1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Оила

Бахтли ҳаёт ахлоқи

18:00 / 19.09.2021 4387 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом таълимотларининг жисмоний амаллар ила зоҳир бўладиган қисми «шариат» деб аталиб, унинг тафсилотларини фиқҳ илми Қуръони Карим ва Суннат асосида баён қилиб беришини ўрганиб ўтдик.

Уламоларимиз шариат илмларини «зоҳирий фиқҳ» деб атайдилар ёки шунчаки «фиқҳ илми» дейиш билан кифояланадилар. Бинобарин, зоҳирий фиқҳ шаръий амалларнинг ташқи томонига аҳамият беради.

Мисол учун, таҳорат, ғусл, намоз, рўза, закот ва ҳаж каби ибодатларнинг зоҳирий масалаларини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида зоҳирий фиқҳ илми – шариат баён қилиб беради.

Худди ўша ибодатларни адо этиш жараёнида қалбни қандай тутиш керак, хушуъ ва хузуъни қандай адо этиш лозимлигини оят ва ҳадислар ҳамда ижмоъ ва қиёс асосида ботиний фиқҳ илми, яъни тариқат баён қилиб беради.

Яна ҳам тушунарли бўлиши учун баъзи мисолларни келтирайлик. Таҳоратнинг фарзи, суннати ва мустаҳабларини, бу ибодатни адо этиш чоғида турли аъзоларни қандай тутиш, ювилиши лозим бўлган аъзоларни қанча ва қандай ювиш кераклигини зоҳирий фиқҳ илми – шариат баён қилиб беради.

Таҳоратдан таълим бераётган фақиҳ олим «Қўл уч марта яхшилаб ювилади, панжаларни бир-бирининг орасига киритиб, таҳлил қилиш лозим, юзни ювганда ундай қилиш керак, оёқни ювганда бундай қилиш керак», деб ташқи ҳукмларни баён қилиб беради.

Таҳоратдан таълим бераётган тасаввуф олими эса бу ибодатни қилишни бошлаганда ва уни адо этиш жараёнида қалбни қандай тутиш кераклигини ўргатади. Ҳар бир аъзони ювганда қалбдан нималар ўтиши кераклигини атрофлича баён қилади.

Неча вақт намоз фарз, вожиб ёки суннат? Бомдоднинг неча ракъати фарзу, неча ракъати суннат? Намозда турганда, рукуъ ёки сажда қилганда гавдани қандай тутмоқ лозим? Қаъдада ўтирганда гавда, қўл ва оёқлар қай шаклда бўлиши керак? Шу каби кўплаб масалаларни зоҳирий фиқҳ илми баён қилиб беради.

Намоздаги руҳий ҳолатни, қалбни тутишни, хушуъ ва хузуъни – ҳамма-ҳаммасини ботиний фиқҳ илми баён қилади.

Ислом уммати ўрта, адолатли ва афзал умматдир. Баъзи умматларга ўхшаб, руҳий тарафга оғиб кетмайди. Ёки яна бошқаларга ўхшаб, фақат моддий нарсаларгагина эътибор бериш билан кифояланмайди, балки инсон табиатига қараб, ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда бўлади.

Мусулмон уламолар руҳий ва моддий ҳаётни худди нарвоннинг икки поясига ўхшатишади. Икки тараф баробар бўлишига эътибор бериш лозимлиги уқтирилади. Инсоннинг бадани соғ, чиниққан, ҳар қандай машаққатларга дош бера оладиган бўлмоғи лозимлиги билан бирга, эътиқоди кучли, мустаҳкам ва ахлоқи олий даражада бўлиши буюрилади.

Бахтли ҳаётнинг мукаммал илоҳий дастури бўлмиш динимизни қисқача таъриф қилувчи «Жаброил ҳадиси»даги руҳий тарбияга оид бўлган қисм «Эҳсон» деб номланган. Кейинчалик бу қисм яна бир неча номлар билан ҳам аталган. Жумладан, «ахлоқ илми», «руҳий тарбия», «нафсни поклаш илми» ва бошқалар. Кўпроқ бу қисмни «тасаввуф» ёки «тариқат» дейиш одат бўлган.

Энди, Аллоҳ таолонинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда Исломнинг руҳий-маънавий ва ахлоқ-одобга оид таълимотларини Қуръони Карим ва Суннат асосида руҳий тарбия илми – тасаввуф баён қилиб беришини ўрганишга киришамиз.

Руҳий-маънавий қисм, юқорида айтилганидек, «тазкиятун-нафс» – «нафсни поклаш» деб ҳам аталади. Чунки унда мўминларнинг нафсларини, яъни шахсиятларини поклаш, уларга фазилатларни касб қилдириш ва уларни разолатлардан холи қилиш борасида ҳаракат кетади.

Ислом динида ахлоқий тарбия диний тарбиянинг ажралмас қисми, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Зеро, дин «яхши» деб ҳисоблаган ва даъват этган нарсалар эзгулик, «ёмон» деб ҳисоблаган ва ман этган нарсалар ёвузликдир. Шунингдек, дин буюрган, ҳаётда ва муомалада касб этишга тарғиб этган ахлоқ ва фазилатлар Ислом жамиятида олиймақом қадрият ҳисобланади.

Ахлоқий дунё ўз табиатига кўра динийдир. Ахлоқи ва муомаласи гўзал бўлмаган мусулмоннинг дини ҳам мукаммал ҳисобланмайди.

«Ахлоқ» сўзи хулқ сўзининг кўплиги бўлиб, инсонда шаклланадиган хулқ-атворни билдиради. Тасаввуф илмида ўша хулқларнинг яхши ва ёмони баён қилинади. Уларнинг яхшисига амал қилиб, ёмонидан четланиш йўллари баён қилинади. Сўнгра ҳусни хулқ ҳақида алоҳида тўхталиб, унга оид кўплаб маълумот ва тажрибалар ўрганилади.

Бизнинг боболаримиз ахлоқнинг ҳақиқатини тўлиқ маънода Исломдан ўрганганлар. Улар Аллоҳ таолонинг охирги ва мукаммал дини, макоримул ахлоқлар дини бўлган Ислом орқали ҳусни хулқни ўзларига касб қилганлар. Улар ўзлари бу улуғ неъматлардан баҳраманд бўлишлари билан бир қаторда, ўзгаларга ҳам яхшиликлар етишини истаганлар.

Шунинг учун боболаримиздан баъзилари ахлоқ бобида ўлмас асарлар битганлар. Уларнинг бу асарлари жаҳон адабиётининг дурдоналарига айланган.

Қадимдан ахлоқ илми уламолари «Одамдаги ахлоқлар унинг яратилишида қўшиб яратилган бўладими ёки киши ахлоқни кейин ўрганадими?» деган саволга жавоб беришда ихтилоф қилганлар.

Улардан баъзилари «Яхши ва ёмон ахлоқ инсон яратилган чоғида қўшиб яратилади, ахлоқни кейин касб қилиб бўлмайди», – деганлар.

Бошқа бир гуруҳ уламолар «Инсон туғилганда ҳеч қандай фазилат ёки разилатсиз туғилади, унда қандай хислат бўлса, туғилганидан кейин пайдо бўлади», – деганлар.

Исломий ахлоқ илми уламолари эса: «Ота-онасида мавжуд бўлган баъзи ахлоқлар хамиртуруши инсонга асл яратилишидаёқ ўтади. Аллоҳ бандани халқ қилиш чоғида ахлоқ қобилиятини ҳам қўшиб яратади. Аммо инсон униб-ўсиши жараёнида тарбия, муҳит
ва одатланиш оқибатида, у ёки бу ахлоқни ўзида ривожлантиради ёки йўқотиб юборади», – дейдилар.

Шунинг учун ҳам Исломда хулқни сайқаллашга алоҳида эътибор берилади. Бу иш ҳар бир мусулмон учун лозим ва лобуд ишлардан бири даражасига кўтарилади.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мукаммал саодат йўли китобидан)



Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Роббинг фақат Унинг Ўзигагина ибодат қилишингни ва отаонага яхшилик қилишни амр этди. Агар ҳузурингда уларнинг бирлари ёки икковлари ҳам кексаликка етсалар, бас, давоми...

3934 09:00 / 21.09.2021
Рисоладаги хотинБисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймОна тилимизда ҳали чуқур луғавийилмий ишлар олиб борилмаганлигиданми, баъзи истилоҳларда ўйланиб қоладиган давоми...

10144 04:25 / 15.03.2017
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймИмом Нававий айтади.Ушбу уйдаги хизматларнинг барчаси инсонлар уни қўллашга ўрганиб, одатланиб қолган мурувватлар ва яхшиликлардан давоми...

4904 21:18 / 13.02.2018
110. 79. Саъид ибн Амр ибн Осдан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Акаукаларнинг каттасининг кичигидаги ҳаққи отанинг боласидаги ҳаққичадир,, давоми...

9696 22:51 / 06.07.2017
Аудиолар

135368 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55616 14:35 / 11.08.2021