1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ўлим тўшагидаги бемор хусусида

05:00 / 18.01.2017 5027 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон жон беришга яқинлашганда атрофида ҳозир бўлиб турганлар уни юзини қиблага қараб турадиган килиб, ўнг ёнбошига мойил ҳолда ётқизиб қўядилар. Чунки, Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келган вақтларида Барро ибн Маърур ҳақида сўрадилар. Саҳобалар "У вафот этди, жон бериши яқинлашганда қиблага юзлантиришимизни васият қилди" дедилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: "У фитратни топибди" дедилар.


Ушбу ҳадиси шариф жон беришга яқинлашган кишини қиблага юзлантириб қўйиш мустаҳаб эканлигига далил бўлади. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам у зотнинг ўзларига: "Ётоғингга борсанг намозга таҳорат қилганингдек таҳорат қилгил. Сўнг ўнг ёнинг билан ёт" деганлар. Ушбу Баро ибн Озиб (р.а)дан ривоят қилинган ҳадис жон беришга яқинлашган кишини ўнг ёни билан ётқизиш яхши эканлигига далолат қилади. Ҳадисда уйқу маъноси мавжуд экани аниқ ва равшан. Уйқу эса вақтинчалик ўлимдир.

Вафоти яқинлашган киши "Ла илаҳа иллаллоҳ"ни айтиши зарур.

Чунки Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам. "Кимнинг охирги каломи "Ла илаҳа иллаллоҳ" бўлса жаннатга киради" дедилар. Абу Довуд Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган ва саҳиҳ дейилган. 

Шунга кўра ҳар бир киши шундоқ бахтли бандалар қаторида бўлишга Аллоҳнинг тавфиқи ила интилиши лозим.

Агар узр сабабдан айтишга қодир бўлмаса, ҳозир бўлганлардан бири айтиб туради. Жаноб Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам асҳобларига: "Жон бериш ҳолатида ётган кишиларингизга "Ла илаҳа иллаллоҳ"ни айтиб туринглар" деб буюрганлар. Бу ҳадисни Абу Ҳурайра (р.а.)дан ибн Ҳиббон ривоят қилган. Шу маьнода Талҳа ибн Убайдуллоҳ (р.а)дан саҳиҳ иснод билан Ҳаким рахматуллоҳи алайҳ ҳам бир ҳадис ривоят қилганлар.

Жон беришга яқинлашган киши шаҳодатни бир маротаба айтгандан кейин ҳозир бўлганлар талқинни тўхтатадилар. Агар "Ла илаҳа иллаллоҳ"ни айтгандан сўнг бошқа бир сўз сўзласа охирги сўзи шаҳодат калимаси бўлсин учун яна талқинни давом эттирилади. Фуқаҳоларимиз "Ла илаҳа иллаллоҳ"ни талқин қилинганда ўлим тўшагидаги киши малол олмайдиган бўлиши керак, дейдилар. Яъни талқин қилувчилар аҳволни эътиборга олиб кетма-кетлик билан кўп айтиб юбормаслиги даркор. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам мазкур ишларга алоҳида эътибор бериш лозимлигини таъкидлаганлар. Чунки ўлим талвасасидаги киши қалби сиқилганидан нолойиқ сўзларни айтиб юбориши ҳам эҳтимолдан йироқ эмас. Шунинг учун унинг олдида фақат яхши, умидлантирувчи гапларни айтиш керак. Шунда уларнинг кўнгиллари кўтарилади. Энг муҳими ҳар бир гапга фаришта омин деб туради. Мўмин кишининг гапи фариштанинг оминига тўғри келса қабул бўлади. Ана шунда беморларнинг шифо топишига, муҳтазарнинг оқибати яхши бўлишига умидворлик туғилади. Шунинг учун ҳам бемор ва муҳтазар кишилар олдида ҳозир бўлган одамлар доимо яхши сўзларни гапириши лозим.

Ўлим талвасасидаги киши ҳузурида Ясин сурасини тиловат қилиш ҳам маъсур ишлардандир. Абу Дардо ва Абу Зарр (р.а)лардан ривояг қилинган: "Қайси бир ўлаётган кишининг ҳузурида Ясин сураси ўқиб турилса албатта Аллоҳ таоло унга енгиллик беради" мазмунидаги ҳадис бунинг ёрқин далилидир. Сўзимизнинг тасдиқи сифатида яна бир ҳадиси шарифни келтиришни лозим топдик.

Маъқил ибн Ясар (р.а)дан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам "Ўликларинигизга Ясинни тиловат қилинг" дедилар. Абу Довуд, Насаий, Аҳмад ва Ибн Ҳиббонлар ривоят қилишган. Уламоларимиз ушбу ҳадиси шарифни тушунишда уч хил ижтиҳод қилганлар.

Баъзилари ҳадисдаги ўликларингизга дейилганидан мурод ўлим тўшагида ётганларингизга, дейишган. Шунинг учун муҳтазар кишига Ёсин сурасини ўқиш керак. Бу сурада қайта тирилиш, қиёмат, жаннат ва дўзах, шайтоннинг фитналаридан ҳазир бўлиш каби масалалар зикр қилингани учун айнан шу сурани ўқишга амр қилинган дейдилар. Бу гуруҳдаги уламоларнинг машҳурлари Имом Молик ва Имом Шофиийдирлар. 

Иккинчи тоифа уламолар Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Ҳанафийлар, баъзи Моликий ва Шофиийлар бўлиб улар қироат ўликлар учунгина қилинади деганлар ва ўз гапларига ушбу ҳадисни ва Ислом умматининг амалини ҳужжат қилиб келтирганлар. Шу билан бирга ўз нуқтаи назарларини қўйидагича шарҳлаганлар. 

Ҳадисда ўликларингизга дейилган, ўлим тўшагида ётганларингизга дейилган эмас. Ўлик ҳақиқатда ўлик бўлган шахсга ишлатиладиган лафздир. Ўлик сўзини ўлим тўшагида ётган кишилар учун қўллаш учун қўшимча далил ёки ишора керак. Бу ерда у нарса йўқ. Имом Шавконий шуни айтади. "Ал-муҳиб ат-Табарий". 

"Мазкур ҳадисга умумий жиҳатдан амал қилишлик ҳақдир". Буни Доро Қутний келтирган қуйидаги ҳадис ҳам қўллайди: "Ким қабристонга кириб "Қул ҳуваллоҳу аҳад"ни ўн бир марта ўқиб савобини ўликларга сарфласа, унга ўликлар ададича ажр берилади", дейилган, дейди.

2. Қироатнинг ҳикматларидан бири енгиллик келтиришдир. Бу нарса муҳтазарга матлуб бўлганидек маййитга ҳам матлубдир.

"Мунадул Фирдавс"да: "Қайси бир ўлик ўлгандан кейин унинг олдида Ёсин қироат қилинса албатта Аллоҳ унга енгиллик беради", дейилган.

Имом Аҳмад "Машойихлар қачон Ёсин маййит учун қироат қилинса унга енгиллик берилади" дер эканлар, деганлар.

3.Жаноза намозида Фотиҳа сурасини ўқилишига қиёс қилинади. 

4.Ҳадисларда қабрни зиёрат қилишда ўликларга салом бериш талаб қилинган. Агар маййит башарнинг каломи бўлмиш саломдан унс улфат топар экан нима учун Аллоҳнилг каломидан унс олмаслиги керак.

5. Қуръон қироат қилинган жойда сакийна ва раҳмат нозил бўлиши маълум ва машҳур. Нима учун маййит бор жойга сакийна ва раҳмат нозил бўлмаслиги керак экан.

6.Ҳадиси шарифда ривоят қилинганки сафарга чиққан бир одам билмасдан қабр устига капа тикиб олади. Кейин қабр ичидаги инсон таборак сурасини охиригача қироат қилганини эшитиб буни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилганида у зот: "Таборак сураси ман қилувчидир. У нажот берувчидир. Унга қабр азобидан нажот беради" деганлар.

Ўликнинг қабр ичида туриб Қуръон қироат қилгани собит бўлганидан кейин тириклар қабр устида туриб қироат қилишларини нима учун ман қилиш керак.

Қироатни ман қилувчи ҳеч қандай далил йўқ. Маълумки, шариат бўйича бирор ишни қилишга ҳам, қилмасликка ҳам далил-хужжат бўлиш керак. Ўликка қироат қилишни ман қиладиган далиллар йўқ.

Ушбу тоифа уламолар бу гаплар Қуръон қироат қилиб савобини бағишламаганда айтиладиган гаплардир, агар савобини бағишлайдиган бўлса бу гапларга ҳам ўрин қолмайди, чунки унда дуо маъносига айланади, дуодан маййит манфаат олишини ҳеч ким инкор қила олмайди, дейдилар.

Жон чиққандан сўнг маййитни тўғрилаб ётқизиб оёқларини бир-бирига жипслаб оғиз ва кўзларини юмдириб устига чойшаб ёпиб қўйилади. Шаддон ибни Авсдан Имом Аҳмад ва ибн Можалар ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам: "Қачонки ўликларингизга ҳозир бўлсангизлар кўзини юмиб қўйинглар. Зеро, кўз руҳга эргашади" деганлар. Умму Салама (р.а)дан Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда эса: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Саламанинг жасади ётган уйга кириб мурданинг кўзларини юмиб қўйганликлари айтилган. Ҳадис китобларимизда унинг матни қуйидагича: Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий саллаллоҳу алайҳи вассаллам Абу Саламанинг устига кирганларида унинг кўзи очилиб қолган эди. Бас у зот қовоқларини ёпиб қуйдилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган. 

Ҳазрати Оиша (р.а)дан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис маййит устига бирор мато ёпиб қўйиш истеҳбоб (яxши) эканлигига далолат қилади. 

Оиша (р.а)дан: “Албатта Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида тикилган йўл-йўл кийим билан ёпиб қўйилди”- дея ривоят қилинган.


 Баҳодир Муҳаммадиев



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги давоми...

2266 18:03 / 18.08.2020
. . . . . . . . . . . Фақат фарз ва жума намозларига вақтида азон айтиш суннатдир. Агар азон вақтидан олдин давоми...

4664 17:00 / 29.07.2021
Саҳобалар даврининг иккинчи ярмига келиб баъзи фиқҳий мадрасалар бўй кўрсата бошлади. Албатта, бу ҳол биринчи бўлиб Ислом оламининг қалби бўлган Мадина ва Макка давоми...

5780 09:13 / 12.11.2018
1. Қазои ҳожат қилмоқчи бўлган шахс Аллоҳ таолонинг исми ёзилган, шунингдек, малоикалар, .Азийз,, .Карим,, .Муҳаммад,, .Аҳмад,га ўхшаш улуғ исмлар ёзилган нарсаларни давоми...

3141 16:16 / 22.04.2021