Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 190-дарс. Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ солинглар

19:00 / 23.06.2022 4768 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қироатнинг суннати сафарда шошиб турилганда Фотиҳа билан хоҳлаган сурани, омонликда Буружга ўхшашни қироат қилишдир.

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам сафарда эдилар. Хуфтоннинг бир ракъатига «Ват-тийни ваз-зайтуни»ни қироат қилдилар».

Имом Бухорий ривоят қилган.

Ҳазарда(муқимликда)ги қироатда бомдод ва пешинда тиволи муфассални, аср ва хуфтонда авсати муфассални, шомда эса қисори муфассални яхши деганлар.

Албатта, имом кишиларнинг ҳолини, мавсумни ва бошқа омилларни ҳам ҳисобга олади.

Қуръони Карим сураларнинг узунлиги эътиборидан тақсимланганда, бир гуруҳ сураларга «муфассал суралар» номи берилган. Ўша «муфассал» номини олган суралар ҳам учга: тивол – узун, авсат – ўрта ва қисор – қисқага бўлинади.

Ҳужуротдан Буружгача тиволи муфассалдир.

Ундан «Лам якун»гача авсати муфассалдир.

Ундан Қуръоннинг охиригача қисори муфассалдир.

Бу тақсимлар асосан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатларидан олинган. Бунинг баъзи намуналарини аввал кўриб ўтдик.

Шунингдек, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга ёзган мактубларида ушбу тақсимни зикр қилганлар.

Заруратда тақозои ҳолга қаралади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бомдодда икки «Қул аъуузу»ни қироат қилганлари ҳақида ривоят бор.

Бир намозга алоҳида сурани тайин қилиш макруҳдир.

Яъни маълум намозга маълум сурадан бошқасини ўқиб бўлмайди, деган эътиқодга бориш дуруст эмас. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ворид бўлган ривоятларга эргашса бўлади.

Мисол учун, у зот бомдоднинг ва шомнинг ҳамда эҳрому тавофнинг икки ракъат суннатида кўпинча Каафирун ва Ихлос сураларини ўқиганлари маълум. Бинобарин, айнан мана шу намозларда ушбу сураларни доимий равишда ўқиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш бўлади.

Муқтадий жим туриб қулоқ солади.

Намоз ошкорами, махфийми – барибир, муқтадий қироат қилмай, жим туради. Бунга бир қанча далиллар бор.

Аллоҳ таоло:

وَإِذَا قُرِىءَ الْقُرْآنُ فَاسْتَمِعُواْ لَهُ وَأَنصِتُواْ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
 

«Қачон Қуръон тиловат қилинса, унга қулоқ солинглар ва жим туринглар», деган (Аъроф сураси, 204-оят).

Демак, имом қироат қилаётганда иқтидо қилувчи жим туриб тинглаши керак.

Имом Аҳмад: «Одамларнинг барчаси бу ҳукм намозга оид эканига ижмоъ қилганлар», деганлар.

Бу оятда эшитиш ва жим туришга буюрилмоқда. Қироат ошкора бўлганда эшитилади. Қироат махфий бўлганда жим турилади.

Шунинг учун ҳам жумҳури уламолар, жумладан, ҳанафий мазҳаби ҳам: «Иқтидо қилуви шахс умуман, жумладан, Фотиҳа сурасини ҳам қироат қилмайди», дейдилар ҳамда бир қанча ҳадисларни ҳужжат қилиб келтирадилар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари овоз чиқариб қироат қилган намоздан бурилиб:

«Ҳозир сиздан бирор киши мен билан бирга қироат қилдими?» дедилар. Бир киши:

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», деди. У зот:

«Айтдим, нимага мен Қуръонда жазб қилиняпман деб», дедилар. Бас, одамлар овоз чиқариб қироат қилинадиган намозларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қироат қилишдан тўхтадилар».

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Радд, луғатда .қайтариш, маъносини англатади.Мерос илми истилоҳида эса авлнинг тескарисини билдиради. Бунда насибалар улушлардан ортиб қолиб, асабалар давоми...

1931 16:00 / 25.05.2020
. .Амр ибн Ҳорис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган вақтларида дирҳам ҳам, динор ҳам, қул ҳам, давоми...

3514 11:00 / 23.03.2020
Бу имомнинг тўлиқ исмлари Убайдуллоҳ Содрушшарийъа алАсғар ибн Масъуд ибн Тожушшарийъа Маҳмуд ибн Содрушшарийъа Аҳмад ибн Жамолуддин Убайдуллоҳ ал Маҳбубий ал давоми...

5494 13:00 / 21.05.2020
Бир куни Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу минбарда гапириб турганларида ортидан икки қизи, отаонаси ва хотини қолган маййитнинг хотинига меросдан қанча тегиши ҳақида давоми...

2740 12:00 / 18.05.2020