1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳий мазҳабларга тақлид қилиш

17:23 / 20.12.2017 3252 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тақлиднинг ҳукми» сарлавҳаси остида айтилган уч хил фикр: «тақлид қилиш жоиз эмас», «тақлид қилиш вожиб» ва «мутлақ мужтаҳид бўлмаганлар тақлид қилиши керак» деган фикрлар ҳозирги кунда фиқҳий мазҳабларга эргашиш масаласи бўйича турли услуб ва иборалар ила такрорланиб туради.

Бир тоифа кишилар фиқҳий мазҳабларни, уларнинг асосчилари бўлмиш буюк мужтаҳид уламоларимизни инкор қилиб, ўзларича Қуръон ва Суннатга амал қилишни ва бошқалар ҳам уларга эргашиши лозимлигини даъво қиладилар. Уларнинг фикрича, фиқҳий мазҳаблар кишиларни Қуръон ва Суннатдан узоқлаштиради. Баъзи бир ҳаддидан ошганлари айтганидек, «Мусулмонлар Абу Ҳанийфа ва унга ўхшаганларнинг гапига эмас, Қуръон ва Суннатга амал қилишлари керак».  

«Фиқҳий мазҳаблар илмий меросидан фойдаланган ҳолда, уларнинг ижтиҳодлари самарасидан истаганимизни олсак, бўлаверса керак» деган хаёлда юрадиганлар ҳам бор.

Кўпчилик мўминлар фиқҳий мазҳабларга эргашиш зарурлигини ҳис қиладилар, бу фикрни қўллайдилар, аммо бу ишнинг ҳукми қандай экани ва мазкур ҳукмнинг асоси нимадан иборатлигини ҳам билгилари келади. Ана шу тоифадаги кишиларимиздан бирлари камина ходимингизга савол йўллаган эди. Кейинчалик, худди шу саволни бизнинг доирамизда йилнинг энг яхши саволи деб топилган ҳам эди.

Қуйида ўша савол ва унинг жавобини эътиборингизга ҳавола қилишга ижозат бергайсиз.

Савол: Ассалому алайкум,

Ҳазрат, фиқҳий мазҳабларнинг (Ҳанафийя, Шофеъийя, Ҳанбалийя, Моликийя) ҳаммасининг ҳам тўғрилигини ва фойдали эканлигини тан олдик. Мазҳаб имомларининг фатволари Қуръон ва Ҳадисга зид эмаслигини биламиз. Баъзи фатволарда мазҳаб имомларининг фикрлари орасида тафовутлар бўлса-да, ҳар бирлари ўз усуллари билан чиқарган фатволарини ҳадис ва оят билан исботлаб беришган. Масалан, «Вафот қилган хотинини эри ғусл қилдирса бўладими?» деган саволга ҳанафийлардан бошқа мазҳаблар «бўлади!» деб жавоб беришган ва барчалари фатволарини чиройли ва олимона исбот қилишган (гарчи ҳанафийлар «чиройлироқ» исбот қилган бўлсалар-да, бу бошқа масала). Ёки намоздаги тафовутлар ҳам мисол. Эътиқодимиз бўйича эса, «Тўртта мазҳаб ҳам тўғри. Илло, битта мазҳабга риоя қиласан!» деган гап борми? Бўлса, шариатдаги ҳукми қандай, яъни вожибми, мустаҳабми ёки бошқами? Кишининг фақатгина битта мазҳабга риоя қилиши бор бўлса, қандай сабабларга кўра борлигини, илтимос, айтиб берсангиз. Яна қандай ҳолатларда ҳанафийга риоя қилиб келган киши шофеъий мазҳабига ҳам риоя қилган ҳолда амал бажара олади, масалан, намоз ўқий олади? Саволга яна аниқлик киритаман, масалан, ҳанафийларда мусофирликда пешин ва асрни, шом ва хуфтонни бирлаштириб ўқиса бўлмайди, бошқа мазҳабда эса мумкин. Ҳанафийяга риоя қилиб келган киши, зарурат юзасидан, мусофирликда пешин билан асрни бирлаштириб ўқиши жоизми?

Савол беришда xатолар бўлса, ҳаққимизга дуо қиласиз.

Ассалому алайкум...

Жавоб:

«Бу масала бўйича уламолар турлича жавобларни берганлар. Кўпгина китоблар ва компютер маълумотларини ўрганиб чиққандан сўнг аллома Зафар Аҳмад Усмонийнинг «Эълоус-сунан» номли китобидан қуйидаги иқтибосларни эътиборингизга ҳавола қилишни лозим топдим:

«Муайян мазҳабни лозим тутиш ҳақидаги таҳқиқ:

«…Ҳақийқатни айтганда, дийнда иқтидо қилинадиган имомларнинг барчаси мустақийм ҳидоятдадирлар. Уларнинг мазҳабларидан қай бири бир юртда тарқалган бўлса ва унинг уламолари кўп бўлса, оммий – ижтиҳод даражасига етмаган – киши учун ўша мазҳабга эргашмоқ вожиб бўлади. Унга ўз юртида мазҳаби тарқалмаган ва уламолари кўп бўлмаган имомнинг мазҳабига эргашиш жоиз эмас. Чунки, бундай ҳолатда мазкур мазҳабнинг барча ҳукмларини ўрганиш имкони бўлмайди. Буни яхши фаҳм этинг. Иншоаллоҳ, ҳақийқат бундан бошқада эмас.

Агар юртлардан бирида барча мазҳаблар тарқалган ва машҳур бўлган бўлса, ҳамда ҳар мазҳабнинг уламолари ҳам етарли бўлса, оммийга истаган мазҳабига эргашиш жоиз бўлади. Унинг учун барча мазҳаблар баробар бўлади. У муайян мазҳабни тутмасдан, мазҳабларнинг уламоларидан, бир сафар биридан, иккинчисида бошқасидан фатво сўраса, жоиз. Салафи солиҳ розияллоҳу анҳум шундай қилганлар. Фақат шарт шулки, бир амалда икки мазҳабдан «талфиқ» қилмасин, ҳавойи нафсига эргашиб фақат рухсатларнинг ортидан тушмасин. Чунки, бундай қилиш далил ва ижмоъ ила ҳаром қилингандир». (20-жуз, 290-бет.)

(«Талфиқ» бир масалада икки мазҳабдан енгил нарсани жамлаб олишдир. Мисол учун, бир тоҳаратли одамдан қон чиққанда, шофеъий мазҳаби бўйича, «тоҳаратим синмади» деб, бироздан сўнг номаҳрам аёлга қўли тегса, ҳанафий мазҳаби бўйича, «тоҳаратим кетмади» дейиши.)

«Бир мазҳабдан иккинчи мазҳабга ўтиш ҳақидаги таҳқиқ: 

«… Ҳанафийлардан «Жомеъул фатавий»нинг соҳиби айтади: «Ҳанафийга Шофеъий мазҳабига ўтиш жоиздир. Акси ҳам шундай. Аммо ўтиш бирйўла бўлиши шарт. Биргина масалада ўтиш мумкин эмас. Мисол учун, ҳанафийнинг баданидан қон чиқса ва оқса, тоҳарати синади ва уни ювмасдан туриб, тоҳарат олмай, бу масалада Шофеъий мазҳабини тутиб намоз ўқиши жоиз эмас. Чунки, тоҳарат ва намознинг бошқа ҳукмларида Шофеъий мазҳабига амал қилмаган.

Баъзилар, оммий одам ҳанафий бўладими, шофеъий бўладими, бир мазҳабдан бошқасига ўтиши мумкин эмас, деганлар». (20 - жуз, 193 – бет.)

«…Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, бу замонда бир мазҳабга эргашиш вожибдир. Оммий бўладими, фақиҳ бўладими, бошқа мазҳабга ўтиши мутлақо манъ қилинади. Аммо мужтаҳид ёки мужтаҳид каби бўлса, майли. Бу асрда мазкур мансабни ким ҳам даъво қила олар эди?! Бир вақтлар Ибн Жарир Тобарий даъво қилганда, қабул қилмаганлар. Суютий даъво қилганда ҳам, рад қилганлар…» (20 - жуз, 195 - бет)».

Мазкур жавобга қуйидаги маълумотларни илова қилишга ҳам ижозат бергайсиз.

Ихтилофларнинг олдини олиш мақсадида, фиқҳий мазҳабларнинг Қуръон ва Суннат доирасида қилган ижтиҳодларини қайта қўзғаб, «қани, кўрайлик-чи, кимнинг далили кучли экан» қабилида иш тутиш ҳам манъ қилинган. Ҳатто, баъзи бир кишилар илмда юқори даражаларга эришиб, мазҳабларнинг далилларини солиштириб, кучлисини кучсизидан ажратадиган даражага етса ҳам, ўзи учун фатво чиқариб олса, майли-ю, кўпчиликнинг бошини айлантириб, ихтилоф чиқаришга сабаб бўлмасин, дейилган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳ китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савол. Биров мазҳабларни инкор қилса, уларни ёмон деб ҳисобласа, ҳадис китобларига эргашишни даъво қилса, унинг ҳукми қандай бўлади У мубтадеъ бўладими ёки давоми...

5275 05:00 / 18.01.2017
Оиша бинти Толҳа розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Оишага айтдим ndash Мен унинг қарамоғида эдим. Унинг олдига турли шаҳарлардан одамлар келар эди. Унга яқинлигим давоми...

3945 05:00 / 17.02.2017
Исломда аёл кишига бирор кишини нафақа билан таъминлаш мажбурияти юклатилмайди. Аёлнинг ўзига, фарзандларига, оиласига эри сарф қилади. Шунингдек, оила қуриш давоми...

2271 15:33 / 02.03.2019
Имом Шофеъий Муҳаммад ибн Идрис ҳижрий 150 санада, имом Абу Ҳанифа вафот этган кунлари дунёга келдилар. У киши арабларнинг машҳур Қурайш қабиласига мансубдирлар. давоми...

6621 10:06 / 22.10.2018