1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Хатми Қуръоннинг фойдалари ва ундан кўзланган мақсадлар

15:43 / 16.04.2023 11770 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда қайси амал буюрилган, тарғиб қилинган бўлса, унинг инсон учун қатор манфаатлари бор бўлиб, у аниқ мақсад сари қаратилган бўлади. Жумладан, Қуръонни хатм қилишда ҳам жуда кўп фойда ва мақсадлар бор. Биз улардан асосийларини эслаб ўтамиз.

– Хатми Қуръон қилиб туриш энг афзал амаллардандир.

Зурора ибн Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси амал афзал?» дея сўрашди. У зот: «Тушиши билан яна жўнайдиган», дедилар. «Тушиши билан яна жўнайдиган нима дегани?» дейишди. «У Қуръон соҳиби бўлиб, Қуръоннинг аввалидан охиригача, охиридан аввалига қараб ўқийди, тушиши билан яна бошдан жўнаб кетади», дедилар».

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

Яъни Қуръонни бир четдан ўқиб келиб, якунлаб, яна бошидан хатм бошлаш энг афзал амаллардан экан.

– Хатми Қуръон қилган кишига фаришталар салавот айтадилар.

Абдадан ривоят қилинади:

«Агар киши Қуръонни кундузи хатм қилса, фаришталар кечгача унинг ҳаққига салавот айтадилар. Агар у ундан (Қуръондан) тунда фориғ бўлса, фаришталар тонг отгунча унинг ҳаққига салавот айтадилар».

Доримий ривоят қилган.

Абда ибн Абу Лубоба раҳматуллоҳи алайҳ куфалик буюк тобеъинлардан ҳисобланади.

«Салавот» луғатда дуо, эзгу тилак, ибодат деган маъноларни англатади. Салавот Аллоҳдан бўлса, раҳмату илтифот, ёрлақаш, фаришталардан бўлса, истиғфор, тилак, банда тарафидан бўлса, хайрли дуо ва яхшилик сўраш маъноларини билдиради.

– Қуръон хатм қилинганда Аллоҳнинг раҳмати нозил бўлади.

Мужоҳиддан ривоят қилинади:

«Хатми Қуръон чоғида раҳмат нозил бўлади».

Ибн Абу Шайба ривоят қилган. 

Мужоҳид ибн Жабр раҳматуллоҳи алайҳ – буюк тобеъин имомлардан, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг шогирди.

– Қуръонга боғлиқлик. Мўмин киши ҳамиша Қуръонга ошно бўлиши лозим.

– Қуръонни унутишнинг олдини олиш. Ҳар бир мўмин банда Қуръондан имкон қадар кўпроқ ёд олиши ва ёд олган оятларини эсда сақлаши лозим. Айниқса, Қуръон ҳофизлари ҳамиша Қуръонни такрорлаб туришлари лозиму лобуддир.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонга ҳушёр бўлинг. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, у қочқоқликда тушовдаги туядан ҳам тездир», дедилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Менга умматимнинг ажрлари намойиш этилди, ҳатто кишининг масжиддан олиб чиқиб ташлаган гарди(нинг ажри) ҳам. Яна менга умматимнинг гуноҳлари ҳам намойиш этилди. Кишига Қуръондан бир сура ёки оят берилиб, кейин уни унутишдан кўра улканроқ гуноҳни кўрмадим».

Термизий ривоят қилган.

Қуръонни унутишнинг олдини олишнинг энг самарали йўли Қуръонни хатм қилиб туришдир.

– Қуръон тиловатидан баҳрамандлик. У билан дилни тозалаш ва тилни безаш.

– Қуръон маъноларидан бохабарлик, уларни тадаббур қилиш, мазмунини чақиш ва қалбга сингдириш. Қуръонни тушуниб ўқиган киши ҳар гал ўқиганда янги‑янги маънолар кашф этади, олдин тушуниб етмаган ҳақиқатларни англаб боради.

– Қуръонга тилни бурро этиш. Қуръон ўқиб юрган одам билан уни доимий ўқиб юрмайдиган одамнинг тили Қуръон ўқишга бир хил келмайди, албатта. Қуръонни яхши ўқий олиш мўмин киши учун улкан шараф ва юксак фазилатдир.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни моҳирлик билан ўқийдиган киши мукаррам, олийжаноб элчи фаришталар билан биргадир», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган. 

– Қуръонни доимий такрорлаб туриш тилни равон қилади, кўзни равшан этади, ақлни пешлайди. Ривоят қилинишича, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: «Қуръон ҳофизининг ақли заифлашмайди, хотираси кетмайди», деган.

– Қуръонни хатм қилиш дуолар мустажоб бўлишига сабаб бўлади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким Қуръонни ўқиб чиқса [ёки «жамласа», дедилар], унинг учун Аллоҳнинг ҳузурида мустажоб бўладиган дуо бордир. У Зот хоҳласа, уни бу дунёда беради, хоҳласа, охиратга қолдиради».

Табароний ривоят қилган.

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг

 «Хатми Қуръонга марҳабо!» китобидан

 

 

Муаллиф
islom.uz
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Каримни Аллоҳ таолонинг ҳузурида қандоқ бўлса ўшандоқ ҳолида Жиброил алайҳиссаломдан қабул қилиб олганлар. У давоми...

6326 05:00 / 19.01.2017
Имом Абдуллоҳ ибн Омир ибн Язид ибн Тамим ибн Рабиъа Яҳсубий. У киши ҳижрий 8 йилда таваллуд топиб, 118 санада вафот этган. Имом Ибн Омир раҳматуллоҳи алайҳининг давоми...

3871 13:00 / 22.12.2020
.Қироат, сўзи арабча масдар бўлиб, луғатда .жамлаш, ва .қўшиш, деган маънони билдиради. Зотан, қироат қилган шахс ҳарфларни жамлаган ва бирбирига қўшган бўлади. давоми...

5240 13:20 / 17.11.2020
ВАҲИЙ.Ваҳий, сўзининг луғавий маъноси .Ваҳий, сўзи асл луғатда тезкор ва махфий хабар йўллаш маъносини билдиради. Араб тилида бу сўз яна бир неча маъноларда ҳам давоми...

12228 10:40 / 08.10.2018