1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ароқ ичиш ҳақидаги фиқҳий қарашлар

05:00 / 19.01.2017 15976 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Иймон заволи бўлмиш ичимлик Аллоҳ таолонинг каломида «Моида» сурасининг 90-91 оятларида қатъиян ҳаром қилинган:


يا ايها الذين امنوا انما الخمر والميسر والأنصاب والأزلام رجس من عمل الشيطان. فاجتنبوه لعلكم تفلحون. انما يريد الشيطان ان يوقع بينكم العداوة والبغضاء فى الخمر والميسر ويصدكم عن ذكر الله وعن الصلوة فهل أنتم منتهون

«Эй мўъминлар гуруҳи, дарҳақиқат хамр – барча маст қилувчи нарсалар шунга дохилдир, ва қимор – бу ҳам умумийдир, нард, ошиқ, тухум ва бошқа (ўйналадиган) нарсалар, ва бутларки, ибодат қилишга тайёрланган ва қўйлар сўйиладиган санамлар (баъзи тақводор уламоларимиз қабристонларга олиб бориб сўйиладиган қўйларни ҳам шунга киритганлар) ва фолбинлик таёқлари палиддир, нажосатдир. Шайтоннинг васвасаси, зийнатлаб кўрсатган нарсасидир. Бас, ушбу нажосатлардан сақланинг. Шоядки, шу сақланиш ила (дўхахдан) қутулсангизлар. Албатта шайтон хоҳлайдики, сизларнинг орангизга ароқ ичишда ва қимор ўйнашда душманлик ва хусуматлар солишни хоҳлайди. Сизларни Аллоҳни ёд қилишдан қайтаради ва намоздан қайтаради. Бас, сизлар (энди) тўхтайсизларми?!»

«Тафсири Ҳусайний»да ушбу оят остида ароқнинг ҳаромлигига мана шу оятнинг ўзидан ўнта далил топиб айтилган. Улар ҳақида бошқа мақолалар ва нашр юзини кўрган асарларда батафсил сўз юритилган. 

Мазкур ояти карима билан ароқнинг ҳаромлигини эълон қилган Ислом дини унинг ичувчисини мана бундай сифатлади:

ولايشرب الخمر حين يشربها وهو مؤمن

«Хамр(ароқ) ичувчи мўъмин ҳолида ароқ ичмас».

Имом Муслим ривоятидаги саҳиҳ ҳадиси шарифда Жаноби Расули Акрам (с.а.в.) мана бундай:

كل مسكر خمر وكل خمر حرام

«Ҳар бир маст қилувчи ароқдир. Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир», деб бизга ҳар қандай номда бўлиши-ю, қандай тайёрланишидан қатъий назар, маст қилувчи ҳар нарса шароб каби ҳаромлигини англатмоқда. 

Ҳатто «Ароқ ёмонликлар, ифлосликлар онаси» деган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жанобимиз:

كل مسكر خمر، وما أسكر كثيره فقليله حرام

«Маст қилувчи ҳар қандай нарса ароқ ҳукмидадир. Маст қилувчи нарсанинг кўпи ҳам, ози ҳам ҳаромдир» деб унинг томчисини ҳам ҳаром қилди. Унинг аввалию охирги қадаҳини ҳам ҳаром айлади: كُلُّ مُسْكِرٍ حَرَامٌ أَوَّلُهُ وَآخِرُهُ – "Ҳар бир маст қилувчи нарсанинг аввали ва охири ҳам ҳаром!".

Бу билан ҳам шариат соҳиби қаноат қилмасдан одамлар ул балодан ниҳоятда ҳазар қилсинлар, деб бундай дедилар:

لعن الله الخمر وشاربها وساقيها وبائعها ومبتاعها وعاصرها ومعتصرها وحاملها والمحمولة إليه وَآكِلَ ثَمَنِهَا

«Аллоҳ таоло ароқни, уни сиққанни ва сиқтирганни, ичганни, ташиганни ва унга ёрдам берганни, сотганни ва сотиб олганни, ичувчига берганни, ичкилик сотиладиган ва тарқатиладиган ерларни (майхона, тўйхона, ароқ сотадиган дўкон, кафе ва барларни), пулини еганни лаънат этди». (Абу Довуд, Байҳақий, Ҳоким ривоятлари).

Ҳалол нарсага ҳеч қачон лаънат айтилмайди. Лаънат фақат куфр ва ҳаромга ишлатилади. Шунинг учун ҳам ароқ ичганнинг қирқ кунлик намози қабул этилмайди, дейилади ҳадиси шарифларда. 

Яна Пайғамбаримиз (с.а.в.) марҳамат қилган мана бу ҳадисни ҳеч ҳам эсдан чиқармаслик керак:

ثلاثة قد حرم الله عليهم الجنة مدمن الخمر والعاق والديوث الذي يقر في أهله الخبث

«Ҳақ таоло шул уч кимсага жаннатни ҳаром қилган: Ичкиликка ружуъ қўйганлар. Ота-онага осий бўлганлар. Хотини хиёнат қилганини билгани ҳолда, у билан яшаган эркаклар яъни даюслар». (Имом Аҳмад ривояти).

Юқоридаги ояти карима ва ҳадиси шарифлардан ароқ ичиш ҳаромлиги маълум бўлди: 

Демак, ароқнинг томчиси ҳам ҳаром, унинг бир томчиси бир тонна сувга тушса, сувни ҳам ҳаром қилиши тайин. 

Демак, ароқ ҳаром. Унинг ҳатто бир томчиси ёки «ўзи ҳалол, мастлиги ҳаром» дейиш инсонни диндан чиқариши тайин. 

«Менга ҳеч нарса қилмайди, менга бўлаверади» деб ароқ ичса, унинг иймонига зарар қилиши, уни бу дунёда ҳам, нариги оламда ҳам, шарманда қилиши тайин. Севимли хотини талоқ бўлиши аниқ.

Лекин бул жумлалардан ароқхўр кофир, мусулмон эмас деган гап чиқмайди. Мусулмон ароқхўрнинг иймони борлигига шак йўқ. Башарти, у ароқни ҳалол деб ичмаса бўлди. Агар ароққа ёрилиб ўлса ҳам у мусулмон ҳолида ўлади. Тобутга эмас, унга, унинг ўзига жаноза ўқилади. Башарти, у ароқ ичаётганда уни ҳалол деб эътиқод қилмаса бўлди. Зеро, бизнинг эътиқодимиз мана бу:

و الكبيرة لا تخرج العبد المؤمن من الإيمان و لا تدخله فى الكفر

«Кабира гуноҳ (ароқ ичиш гуноҳи кабирадир) мўъмин бандани иймондан чиқармайди ва уни куфрга, кофирликка киритмайди» деган «Ақойиди Насафиййа» китобидаги умумий қоидадир.

Лекин машойихларимиз ароққа ёрилиб ўлганга, зино устида ўлиб қолганга, ошкора фолбинлик билан шуғулланадиган кимсага, ота-онасини урган фарзандга юртнинг обрўли кишилари, имом домлалар жаноза ўқимасин, деб тавсия қилганлар. Жумладан, бу фатво "Радд ал-муҳтор"да ҳам ўз аксини топган. Шунда халқ бу ишларнинг қаттиқ гуноҳ эканлигини англайдилар. 

Аммо бундай гуноҳкор кимсалар ҳам жанозасиз кетмаслиги керак. Зеро ҳар қандай, яхши-ёмон мусулмонга жаноза ўқиш вожибдир. Зотан, ақида китобларимизда:

و تجوز الصلاة خلف كلّ برّ و فاجر و يصلى على كلّ برّ و فاجر 

"Ҳар бир яхши ёмон кимсанинг орқасида намоз ўқиш жоиз бўлади (ёмоннинг орқасидаги намоз макруҳ бўлиши мумкин албатта) ва ҳар бир яхши ва ёмон инсон (албатта мусулмон)га жаноза ўқилади", деган ақидавий қоида қатъий битилган.

Ана энди, ароқ ичганнинг мусулмон эканлигини билиб олдик. Мусулмонга эса шаръий ҳукмлар жорий бўлаверади. Масалан, ароқ ичган одамга дарра урилиши. Озод одам ароқ ичган бўлса, унга 80 дарра урилади. Қулга эса 40 дарра урилади. Агар бу дунёда урилмай қолса, қиёматда албатта урилади. Бу ҳукм бир қултум, бир томчи ичган бўлса ҳам шундайдир. У оғзидан ҳиди келиб турганда ушланиши ёки ақли зойил даражада маст ҳолатда ушланиши ёки ўзи иқрор бўлганда ёки ароқ ичганига икки эркак гувоҳлик берганда қози ҳукми билан дарра урилади.

Бу ерда мастликнинг даражаси, Имоми Аъзам раҳимаҳуллоҳ наздида, ароқ ичган одам ҳеч нарсани, ҳатто еру осмонни ажратолмайдиган ҳолатдир. Имомайн р.ҳ. (Имом Муҳаммад ва Имоми Абу Юсуф)лар наздида эса беҳуда гапира бошласа, у мастдир. Машойихларимизнинг аксари мана шу қавлни олишган. Имом Шофиий (р.ҳ.) наздида эса мастнинг мастлиги юриш-туриши, ҳаракатлари ўзгарганидан маълум бўлади. Демак, маст одам ана шу айтилган даражада ёки ундан ўтган даражада ушланса унга ҳадд урилади. Унинг пастида эса урилмайди.

Энди, ароқ ичмайдиган ёки ичмаган мусулмонни «Эй ароқхўр!» деб ҳақоратласа, ҳақорат қилганни таъзирини бериб қўйиш учун 39 даррагача урилади. Зеро, ароқ ифлос нарса. Мусулмонни ифлос нарсалар билан масхаралаш, ҳақорат қилиш дуруст эмас.

Юқорида мастлик даражаси беҳуда гапира бошлаш деб олинди. Агар шундай маст бўлиб қолган одам диндан қайтса, динни масхара қилса ёки алфози куфр айтган бўлса, у диндан қайтган, деб ҳисобланмайди. Зеро, бу эътиқодий ишдир. Уни мусулмонмас дейиш тўғри эмас.

Ароқхўрга дарра урилганда кийимлари ечиб олиниб, ўтирғизиб қўйилиб (ётғизиб эмас), даррани (орасини) бўлиб-бўлиб урилади.

Лекин, юқорида айтилган мастлик даражасига етган-етмаган, ўтган-ўтмаган ҳар қандай ароқ ичган одам бир нарсага иқрор бўлганда, бирор нарсага қасам ичганда, хотинини талоқ қилганда, қул озод қилганда унинг бу қилмиши жорий бўлади. Яъни, иқрори иқрор, қасами қасам, никоҳи никоҳ, талоғи талоқ бўлади. Бу ароқхўрга нисбатан зажр учундир. «Билмай қилдим, ҳеч нарса эсимда йўқ, онамга ҳам, хотинимга ҳам, қизимга ҳам талоқ деяверибман. Уйга бировлар олиб келиб ташлаб кетибди» деган баҳоналар ўтмайди. Хотинига талоқ дедими, талоғи талоқ. Ҳукм шу! Шунга ўхшаш, ароқхўрнинг талоғи талоқ бўлгандан кейин, ўз-ўзидан, никоҳи ҳам никоҳ бўлади. Савдоси ҳам савдо бўлади. Ароқ ичиб қўйган янги куёвга, ароқ ичибсан, деб никоҳ қиймаган мулла охиратда жавоб беради. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ахир келин-куёв никоҳсиз бирга бўладими?! Уларнинг бир дақиқа ҳам никоҳсиз ёлғиз қолишларига ҳаққи йўқ. Муллалар уларнинг никоҳсиз бирга бўлишларига асло йўл қўймасликлари керак. Билимимиз озлиги сабабли, ҳимматимиз, шижоатимиз йўқлиги сабабли қанча-қанча фитналарга, гуноҳларга сабаб бўляпмиз.

Ароқ ичган одамнинг таҳорати синадими-синмайдими деган масалада «Шарҳ ул-Виқоя» соҳиби ароқ ичганнинг юриши ўзгарса (яъни, юрганда бориб-келиб, ҳар тарафга оғиб юрса) таҳорати синган, деганлар. Агар шундай бўлмаса, таҳорати синмайди, дейдилар. Бировлар эътироз билдириб юрмасин деб, ушбу ҳукм саҳиҳ эканлигини ҳам таъкидлаб қўядилар. 

Демак, ароқ ичган одам ҳали дандираклаб юрмаётган бўлса, унинг таҳорати синмайди. Таҳорати синмаётган экан, у намоз ҳам ўқий олади. Зеро, ҳали ундан шаръий таклиф кўтарилган эмас.

«Нисо» сурасининг 43 оятидаги Аллоҳнинг мана бу буйруғи:

يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَقْرَبُواْ الصَّلاَةَ وَأَنتُمْ سُكَارَى حَتَّىَ تَعْلَمُواْ مَا تَقُولُونَ

«Эй Худо-у расулга ишонган кимсалар, ҳолбуки, сизлар хамр ва бошқа маст қилувчи ичимликлардан маст экансизлар, намозга яқинлашманг. Ҳатто намозда нима ўқиётганингизни (деяётганингизни) билгунларингизгача».

Биринчидан, ушбу ояти карима «Моида» сурасининг 90-91 оятлари билан мансух бўлганлиги маълум.

Иккинчидан, ушбу ояти карима «Тафсири Ҳусайний» соҳиби айтганидек: «Бу наҳий – Худонинг қайтариғи айни намоз учун эмас, чунки, у буюрилган ибодатдир. Балки, бу ибодат адосидан тўсадиган мастликни касб қилишдан қайтариқдир».

Демак, юқорида зикр қилинган таҳорати синмайдиган даражада маст бўлмаса, унга гарчи ароқ ичган бўлса ҳам намоз ўқиш фарздир. Намозни қолдиришга, қазо қилишга ҳаққи йўқ. Аммо таҳорати синадиган даражада ароқ ичган бўлса, ақли ўзида бўлмаса, мастликдан ойилганча намозни қолдириб туради. Мастликдан ойилгандан сўнг, албатта, ўқилмай қолган намозининг қазосини ўқийди.

Лекин, бу дегани ароқ ичиб намоз ўқийверсин, дегани эмас, асло. Ароқдан ҳазар қилмоқ кераклигини айтган эдик. Зотан, ароқхўрнинг намози қирқ кунгача қабул бўлмаслиги ҳақидаги ҳадиси шарифлар ҳам бор. Астағфируллоҳ! 

مَنْ شَرِبَ الْخَمْرَ فَسَكِرَ لَمْ يُقْبَلْ لَهُ صَلاَةٌ أَرْبَعِينَ صَبَاحًا ، فَإِنْ تَابَ تَابَ الله عَلَيْهِ ، فَإِنْ شَرِبَهَا فَسَكِرَ لَمْ يُقْبَلْ لَهْ صَلاَةٌ أَرْبَعِينَ يَوْمًا ، فَإِنْ تَابَ تَابَ الله عَلَيْهِ ، فَإِنْ شَرِبَهَا فَسَكِرَ لَمْ يُقْبَلْ لَهُ صَلاَةٌ أَرْبَعِينَ يَوْمًا ، فَإِنْ شَرِبَهَا الرَّابِعَةَ كَانَ حَقًّا عَلَى الله عَزَّ وَجَلَّ أَنْ يَسْقِيَهُ مِنْ عَيْنِ ، أَوْ نَهْرِ الْخَبَالِ ، قِيلَ : وَمَا عَيْنُ ، أَوْ نَهْرُ الْخَبَالِ ؟ قَالَ : صَدِيدُ أَهْلِ النَّار

"Кимки ароқ ичиб маст бўлса, Аллоҳ унинг қирқ тонг намозини қабул қилмайди. Агар ароқ ичса, Аллоҳ унинг қирқ кун намозини қабул этмайди. Агар тавба қилса, Аллоҳ тавбасини қабул қилади. Агар яна ичса, қирқ кун намозини қабул қилайди. Агар тўртинчи бор ҳам ичадиган бўлса, Аллоҳ азза ва жалла уни барбод қилувчи ариқ ёки булоқдан ичиришга ҳақдор бўлади". "Барбод қилувчи ариқ ёки булоқ", деганингиз нимаси?" деб сўралди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "У дўзах аҳлининг йирингларидан пайдо бўладиган ариқ ёки булоқ", дедилар".

Имом Бухорий ўзининг "Таърихи кабир" асарида ривоят қилган ҳадисга эътибор беринг:

لاَ يَقْبَلُ الله لِشَارِبِ الْخَمْرِ صَلاَةً مَا دَامَ فِي جَسَدِهِ مِنْهَا شَيْء

"Аллоҳ ароқ ичувчининг намозини, мадомоки ўша ароқдан бирор нарса жасадида бўлар экан, қабул этмайди!".

Намозни қабул қилиш Аллоҳнинг иши, буюрилган намозни ўқиш эса банданинг иши. Банда буюрилган ишни қилиши керак! Шунинг учун у ароқ ичиб, айб иш қилиб қўйганидан сўнг намоз ўқимасдан юра олмайди, намозини ўқийверади. Бўйнидаги фарзни гуноҳкор ҳолида бўлса ҳам банда соқит қилиши лозим! Мана шу нозик жиҳатни унутмаслик керак.  

Ароқ ҳақида гап очилганда доим «Шифо учун ароқ ичса бўладими?» ва «Саҳрода сувсиз қолганда ароқ ичиладими?» деган иккита савол ўртага тушади. 

Пайғамбаримиз (с.а.в.): «Ҳаром нарсада мўъмин учун шифо йўқ» деган мазмунда марҳамат қилганлар. Уламоларимиз, ул зоти шариф: «Аслида шифоси йўқ нарсаларда шифо йўқ» деган фикрда эдилар, деб таъвил қилганлар бу ҳадиси шарифни. Мавлоно Алий ал-Қори ҳазратлари «Мухтасари виқоя»нинг шарҳида «Кароҳият китоби»да: «Агар мусулмон моҳир табиб маълум бир касалликка ароқдан бошқа ҳеч қандай шифо қолмади. Касалга ароқ ичирилса, шифо топади» деб гувоҳлик берса, ўша касалнинг табиб кўрсатганидек, ароқ ичиши мубоҳ бўлади. Яъни бу ҳам ихтиёрий» деб ёзганлар. Демак, масала ойдин. Мусулмон табиб гувоҳлик беради, мусулмон табиб бўлганда ҳам моҳир, тажрибали, ҳамма тан олган мусулмон табибгина гувоҳлик беради. Шундагина касалга касаллиги тузалиши миқдоридагина ароқ ичиши мубоҳ бўлади. Барча ҳаром нарсаларни (ит, ит ёғи, тўрсиқ, типратикон-кирпи, тошбақа гўштини) шифо ниятида ейишнинг ҳукми мана шундайдир. Яъни, уларни ҳам ўз-ўзидан шифо бўлади, деб ейилавермайди, асло. Табиби ҳозиқ юқоридагидек, гувоҳлик бергандан сўнггина улар ейилиши мумкин.

Саҳрода бир одам қолиб кетганда унинг ейдиган, ичадиган нарсаси қолмабди. Излабди, юрибди, қидирибди – сув топа олмабди. Силласи қуриб йиқилиб қолибди ҳам. Ўлим аниқ кўзига кўриниб кетибди. Ана шу ҳолатдагина унга сув топиб оладиган ерга етиш миқдоридагина ароқ ичишга рухсат беради шариат. Зеро, инсоннинг ҳаёти ҳаром-ҳариш масалаларидан устун туради шариатда. Лекин бундан ортиғи эса ҳаром. Ана шу ҳолатга етмасдан олдин ичиши ҳаром.


ХУЛОСА:


Шундай қилиб, мастликда даража бор экан. Унинг даражаси уч хил бўларкан: 

Биринчиси, кимки осмону ерни ажрата олмайдиган даражада ёки ундан баттар бўлса, шаксиз унга дарра урилади. Ана шу даражада бўлса, унинг куфри куфр бўлмайди. Агар паст бўлса, куфри куфр бўлади, наъузу биллоҳ. Бу Имоми Аъзамнинг қавлидир. Лекин Имомайнлар беҳуда, пойинтар-сойинтар гапира бошлашни чегара деб билганлар. Фатво ана шу қавлгадир. Яъни, беҳуда гапира бошласа, уни ушлаб ҳад (дарра) урилади.

Иккинчиси, ҳеч қандай даража белгиланмайди. Бунга муомалотларда – никоҳ, талоқ, савдо, қасамларда шундай қилинади. Яъни, қандай маст бўлмасин, унинг шул қилган, айтганлари инобатга ўтади. Демак, қандай маст бўлмасин, никоҳи никоҳ, талоғи талоқ, савдоси савдо, қасами қасам бўлади. 

Учинчиси, ибодатда – юриши ўзгариш даражасидир. Яъни, мастнинг юриши ўзгарса, таҳорати синади, намоз ўқий олмайди. Агар юриши ўзгармаса, таҳорати синмайди, намозини ўз вақтида ўқийди.

Ароқ ичишнинг мубоҳ – ихтиёрий бўлишида шартлар бор. Ичиш охирги имконият эканини табиби ҳозиқ, маҳоратли шифокор, ишончли мутахассис қатъий туриб тавсия қилгандагина ичиш ихтиёрий бўлиши мумкин. Мазкур шартлар мавжуд бўлгандагина ароқ ичиш ихтиёрий бўлади. Шартлар йўқ экан, ароқ томчиси ҳам ҳаромлигича қолаверади.

Ана! Ифлос ароқ ҳақида айрим маълумотларни билиб олдик. Худога шукр! Ҳаммага амал қилиш насиб қилсин!


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони карим, Суннати мутоҳҳара, исломий илмлар ва хусусан, фиқҳий илмлар сабабли араб тили жуда ҳам ривожланди, оддий саҳровий халқ тили шеър ва хутба тилидан давоми...

5862 13:50 / 24.05.2019
. . . Душман хавфи шиддатлашса, имом бир тоифани душман томонга қўйиб, бошқа тоифа билан икки ракъатли намозда бир ракъат, бошқасида давоми...

1220 19:00 / 16 май
Фиқҳ китоблари ёзилиш шаклига кўра ҳам бир неча турга тақсимланади. Баъзиларида алоҳида бир мазҳабнинг, тўғрироғи муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар давоми...

3436 05:00 / 18.01.2017
. ,. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким намозда қайт қилса ёки бурни қонаса, бурилиб чиқсин, давоми...

2458 00:00 / 11.11.2022