ўзига (ер ‎‎юзини) тор этмас, деб гумон қилди».

Бу гумон қавмларининг саркашлигидан келиб чиққан эди. Юнус алайҳиссалом уларга «Сизлар Аллоҳнинг амрига бўйсунмасангиз, бошқа жой қуриб кетгани йўқ, Аллоҳнинг ери кенг, бошқа жойга бориб, даъват этсам, улар қабул қиладилар. Аллоҳ мен учун ер юзини тор этиб қўймайди», дегандай иш қилган эдилар.

Уламоларимизнинг айтишларича, аслида у зот бошқа Пайғамбарларга ўхшаб сабр қилишлари, Аллоҳнинг амрини кутишлари керак эди. Аммо бундай қилмадилар. Қавмларига зарда қилиб, юртларидан чиқиб кетдилар. Сўнгра Аллоҳ таоло у зотни балиққа юттириб, синовга учратди. Ана ўшанда

«Зулматларда туриб», яъни кеча зулмати, денгиз остидаги зулмат ва балиқ қорнидаги зулматда туриб, Аллоҳ таолога ёлвориб:

«Сендан ўзга Илоҳ йўқ, Сен ‎‎поксан! Албатта, мен золимлардан бўлдим», деб нидо қилди».

Бу гап чин ихлос билан, Аллоҳнинг улуғ сифатларини эслаб, ўзининг айбдорлигини бўйнига олиб, нажот сўраб қилинган дуо эди.

«Бас, Биз унга ижобат қилдик. Унга ғамдан нажот бердик. Мўминларга шундай нажот берурмиз» (88-оят).

Яъни «Биз Юнуснинг дуосини қабул қилдик. Уни балиқ ичидан соғ-саломат чиқариб, ғамдан қутқардик. Мўминларни доимо шу тарзда қутқариб келганмиз».

Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ким ғамга мубтало бўлса, ушбу оятдаги «Лаа илааҳа илла анта, субҳанака инни кунту миназ-золимийн» дуосини ўқиса, кушойиш бўлишини айтганлар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳар нафас олибчиқарганингда, албатта, У Зот сенга қадарини жорий қиладир.Яъни сен ҳар нафас олганинг ва нафас чиқарганингда Аллоҳ таолонинг бир тақдири сенга давоми...

3743 06:47 / 28.11.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менинг умматимдан етмиш минги жаннатга ҳисобсиз кирурлар. Улар дам солишни давоми...

3820 21:57 / 09.04.2018
.Зуҳд, сўзи аслида .оз нарса, маъносини билдиради. Зуҳд рағбатнинг тескарисидир. У бир нарсани тарк қилиш ва ундан юз ўгиришни англатади.Уламолар истилоҳида .зуҳд, давоми...

4759 12:04 / 19.03.2018
Аллоҳ таолога муҳаббат банданинг энг олижаноб хислатларидан биридир. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодатлар эса руҳни озиқлантиради ва қалбни давоми...

5486 17:08 / 01.10.2017