1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Зарурий дуолар (3-қисм)

22:04 / 23.11.2017 13468 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон ҳаёти одамлар орасида кечади, вақт ўтиб бу ҳаёт ўзига хос қиссага айланади. Унда ички қарама-қаршиликлар рўй беради. Бу қисса гоҳо ибрат ва намуналарга эга бўлиб, инсонлар орасида тарқайди.

Имом Аҳмад “Муснад”да қуйидаги ривоятни келтирадилар: “Абдураҳмон ибн Абу Бакр отасидан сўради: “Сизнинг: “Ё Роббим, баданим, кўзим ва қулоғимни саломат қил, унга офият бер. Сендан бошқа илоҳ йўқдир”, деб ҳар тонгда ва кеч кирганда уч мартадан дуо қилаётганингизни эшитаман. Яна эрта ва кечда: “Аллоҳим, Сендан куфр ва фақирликдан паноҳ беришингни сўрайман. Аллоҳим, Сендан қабр азобидан паноҳ беришингни сўрайман. Сендан бошқа илоҳ йўқдир”, деб уч марта дуо қиласиз”, деб сўради. Отаси: “Ҳа, тўғри, ўғлим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай дуо қилганларини эшитганман. Мен бу билан у зот алайҳиссаломнинг суннатларига амал қилишни хоҳлайман”, деб жавоб бердилар”.

Иймонсиздаги фақирлик балодир. Мўминдаги фақирлик эса розилик ва мулойимлик ҳамда сабрдир. Бунинг натижаси эса жаннатдир. Аммо бу ўринда ҳам дуо жуда катта аҳамиятга эга. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом айтдилар: “Ғамгинлик дуолари “Аллоҳим, раҳматингдан умидворман, бир кўз очиб юмгунимча ўз ҳолимга ташлаб қўймагин, ишларимнинг барчасини Ўзинг ислоҳ қилгин” дуоси бўлиб, буларнинг баъзилари соҳибига зиёда қилур”. (Абу Довуд ва Аҳмад ривояти).

Бир марта шундай Қудсий ҳадис эшитгандим: “Эй бандам, сен Мен ирода этгандек бўл. Сени ислоҳ этадиган нарсаларни Менга ўргатма”, яъни хотираларингни қийнама, ҳожатингни эслатма, чунки Мен ҳожатларингнинг барчасини биламан.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссаломни бирор иш маҳзун этса: “Ей Ҳайй ва Қойюм Зот, раҳматинг билан ёрдам сўрайман”, дер эдилар” (Термизий ривояти).

Яъни хонадонимда, ишимда, соғлигимда, фарзандларимда, уларнинг келажагида, ота-онамнинг мендан рози бўлишларида ва барча ижтимоий алоқаларимда Сенинг раҳматингдан умидворман.

Ривоят қинишича, бир сахий инсоннинг олдига эҳтиёжманд аёл ёрдам сўраб келди. Сахий инсон у аёлга жуда кўп нарса берди. Буни кўриб турган ҳалиги кишининг ёнидагилар: “У озгина нарсага ҳам рози бўлиб кетаверарди. Ҳолбуки, у аёл сизни танимаса”, дейишди. Бу гапни эшитган сахий инсон: “У оз нарсага рози бўлса ҳам, мен фақатгина кўпига рози бўламан. У мени танимаса ҳам, мен ўз нафсимни жуда яхши биламан”, деди.

Оддий сахий банданинг ҳоли шу экан, Аллоҳнинг карами қандай бўлишини бир ўйлаб кўринг! Шундай экан, бирор банда Аллоҳдан сўраса, озгина нарса сўрамасин. Тасаввур қилинг: бир давлатнинг фуқароси подшоҳ олдига кирса-ю, подшоҳ ундан нима талабинг бўлса сўра деб турган бўлса, у: “Фақатгина оддий қалам беришингизни сўрайман”, деса, атрофидагилар унга: “Подшоҳдан битта улов (машина) сўра, чунки подшоҳимиз берадиган нарсаларанинг энг ками машинадир”, дейишади. Бундай инъомга эга бўлган инсон ердаги оддий подшоҳлардан бири, холос. Бутун борлиқнинг Моликидан сўрасангиз қандай бўларкин-а?! Агар банда У зотдан дини, дунёси ва охиратида афв ва офият беришини сўраса, Аллоҳ буни ижобат қилишга қодирдир. Қунут дуосида оз нарса борми!: “Ё Роббим, ҳидоят қилган бандаларинг қаторида мени ҳам ҳидоят қил, офият берган бандаларинг қаторида менга ҳам офият бер, бошқарув берган бандаларинг қаторида менга ҳам (нафсим) бошқарувини бер, Ўзинг инъом этган нарсаларингга барака ато эт, яратган нарсаларинг ёмонлигидан мени асра, чунки Сен қазо қилувчисан, Сенинг устингдан ҳукм қилинмайди, Сен дўст тутган кимса ҳеч тойилмайди” (Ҳасан ибн Алидан “Сунани Термизий”).

Набий алайҳиссалом бирор ишдан ташвишлансалар, муборак бошларини осмонга кўтариб: “Улуғ Роббим нолойиқ сифатлардан покдир”, дер эдилар. Агар дуога киришсалар: “Эй Ҳайй ва Қойюм Зот, раҳматинг билан ёрдам сўрайман”, деб дуо қилардилар (Термизий ривояти).

Набий алайҳиссалом бир ишни қилишни хоҳласалар, дуо қилардилар. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ бирор иш қилишни хоҳласалар: “Роббим, энг яхшисини мен учун ихтиёр этгин ва мен учун хайрли қилгин”, деб дуо қилардилар (Термизий ривояти).

Агар бир одам олмос сотувчи ёки заргар дўстининг олдига келиб: “Менга мана бу узукни бер”, деса, сотувчи унга бирорта узузкни беради. Кейинроқ у қалбаки экани маълум бўлиб қолади. Аммо у сотувчи дўстига: “Мен учун энг яхшисини танлаб бер”, деса, у ўзидаги энг қиммат турувчи узукни танлаб беради. Бу ҳам Набий алайҳиссаломнинг Роббиси билан бўладиган муомалаларидир: “Роббим, энг яхшисини мен учун ихтиёр этгин ва мен учун хайрли қилгин” (Термизий ривояти).

Бир инсон Ҳайит байрамлари муносабати билан кўйлак ёки шим ёхуд оёқ кийим сотиб олса, янги кийим учун ҳам муносиб дуо борлигини билармикин!? Албатта, бу борада ҳам Набий алайҳиссаломнинг суннатлари бор. У зот алайҳиссалом янги кийим кийганларида қуйидаги дуони ўқир эдилар.

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги кийим олсалар, унинг номини айтиб, сўнг: “Аллоҳим, Сенга ҳамд бўлсин, Сен мени кийинтирдинг, Сендан унинг яхшилигини сўрайман ва ёмонликларидан паноҳ сўрайман”, деб дуо қилардилар” (Термизий ривояти).

Ёмғир ёғган пайтда Набий алайҳиссалом қуйидагича дуо қилар эдилар:  Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом ёмғирни кўрган пайтларида: “Аллоҳим, ушбу ёмғирни хушёқувчи ва фойдали қилгин”, дер эдилар (Бухорий ривояти).

Янги чиққан ойни кўрганларида қуйидагича дуо қилардилар. Талҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги ойни кўрганларида: “Аллоҳим, ушбу ойни бахт ва фароғат, иймон ва ислом ҳамда саломатлик билан бошланишини насиб этгин”, деб дуо қилар эдилар”.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган яна бир ҳадисда эса: “Аллоҳу акбар, алҳамду лиллаҳ, лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ. Эй Роббим, Сендан ушбу ойнинг яхшиликларини сўрайман,  қадар ва ҳашрнинг ёмонликларидан паноҳ сўрайман”, деб дуо қилганлари ривоят қилинган (Имом Аҳмад ривояти).

Бозорга кирганларида эса: “Аллоҳ номи билан, эй Аллоҳим, Сендан ушбу бозорнинг ва ундаги нарсаларнинг яхшилигини сўрайман, унинг ва ундаги нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрайман. Ёлғон қасам ва зарарли савдодан паноҳ сўрайман”, дер эдилар.

Набий алайҳиссаломга илк пишган мевалар олиб келинса, уни аввал юзларига, сўнг лабларига босиб: “Эй Роббим, ушбу меванинг аввалги пишганини кўрсатганинг каби охиргиларини ҳам кўришни насиб эт”, деб дуо қилардилар ва уни ўзлари емасдан, олдиларидаги ёши энг кичик бўлган болага берардилар. Чунки ёш бола мевани жуда ҳам яхши кўради.

Абдураҳмон ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саккиз йил хизмат қилган бир киши у зотга айтиб берган экан: “Набий алайҳиссаломга бирор таом келтирилса, “Бисмиллаҳи”, дер эдилар. Таомланиб бўлганларидан кейин эса: “Аллоҳим, мени таомлантирдинг, сув ила қаноатлантирдинг, тўғри йўлга ҳидоят қилдинг, берган нарсаларинг учун Сенга ҳамд бўлсин”, деб дуо қилардилар.  

Ким ушбулар билан дуо қилса, абадий маҳрумлик сезмас. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Ва Роббингиз сизга: «Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир», деб билдирганини эсланг” (Иброҳим сураси, 7-оят).

Инсон қачон роҳат-фароғатда бўлади? Қачонки, кичиккина ҳажмдаги дуолар китобини ўзи билан олиб юрса. Агар дуоларни ёдалашни хоҳласангиз, уни ўқинг. Дуони икки ёки уч марта такрорлаш билан ёдлайсиз. Тўртинчи марта ўқиганингизда эса доимий эсингизда қолади. Инсоннинг дуолар захираси жуда ҳам бой бўлиши лозим. Баъзан йўлда бўласиз,  йўл бўйи дуо қилинг, гоҳида автоуловда бўласиз, бунда ҳам дуо ва зикрлар сизнинг ҳамроҳингиз бўлсин.


Ҳасанбой Эргашов таржимаси



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Европа мафиясининг бошлиғи Эльвис Киламенди Исломни қабул қилганини эълон қилди. У аввал совуққонлик билан инсонларга зарар етказар, раҳмшавқат нималигини давоми...

4565 11:00 / 17.03.2022
Илмнинг даражаси буюк. Одамлар ризқ келишига сабаб бўлувчи илмларни орзу қилишади. Лекин адаштирмайдиган, ҳалолҳаромни ўргатадиган илмгина ибодатнинг асли давоми...

4269 21:39 / 19.05.2017
4565. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Аллоҳдан сўрамаса, У Зот ундан ғазабланади,, дедилар,.Шарҳ Ибн Масъуд давоми...

4269 19:36 / 14.11.2017
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сафар қилинглар, саломат бўласиз,, деб марҳамат қилганлар. Аждодларимиз ҳам азалдан сафар қилишга тарғиб этиш давоми...

1524 13:27 / 12 ноябрь