1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фарзанд тарбияси

Фарзанд тарбияси (21-дарс)

17:24 / 01.01.2018 4995 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дарс Аллоҳга ҳамду сано, Набий (с.а.в.)га саловоту саломлар айтишдан бошланди. Ота: «Бир нарса демоқчисан, шекилли, эй Маҳмуд, гапиравер», деди.

Маҳмуд: «Ҳа, отажон! Сиз олдинги дарсда сўзлаб берган қиссадан жуда таъсирландим. Ҳайвонларга раҳм қилиш кераклиги ва ҳалиги киши ҳақида кўп ўйладим. У сув топа олмаганида Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмади ва ҳаракату дуода бўлди», деди.

Ота деди: «Мўмин инсон Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслигини билмасмидинг, эй Маҳмуд?! Дуо эса ҳар бир яхшиликнинг калити ва ҳар бир фойдани жалб қилувчи эканини билмасмидинг? Дуо – бу биз Аллоҳга қурбат ҳосил қиладиган ибодатларнинг энг улуғларидандир.

Нўъмон ибн Башийрдан ривоят қилинади. Набиййимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:

“Дуо ибодатдир”.

(Абу Довуд ривояти.)

Фотима: «Дуонинг қандай одоблари бор, отажон?» деди.

Ота деди: «Дуонинг одобларидан мана буларни билишингиз керак:

1) Дуо ижобат бўладиган вақтларга риоя қилиш. Кечанинг охирги учдан бир қисми, жума куни азон ва иқоматнинг ораси, намоздан сўнг, Лайлатул қодр кечаси, арафа кунига ўхшаш вақтлар;

2) Дуода холислик ва тазарруъ ила туриш, дуони қайта-қайта айтиш, Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслик;

3) Қиблага юзланиб, қўлларингизни кўтариб дуо қилиш ва “Дуо қилсам ҳам, ижобат бўлмаяпти”, демаслик;

4) Ўзимизга дуо қилганимизда биродарларимиз ҳаққига ҳам дуо қилиш, ўзимиз ва яқинларимиз зарарига дуо қилмаслик».

Маҳмуд: «Отажон! Биз ҳар куни ўқиб юришимиз керак бўлган бирор дуо ўргатиб қўйинг», деди.

Ота деди: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар куни тонгда ва кеч кирганда бундай дейишлари ривоят қилинади:

«Аллоҳумма инний асъалукал ъаафията фиддуня вал аахироҳ, Аллоҳумма инний асъалука ъафва вал ъаафията фий дийний ва дуняая ва аҳлий ва малий. Аллоҳуммастур ъавротий ва аамин ровъаати. Аллоҳуммаҳфазний мин байни йадайя ва мин холфий ва ъан шимаали ва мин фавқий ва аъуузу биъазоматика ан уғтаала мин таҳтий».

(Маъноси: «Аллоҳим! Сендан дунё ва охиратда офият сўрайман. Аллоҳим, мен Сендан динимда, дунёимда, аҳлимда ва молимда афв ва офият сўрайман. Аллоҳим, айбларимни беркит, хавфу хатарларимни омонлик қил. Аллоҳим! Мени олдиму орқамдан, ўнгу сўлимдан, тепамдан асра ва азаматинг ила остимдан ер ютишидан паноҳ сўрайман».)

Маҳмуд киссасидан рангли, безалган қоғоз чиқарди ва: «Бу масжиддаги мусобақанинг сўровномаси, ундаги савол-жавобларни билмоқчи эдим», деди.

Ота: «Яхши, ўғлим…» деди.

Сўнгра ота сўровномани олиб, ўқиб, унга жавоб бера бошлади:

«Биринчи савол: Аллоҳ Одам алайҳиссаломни нимадан яратган?

Жавоб: Аллоҳ Одам алайҳиссаломни тупроқдан яратган.

Иккинчи савол: Аллоҳ фаришталарни нимадан яратган? Буни олдин ўрганган эдик, Маҳмуд, ёдингдами?»

Маҳмуд: «Ҳа, ёдимда. Аллоҳ фаришталарни нурдан яратган», деди.

«Учинчи савол: Аллоҳ шайтонни нимадан яратган?

Жавоб: Аллоҳ шайтонни оловдан яратган.

Тўртинчи савол: Осмонларнинг адади қанча?

Жавоб: Осмонларнинг адади еттита.

Бешинчи савол: Жаннатнинг эшиклари нечта?

Жавоб: Жаннатнинг эшиклари саккизта».

Сўнгра ота деди: «Қолган савол-жавобларни, Аллоҳ хоҳласа, келаси дарсга қолдирамиз. Ҳозир эса Аллоҳнинг гўзал исмларидан баъзиларини ёдлаймиз: Насийр (нусрат берувчи, қўлловчи Зот), Ҳасийб (ҳисоб-китобга тез, ҳисоби аниқ бўлган Зот).

Мана бугунги дарсимиз ҳам тугади».

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Дарс Аллоҳга ҳамду сано ва Саййидимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар айтишдан бошланди. Сўнгра ота деди .Сизларга бугун қиладиган давоми...

4509 13:39 / 28.12.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ Муаллиф муқаддимаси Аллоҳга ҳамд бўлсин, Набийимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ва аҳлларига салоту саломлар давоми...

12295 18:01 / 22.11.2017
Маълумки, фарзандларга чиройли исм қўйиш фарзанднинг отаонадаги ҳақларидандир. Шунинг учун отаона бошқа вазифалар каби зиммасидаги ушбу ҳақни ҳам гўзал тарзда давоми...

31247 19:45 / 03.09.2020
Қадим замонда йўлтўсар ўғрилар одамларнинг йўлини тўсиб уларни асир олиб бозорда қул қилиб сотардилар. Кунларнинг бирида қароқчиларнинг қўлига бир катта ёшли давоми...

3861 05:00 / 16.02.2017