1446 йил 24 жумадис сони | 2024 йил 26 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Ваҳийнинг узилиб қолиши

21:18 / 15.12.2017 5306 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Каримнинг биринчи оятлари нозил бўлгандан кейин бир муддат ваҳий келмай қолди. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам кутмаган ҳолда ваҳий келди. У зот бу ҳодисадан қўрқиб кетдилар.

Кейинчалик, Варақа ибн Навфалнинг баёнидан ке­йин, ўзларига Аллоҳ таолодан ваҳий келганини англаб етдилар. Ана шундай бир пайтда ваҳий келмай қолди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғир ҳолатга тушдилар. Ўзларини қўйгани жой топа олмай қолдилар. Бундай ҳолат муҳаққиқ уламоларимизнинг таъкидлашларича, беш-олти ой давом этди. Кейин яна ваҳий кела бошлади. Бу ҳолат қандай кечганини қуйи­даги ривоят орқали ўрганамиз.

2730. «Ваҳий узилиб қолгани ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларини сўзлай туриб, Жобир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтади:

«Юриб кетаётган эдим. Бирдан осмондан овоз эшитиб қолдим. Кўзимни (юқорига) кўтариб қарасам, Ҳирода олдимга келган фаришта осмон билан ернинг ўртасида, курсида ўтирибди. Ундан қўрқиб кетдим. Қайтиб бориб, «Мени ўраб қўйинглар, мени ўраб қўйинглар», дедим. Шунда Аллоҳ таоло:

«Эй бурканган! Тур ва огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла! Ва қақшатгич азобдан четлан!»ни нозил қилди. Шундан сўнг ваҳий авжига чиқиб давом этди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Уламоларимиз ваҳийнинг бир муддат узилиб қолиши ҳикматли иш бўлганини таъкидлайдилар. Чунки ваҳийни қабул қилиб олиш оғир иш эканлигини ҳамма билади. Ушбу оғир иш бирданига, кетма-кет бўлса, оғирлик яна ҳам зиёда бўлади. Бир муддат узилганда эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга енгиллик бор. Бунинг устига, у кишида ваҳийга шавқу завқнинг ортиши ҳам ваҳийнинг узилиб қолгани сабабли бўлган.

2731. Яҳё розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Саламадан:

«Қуръоннинг нимаси олдин нозил бўлган?» деб сўрадим.

«Йаа айюҳал муддассир!» деди.

«Иқроъ!» эмасми?» дедим.

Жобир ибн Абдуллоҳдан «Қуръоннинг нимаси олдин нозил бўлган?» деб сўрадим.

«Йаа айюҳал муддассир!» деди у.

«Иқроъ!» эмасми?» дедим. Жобир:

«Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нимани айтиб берган бўлсалар, ўшани айтиб бераман. У зот:

«Бир ой Ҳирони живор тутдим. Живоримни тугатганимдан кейин пастга тушдим. Водийнинг ўртасига етганимда менга нидо қилинди. Олдимга, ортимга, ўнгимга, сўлимга назар солдим. Ҳеч кимни кўрмадим.

Сўнгра менга (яна) нидо қилинди. Назар солиб, (яна) ҳеч кимни кўрмадим.

Сўнгра менга (яна) нидо қилинди. Бошимни кўтариб қарасам – ҳавода, аршда Жибрийл (ўтирибди). Мени қаттиқ титроқ тутди. Хадийжанинг олдига бориб:

«Мени буркаб қўйинглар! Мени буркаб қўйинглар! Устимдан сув қуйишди» дедим. Шунда Аллоҳ азза ва жалла»

«Эй, бурканган! Тур ва огоҳлантир! Ва Роббингни улуғла! Ва кийимингни покла!»ни нозил қилди».

Муслим ривоят қилган. Аллоҳ билгувчироқдир.

Шарҳ: Бу келтирилган маълумотлар орасида ихтилоф бўлиши мумкин эмас. Ровийлардан ҳар бири ўзи эшитган нарсани омонат ила етказган. Ўзи эшитмаган ёки билмаган нарсага аралашмаган. Ушбу мавзуни яхшилаб ўрганган уламоларимиз «Иқро» нубувват бўйича биринчи нозил бўлган, «Йаа айюҳал муддассир!» эса рисолат бўйича биринчи нозил бўлган», дейдилар.

Улумул Қуръон мутахассислари «Иқро» умуман, биринчи нозил бўлган, «Йаа айюҳал муддассир!» ваҳий узилиб қолгандан кейин биринчи нозил бўлган», дейдилар.

«Муддассир» сурасининг аввали нозил бўлиши билан кишиларни Исломга даъват қилиш ҳам бошланди. Шундан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рисолатлари – Аллоҳ таолонинг динини умматларига етказиш иши бошланди. Чунки Аллоҳ таоло Ўзининг охирги пайғамбарига:

«Эй бурканган! Тур ва огоҳлантир!» деган нидони қилган эди.

Бу илоҳий нидо жуда ҳам таъсирчан нидо эди. Ётиш, дам олиш вақти ўтганлиги, туриш, ҳаракат қилиш, кишиларни тўғри йўлга бошлаш, бу ишда дуч келадиган кўплаб қийинчиликларни енгиш они келганидан хабар эди.

«Огоҳлантир!» деганда ғофилларни яқинлашиб келаётган хавфу хатардан воқиф қилиш кўзда тутилган эди. Бу эса бандаларга бўлган Аллоҳнинг раҳматидир. Чунки агар барча халойиқ йўлдан адашиб кетса ҳам ёки ҳамма тўғри йўлдан юрса ҳам, Аллоҳнинг мулки камайиб ёки зиёда бўлиб қолмайди. Лекин Аллоҳнинг Ўз бандаларига раҳмати кенглигидан уларга огоҳлантирувчи Пайғамбарлар юбориб турди.

 Албатта, бу оят ниҳоятда улкан маъно касб этади.

Бу Аллоҳнинг йўлида кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди.

«Ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди!» деган Аллоҳнинг нидоси эди.

Шунинг учун ҳам Хадийжа онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга:

«Бир оз ухлаб олсангиз-чи», десалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Хадийжа, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мавлид тарихига кичик назарОйлар ичида Робиъул аввал ойи ўзига хос шараф ва қадрқимматга эга. Чунки, унда бутун оламларга раҳмат тариқасида юборилган сўнгги давоми...

5022 14:12 / 27.03.2017
2664. Қайс ибн Махрама розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади«Мен ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фил йили туғилганмиз».2665. «Усмон ибн Аффон Қубоса ибн давоми...

4144 17:58 / 21.11.2017
Бизга оламларга раҳмат ва инсоният учун гўзал ўрнак қилиб Расул юборган Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз бўлсинОламларга раҳмат бўлган, башарият учун энг олий давоми...

3800 10:33 / 11.12.2017
2726. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Ҳорис ибн Ҳишом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Сизга ваҳий қандай келади, деб сўради. Шунда Расулуллоҳ давоми...

5069 21:11 / 15.12.2017
Аудиолар

137914 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57952 14:35 / 11.08.2021