1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Таҳлил

Қаҳатчилик бизга шунинг учун етган...

15:47 / 21.12.2017 5110 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қачон бирор муносабат бўлиб қолса, араб ва Ислом шаҳарларидаги дўстларимизни ўзларига келиб, Роббиларига тавба қилишларини эслаймиз. Улардан бу мусибатларни кўтариши ва кулфатлардан узоқ қилиши учун ўзларининг тойилишларидан Аллоҳнинг тўғри йўлига қайтишлари ва Аллоҳдан кечирим сўраб У билан тузилган битимни янгилашлари кераклигини айтамиз. 

Одамлар ичидан бир гуруҳи чиқиб: «Мана Аллоҳнинг динидан узоқлашиб Унинг тўғри йўлидан тойилган Ғарб ва Шарқдаги анави одамлар неъматларга кўмилиб фаровон ҳаёт кечирмоқда. Улар бу мусибатларнинг ҳеч бирини бошларидан ўтказаётганлари ҳам йўқ», – дедилар.

Ушбу гуруҳнинг мусибати шуки, улар ўзларининг низо ва тортишувларида тилларини нима узун қилаётганини билади-ю, лекин Ислом ҳақиқатини ҳамда Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амалиётини ўқиб ўрганиш учун ақлини қандай ишлатишни билмайди. Мана шу мусибатларнинг энг ёмонидир. 

Сиз уламоларга тилларини узун қилиб қандай низо ва жанжал кўтаришни биладиган инсонни учратасиз. Агар улар учун ўрганиш вақти келса ёки ўзлари музокара қилаётган Исломни ўрганишга чақирилсалар, ундан юз ўгириб қочиб кетадилар. Мен бу дўстларимизга жавоб бериб айтаман ва Аллоҳ таолонинг уйида муаммолар келтириб чиқарувчи бу мусулмонларни ўзлари берган ушбу саволлари жавобини эшитишларини умид қиламан. 

Жавобим шу: Ўзининг юксалиши ва дунёвий тараққиётида Ислом орқали эришмаган бу миллат Аллоҳ таолонинг динидан қочишлари сабабли Аллоҳ уларни азобламайди ва уларнинг бу қилмишлари туфайли улардан фаровон ҳаётни тўхтатиб ёки дунёвий насибаларидан узоқлаштириб ҳам юбормайди. Чунки бу миллатлар ўткинчи дунёдаги маданият ва тараққиёт зиналарига ўзларининг пешона терлари, ўзларининг кучлари ва ҳийлалари билан эришган. Улар бу чўққиларга Исломий йўл орқали етишган эмаслар. 

Аммо ўзининг юксалиши ва дунёвий тараққиётига Ислом орқали етишган бу уммат агар ушбу динни таний олмайдиган даражага етса, у ўзининг Исломдан аввалги эски ҳолига қайтиб қолишида ҳеч шубҳа йўқ. 

Мана шу улар берган саволнинг қисқа жавобидир. Буни ҳар бир оқил киши тушуниб олиши лозим. 

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло инсонларни, ким бўлишларидан қатъий назар, бу дунё ҳаётида яшаш йўллари ва юқори даражаларга кўтариладиган йўллардан тўсмайди. 

Аллоҳ ўз Каломида: 

«Барчага  манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз. Роббингнинг атою неъматлари ман бўлган эмас»,  деган эмасми?!  (Исро сураси, 20 оят).

 (Барча бандаларга, яъни, охиратни истаган, иймонга келиб, ибодат қилиб, керакли саъй-ҳаракатларни қилганларга ҳам, дунёни истаб, иймонга келмай, исён қилиб, гуноҳкор бўлиб юрганларга ҳам Робингнинг атою неъматларидан берамиз. “Тафсир ҳилол”). 

 Сабаъ маданият рамзи бўлган эди. Аллоҳ таолонинг Китоби Сабаъ маликасига ҳамма нарсалар берилгани ва унинг улкан тахти ҳақида хабар берган. У бу нарсага Исломий йўл орқали эришганмиди? Йўқ, Сабаъ мамлакати ўзининг эришган ютуқларига ўзларининг меҳнатлари ва Аллоҳ таоло барчага – манавиларга ҳам, анавиларга ҳам очиб қўйган фитрий ва соф табиий эшиклар билан етишган. Шунинг учун у ўзининг маданиятига ўрнашишга ва ҳоли қандай бўлса ҳам, унинг неъматларида тушиб чиқишга ҳақлидир. Чунки у бу нарсага Ислом орқали эришган эмас. Бу нарса ушбу дунёдаги вақтинчалик ҳаётга нисбатан бўладиган ишлардир. Аммо арабларнинг ҳоли Исломдан аввал нима бўлган эди? Ўзингиз билганингиз каби улар ажралиш, ҳар томонга тарқалишда намуна бўлган. Улар билимсизлик, ортда қолиш, тартибсизлик ва тўс-тўполонда ҳаммага ўрнак бўлганлар. Уларни маданият, юксалиш, куч, бойлик ва бирламликдан иборат ушбу ажойиб тахтга чиқарган нарса нима? Улар даражама даража кўтарилиб чиқишган ушбу тахтнинг нарвони нима? У Ислом эмасми?! 

Одамлар орасида, «жоҳилият ва қолоқлик зулматларида тугаб тамом бўлган араблар маданиятга бугунги ғарбликлар ҳоли каби ўзлари ўйлаб топган билимлар билан етишган», дейишга кучи етадиган киши борми? Ким бу гапни айта олади? Бутун олам биладики, араблар етишган бу мартабага Ислом воситаси билангина етишган. Демак арабларни маданиятда юксак даражага етиши Ислом орқали бўлган. Ёпинчиғини араблар ўраган Ислом бўлмаганида улар тарқоқликдан парчаланиш, яна парчаланиш шаклига ўтиб кетган бўларди. Кейин уларнинг ҳар тамонга сочилиб кетганларини ва бугунги кунда номлари тарихда ҳам қолмаганини кўрар эдингиз. Демак, инсон ўзини Ислом ва Ислом Роббиси азиз қилганидан кейин Ислом орқали маданиятга эришганини танимай қолса, натижа нима бўлади?

Натижа бу одамнинг илгариги ҳолига қайтиши бўлади. 

Аллоҳ азза ва жалланинг дини азиз қилган инсон бундан олдин фақирлик, қолоқлик, ожизлик ва жаҳолатда намуна бўлган эди. Кейинчалик такаббурлик мастлиги унинг бошида айлана бошлади. Сўнг бу такаббурлик унинг вужудига суқулиб кириб ўзини азиз қилган Исломни тепиб юборди. Энди бу ерда мантиқ нимани талаб қилади? Мантиқ талаб қиладиган, балки Аллоҳнинг амалиёт қонуни талаб қиладиган нарса ушбу одамга: «Сен илгариги ҳолингга қайт. Сен бу даражага пешона теринг билан етишганинг йўқ, сен бу мартабага бошқалар каби меҳнатинг билан эришган эмассан. Сен дангасалик ботқоғингда ухлаётган, билимсиз жоҳил одам эдинг. Ислом келиб сени азиз қилди. Сен бугун ундан ўзингни олиб қочдинг. Ҳозир эса уни танимай қолдинг. Энди илгариги ҳолингга қайтишинг лозим»,  дейишидир.

Бир киши ўз меҳнати ва пешона тери билан қурган уйга эгалик қилади. У ушбу уйдан фодаланишга ва унга эгалик қилаётганини шарафлашга тўла ҳақлидир

Бошқа бир киши бойларнинг бирига содиқ хизмат қилишини ва дўстликда унга самимий эканлигини намоён қилди. Кейин бу бой унга эҳтиром кўрсатиб ўзига тегишли бўлган уйидан жой берди. Энди бу одам ушбу бойнинг уйида ўрнашиб яшай бошлади. Ҳатто, унинг боши ва ақлида такаббурлик мастлиги айлана бошлади. Энди у ўзига эҳтиром кўрсатган ва уни яхши кутиб олган ушбу бойга кеккайиш ва керилишни бошлади. Бой унга: «Ҳой сен, эсла, неъматни ёдга ол. Сенга ушбу неъматни берган қўлга шукр қилиб, миннатдорчилик  изҳор эт»,  дейди. У эса кеккайиш ва такаббурликни зиёда қилади. Энди бу ерда мантиқ талаб қиладиган натижа нима? Натижа ушбу уйнинг эгаси: «Уйимдан чиқ, илгари ўзинг яшаган маконингга жўна»,  дейишидир. Унинг бу уйдан қувилиши аниқ. Энди у ушбу уйдан қувилса, қай аҳволга тушади. Албатта, у ўзининг эски ҳолига қайтади

Мен айтган ушбу маънони тушиндингларми, эй дўстларим? Бу гапларни ўша кеккайиб керилаётганларга ҳамда Исломни тушунмаслигидан, Китоб ва Қуръонидаги Аллоҳнинг амалиёт қонунларини билмаслигидан ҳижолат бўлмадиганларга айтинглар. 

Лекин улар тилларини узун қилиб низо ва жанжал кўтаришни биладилар. Бу инсонинг ақлига ҳам табиатига ҳам сиғмайдиган оғир нарсадир. 

Ҳа шундай, мен айтаётган ушбу сўзларни уларга ҳам айтинглар.

Роббимиз субҳанаҳу ва таоло одамларни Ўзининг тўғри йўлида юрмаганлари учун уларнинг ҳаммасини дунё ҳаётида қолоқ ва қашшоқ ҳолда тутиб туришни зиммасига мажбурият қилиб олмаган. Аллоҳ уларга дунё ҳаётидаги менинг қоидам: «Барчага  манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз» деди.

Дангаса ўзининг дангасалик оқибатини кўриши лозим. Лоқайд ҳам ўзининг ишёқмаслик натижаларини кўриши керак. Дунё йўлида тер тўкиб меҳнат қилаётган хизматчи ҳам ўз бойлигига етишиши лозим. 

Аммо Аллоҳнинг эртага одамларни сўроқ савол қилишининг қайтиш жойи бошқа қонунга кўра бўлади. 

Ҳуллас биз Аллоҳнинг Китобида шундай ўқиймиз. 

Бу ерда Аллоҳ таоло юксак тараққиётни берган миллатлар бор. Чунки улар ана шу тараққиётнинг эшикларини тақиллатдилар. Кейин улар Аллоҳ таолонинг ушбу сўзига ҳақли бўлдилар; 

«Барчага  манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз. Роббингнинг атою неъматлари ман бўлган эмас»,  деган эмасми?!

Бу ерда яна бир қанча миллатлар бор, уларнинг аввалида араблар туради. Улар илгари дангасалик ва бепарволикда, лоқайд ва ишиёқмасликда, билимсизлик ва жоҳилликда, зулм ва тажовузкорликда барчага мисол бўлган эдилар. Кейин Аллоҳ таоло уларга эҳтиром кўрсатиб ўзининг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  орқали ваҳий юборди. Кейин улар Исломда уйғондилар ва Аллоҳ таолога самимий эканлигини намоён қилдилар. Ислом уларни ўзингиз билганингиздек ва тарих айтаётгани каби жаҳолат қаъридан тараққиёт даражаларининг юқори чўққиларига олиб чиқди.

Бугун биз ўтган боболари Аллоҳ азза ва жалланинг дини сабабли азиз бўлиб ўтган кўпчилик кишиларни ушбу динга такаббурлик қилаётганларини, уни ўз зиммаларига вазифа қилиб олишдан, қонун ва асосларини маҳкам тутишдан, Аллоҳ таолога бўлган бандаликларидан афсусланаётганларини кўраяпмиз. Бошқаларда бўлган нарсага уларнинг сўлаклари оқаётганини учратамиз.  

Агар бу уммат ўзини азиз қилган ушбу диннинг кийимини ечиб ташлашни ирода қилса, демак, унда у ўзининг аввалги турган нуқтасига қайтиши лозим бўлади. Сўроқ савол ҳам қуйидаги ушбу натижани айтишга мажбур бўлади: «Шунча ишдан кейин сени Аллоҳ субҳанаҳу ва таолода ҳаққинг қолдими»? Йўқ… Сен бошқа миллатлар эришган нарсага етишиши учун ҳеч қандай меҳнат сарф қилганинг йўқ. Сен лоқайдлик, дангасалик ва зулмнинг энг паст даражаларидан тараққиёт даражаларининг юқорисига ота боболарингни Аллоҳнинг динига бўлган ихлоси сабабли кўчириб ўтқазилгансан холос.

Улар орқада қолишгач: «Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар. Бас, тезда улар ёмонликка йўлиқдилар» (Марям, 49). (Исро сураси, 20 оят). 

Бу Аллоҳ субанаҳу ва таолонинг сўзлари. Бу қарор тўғрисида ҳеч қачон ақлнинг муноқаша қилиб тортишиши мумкин эмас.

Бу ўтганларимиз яъни Расулуллоҳнинг саҳобалари ва улардан кейинги кишилар ҳис қилган маънодир. Бу саййидимиз Умар айтган ҳақиқатдир. Уни тушунган тушунди. Ҳазрати Умар Абу Убайдага айтганида тушунмаган нодонлар эса ҳали ҳам тушунмай юрибди. 

Умар розияллоҳу анҳу: «Биз, Аллоҳ Ислом билан азиз қилган қавммиз. Қачонки Аллоҳ бизни азиз қилган нарсадан бошқа нарса билан азиз бўлишни истасак, Аллоҳ таоло бизларни хорлаб қўяди»,  дегандилар. 

Кошки, бу сўзни Аллоҳ таолонинг динидан қочиб ўзлари учун бошқа маданиятлардан туйнуклар қидираётган кишилар тушунсалар эди. Кошки, улар бу ҳақиқатни англасалар эди. 

Араблар юксакликка фақат Ислом нарвони билан кўтарила олади. Бошқаси билан кўтарилишнинг имкони йўқ. Агар улар Ислом учун ўз самимийликларини намоён қилсалар, Аллоҳ таоло азиз қилган иззат-икромга эга бўладилар. Агар такаббурлик қилиб бугунги кундаги кўпчилик мусулмонларда бўлаётган ҳолат каби уни инкор этсалар, Аллоҳ таоло уларни илгариги ҳолатига қайтариб қўйиши аниқдир. Уларни Аллоҳнинг ҳузурида тер тўкиб сарф қилган меҳнатлари ва имкониятлари борми? Йўқ, улар умуман меҳнат сарф қилган эмаслар.   

Уларни бу даражага олиб чиққан Исломдир. Уларни кўтарган ва бу тахтга ўрнаштирган ҳам Исломдир. Исломни инкор этадиган бўлсалар, улар ўзларининг аввалги ҳолларига қайтишлари лозим бўлади. 

Тарихчи олим Ибн Ҳолдун ўз китобининг муқаддимасида айтган сўзга эътибор беринглар:

“Арабларни Исломгина бирлаштириши мумкин. Арабларларнинг қудратини фақатгина Ислом сақлаб қолиши мумкин. Уларни фақат Ислом азиз қилиши мумкин”. 

Ибн Ҳолдун бу сўзларни илмий асос билан гапирган. У тарихдаги миллатлар учун жорий қилинган Аллоҳнинг амалиёт қонунларини англаб етган тарихчи олимдир. У нима учун бундай деди?  Чунки бу уммат Ислом билан азиз бўлишидан олдин ёвузлик, уришиш ва жанжаллашишда барчага намуна бўлган эди. Исломдан олдин қашшоқлик, жаҳолат ва билимсизликда ҳаммага намуна эди. Агар Исломни тарк этса, у ўзининг илгариги табиатида уйғониши ва бугунги кунда тўлқинланаётган оламон каби тўлқинланиши лозим бўлади. Бугунги кундаги каби жанжал ва хусуматга қайтишига ва Исломдан олдинги ўзининг фақирлик, бўлиниш, низо ва жанжал, тўлқинланиш каби сифатларида уйғонишга мажбур бўлади.   

Аллоҳ таолонинг амалиёт қонунлари бандалари устида қандай рўёбга ошаётганини кўринглар. 

Энди бу ерда ушбу дўстларимизни биз Қуръонда ўқиётган Аллоҳ таолонинг амалиёт қонунида ғайрат билан ишлашлари учун фурсат келмадими? Улар ўзларининг мураккаб ва оғир тортишувларига маърифатдан ва Аллоҳ таолонинг динини ўрганишдан иборат нарсани қўшишларининг фурсати келмадими? 

Ҳа, биз бу икки иш ўртасидаги фарқни билиб олишимиз зарур. Агар биз динимизни унутиб, бизни азиз қилган Исломимизга хиёнат қилсак, ушбу очлик ва қурғоқчилик мусибатига дучор бўлишга мажбурмиз. Сизлардан ҳеч бирингиз: «Мана Европаликлар доимо яшиллик неъматидан бахраманд бўлиб келади. Тоғ ва адирларида ҳамиша қор мавжуд, ёмғирлари ҳам тўхтаб қолмайди», деб айтмасин. 

Европа азизликка эришиб олдинга чиқганида бу пешқадамликни ўзларининг ақли, фикри ва дунёвий куч-қудрати билан тўқиб тайёрлаган. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳам уларга: «Барчага  манавиларга ҳам, анавиларга ҳам Роббингнинг атою неъматларидан чўзамиз». 

«Дунёнинг матоҳи оздир, деб айтгин»,  деди. 

 Бу Унинг қонуни ва Унинг қароридир. 

Аммо биз қачон тер тўкиб қийналдик? Қачон биз тараққиёт ва маданиятни Исломсиз ўзимиз тўқиб тайёрладик? Айтинглар, эй дўстларим… Исломсиз бошларидаги ўз хаёл ва гумонлари билан азиз бўлишни истаётган анави кишиларга савол беринглар. Бу уммат қачон ғайрат билан ишлаб ўзи учун маданият ва тараққиётга алоҳида йўл тайёрлай олган? Қачон? 

У бу нарсани фақат Ислом сояси остидагина рўёбга ошира олган холос. Биз Ислом аввалидаги олтин аср деб атаётганимиз даврда ҳам ўзимиз иймон келтирган ва унга ихлос қилган Аллоҳнинг динидан иборат ваҳий сабаблигина тараққиётни амалга оширганмиз. Бизнинг меҳнатимизга тегишли бўлмаган қобилият сабаблари ҳам ана шунда отилиб чиққан эди. Биз бу нарсаларни ўзимиз вафодор ва омонатдор бўлган Исломимиз сабабли амалга оширган эдик. 

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

 

Муҳаммад Саид Рамазон Бутийнинг жума хутбасидан.

22 октябр 1999 йил.

Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллоҳ Ғуломов таржимаси.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Исм осмондан нозил бўлади,, деган нақл бор. Қуръони Каримда .У Аллоҳ Одамга барча исмларни ўргатди,, дейилади. Ушбу маънолардан келиб чиқиб айтганда, шахслар, давоми...

4561 05:00 / 09.03.2017
Аллоҳ азза ва жалла бу дунё ҳаётини яратиб, уни бизга берди ва зиммамизга юклаган вазифаларни ўргатгани каби бизларга унинг мазмунмоҳиятини ҳам ўргатди. Бу давоми...

4517 10:25 / 31.12.2017
Исломнинг умумий хусусиятларидан бири воқеъийликдир.Воқеийлик деганда биз коинот, ҳаёт ва инсон воқеликларини риоя этмоқни назарда тутяпмиз. Ислом ўзининг давоми...

4060 05:00 / 13.03.2017
Ҳийла луғатда ишлар тадбирида ҳозиқлик деган маънони англатади. У кўпинча салбий маънода ишлатилади.Истилоҳда эса луғавий маъносидан хосроқ, бажарувчини бир давоми...

4305 05:00 / 13.03.2017