Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Модомики, инсон Аллоҳ таолога иймон келтирган бўлса, унинг қалбидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат жой олган бўлади. Бу туйғу, айниқса, Набий алайҳиссалом туғилган ой кириб келганда жўш ура бошлайди. Табаррук сана яқинлашган сари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат ва соғинчимиз зиёдалашиб, у зот билан кўришмоқни ич-ичимиздан хоҳлаб қоламиз. Шу тарзда инсон доимий равишда Набий алайҳиссаломни яхши кўрса-да, Робиул-аввал ойида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида кўплаб суҳбатлардан таъсирланиб у зотга нисабатан севгиси юксак даражада намоён бўлади. Дарҳақиқат, Аллоҳга иймон келтириш ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш бир-биридан ажратиб бўлмайдиган нарсалардир ва бирини иккинчисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Аллоҳ таолонинг амрларини бизларга мукаммал қилиб етказган Набий алайҳиссалом: “Ўзингиз, аҳли оилангиз, фарзандларингиз ва мол-мулкингиздан кўра мени кўпроқ яхши кўрмагунингизгача, иймонгиз комил бўлмайди”, деганлар. Бу сўзлар асло кибрланиш ёки ўзини бошқалардан устун қилиб кўрсатиш мақсадида айтилган эмасдир. Аллоҳ бундай хаёлга боришдан асрасин! Бу Яратганнинг буйруғидир! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қўйиш Аллоҳ таолога иймон келтиришнинг бир бўлагидир ва Яратганни севиш учун қўйилган шартдир. Шу тариқа ўз иймон даражасини текшириб кўрмоқчи бўлган ҳар бир инсон қалбида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатни топмоғи лозим. Модомики, инсон юрагида бу каби севги жой олган бўлиб, у Робиул-аввал кунларида кучайса, демак, бу инсон икки дунё бахту-саодатидан умидвор бўлса бўлади, чунки бу Набий алайҳиссаломга муҳаббатдан ва Аллоҳ таолога иймон келтирганликдан дарак беради.
Ҳозирги кунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифаси Аллоҳ таолонинг амрлари ва Каломини одамларга етказишдан иборат бўлган деган гаплар тез-тез учраб турибди. Бу фикрга кўра, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш учун суннатларига амал қилинса бас. Бинобарин, бошқа ҳис-туйғулар ҳақида ҳеч қандай гап-сўз йўқ. Ҳолбуки, бу хато фикр ва сохта важ-корсондир, чунки бундай фараз-тахминларга йўл қўйиладиган бўлса, мўмин билан мунофиқ ўртасида ҳеч қандай фарқ қолмайди-ку? Ахир, мунофиқ ҳам мўмин каби Набий алайҳиссаломнинг ёнларида туриб намоз ўқиган, у зот билан бирга ғазотларда қатнашган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқларини бажарган эмасми? Аслини олганда, мунофиқ мусулмонга зоҳирий хатти-ҳаракатлари билан ўхшаса-да, қалбини бўшлиқ эгаллаган бўлиб, унинг юрагида на Аллоҳ таолога, на Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан заррача ҳам муҳаббат йўқдир. У ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш учунгина Шариат аҳкомларини бажаради. Ҳақиқий мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолога келтирган иймонлари ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари билан бошқалардан ажралиб туришади. Улар айнан шу орқали чин юракдан суннатга амал қилишга эришишади. Робиул-аввал ой кириб келиши билан мўминнинг Набий алайҳиссаломга бўлган муҳаббати юксак даражага етиб, у шу тариқа Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга берган байъатини янгилаб олади, яъни Набий алайҳисаломнинг йўлида содиқ қолиш ҳақида берган сўзида маҳкам туради. Ҳатто қайсидир суннат амали эътиборсиз қолдирилган тақдирда ҳам, бу улуғ кунларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаламни эслаб у зотга бўлган муҳаббатимиз янада кучайиб Набий алайҳиссаломнинг суннатларига яқинроқ бўлишга муваффақ бўламиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш нималигини англаб етишимиз учун у зотга бўлган муҳаббатимизни саҳобалар розияллоҳу анҳумоларни муҳаббатлари билан солиштириб кўришимиз керак.
Саҳобалар розияллоҳу анҳумолар Набий алайҳиссаломга ўз муҳаббатларини қай тарзда намоён қилганликлари тўғрисида бироз тўхталиб ўтсак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳабиб исмли саҳобаларини мушриклар тутиб олиб, ўлдирилган бутпарастлар учун ўч олиш ниятида таҳқирламоқчи бўладилар. Ҳабиб розияллоҳу анҳуни устунга бойлаб, бирма-бир тана аъзоларини кесиб ташлай бошладилар. Шунда мушриклардан бири: “Ҳозир сенинг ўрнингда Пайғамбаринг бўлиб қолишини хоҳлармидинг?”, деб сўраганда, Ҳабиб розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга зирапча санчилган тақдирда ҳам, мен уйда хотиржам, бемалол ўтиролмасдим”, дея жавоб берган экан. Бу ҳайратда қолдирадиган муҳаббат эмасми? Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Набий алайҳиссалом билан бирга ҳижрат қилаётган эдик. Қаттиқ сувсаганимдан чанқоғимни босиш учун муздек сутни олдим. Биринчи бўлиб мешни Набий алайҳиссаломга узатдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сутни ичган сари менинг ташналигим йўқолди”, деб айтиб берганди. Қаранг! Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун шунчалар хурсанд бўлдики, ҳатто ўз чанқоғини унутиб, умуман сут ичгиси келмай қолди. Отаси Ислом динини қабул қилганда Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзини тўлиқ бахтиёр ҳис қилмаганди, чунки Набий алайҳиссаломнинг амакилари мўминлар сафига қўшилмаган эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг юзидаги ёшларга кўзи тушган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абу Бакр! Отанг Ислом динини қабул қилган бу қувончли кунда нега кўз ёш қиляпсан?”, деб сўраганларида Абу Бакр розияллоҳу анҳу: “Исломни қабул қилиб сизга содиқ бўлишга ваъда берган Абу Толиб эмаслигидан йиғлаяпман”, дея жавоб берган экан. Дарҳақиқат, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий алайҳиссаломнинг амакилари Исломга киришини афзал кўрган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан сафарда эдилар. Умар розияллоҳу анҳу бехосдан: “Аллоҳга қасамки, сизни яхши кўраман, ё Расулуллоҳ!” деб юборди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Фарзандларингдан ҳам кўпроқ яхши кўрасанми?” деб сўраганларида Умар розияллоҳу анҳу: “Ҳа” деб жавоб берди. Сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аҳли оиланг ва мол-мулкингдан ҳам суюклироқманми?” деб савол бердилар. Бу гал ҳам жавоб ижобий бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳудан: “Мени ўзингдан ҳам кўпроқ яхши кўрасанми, эй Умар?” деб сўрадилар. Умар розияллоҳу анҳу: “Йўқ” деб жавоб қайтарди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Эй Умар! Мени ўзингдан ҳам кўпроқ яхши кўрганингдагина иймонинг комил бўлади” деб айтдилар. Бироз фикрлаб Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўзидан кўпроқ яхши кўришини англаб етгач, бу ҳақида у зотга айтди. Шунда Набий алайҳиссалом: “Мана энди муҳаббатинг ҳақиқий бўлди” деб жавоб бердилар.
Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан доим бирга бўлган саҳобаларнинг муҳаббати мукаммал эди. Аммо бу у зотни кўрмаган мўмин-мусулмонлар Набий алайҳиссаломни яхши кўрмайди дегани эмас. Бир куни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мени ҳаммадан кўп яхши кўрадиганларни жуда соғиндим” дедилар. Шунда саҳобалар: “Эй Аллоҳнинг Расули! Улар ким? Улар бизнинг орамизда эмасми?” деб сўрашди. Набий алайҳиссалом: “Улар мендан кейин келадиган умматим ичида бўладилар” деб жавоб бердилар. Шак-шубҳасиз, орамизда саҳобалар каби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳаддан зиёд муҳаббат кўйганлар бор, негаки айрилиқдан севги мустаҳкамланиб янада кучаяди. Аллоҳ таолога ишониш ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриш ҳар бир мўминнинг қалбида бор. Набий алайҳиссалом айнан шундай мусулмонларни соғинган эдилар. Башарти мўминнинг қалбида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан муҳаббат бўлса, у ҳолда у оғмай-нетмай Набий алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилади. Чунки у зотга бутун вужуди билан астойдил эргашмоқлик ўша муҳаббат натижасида пайдо бўлган бир мевадир. Ҳадислар орқали бизларгача етиб келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насиҳат ва ўгитларига қандай муносабатда эканлигимизга бир назар ташлаб кўришимиз даркор. Модомики, суннатга амал қилаётган эканмиз, бу икки дунё бахту-саодатига эришмоқликнинг далолатидир. Мабодо, юриш-туришимиз ва қилаётган ишларимиз суннатга мос келмаётганини пайқасак, дарҳол ўзларимизни ўнглаб олишимиз керак. Бунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларини чуқурроқ ўрганиб, у зотга кўпроқ салавотлар айтишимиз лозим. Шундагина нажот топамиз, негаки ҳадиси шарифда айтилганидек: “Эй одамлар! Аллоҳни зикр қилинглар! Қиёмат яқин! Ўлим яқин”. Бу сўзларни эшитган бир саҳоба: “Эй Аллоҳнинг Расули! Мен сизга кўп салавот айтаман. Уни айтишга қанча вақт сарфлай?” деб сўраганида, Набий алайҳиссалом: “Хоҳлаганинча” дедилар. Шунда саҳоба: “Вақтимнинг тўртдан бир қисмини кетказаман” деб айтди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга қарата: “Қурбинг етганича. Қанча кўп салавот айтсанг, шунча ўзинг учун яхшидир” дедилар. Саҳоба: “У ҳолда вақтимнинг учдан бирини сарф қиламан” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу ҳам етарли эмас, салавот айтишни зиёда қилсанг ўзингга фойда” дедилар. Шунда ҳалиги саҳоба: “Вақтимнинг ярмини салавот айтишга бағишлайман, ё Расулуллоҳ!” деди. Набий алайҳиссалом: “Бу ҳам сен учун хайрлидир” дедилар. Саҳоба буни ҳам кам санаб: “Эй Аллоҳнинг Расули! Ундай бўлса, фарз амалларидан ташқари бўлган бутун вақтимни салавот айтиш билан ўтказаман” деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ҳолда Аллоҳ таоло сендан азоб-уқубатларни кетказади ва гуноҳларингни кечиради” дедилар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишда мўминлар учун улкан нажот ва Аллоҳ таолонинг мислсиз ажру-мукофотлари бор. Зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Эй иймон келтирганлар! Унга саловот айтинг ва салом йўлланг.” (Азҳоб, 56). Қадрдон диндошлар! Аллоҳ таолонинг Ўзи Ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтаётганда, фаришталар Набий алайҳиссалом шаънларига мақтовлар айтаётганда, биз ҳам бундай гўзал ибодатдан бебаҳра қолмайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улуғланаётган бундай ажойиб мажлисдан мосуво бўлишимиздан Аллоҳ асрасин. Эй биродарлар! Келинг, Аллоҳ таоло ва Унинг фаришталари билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга салавотлар айтишни ўзимизга одат қилиб олайлик!