1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Хомхаёл етовига юрмаслик

19:33 / 22.04.2018 3770 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Алдамчи хомхаёлга ўхшаш сени етаклайдиган нарса йўқ.

Биз «алдамчи хомхаёл» деб таржима қилган ибора араб тилида «ваҳм» дейилади. Бу сўз луғатда бошқа бир қанча маъноларда, жумладан, адашиш, тушириб қўйиш, хато қилиш, туҳмат қилиш каби маъноларда ишлатилади. 

Уламолар «ваҳм»нинг таърифида ҳам бир-бирини тўлдирувчи бир нечта таърифларни айтганлар.

Ибн Манзур: «Ваҳм – қалб хотиралари».

Роғиб: «Ваҳм – қалбнинг ўзига келган нарсани қабул қилишга бўйсуниши».

Журжоний ва Муновий: «Ваҳм инсондаги жисмоний қувват бўлиб, ҳис қилинадиган нарсалардаги жузъий маъноларни идрок қилади».

Кафавий: «Ваҳм – қалб хотираларидан бўлиб, ҳақида иккиланиб турилган нарсанинг кучсиз тарафини идрок қилишдир».

– Ваҳмнинг зарарларидан:

1. Жидду жаҳдни беҳуда кетказиш.

2. Шайтоннинг васвасасига итоат қилиш.

3. Нафснинг беморлигига олиб бориш.

4. Ақийдада иккиланиш.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи аввалги ҳикматда тамагирлик ҳақида сўз юритганидан кейин унда бошланган фикрни давом эттириб, бу ҳикматда кўпгина нохушликларга, жумладан, тамагирликка бошловчи нарса – алдамчи хомхаёл ҳақида сўз юритмоқда ва унинг одамни нотўғри йўлга етаклайдиган нарсаларнинг ёмони эканини айтмоқда. 

Алдамчи хомхаёл шакдан кўра кучсизроқ нарсадир. Хомхаёлга «Одамлар фойда ёки зарар етказиши мумкин» ёхуд «Улар бирор нарсани бериши ёки ман қилиши мумкин», деган асоссиз фикр келиши мумкин. Бу хомхаёл эса ўз навбатида бандани ўзига ўхшаган ожиз бандалардан тамагирлик қилишга, уларнинг олдида ўзини хорлашга, уларга суяниш ва улардан инъом кутишга олиб боради. 

Банданинг хомхаёлга берилиб, Аллоҳ таолодан бошқага юзланиши уни кўплаб яхшиликлардан мосуво бўлишига олиб боради. Бундай ҳолатлар ҳаётда ҳар қадамда учрайди. Иши юришмаган, омади чопмаган, турли муваффақиятсизликларга дуч келган ва ҳасрат-надоматда қолган бандаларнинг гапига қулоқ соладиган бўлсангиз, ушбу ҳикматнинг қанчалар тўғри эканига ишонч ҳосил қиласиз.

Алдамчи хомхаёлга берилиш инсонни шариат буюрган ишлардан узоқлашишга етаклайди. Бу билан бу дунё ва охират бахтсизлигига етаклайди.

Намоз ўқиш кераклиги ҳақидаги чақириқ билан танишган дангаса хомхаёлга берилади: «Беш маҳал намоз ўқисам, бомдодга туришим, уйқудан қолишим керак, кейин кун бўйи уйқусираб юраман, кейин нима бўлишини ким билади? Яхшиси, ҳозирча ўқимай туравераман, бир йўла нафақага чиққанимда ўқирман. Фалончи ва пистончилар ҳам намоз ўқишни нафақага чиққанидан кейин бошлади-ку», дейди.

Бошқа бир танбал худди шу мавзуда бошқачароқ хомхаёлни тўқийди. Учинчиси эса аввалги иккисидан ҳам бошқачароқ алдамчи хаёлни баҳона қилиб, Аллоҳ таоло унга фарз қилган намоз ибодатини адо қилмасликка ўзича йўл топади. Бу нобакорликнинг асосий сабаби алдамчи хомхаёл эканини билмайди.

Рўза тутиш фарз эканини, у ҳам рўза тутиши лозимлигини билган бошқа бир шахс ҳам ўзини ушбу аҳамиятли фарз ибодатдан олиб қочиш учун хомхаёл асосида турли баҳоналарни тўқийди. Ўзига ўзи: «Рўза тутсам, қорним очиб, касал бўлиб қолмасмиканман. Фалон куни ярим кун овқатланмай юрганимда нима бўлгани ҳали эсимдан чиққани йўқ. Ярим кун оч қолганимга шунчалик бўлсам, бир ой ҳар куни оч қолиб юрсам, нима бўлар экан. Бунинг устига, иш ҳам бор. Ишлаб пул топмасам, ҳолим нима бўлади», дейди. Алдамчи хомхаёллар унинг хаёлига қатор-қатор баҳоналарни келтиради. Сўнгра қилмишини хаспўшлаш учун етиб, яна ортиб ҳам қоладиган хомхаёл самаралари тўлиб-тошиб кетади. Оқибатда алдамчи хаёлни баҳона қилиб, Аллоҳ таоло унга фарз қилган рўза ибодатини адо қилмасликка ўзича йўл топади. Бу нобакорликнинг асосий сабаби хом ва алдамчи хаёл эканини билмайди.

Учинчи бир шахс Аллоҳ таоло унга мол-мулки нисобга етганидан кейин бир йил ўтиши билан закот фарз бўлишидан, мулкидан маълум миқдорини камбағал ва бева-бечораларга чиқариб бериши фарзлигидан хабар топади. Ўзига ўзи «Агар закот берадиган бўлсам, қанча беришим керак бўларкин?» деган саволни беради. Тишини тишига қўйиб чидаб, ҳисоб-китобини қилади. Не кўз билан кўрсинки, закот деган нарсани бераман деса, анчагина молидан айрилиб қолишига тўғри келар экан. Хаёлига «Агар ўша закотга беришим керак бўлган молни бирор йил «айлантирадиган» бўлсам, фалон сўм бўлиши турган гап. Солиқ ҳам закотнинг ўрнига ўтса керак. Солиқ берганим етарли бўлса керак...» деган фикрлар кела бошлайди. 

Шундай қилиб, алдамчи хомхаёли ила закот бермасликка ҳам баҳона топилди...

Гапнинг қисқаси, хом ва алдамчи хаёл ҳар бир нарсага баҳона топишга восита бўлаверади. Унинг гапига кирган одамни шариатдан, яхшиликдан ва жаннатдан узоққа қараб етаклаб кетаверади. Бундай ёмон етаклашда хом ва алдамчи хаёлга етадиган нарса топилмайди.

Ҳолбуки, бу борадаги Қуръони Карим ҳақиқати қуйидагича:

Аллоҳ таоло Талоқ сурасида марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳга тақво қилса, унинг йўлини очиб қўядир. Ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ берур» (2-3-оятлар).

Яъни ким Аллоҳ таолонинг буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди. Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳнинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб, хаёлига келтирмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечадилар. Бу эса аксинча натижага олиб келади.

Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни хомхаёлнинг домига тушишдан, унинг етовига юришдан Ўзи асрасин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У Зотга юзланган кимсанинг юзланиши Унинг иззатини зиёда қилмас. У Зотдан юз ўгирган кимсанинг юз ўгириши Унинг иззатига нуқсон етказмас.Ибн Атоуллоҳ Сакандарий давоми...

3662 17:59 / 17.07.2017
У Зот сенга бор қилинганлардаги нарсаларга назар солишингни мубоҳ қилди, лекин сенга бор қилинганларнинг зотлари устида тўхталишга изн бермади. .Осмонлардагиhellip давоми...

3122 18:02 / 15.04.2018
Кирим инсоннинг ихтиёридаги нарса эмас. Аллоҳ ҳамманинг ризқини белгилаб қўйган. Чиқим эса банданинг ихтиёридаги нарсадир. Бир ҳунарманд шаҳар айланиб юрганида давоми...

5670 13:45 / 19.01.2018
У Зот бандаларнинг иноят сири юзага чиқишига интиқликларини билди ва .Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади,, деди. Агар уларни ўша ила тарк қилса, азалга давоми...

3327 20:41 / 10.06.2018