1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мавлид

Ваҳий, нубувват ва рисолат ҳақида

18:22 / 09.12.2017 4097 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Ана шундай, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нима, иймон нима – идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганмизни ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан). Огоҳ бўлингким, (барча) ишлар Аллоҳгагина қайтиб борур», деган («Шуро» сураси, 52–53-оятлар).

Шарҳ: «Ат-Тожул жомеъ» китобининг муаллифи шайх Мансур Али Носиф раҳматуллоҳи алайҳи ваҳий, нубувват ва рисолат ҳақида қуръоний маълумот бермоқ ниятида «Шуро» сурасидаги ушбу икки оятни келтирадилар. Аслида улардан олдинги бир оятни ҳам олганларида, яна ҳам мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунинг учун биз ўша қолган аввалги оятдан бошлаб ўрганишга киришамиз. Шояд, ушбу масала бўйича батафсилроқ маълумот олсак.

Аллоҳ таоло:

«Аллоҳнинг башар билан гаплашмоғи бўлмаган, магар ваҳий орқали, ёки парда ортидан ёхуд элчи юборади ва ул У зотнинг изни ила Унинг хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур. Албатта, У Алий ва Ҳакиймдир», деган («Шўро» сураси, 51-оят). 

Инсон зоти учун Аллоҳ таоло билан бевосита гаплашиш муяссар бўладиган нарса эмас. Аллоҳ тао­ло билан башар орасидаги алоқа билвосита бўлади. Воситанинг бир тарафида инсонлар орасидан танлаб олинган энг етук зотлар – пайғамбар алайҳиссаломлар турадилар. Яъни ўша воситали гаплашишга ҳам ҳар бир инсон қодир эмас. Шунингдек, одамлар орасидан танлаб олинган пайғамбарлар ҳам баробар эмаслар, худди осмондаги нур сочиб турган юлдузлар ҳажм ва нур жиҳатидан хилма-хил бўлганларидек, улар ҳам хилма-хилдирлар.

«Аллоҳнинг башар билан гаплашмоғи бўлмаган».

Аллоҳ таолонинг инсон зоти билан бевосита гаплашиши бўлмаган ва бўлиши мумкин ҳам эмас. Чунки ожиз инсон бу мақомга чидай олмайди.

Демак, Аллоҳнинг каломини ваҳий орқали қабул қилиб олишга ҳар бир одам ҳам қодир эмас. Бунга фақат танланган, етук ва маълум сифатларга эга бўлган кишиларгина лойиқдирлар. Ваҳийни қабул қилиб олишга муносиб одамларни Аллоҳ таолонинг Ўзи танлаб олади. Аллоҳ таоло Ўзи танлаб, пайғамбар қилган бандаларига Ўз Каломини қуйидаги уч воситанинг бири ила етказади:

1. «Магар ваҳий орқали».

Ваҳий бирор хабарнинг бандага Аллоҳ томонидан махфий ва тез етказилишидир. Аллоҳ таоло пайғамбар алайҳиссаломнинг қалбига бирор хабарни етказади, пайғамбар эса унинг Аллоҳ таолодан эканлигини дарҳол билади.

2. «ёки парда ортидан».

Аллоҳ таолонинг Мусо алайҳиссаломга Ўзи кўринмай туриб, гапиргани каби.

3. «ёхуд элчи юборади ва ул У зотнинг изни ила Унинг хоҳлаган нарсасини ваҳий қилур».

Бунда Аллоҳ таоло фариштани Ўзи билан пайғамбари орасида воситачи – элчи қилиб юборади. Фаришта келиб, Аллоҳ таоло хоҳлаган нарсани пайғамбарга етказади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тажрибаларида ушбу фаришта воситасида бўладиган учинчи тур ваҳий тўрт хил келган:

Биринчи хили:

Фаришта келиб, ўзи кўринмаган ҳолда керакли хабарни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларига етказар эди. Уламоларимиз бунга мисол қилиб, қуйидаги ҳадиси шарифни келтирадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Муқаддас руҳ (фаришта) менинг қалбимга етказдики, албатта, ҳеч бир жон ўз ризқини мукаммал олмай туриб, ўлмас. Бас, Аллоҳга тақво қилинглар ва талаби ризқни гўзал қилинглар», дедилар.

Иккинчи хили:

Фаришта Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эркак киши шаклида кўриниб, гаплашар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг гапларини ўзларига сингдириб олганларидан кейин қайтиб кетар эди. Фариштанинг Диҳятул Калбий исм­ли саҳобий кўринишида келгани ҳақида ривоятлар кўп.

Учинчи хили:

Қўнғироқ чалинганидек овоз билан келарди. Худди мана шу хили Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам учун қийин кечар эди. Ана ўшанда қаттиқ совуқ кунларида ҳам у зот терлаб кетар эдилар, улов минган бўлсалар, улов чўккалаб қоларди.

Бир марта у зотнинг тиззалари Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг тиззаларига тегиб турганда ваҳий келиб қолиб, Зайд розияллоҳу анҳунинг тиззалари ёрилиб кетай деган.

Тўртинчи хили:

Фаришта пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ўзининг асл яратилган суратида келар эди. Бу ҳолат икки марта такрор бўлган. Ўша марталарда Жибрийл алайҳиссалом қанотлари билан осмони фалакни тўсган ҳолларида кўриниб, пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга хабарни етказганлар.

Кўриниб турибдики, бу ҳаммага ҳам муяссар бўлаверадиган нарса эмас. Бунинг учун Аллоҳнинг ихтиёри ва иноятига, фазлу карамига сазовор бўлган инсон керак. Бунинг учун Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам керак. Бунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк қалби керак!

Аллоҳ таоло Ўз каломини ким орқали, кимга юборишини жуда яхши билади. Аллоҳ таоло Ўзининг охирги ва мукаммал пайғамбарлиги учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни танлади. Аллоҳнинг танлови тўғридир.

«Албатта, У Алий ва Ҳакиймдир».

Шунинг учун ҳам У зотнинг бу танлови олиймақом ва пурҳикмат бўлди.

Аллоҳ таоло кейинги оятларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хитоб қилиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий қандай ва нима учун юборилганини яна бир бор баён қилади.

«Ана шундай, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик. Сен китоб нима, иймон нима – идрок қилмас эдинг. Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганмизни ҳидоят қилурмиз. Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан».

Яъни «Эй Муҳаммад, Биз сендан олдин ҳам пайғамбарларга юқорида баён қилганимиздек услублар ила ваҳий қилиб келганмиз».

«Ана шундай, Биз сенга Ўз амримиздан бир руҳни ваҳий қилдик».

Яъни «Аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек, Биз Ўз ихтиёримиз ва амримиз ила инсоният учун маънавий руҳ қилиб, сенга Қуръонни туширдик».

Аллоҳ таоло бу ояти каримада Қуръони Каримни, Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали юборган сўнгги китобини руҳ – жон деб атамоқда.

Дарҳақиқат, Қуръони Карим инсоният учун маънавий руҳдир. Фақат Қуръони Каримгина инсоният учун маънавий руҳдир. Фақат у билангина инсоният маънавий жиҳатдан тирик бўла олади. Қуръон Аллоҳнинг каломидир. Уни Аллоҳ таолонинг Ўзи Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали нозил қилгандир. Кофир ва мушриклар даъво қилаётгандек, Қуръонни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари тўқиб олган эмаслар. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Чунки ваҳий келмасдан олдин:

«Сен китоб нима, иймон нима – идрок қилмас эдинг».

«Ўқиш, ёзишни ўрганмаган уммий эдинг. Дин нима, диёнат нима, ваҳий нима, илоҳий китоб нима, билмас ҳам эдинг. Агар буларни билганингда, «Ўқиб-ўрганганларидан таъсирланиб, ўзига дин тўқиб олди, энди «Китоб нозил бўлди», деб даъво қилмоқда», десалар бўлар эди».

«Лекин Биз уни бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан хоҳлаганмизни ҳидоят қилурмиз».

Қуръонни сен тўқиганинг йўқ. Уни Биз Ўзимиз бир нур қилиб қўйдик. Ўша нур ила бандаларимиздан кимни хоҳласак, жоҳилият зулумотларидан иймон ёруғлигига чиқарамиз. Ушбу китобга амал қилиб,

«Албатта, сен тўғри йўлга ҳидоят қилурсан».

«Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уники бўлган Аллоҳнинг йўлига (ҳидоят қилурсан)».

Яъни «Эй Муҳаммад, сен одамларни ҳидоят қиладиган тўғри йўл осмонлару ердаги барча нарсаларнинг молики бўлмиш Аллоҳ таолонинг йўлидир. Сен Аллоҳнинг Китоби ваҳийлари ила Аллоҳнинг бандаларини Аллоҳнинг тўғри йўлига ҳидоят қилурсан.

«Огоҳ бўлингким, (барча) ишлар Аллоҳгагина қайтиб борур».

Шунингдек, Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагиларни айтади:

«Биз сенга худди Нуҳ ва ундан кейинги Набийларларга ваҳий юборганимиздек ваҳий юбордик. Биз Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб ва унинг авлодлари, Ийсо, Айюб, Юнус, Ҳорун ва Сулаймонга ваҳий юбордик. Довудга эса Забурни бердик» (163-оят).

Демак, ҳамма пайғамбарларга ваҳий юбораёт­ган, уларни бандалар ичидан танлаб олаётган Зот битта.

Мазкур пайғамбарларга ваҳий юборган ўша Зот Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам ваҳий юборган. Мазкур кишиларни пайғамбар қилиб танлаб олган Зот Муҳаммад алайҳиссаломни ҳам пайғамбар қилиб танлаб олган. Довуд алайҳиссаломга Забурни берган бўлса, Муҳаммад алайҳиссаломга Қуръонни берган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
224Одам ёллар ҳар сафар, Ҳадича савдо учун,Бунга тайёр кўпчилик,бир мунча фойда учун,Хиёнатлар қилар кўп, бу эрлар нафси учун,Амонатдор пок Зотни, кўрсатиб қўйди давоми...

4496 11:53 / 20.12.2017
Мавлидни нишонлаш тарихи, умуман олганда, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига бориб тақалади. Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам давоми...

3631 05:00 / 09.03.2017
Мавлид воситадир, мақсад эмасШаръий насс ndash ҳужжат бўладиган матн билан талаб қилинган, тарғиб қилинган фарз, вожиб, суннат амаллар асл мақсад ҳисобланади. Бундай давоми...

1613 14:30 / 12.10.2021
Аввал хабар қилганимиздек, 6 ноябрь куни шом намозидан сўнг шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасида .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ndash қалблар давоми...

1664 16:09 / 06.11.2021
Аудиолар

137635 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57700 14:35 / 11.08.2021