1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Ғийбатнинг рухсат этилган турлари (7-қисм)

20:02 / 28.02.2018 4315 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

7. Муҳофаза ва ҳимоя қилиш ниятида ғийбат қилиш. Бир кишидан бошқаларга зарар етса ва улар ўша зарарнинг етишидан бехабар бўлишса, зарар етказувчини уларга ёмонлаб, ғийбат қилиш дурустдир. Токи мусулмонлар ундан зарар кўрмасин. Бунга бир қанча мисоллар бор.

Биринчи мисол. Дейлик, бир киши фожир, яъни яширин гуноҳ қилишга мубтало. Бир олим ёки зоҳид ўша кишининг айбларидан хабари бўлмагани учун у билан мулоқот қилиб, учрашиб туради. Агар хабардор қилиб қўйилмаса, унинг ҳам айниб кетиш эҳтимоли бор. Шунга ўхшаш ҳолларда одамлар ундан эҳтиёт бўлиб, сақланиши учун фожирни ғийбат қилиш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам одамлар баъзи кишиларнинг айбидан хабардор бўлиб, суҳбатидан сақланишлари учун ўша кишиларни ёмонлаганлар, ҳатто баъзиларига лаънат ҳам айтганлар.

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Сизлар фосиқнинг унда бор нарсасини айтишдан бош тортасизларми? Уни беобрў қилинглар, токи одамлар уни танишсин. Ундаги бор нарсаларни, яъни айбларини айтинглар, токи одамлар ундан эҳтиёт бўлишсин».[1]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фосиқни ундаги бор нарса билан зикр қилинглар, шунда одамлар ундан сақланадилар», дедилар.[2]

Иккинчи мисол. Бир киши одамларга озор берса ёки одамлар орасида чақимчилик қилиб, уларни ўзаро уриштириб юрса, «Фалончи одамларга озор беради ёки чақимчилик қилади» деб унинг айбини кўрсатиш мумкин. Шунинг учун ҳам сотиб олаётган кишига зарар бўлмаслиги учун сотувчи ўзи сотаётган қул ёки чўрининг айбларини айтиб сотиши керак бўлган.

Ҳикоя. Фотима бинти Қайс эри Абу Амр ибн Ҳафс билан ажрашгач, унга Муовия ибн Абу Суфён ва Абу Жаҳм совчи жўнатишди. Фотима Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан маслаҳат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Абу Жаҳм асосини елкасидан қўймайди, яъни аёлини кўп уради, Муовиянинг эса мол-мулки йўқ, камбағал. Сен Усома ибн Зайдга никоҳлангин», дедилар.[3]

Ҳикоя. Бир киши қулини бировга сотаётиб, харидорга: «Бу қулнинг чақимчиликдан бошқа айби йўқ», деди. Харидор: «Ҳечқиси йўқ», деб сотиб олди. Харидор қулни сотиб олгач, қул хўжайинининг аёлига бориб: «Эринг сени яхши кўрмайди, бошқа хотин олмоқчи. Унинг давоси шуки, эринг ухлаб ётганида устара билан унинг томоғидаги соқолидан олгин. Агар шундай қилсанг сенга муҳаббати ортади», деди. Хўжайиннинг олдига бориб эса: «Аёлинг сени сўйиб ўлдирмоқчи», деди. Бир куни хўжайин ухламасдан кўзини юмиб ётган эди, ғулом айтгандек, аёли қўлида устара билан келди. Эр кўзини очиб, аёли ҳақиқатдан ҳам уни сўйгани келди деб ўйлаб, ўша заҳоти аёлини ўлдирди. Бу хабар аёлнинг қариндошларига етгач, улар келиб, бу одамни ўлдиришди. Бир қулнинг чақимчилиги шундай катта бузғунчиликка сабаб бўлди.[4]

Учинчи мисол. Даъвогар қози ҳузурида ўз даъвосини исботлаш учун гувоҳлар келтирса, бироқ устидан даъво қилинган киши мазкур гувоҳларнинг айбидан, яъни ёлғончилигидан хабардор бўлса, унинг қози ҳузурида мазкур гувоҳларнинг ёлғончилигини ошкор қилиши шаръан жоиз бўлган ғийбат ҳисобланади. Зеро, кундалик ҳаётида ёлғон гапириб юрган одамнинг қози ҳузурида ҳам ёлғон ишлатиб, бировнинг ҳаққини поймол қилмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.

Эслатма. Бир киши яширинча гуноҳ қилишга, турли фисқу фужурга мубтало бўлса, бироқ унинг гуноҳидан ҳеч кимга зарар етмаса, уни ғийбат қилиш, айбларини гапириб, одамларни ундан хабардор қилиш мумкин эмас. Зеро, кимки одамларнинг гуноҳларини ошкор этса, Аллоҳ таоло ҳам унинг айбларидан одамларни хабардор қилади. Шунинг учун одамларнинг айбини очишга, доимий тарзда уларни ғийбат қилишга одатланган киши билан дўст тутинмаслик керак (зеро, бу одам ўзининг айблари ҳам очилиб, шарманда бўлишга тайёрланаётган кишидир). Ундан иложи борича узоқроқ юриш лозим.

Насиҳат. Бир улуғ киши: «Айбингни яширадиган, сирларингни ошкор қилмайдиган одам билангина дўст тутингин. Борди-ю, бундай одам тополмасанг, ўзингдан бошқа билан дўст бўлма!» дейди.[5]

Насиҳат. Зайд ибн Аслам айтади: «Гуноҳни ошкора (ҳаммага кўрсатиб) қилмаган кишини ёмонлаш ғийбат бўлади».[6]

ҲадисРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким мусулмон биродарининг айбини яширса, Аллоҳ таоло ҳам қиёмат куни унинг айбини яширади. Ким мусулмон биродарининг айбини (яширин гуноҳларини) фош қилса, Аллоҳ таоло ҳам унинг айбини фош қилади. Ҳатто уни ўша айб билан (ташқарига чиқмай) уйининг ичида бўлса ҳам шарманда қилади».[7]

Ҳадис. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қайси банда дунёда бошқа банданинг айбини яширса, Аллоҳ таоло қиёмат куни унинг айбини яширади».[8]


«?Ғийбат ўзи нима»

 Муҳаммад Абдулҳай Лакҳнавий

Таржимон: Ёрқинжон Фозилов


[1] «Иҳёу улумид-дин».

[2] «Жавоҳирут-тафсир» ва «Нузҳатул мажолис»да «Муҳаззаб»дан нақл қилинган.

[3] Бу ҳикоя «Жавоҳирут-тафсир»да зикр қилинган.

[4] «Иҳёу улумид-дин».

[5] «Иҳёу улумид-дин»

[6] Суютий, «Ад-Дуррул мансур».

[7] «Сунани Ибн Можа», 2546-ҳадис.

[8] «Саҳиҳи Муслим», 2590-ҳадис.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Зот бандаларнинг иноят сири юзага чиқишига интиқликларини билди ва .Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади,, деди. Агар уларни ўша ила тарк қилса, азалга давоми...

3327 20:41 / 10.06.2018
Зоҳид қалбдан чиққан амал оз бўлмас. Роғиб қалбдан чиққан амал кўп бўлмас.Қалб инсондаги бош аъзодир. Агар у соғлом бўлса, бошқа аъзолар ҳам соғлом бўлади. Агар у давоми...

3672 00:49 / 13.11.2017
3. Уялтириш мақсадида ғийбат қилиш. Айтайлик, бир киши қандайдир гуноҳ иш қилишга одатланиб қолган. Аммо унинг шундай ҳурматли кишиси борки, бу гуноҳни қилиб давоми...

3669 16:59 / 17.02.2018
8. Беҳаёни ғийбат қилиш. Беҳаё, яъни ҳар қандай гуноҳни уялмасдан қилаверадиган, қаттиқ гапириб танбеҳ берган кишининг сўзидан ҳам таъсирланмайдиган шарму ҳаёсиз, давоми...

4958 11:37 / 02.03.2018