Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «أُمِرْتُ أَنْ أَسْجُدَ عَلَى سَبْعَةِ أَعْظُمٍ: الْجَبْهَةِ - وَأَشَارَ بِيَدِهِ عَلَى أَنْفِهِ – وَالْيَدَيْنِ، وَالرُّكْبَتَيْنِ، وَأَطْرَافِ الْقَدَمَيْنِ، وَلَا نَكْفِتَ الثِّيَابَ وَالشَّعْرَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Етти аъзо билан: пешона – қўллари билан бурунларига ҳам ишора қилдилар, – икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учи билан сажда қилишга ҳамда кийимлар ва сочни йиғиштирмасликка буюрилдим», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
9. Имомга хос макон қилиш.
Мисол учун, имомнинг ёлғиз ўзи учун махсус баланд жой қилиб қўйиш макруҳдир. Бу аҳли китобларнинг иши.
عَنْ عَدِيِّ بْنِ ثَابِتٍ الْأَنْصَارِيِّ، حَدَّثَنِي رَجُلٌ أَنَّهُ كَانَ مَعَ عَمَّارِ بْنِ يَاسِرٍ بِالْمَدَائِنِ، فَأُقِيمَتِ الصَّلَاةُ، فَتَقَدَّمَ عَمَّارٌ وَقَامَ عَلَى دُكَّانٍ يُصَلِّي وَالنَّاسُ أَسْفَلَ مِنْهُ، فَتَقَدَّمَ حُذَيْفَةُ فَأَخَذَ عَلَى يَدَيْهِ فَاتَّبَعَهُ عَمَّارٌ حَتَّى أَنْزَلَهُ حُذَيْفَةُ، فَلَمَّا فَرَغَ عَمَّارٌ مِنْ صَلَاتِهِ قَالَ لَهُ حُذَيْفَةُ: أَلَمْ تَسْمَعْ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم يَقُولُ: «إِذَا أَمَّ الرَّجُلُ الْقَوْمَ فَلَا يَقُمْ فِي مَكَانٍ أَرْفَعَ مِنْ مَقَامِهِمْ» أَوْ نَحْوَ ذَلِكَ؟ قَالَ عَمَّارٌ: لِذَلِكَ اتَّبَعْتُكَ حِينَ أَخَذْتَ عَلَى يَدَيَّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.
Адий ибн Собит Ансорийдан ривоят қилинади:
«Бир киши менга айтиб берди. У Аммор ибн Ёсир билан Мадоинда бўлган экан. Намозга иқома айтилди. Аммор олдинга ўтиб, дўконда туриб, одамларга имомлик қилди. Одамлар ундан пастда эдилар. Ҳузайфа унинг олдига бориб, қўлидан тутди. Аммор унга эргашди. Ҳузайфа уни пастга туширди. Аммор намозидан фориғ бўлганида Ҳузайфа унга:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Қачон киши бир қавмга имом бўлса, уларнинг маконидан баланд турмасин», деганларини ёки шунга ўхшаш сўз айтганларини эшитмаганмидинг?» деди.
«Шунинг учун қўлимдан тутганингда сенга эргашдим-да», деди Аммор».
Абу Довуд ривоят қилган.
10. Масжидда туриб, меҳробга сажда қилиш бундан мустасно.
Бунда аҳли китобга ўхшашлик йўқ.
11. Олдиндаги сафда жой бўлатуриб, кейингисига туриш.
عَنْ أَبِي بَكْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّهُ انْتَهَى إِلَى النَّبِيِّ وَهُوَ رَاكِعٌ فَرَكَعَ قَبْلَ أَنْ يَصِلَ إِلَى الصَّفِّ، فَذَكَرَ ذَلِكَ لِلنَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم، فَقَالَ: «زَادَكَ اللهُ حِرْصًا، وَلَا تَعُدْ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.
Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъ қилиб турганларида масжидга етиб келди. Сафга етиб боришдан олдин рукуъ қилди. Кейин буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга айтган эди, «Аллоҳ иштиёқингни зиёда қилсин, аммо бошқа қайтарма», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
12. Намозхоннинг кийимида, саждагоҳида ва орқа ҳамда остидан бошқа тарафларида ҳайвон сурати бўлиши макруҳдир.
Бу ҳолатларда намознинг макруҳ бўлиши суратга чўқинадиганларнинг ибодатига ўхшаб қолишидандир. Шунинг учун ҳам сурат хорланадиган жойда, намозхоннинг оёғи остида ва ўтирадиган жойида бўлса, макруҳ эмас. Намозхоннинг орқасидаги суратнинг ҳам зарари йўқ.
Жумлада «ҳайвон сурати» дейилишидан жонсиз нарсаларнинг сурати бўлса, зарар қилмаслиги англашилади.
13. Сурат жуда кичик бўлса ёки боши ўчирилган бўлса, майли.
Узоқдан қараган одам нималигини ажрата олмайдиган даражада жуда кичкина суратлар бўлса, намозга зарар қилмайди. Шунингдек, жонли нарсанинг суратида боши бўлмаса ҳам зарари йўқ. Бунинг далили қуйидаги ҳадисдир:
وَقَالَتْ عَائِشَةُ: دَخَلَ عَلَيَّ رَسُولُ اللهِ وَقَدْ سَتَرْتُ سَهْوَةً لِي بِقِرَامٍ فِيهِ تَمَاثِيلُ، فَلَمَّا رَآهُ هَتَكَهُ وَتَلَوَّنَ وَجْهُهُ، وَقَالَ: «يَا عَائِشَةُ، أَشَدُّ النَّاسِ عَذَابًا عِنْدَ اللهِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ الَّذِينَ يُضَاهُونَ بِخَلْقِ اللهِ». قَالَتْ عَائِشَةُ: فَقَطَعْنَاهُ فَجَعَلْنَا مِنْهُ وِسَادَةً أَوْ وِسَادَتَيْنِ.
Оиша розияллоҳу анҳо айтди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимга кирдилар. Мен токчамга нафис парда тўсиб қўйган эдим. Унда суратлар бор эди. У зот уни кўришлари билан тортиб олдилар ва ранглари ўзгариб:
«Эй Оиша! Аллоҳнинг ҳузурида қиёмат куни энг ашаддий азобга учрайдиганлар Аллоҳнинг яратганига ўхшатишга уринганлардир», дедилар».
Оиша айтади:
«Шунда биз уни бўлиб, битта ёки иккита болиш қилиб олдик».
Мазкур пардадаги суратлар жонли нарсаларнинг суратлари эканлиги шубҳасиз. Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мусулмон кишининг уйида жонли нарсаларнинг сурати бўлмаслиги лозим. Жумладан, ўша сурат пардада бўлса ҳам жоиз эмас.
Аммо кесилган, йиртилган ҳолда болиш ёки шунга ўхшаш оёқ ости бўладиган нарсаларда бўлса, жоиз.
(Давоми бор)
«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди