1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Сирлардан хабардор, лекин илоҳий раҳматлар-ла хулқланмаганлар ҳоли

14:21 / 04.03.2018 3379 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ким бандаларнинг сирларидан хабардор бўлса-ю, илоҳий раҳматлар ила хулқланмаган бўлса, унинг хабардорлиги ўзига қарши фитнага ва ҳалокатнинг у томон тортилишига сабаб бўлади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг ушбу ҳикматида ундан аввалги, бир юз эллик бешинчи ҳикматдан келиб чиқадиган саволга жавоб бермоқда. Яъни унда худди «Аллоҳ таолонинг ким бўлишидан қатъи назар, инсондан бандаларнинг сирларини ва махфий ҳолатларини беркитишидаги ҳикмат нима?» деган саволга жавоб берилгандек. 

Жавоб эса қуйидагича жаранглайди: Инсон, ким бўлишидан қатъи назар, ўзгаларга нисбатан одоб доирасида туриши, иложи борича барчадан яхши гумонда бўлиши, одамлардан содир бўладиган барча тасарруфотларни яхшиликка йўйиши керак бўлади. Ҳар бир инсон ўзига ўхшаган инсонлардан истак, хоҳиш, рағбат ва ҳавойи нафсдан содир бўладиган ҳар қандай тасарруфотларнинг сирларидан хабардор бўлганида уларни фақатгина яхшиликка йўйиши керак бўлади. Бу эса жуда ҳам қийиндир. Агар инсон илоҳий раҳматлар ила хулқланмаган бўлса, унинг мазкур нарсалардан хабардорлиги ўзига қарши фитнага ҳамда унга ҳалокатнинг тортилишига сабаб бўлади.

Ҳар бир одам боласи, у ким бўлмасин, барибир бандалигига боради. У ўз табиатига қарам бўлади. Агар ўзи ҳурматлаб ва улуғлаб юрадиган баъзи кишиларнинг махфий айбларини билиб қолса, дарҳол мазкур одам ҳақидаги фикрини ўзгартиради. Уни ҳурматлашни тарк этади ва улуғлашнинг ўрнига пастга уришга ўтади. Шу тариқа Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ айтганидек, бу иш унинг учун фитна бўлади ва унга ҳалокатнинг тортилишига сабаб бўлади. Чунки ундан шариат бўйича Аллоҳ таолонинг барча бандаларига нисбатан фақатгина яхши гумонда бўлиш ва одоб доирасида туриш ҳамда улардан содир бўладиган ҳар қандай тасарруфотларни фақатгина яхшиликка йўйиш талаб қилинган эди. Агар банда ўзидан бошқа бандаларнинг айблари ва нуқсонларидан хабардор бўлиб қолса, уларга нисбатан одоб сақлаш ўрнига улардан нафратланишга, улар ҳақида яхши гумонда бўлиш ўрнига ёмон гумонда бўлишга, ўзи улардан кўра яхши эканини даъво қилишга ўтиб қолиши мумкин. Бу эса ўз навбатида мазкур бандани ёмон оқибатларга олиб бориши турган  гап. 

Мазкур бандани ушбу фитна ва ҳалокатдан икки нарса қутқаради:

Биринчиси – бошқа бандаларнинг сирлари, нуқсон ва камчиликларидан хабардор бўлган ўша шахс илоҳий раҳматлар ила хулқланган бўлиши керак. Яъни барча одамларга раҳмат назари билан қарайдиган бўлиши лозим. Илоҳий раҳматлар билан хулқланиш эса ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. 

Тасаввур қилайлик, бизга бир танишимизнинг ёмон иши ёки тасарруфи ҳақида хабар етди. Дарҳол ўша инсон ҳақидаги ўзимиз билган барча яхшиликлар чилпарчин бўлади. Мазкур танишимиз кўз ўнгимизда ёмон одамга айланади. У билан алоқани узишга қарор қиламиз. Бу ҳалиги одам бошқалар кўз ўнгида содир этишга журъат қилган ишга нисбатан бўладиган муносабат. Энди ўша одамнинг ичидаги сирларидан, бошқаларга ошкор қилишга журъат этмай турган хаёлларидан хабардор бўладиган бўлсак нима бўлишини ҳар ким ўзи тасаввур қилиб кўрса бўлаверади. У ҳолда бандалар бу дунёда яшай олмай қоладилар. Ҳамма бир-биридан нафратланадиган ҳолат юзага келади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг улкан ҳикмати ила одамларга бир-бирларининг зоҳирига қараб муомала қилишларини жорий қилган. Ичларидаги сирларининг махфий туришини ирода этган. Шариатда ҳам барчанинг зоҳирига қараб ҳукм чиқаришни раво кўрган. 

Иккинчиси – банданинг ўзига ўхшаган бошқа бандаларнинг ичларидаги сирларидан хабардор бўлмаслиги. Агар банда бошқа бандаларнинг ичларидаги ёмонликларидан бехабар бўлса, улар билан алоқани давом эттираверади. Шу сабабли фитнага ҳам, ҳалокатга ҳам учрамайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи шундай бўлишини ирода қилган. Аллоҳ таолонинг ушбу иродасида бандаларга улкан илоҳий раҳмат бордир. Улардан баъзилари мана шу раҳмат ила фитнадан қутулиш ва ҳалокатдан сақланишга муяссар бўлсалар, қолганлари айбларининг тўсилишига сазовор бўладилар.

– Албатта, юқоридаги гаплардан кейин кишида «Одамларнинг ичи топ-тоза бўлса яхши бўлмасмиди?» деган савол пайдо бўлиши турган гап. Ана шунда ҳамма яхшилик билан яшаб, яхшилик билан ўтармиди…

Агар инсоннинг ичи топ-тоза бўлса, барча айб, нуқсон ҳамда ёмонликлардан холи бўлса, у ҳолда у маъсум бўлиб, гуноҳ содир этмайдиган шахсга айланиб қоларди. Бундай шахслар фақат фаришта ёки пайғамбар бўлиши мумкин. Агар барча одам болалари ҳеч қандай гуноҳ содир этмайдиган маъсум фаришталар каби бўлиб қолса, Аллоҳ таолонинг баъзиларни фаришта, баъзиларни одам қилишдан кўзлаган мақсади йўққа чиқади-ку!

Аллоҳ таоло инсоннинг чин инсон бўлишини хоҳлайди. Унинг фаришта бўлишини ҳам, ҳайвон бўлишини ҳам хоҳламайди. Аллоҳ инсонга ҳам ҳайвоннинг, ҳам фариштанинг хусусиятларидан берган. Жисм, емоқ-ичмоқ, жинсий шаҳватга эҳтиёж кабилар ҳайвонлик сифатларидир. Руҳонийлик, ақл, тоат-ибодатга лаёқат кабилар фаришталарнинг сифатларидир. Фаришталик сифатлари ҳайвонлик сифатларидан устун бўлиб, шариат йўлида юрган инсон фариштадан устундир. Ҳайвонлик сифатлари фаришталик сифатларидан устун бўлиб, еб-ичиш ва дунё ташвишидан бошқани билмаган инсон ҳайвондан баттардир.

Ислом инсоннинг ҳайвонлик даражасига тушишига рози эмас. Шунингдек, унинг фаришталик даражасига кўтарилишини ҳам талаб этмайди. Ислом инсондан чин инсон бўлишни талаб қилади, холос. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амрини бажармаганлардан қанчалик ғазаблансалар, Аллоҳнинг амрига зиёда қилишни хоҳлаганлардан ҳам шунчалик ғазабланар эдилар.  

Инсоннинг инсонлик даражасида туриши учун унинг сиртқи амаллари ўзига ўхшаган инсонларга кўринадиган, ички сирлари эса кўринмайдиган қилинган. Инсон ўзининг ожизлигини доимо сезиб туриши ва Аллоҳ таолодан доимо мағфират сўраб туриши лозим. Инсон заиф бўлгани учун ҳам ундан нуқсонлар ва айблар ҳамда гуноҳлар ва хатолар содир бўлиб туриши табиий. Мағфират сўраш айнан мазкур нарсалардан келиб чиқади. Бу эса ўз навбатида инсонга бандалигини эслатиб туради. Ушбу ҳақиқатларни ҳар биримиз яхшилаб англаб етишимиз лозим. Ушбу ҳақиқатларни билганимиздан кейин баъзи муршидлик даъвосини қилаётганларнинг муридлари кўнглидан ўтаётган нарсани ҳам билиб туришини даъво қилиши динимизга мутлақо тўғри келмаслигини, бундай гап-сўзлар қуруқ даъво эканини, Аллоҳ таоло ҳеч кимга бу хислатни бермаганини тушунмоғимиз керак бўлади.

Уламоларимиз фиқҳ илмида фатво берадиган кишида турли керакли илмлардан етарлича билим бўлишини шарт қилганлар. Худди шунингдек, руҳий тарбия илмида ҳам муршидлик даражасига етишиш учун диний илм ва маърифатлардан етарли даражада илмга эга бўлиш билан бирга, муршидлик одобларидан ҳам етарли даражада илмли ва маърифатли бўлиш шартдир.     

Аллоҳ таоло барчамизни бандаларнинг сирларидан хабардор бўлиб туриб, илоҳий раҳматлар ила хулқланмаганлардан бўлишдан ва бу хабардорлигимиз ўзимизга қарши фитнага ва ҳалокатнинг ўзимиз томон тортилишига сабаб бўлишидан сақласин!

  

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Биринчи бобда ғийбатнинг таърифи баён этилган бўлса, иккинчи бобда ғийбатни олти тақсимга бўлиб, ҳар бир тақсим остида яна бир нечтадан қисмлар борлиги айтиб давоми...

8588 09:55 / 25.06.2018
Тўртинчи тақсим5. Ибодат ғийбати. Ибодатларни ғийбат қилиш деганда ундаги нуқсон ва камчиликларни гапириш, масалан, фалончи намозни яхши адо қилмайди ёки таҳажжуд давоми...

3743 19:39 / 19.01.2018
Ҳикоя. Бир аёл мадраса шайхининг ёнига келиб, .Мен бир масала сўраш учун келдим, лекин уялганимдан айта олмаяпман,, деди. Шайх .Уялма, айтавер,, деди. Аёл .Мен зино давоми...

4802 13:52 / 13.03.2018
Инсон борки, ёлғизликка тоқат қила олмайди. У ўзининг мулоқот қилиш учун яралганини англагани сабабли ҳам яқинлари билан мулоқотдан хотиржамликка эришади. Араб давоми...

4775 21:23 / 18.04.2018