1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Садақа яхши нарсалардан қилинади

17:43 / 10.11.2017 4517 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Эй иймон келтирганлар! Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар. Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз. Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир.

Маълумки, ўзи топган мол-мулкни садақа қилиб юбориш осон эмас. Ҳар бир одам кўпроқ мол-дунёга эга бўлишни хоҳлайди. Садақа қилиш учун маълум даражада фидокорлик, ўзидан, нафсу ҳавосидан кечиш талаб этилади.

«Садақа» сўзи «тасдиқлаш» маъносини англатади, яъни молидан садақа қилувчи киши қалбидаги иймонини амалий жиҳатдан тасдиқлаган бўлади.

Шунинг учун ҳам мол-мулкдан садақа қилишга тарғиб қилувчи оятни Аллоҳ таоло мўминларга маҳбуб сифат билан бошламоқда:

«Эй иймон келтирганлар!» демоқда. Бу сифат билан нидо қилинганда, мўмин киши ҳар қандай оғирликни ҳам писанд қилмай адо этишга киришади.

Сўнгра нималардан садақа қилиш кераклиги баён қилинмоқда:

«Касб қилган нарсаларингизнинг покизаларидан ва Биз сизларга ердан чиқариб берган нарсалардан нафақа қилинглар».

Бу таъриф мўминларнинг қўлига тушадиган барча турдаги молу мулкни – аввало, ўзлари касб қилиб топган ҳалол, пок ризқларини, сўнгра Аллоҳ ердан чиқариб берган зироатлар, конлар ва бошқаларни ўз ичига олади.

Пок нарсадан садақа қилишга амр қилинди, лекин масала ниҳоятда аҳамиятли бўлганидан яна таъкидланмоқдаки:

«Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг».

«Нопок» дейилганда фақат «ҳаром»ни тушунмаслик керак, балки паст, арзимаган, киши назарига илмайдиган нарсаларни ҳам тушуниш лозим. Қисқа қилиб айтганда, «пичоқни ўзингга ур, оғримаса, бировга» қабилида иш қилиш керак. Садақа бераётган киши ўзини садақани олаётган кишининг ўрнига қўйиб кўрсин. Берилса, ўзи олмайдиган нарсани бировга ҳам садақа қилиб бермасин. Шунга ишора қилиб:

«Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам ундан кўз юммай туриб олувчи эмассиз», дейилган.

Яъни «Биров паст нарса берса, оласизми? Йўқ, олмайсиз. Олсангиз ҳам, кўзингизни юмиб, ижирғаниб, ноиложликдан оласиз. Шундай экан, бошқага ҳам яхшисидан раво кўринг».

«Ва билингки, албатта, Аллоҳ беҳожатдир, ўта мақталгандир».

Аллоҳ бой бўлганидан кейин Унинг йўлида қиладиган садақангиз ўшанга ярашгудек бўлсин. Аллоҳ мақталган Зотдир, Ўзининг йўлида садақа қилганларни У ҳам мақтайди.

Ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши ҳақида ҳадис илми имомларидан Ибн Аби Ҳотим раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қиладиларки, у киши: «Бу оят биз ҳақимизда нозил бўлган, – деганлар. – Хурмоларимиз бор эди. Ҳар бир киши хурмосининг оз-кўплигига қараб, олиб келиб, шингили билан масжидга осиб қўяр эди. Супа аҳлининг таоми йўқ эди. Улардан бирорталари оч қолса, ҳассаси билан қоқиб, ранг тортган ва пишиб етилган хурмоларни олиб, ер эди. Яхшиликка рағбати йўқ баъзи кишилар бўлмағур, ёмон шингилларни ҳам осиб қўйишар эди. Шунда Аллоҳ таоло «Нафақа қилганингизда нопокни кўзламанг. Ҳолбуки, уни ўзингиз ҳам олувчи эмассиз, магар ундан кўз юмсангизгина…» оятини нозил қилди. Шундан сўнг биздан ҳар биримиз ўзида бор хурмонинг энг яхшисини келтирадиган бўлди».

Садақа қилмаслик ёки нопок – паст нарсалардан садақа қилиш ушбу садақа эгасининг қалбида иймон сустлигининг ва бирор шубҳа ёки касаллик борлигининг далолатидир. Бу ҳақиқатни келаси оят баён қилади:

Шайтон сизга фақирликни ваъда қиладир ва фаҳш ишларга буюрадир. Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир. Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир.

Шайтон бандаларни «Молингдан садақа қилсанг, фақир-камбағал бўлиб қоласан», – деб қўрқитади. Ҳамда у кишиларни фаҳшга – ёмон, гуноҳ ишларга, қизғанчиқликка, бахиллик ва молу дунёга ўч бўлишга буюради. Шайтоннинг гапига кирганлар фақирликдан қўрқиб, бахил бўлиб, Аллоҳнинг йўлида садақа қилмай юраверадилар.

«Аллоҳ сизга Ўзидан мағфират ва фазлни ваъда қиладир».

Ким Аллоҳнинг йўлида садақа қилса, У Зот унинг гуноҳларини мағфират қилади ва бунинг устига, Ўзидан фазл ҳам беради.

«Ва Аллоҳ қамрови кенгдир, ўта билувчидир».

Яъни Аллоҳ кенг қамровли, билувчи Зотдир.

Кенг қамровлилиги туфайли бандаларига ҳам кенг ризқлар беради. Ўзининг йўлида садақа қилганларнинг ризқини яна ҳам кенг қилиб қўяди. Билувчилик сифати билан, ким садақа қиляпти ва ким қилмаяптиҳаммасини билади.

Ҳамда:

 Ўзи хоҳлаган кишисига ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилса, дарҳақиқат, унга кўп яхшилик берилибдир. Фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар.

Ҳикмат билан тасарруф қилган инсон ҳар бир нарсани ўз ўрнига қўйиб, қойиллатиб қилади. Садақада ҳам ҳаддидан ошмай, адолат билан иш юритади. Умуман, ҳикматли бўлиш унга жуда кўп яхшилик келтиради. Бу ҳақиқатни ақл эгаларигина эслайдилар, тушуниб етадилар.

 Нимаики нафақа қилсангиз ёки назр этсангиз, Аллоҳ албатта уни биладир. Золимларга ҳеч қандай ёрдамчилар йўқ.

Мўмин киши Аллоҳ таоло унинг ҳар бир ҳаракати ва саканотини кўриб туришига албатта иймони комил. Нафақа ёки назрини Аллоҳ билишини таъкидлагани эса ушбу савобли ишга мўмин кишини қизиқтириш учундир. Нафақа умумий мол сарфлашни англатиб, закот, садақаи фитр ёки ўз ихтиёри билан қилинган хайру эҳсонларни ҳам ўз ичига олади. Назр эса бир муносабат билан банда ўзига вожиб қилиб олган молиявий мажбурият бўлиб, унинг миқдорини назр қилувчининг ўзи тайинлайди. Назр фақат Аллоҳ учун аталади. Аллоҳдан бошқа ҳеч кимга аташ мумкин эмас. Демак, қилинган нафақа ва назрларни Аллоҳ таоло Ўзи билиб туради ва уларни қилувчиларга Ўзи билиб, мукофотлар беради. Бундай яхшилик ишларни қилмайдиганлар эса золимлар ҳисобланадилар.

«Золимларга ҳеч қандай ёрдамчилар йўқ».

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг буйруғи билан завжаси Ҳожар ва гўдаги Исмоилни ҳеч нарса ўсмайдиган ва кимсасиз Маккага ташлаб кетди. Сўнгра ўша машҳур .Замзам, давоми...

3465 17:01 / 31.05.2022
Марҳум суриялик режиссёр, доктор Мустафо Аққод ҳаёти ҳақида гапириб берар экан, қуйидагича ҳикоя қилади.Илгари мен оналар ёлғон гапирмайди деб ўйлар эдим, аммо давоми...

3533 17:18 / 30.12.2023
Ўрта ёш юртдошларимиз ва ёши улуғларимиз жуда яхши эслашса керак бундан 25ndash30 йил аввал кундалик эҳтиёжларимиз учун фойдаланадиган буюмларимизнинг асосий давоми...

2420 16:00 / 20.02.2023
Салим ибн Жобир Ҳужаймий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб деди Эй Аллоҳнинг Расули Менга васият қилингРасулуллоҳ давоми...

2260 09:00 / 04.06.2022