1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Қуръон тиловатидаги васатийлик

05:00 / 19.01.2017 3811 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Маълумки, Қуръонсиз Ислом ҳам йўқ, иймон ҳам йўқ. Ҳамма нарса Қуръонга боғлиқ. Нималарга ва қандоқ қилиб иймон келтириш ҳам, нималарга ва қандоқ қилиб амал қилиш ҳам Қуръонда баён қилинган.
Қуръон-илоҳий дастур, икки дунё саодатининг калиди. Қуръон-тиловат қилиш, ўрганиш ва амал қилиш учун Аллоҳ томонидан юборилган.
Шу билан бирга, Қуръон тиловати учун улкан ажру савоблар ваъда қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилсалар, уни ўргансалар, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади»-дедилар». Иккисини Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифда ҳар бир мўмин-мусулмоннинг қилиши лозим бўлган яхши амаллардан бир нечтасини ва уни бажарган мўмин-мусулмон бандага бериладиган мукофотларни зикр қилмоқда.
«Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта унинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».
Ҳадисларда «Аллоҳнинг уйлари» дейилганда масжидлар кўзда тутилган бўлади. Демак, масжидлардан бирида ўтириб, Аллоҳнинг китоби - Қуръони Каримни тиловат қилган, уни ўрганган одамлар ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган даражага эришадилар.
Бу ҳадиси шаарифда эса уларга тўртта буюк даража ваъда қилинмоқда:
«Албатта унинг устига сакийна тушади».
«Сакийна»-сокинликдан олинган бўлиб, қалб хотиржамлиги, ҳамма тарафдан сокинлик, хотиржамликни англатади.
Демак, масжидда жам бўлиб Қуръони Каримни етарли даражада тиловат қилган, уни ўрганган одамларга қалб хотиржамлиги, ҳар бир нарсада сокинлик, хотиржамлик тушади. Қуръони Каримнинг хайру баракаси уларнинг ҳаётларини безайди.
«Уларни раҳмат ўраб олади».
Яъни, ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилиб, унинг маъно ва ҳукмларини ўрганаётган кишиларни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олади. Мўмин-мусулмон қавм учун уни Аллоҳнинг раҳмати ўраб олишидан ҳам кўра яхшироқ ҳолат бўлмаса керак?!
«Фаришталар қуршаб олади».
Яъни, ўша масжидда ўтириб Қуръон тиловат қилаётган, уни ўрганаётган кишиларни Қуръоннинг ҳурматидан фаришталар қуршаб оладилар. Дунёда фаришталар ҳурмат билан қуршаб турган бир қавм бўлса, ана ўша қавм бўлади. Ҳеч бир мусулмон қавм учун бундан ортиқ муборак мақом бўлмаса керак!
«Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади».
«Аллоҳнинг ҳузуридагилар» - «Малауъил Аъло» номли олиймақом зотлардир. Бу энг олий мақомдир. Тўпланиб Қуръон тиловат қилган, уни ўрганиб турган қавмларни Аллоҳ таоло ўша олий мақом зотлар билан бирга зикр қилар экан.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер. Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейилади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда васф қилинадёган кўриниш қиёмат куни, жаннатда бўлади. Бу дунёда Қуръон ўқиган одам жаннатга кирган. Энди унга жаннат мартабаларидан ўзига яраша мартаба бериш керак. Ана шунда: «Қуръон соҳибига, қироат қилиб кўтарилавер», дейилади. Яъни, жаннат ишларини юритиб турган фаришталар Қуръон соҳибига жаннат мартабалари зинасини кўрсатиб, қироат қилиб кўтарилавер,
«Дунёда қандоқ тартил қилган бўлсанг, худди шундоқ тартил қил. Албатта, сенинг манзилинг охирги қироат қилган оятинг маконидан бўладир, дейдилар.
Қуръони Каримни тартил қилиш секин, шошилмай дона-дона қилиб қироат қилишдир. Демак, Қуръон соҳиби бу дунёда Қуръони Каримни қандоқ ўқиган бўлса ўшандоқ ўқиб мартаба зинасидан кўтариб бораверади. Агар у Қуръони Каримни тўлиқ ёдлаган бўлса, мартаба зинасининг энг юқори чўққисига чиқади. Озроқ ўқиган бўлса, мартабаси ҳам озроқ бўлади. Хуллас, унинг манзили зина бўйлаб кўтарилаётиб охирги ўқиган ояти тугаган ерда бўлади.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳеч қачон бандага у ўқиган икки ракъат намозда қулоқ солганидек қулоқ солмайди. Модомики банда намозда экан унинг бошидан яхшилик сочилиб турур. Бандалар Аллоҳга ундан (Қуръондан) чиққанда бўлгандек қурбатда бўлмайдилар», дедилар».
Бу ҳадиси шарифда банданинг Аллоҳ таолога энг яқин бўладиган ҳолатлари, жумладан, хатм Қуръон ҳақида сўз кетмоқда.
«Бандалар Аллоҳга ундан (Қуръондан) чиққанда бўлгандек қурбатда бўлмайдилар».
Бу жумланинг маъноси «банда Қуръони Каримни хатм қилиб ҳамасини ўқиб чиққанда Аллоҳ таолога яқин бўлганидек ҳеч ҳам яқин бўлмади» деганидир.
Бас, шундоқ бўлганидан кейин кўпроқ Қуръони Карим ўқимоқ, уни хатм қилмоқ учун ҳар бир ўзини билган мўмин банда барча имконини ишга солиб уриниши турган гап. Аммо бу ерда ҳам васатийлик ишга тушади. Аллоҳ таоло Ўзи фарз қилган кечаси намозда Қуръон тиловат қилароқ қоим бўлиш амрини бекор қилган.
Аллоҳ таоло «Муззаммил» сурасида: «Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, Сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди). Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар», деган (20-оят).
Бу оят билан Аллоҳ таоло суранинг аввалидаги оятларга биноан фарз қилинган кечаси қоим бўлишни бекор қилди. Шундан сўнг кечада фарз намозлардан ташқари ибодат қилиш ихтиёрийга аланади. Оятда нима учун аввалги буйруқ бекор қилинганлиги ҳам айтиб ўтилди.
Ушбу ояти кариманинг бошида Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам ва У зотнинг саҳобаларига кечанинг маълум қисмини бедор бўлиб ибодат ила ўтказиши фарз қилингани очиқ-ойдин айтиб ўтилмоқда.
«Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир».
Уларга кечанинг учдан биридан оз, учдан иккисидан кўп бўлмаган қисмини бедор бўлиб ўтказиш амр қилинган эди. Кечаси зикр, намоз, тиловати Қуръон каби турли ибодатлар ила қоим бўлиш мўмин мусулмон кишининг танасини бақувват, руҳини пок, қилади. Уларни турли машаққатларни осонлик билан кўтаришга ўргатади, айшу-ишрат, ҳавойи-ҳавасга берилишдан сақлайди.
Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз динига хизмат қилишлари кутилаётган зотларни алоҳида руҳий, маънавий ва жисмоний тарбия қилиш учун ушбу услубни қўллаган эди.
«Ва Аллоҳ кечаю кундузни Ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, Сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар».
Яъни, олдин сизларни чиниқтириш учун кечаси намоз ўқишни фарз қилган эди. Энди эса, У зот сизлар бу ишга ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, сизларга енгилликни қайтарди. Энди кечасининг маълум қисмини бедорликла ибодат қилиб ўтказиш фарз бўлмай қолди. Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, бу иш ихтиёрий бўлди. Бас, энди, Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар.
Оятнинг давомида эса кечасининг маълум қисмини бедор ўтказиш ҳукмини фарздан тушириб ихтиёрийга келтиришнинг сабабларидан учтасини: беморлик, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишлик ва ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтаришни зикр қилинади.
Ушбу уч тоифа кишиларга кечаси бедор бўлиб ибодатла машғул бўлиш оғирлик қилади. Аллоҳ эса Ўз бандаларига оғир бўлишини хоҳламайди.
Пайғамбар алайҳиссалом Қуръони Каримни хатм қилишда ҳам тавозундан чиқишга йўл қўймайдилар.

Абдулоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Қуръонни бир ойда бир марта ўқи», дедилар.
«Мен ўзимда қувватим борлигини биламан», дедим.
Охири бориб у зот: «Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар»
. Бухорий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримни хатм қилиш учун оз муддат қанча бўлиши кераклиги ҳақида сўз кетмоқда.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳуга Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туришни тавсия қилдилар. Аммо Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу бу муддатдан озда ҳам хатм қилиш имконлари борлиги айтиб муддатни бир ойдан оз қилишни сўрадилар. Бу ҳол қайта-қайта такрорланиб,
«Охири бориб у зот: «Уни етти кунда қироат қил. Ундан зиёда қилма», дедилар».
Шундан оддий мўмин-мусулмон киши Қуръони Каримни бир ойда бир марта хатм қилиб туриши тавсия қилинади.
Мазкур муддатдан озда хатм қилиш имкони борлар етти кунда бир хатм қилсалар яхши бўлади.
Чунки, номига хатм қиламан дем шошилиб ҳарфларни махражидан чиқармай, тажвид қоидаларига амал қилмай камчиликларга йўл қўйилиши мумкин.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Эй Аллоҳнинг Расули, Қуръонни қанчада қироат қилай?» дедим.
«Уни бир ойда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
«Уни йигирма кунда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
«Уни ўн беш кунда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
«Уни ўн кунда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
«Уни беш кунда хатм қил», дедилар.
«Албатта, менинг ундан афзалга ҳам тоқатим етади», дедим.
У зот менга рухсат бермадилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Ким Қуръонни уч кундан озда ўқиса яхши англамапти», дедилар».
Иккисини Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Қуръони Каримни хатм қилиш мудатларининг энг ози етти. Беш ёки уч кун бўлиши хатм қилувчиларнинг ҳолига қараб бўлади.
Қуръони Каримни хатм қилишга имкони ҳар қанча катта бўлса ҳам уч кундан озга рухсат йўқ. Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳам шу қавлни маҳкам тутганлар.

"Васатия ҳаёт йўли"

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
13. Луқмон ўғлига ваъзнасиҳат қилиб айтганларини эсла .Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирма. Албатта, ширк катта зулмдир,.Боласига панднасиҳат қилиш отанинг давоми...

6872 05:00 / 23.01.2017
40. Албатта, оятларимизни ёлғонга чиқарганлар ва улардан кибр қилганларга осмон эшиклари очилмас ва улар туя игна тешигидан ўтмагунча жаннатга кирмаслар. давоми...

5811 05:00 / 23.01.2017
Тафсири Хилолдан...Гуноҳкорлар дўзахга киришларига сабаб бўлган мазкур ишларни, ўлгунларича қилаверганларини ўзлари эътироф қилмоқдалар. То ўлим келгунча давоми...

3833 05:00 / 23.01.2017
Ва фаҳш иш ёки ўзларига зулм қилганларида Аллоҳни эслаб, гуноҳларини мағфират қилишини сўрарлар. ndash Гуноҳларни Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди ndash Ва билиб давоми...

5095 22:15 / 31.03.2018