Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
“Сендан илгари ҳеч бир расул ва набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлса. Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказади. Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилади. Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир”.
Ушбу ояти каримага алоҳида эътибор қилишимиз лозим. Шунинг учун унинг ҳақида батафсилроқ сўз юритиш керак бўлади. Аввало, ояти каримада «расул ва набий» сўзларининг бир жойда келганига эътибор бериш лозим. Бу икки атаманинг ҳар бирида ўзига хос маънолар бор. Биз «расул»ни ҳам, «набий»ни ҳам «пайғамбар», деб ўрганиб қолганмиз. Аслида эса бу икки номда фарқ бор. Шариат урфига кўра, «расул» ўзига ваҳий келган ва ўша ваҳийни ўзгаларга етказишга масъул бўлган зотдир. «Набий» эса ўзига ваҳий келган-у, уни бошқаларга етказишга масъул бўлмаган кишидир. Шунга биноан, ҳар бир расул набий саналади, аммо ҳеч бир набий расул эмас. Бану Исроилда кўпгина набийлар бўлган, уларнинг барчасига ваҳий келган, аммо ҳаммалари Мусо алайҳиссаломнинг шариатларига даъват қилишган.
Энг аҳамиятлиси шуки, оятнинг маъносини турли томонга буриш имкони бор. Бундан Ислом душманлари фитна чиқарганлар, кўпгина тафсирчи уламолар бундан таъсирланганлар ҳам. Яна бошқалари эса бу таъсирдан қочмоқчи бўлиб, бошқа томонга бурилганлар.
Ояти каримадаги биринчи жумла шундай маънода: «Сендан илгари ҳеч бир расул ва набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлса». Бу жумлани «Ҳар бир пайғамбар шайтон васвасасига учраган» деган маънода тушунганлар бўлган. Уларнинг бундай фикрга келишларига эса шу ва ундан кейинги икки оятнинг нозил бўлиши ҳақида келтирилган асоссиз ва нотўғри ривоятлар сабаб бўлган. Ўша ривоятларда айтилишича, Нажм сураси нозил бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у сурани тиловат қилиб бориб: «Афароайтумул Лота ва Уззаа ва Манатас салисалал Ухро»ни ўқиганларидан сўнг, шайтон тилларига «Тилкал ғаронийқул улаа ва инна шафоатуҳунна латуртажа»ни солган эмиш. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам буни ҳам қўшиб тиловат қилиб юборган эмишлар. Бундан эса Қурайш мушриклари ғоятда шод бўлибдилар. Чунки умумий маъно «Лот ва Уззони ва бошқа учинчи Манотни (яъни Қурайш бутларини) кўрмадингизми? Улар олий қушлардир. Уларнинг шафоатлари ражо қилинур» бўлади. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қурайшликларнинг Лот, Уззо ва Манот номли бутларини Аллоҳнинг олдида шафоат берувчи кичик худолар деб тан олганларини билдиради-ку. Эмишки, ана шунда фаришта Жаброил алайҳиссалом келиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Мен сенга Аллоҳдан олиб келмаган нарсани тиловат қилдинг», дебди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда маҳзун бўлибдилар. У кишига тасалли бериш учун Аллоҳ таоло юқоридаги оятларни нозил қилибди. Яъни, «Бўлиб ўтган нарсага қаттиқ хафа бўлма, сендан олдин ўтган ҳар бир расул ва набий ҳаётида ҳам бу иш бўлиб ўтган», деган эмиш.
Бу ҳол пайғамбарлар шаънига, хусусан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолдир. Аввало, бу ривоятлар Ислом душманлари томонидан тўқилиб, ёмон ғараз билан киритилгани очиқ-ойдин кўриниб турибди. Эътимодли уламолар мазкур ривоятларнинг ҳеч бири Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишли бўлиши асло мумкин эмаслигини исбот қилганлар. Жумладан, Ҳофиз ибн Касир бу ривоятларнинг ҳаммасини инкор этганлар. Бошқа олимларимиз ҳам бунга қўшиладилар. Заиф, асоссиз ривоятни Қуръони Карим ояти тафсирига, хусусан, ақидага тегишли масалага далил қилиб олиш ҳеч ҳам тўғри келмайдиган иш экани ҳаммага маълум.
Энди мазкур ривоятларнинг маъносига келсак, улар Ислом ақидасига, Қуръон ва Суннат таълимотларига мутлақо зиддир. Ислом ақидаси бўйича, барча пайғамбарлар маъсумдирлар, яъни хато, гуноҳ қилишдан уларни Аллоҳнинг Ўзи сақлагандир. Акс ҳолда, пайғамбар бўлишлари мумкин эмас. Қуръони Карим ҳамма пайғамбарларнинг бундай хатолардан поклигини баён қилиб келган. Хусусан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақларида ҳам бу маъно мустаҳкам равишда собитдир. У зот ҳаводан олиб гапирмасликлари, фақат Аллоҳдан келган ваҳийнигина нутқ қилишлари таъкидланган. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам худди шу маъно собитдир.
Юқоридаги заиф ривоят эса «Барча расул ва набийлар, шу жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам шайтон васвасасига учраб, Аллоҳдан келган ваҳийга шайтон солган шубҳани аралаштиришган» деган маънони келтириб чиқармоқда. Бу мутлақо нотўғри тушунча. Пайғамбарларга шайтон васвасасига учраб, Аллоҳ берган омонат бўлмиш ваҳийга шубҳа аралаштирганлик нисбатини бериш у зотларга нисбатан катта туҳматдир.
Луғат жиҳатидан қарайдиган бўлсак ҳам, «таманний» сўзи ҳеч бир ҳолда «тиловат» ёки «қироат» маъносида ишлатилмайди. Араб тилининг кўп асрлик тарихида бу иш кўрилган эмас. «Таманний» сўзи араб тилида «юксак орзу» (ажнабий тилдаги «идеал») маъносини англатади. Шунинг учун ҳам ояти карима маъносини таржима қилишда бу сўзни ўз ҳолида қолдиришни лозим кўрдик.
Маълумки, пайғамбарлар алайҳимуссалом Аллоҳ таолодан ваҳий орқали амрларни қабул қилиб олишга, уларни кишилар ҳаётига татбиқ қилишга масъул зотлардир. Бу зотлар кишиларнинг илоҳий даъватни кўпроқ қабул қилишларига, дунёда кофир кимса қолмаслигига, илоҳий амрлар тўлалигича татбиқ бўлишига қаттиқ уринган шахслардир. Улар бу маънода энг олий орзу эгалари бўлишганига шубҳа йўқ. Аллоҳнинг ҳикмати эса бошқа ҳолни – мўминлар билан бирга кофирларнинг ҳам бўлишини, даъват йўлида турли қийинчиликлар дуч келишини тақозо қилиши мумкин. Ҳар доим пайғамбарлар инсонлик сифатлари билан олий орзуга берилиб, воқеъликдан ранжиганларида, Аллоҳ уларга Ўз ҳикматини эслатиб турган. Кўпчилик уламоларимиз ушбу оятдан худди шу маъноларни тушунмоқ кераклигини таъкидлашган.
Зотан, Ҳаж сурасида шу оятга қадар кофир ва мушрикларнинг кирдикорлари, иймондан қочишлари ҳақида сўз юритилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Мен очиқ-ойдин огоҳлантирувчиман, холос», дейиш таъкидлаб келинмоқда эди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса олий орзу оғушида бўлиб, ҳамманинг, иложи борича кўпроқ одамнинг иймонга келишини истар эдилар. Бу ҳолатлари бошқа сураларда ҳам баён қилинган, баъзи вақтларда бу хусусда Аллоҳ томонидан танбеҳ, ҳатто итоблар ҳам келган эди.
Ушбу ояти каримада эса бу олий орзу бошқа расул ва набийларда ҳам бўлгани, бу кўпроқ шайтон томонидан нотўғри фикр ёки ҳолатларга олиб бориши мумкинлиги, аммо Аллоҳнинг доимо Ўз пайғамбарларини бундан сақлаб келгани айтилмоқда. Ушбу ҳолат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларида бир неча марта кўрилган. Энг машҳури Абдуллоҳ ибн Умму Мактум қиссасидир.
Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Валид ибн Муғийра бошлиқ Қурайш киборларини динга даъват қилиб турганларида, икки кўзи ожиз саҳобий Абдуллоҳ ибн Умму Мактум келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга Аллоҳ сизга ўргатган нарсалардан ўргатинг», деб баланд овоз ила мурожаат қилиб қолди. Қурайш бошлиқлари, бой-зодагонларининг иймонга келишини қаттиқ орзу қилган Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умму Мактумнинг гапига эътибор бермай, ишларида давом этдилар. Абдуллоҳ ибн Умму Мактум эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима билан машғул эканларини кўрмаганидан яна бир неча бор аввалги гапларини такрорлади. Унинг бу иши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқмади, у зот юзларини буриштирдилар. Ана шунда Аллоҳ таоло Абаса сурасининг аввалги оятларини нозил қилиб, Пайғамбарини итоб қилди. Шу воқеадан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умму Мактумни кўришлари билан: «Роббим унинг учун мени итоб қилган киши хуш келибди!» деб, хурсандчилик билан кутиб олар ва «Нима хизматинг бор?» деб сўрар эдилар.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватни энг тўғри ва кучли йўлда олиб бориш билан бирга, олий орзу оғушида душман қабиланинг зодагонларига кўпроқ эътибор беришлари мана шу ҳолатни пайдо қилди. Худди шу нарса шайтоннинг даъват ишига шубҳа солишга уриниши бўлиб қолиши мумкин, деб баҳоланмоқда. Аллоҳ таолонинг Ўзи бу ишга аралашиб, муҳкам оятларини нозил қилиб, энг тўғри ҳукмни янада маҳкамламоқда. Шайтон киришга ҳаракат қилиши мумкин бўлган дарчани яна ҳам қаттиқроқ беркитмоқда.
Ана энди Аллоҳ таолонинг «Сендан илгари ҳеч бир расул ва набий юбормадикки, у бир нарсани таманний қилганида, шайтон унинг таманнийсига (шубҳа) ташламаган бўлса» деган гапини ўз маъносида англашимиз мумкин. Яъни «Эй Муҳаммад, бошқа ҳамма расул ва набийлар ҳам сенга ўхшаб, таманний – олий орзу ҳолатида бўлганлар. Шайтон эса уларнинг бу ҳолатидан ўз мақсадида фойдаланиш учун бу олий орзуларга шубҳа солишга уриниб кўрган.
«Бас, Аллоҳ шайтон ташлайдиган нарсани кетказади. Аллоҳ шайтон ташламоқчи бўлган шубҳани кетказиб, ундан ҳеч асар ҳам қолдирмайди. «Сўнгра Аллоҳ Ўз оятларини мустаҳкам қилади». Ҳеч қандай эҳтимол, ҳеч қандай тушунча ёки уринишга йўл қўймайдиган қилиб, маҳкамлаб қўяди. «Аллоҳ билувчидир, ҳикматлидир». Аллоҳ билувчи ва ҳикматли Зотдир. Шунинг учун ҳам ҳар бир нарсани билиб, ҳикмат билан қилади. Олий орзулар оғушида қаттиқ уриниб, натижа чиқмаса, хафа бўлиш керак эмас.
“Тафсири Ҳилол”дан