1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳдан шариатга мувофиқ ҳолатдан бошқа ҳолатга чиқаришни сўрашнинг яхши эмаслиги

09:03 / 06.11.2017 3792 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Зотдан сени бир ҳолатдан – ундан бошқада ишлатиши учун – чиқаришини сўрама. Агар ирода қилса, сени чиқармасдан ҳам ишлатаверади.

Ушбу ҳикматда банда Аллоҳ таоло уни шариатга мувофиқ бўлган қай ҳолатга солган бўлса, ўшанда барқарор туриши яхши экани ҳақида сўз бормоқда. Бандалик одоби шудир. Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсани беҳикмат қилмайди. Банданинг эса Робби унга раво кўрган нарсадан рози бўлиши матлубдир. Ҳамма иши жойида бўлган одамнинг Аллоҳ таолодан уни бошқа ҳолатга ўтказишини сўраши одобдан бўлмайди. Агар Аллоҳ таоло истаса, банда эски ҳолатида турганида ҳам ундан янги ҳолатга ўтганда чиқадиган фойдани чиқаришга қодирдир.

Ўрта мактабни битирган бир йигит ота-онаси, яқинлари билан маслаҳат қилди, ўзининг ижтимоий ҳолатини, зеҳни-заковатини, илмий савиясини ва бошқа омилларни чамалаб, унинг учун табиб бўлиш муносиб эканини англаб етди ва тиббиёт олийгоҳига кирди. Ишлари ва ўқишлари кўнгилдагидек кетмоқда. Ушбу йигитнинг яқинлари билан маслаҳатлашиб, ўзи танлаган табиблик мутахассислигида бардавом бўлиши яхшидир. Унинг бирдан муҳандисликни ёқтириб қолиб, шу иш яхшига ўхшайди, табибликни ташлаб, муҳандисликка ўтишим керак, деб ҳаракат қилиши яхши эмас. Унинг учун табибликда давом этгани маъқулдир. Агар Аллоҳ таоло истаса, унга ўзи муҳандисликдан кўзлаган фойдани табибликни давом эттираверса ҳам бериши мумкин.

 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ бирингизга бирор жиҳатдан ризқни(нг келишини) сабаб қилса, ўзи учун ўша нарса ўзгармагунча тарк қилмасин», дедилар».

Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилганлар. 

Бундан ўзига ризқ топиш учун сабаб бўлиб турган нарсани то у фойда бермайдиган бўлиб қолмагунича тарк қилмаслик кераклиги англанади.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий ушбу ҳикматни худди юқорида зикр қилинган йигит кабиларга қарата айтган.

«У Зотдан сени бир ҳолатдан – ундан бошқада ишлатиши учун – чиқаришини сўрама»

Балки Аллоҳ таоло сенга раво кўрган ҳолатда мустақим тур. Чунки бунда бир неча ҳикмат бор:

– Аллоҳ таоло сенга раво кўрган ҳолатда бардавом бўлишинг билан У Зотдан рози бўлган ҳолингда бандалик бурчини адо этаётган бўласан.

– Аллоҳ таоло раво кўрган нарсага таслим бўлишинг билан тадбирнинг машаққатларидан ва ўзгартиришнинг кирларидан саломат бўласан.

– Агар талаб қилган нарсанг берилмаса, роҳатдан маҳрум бўласан.

Ҳикоя қилинишича, бир киши Аллоҳ таолодан ибодатга фориғ бўлиши учун икки дона нон сўрар экан. Қамалиб қолибди ва унга ҳар куни икки дона нон бериладиган бўлибди. У ўзнинг бу ҳолати тўғрисида тафаккур қилибди. Унга: «Сен иккита нон ва ибодатни сўрадинг, офиятни сўрамадинг», дейилибди. У истиғфор айтибди ва эски ҳолига қайтибди.

Сўнгра банда ирода қилган сабаблар ва бошқа нарсалар унинг зиддига айланиб қолиши ҳам мумкин. Аллоҳ таоло эса унга икки тарафнинг яхшилигини жамлаб беришга қодирдир. Бас, шундай экан, бир ҳолатдан иккинчи ҳолатга ўтишни ирода қилиш фаҳм доирасининг кенг эмаслигидан далолатдир.

«Агар ирода қилса, сени чиқармасдан ҳам ишлатаверади».

Бир нарсага эришиш учун албатта, аввалги – ўзига фойда бериб турган нарсани тарк қилиш шарт эмас. Аллоҳ таоло истаса, бандасига истаганини бераверади.

Саҳл ибн Абдуллоҳ[1] раҳматуллоҳи алайҳ айтади: «Мени мактабга берганларида, агар қалбимнинг муроқабаси ила машғул бўлсам, дарсдаги вазифам зое бўладиган, дарс ила машғул бўлсам, қалбим зое бўладиган ҳолатга тушдим. Аллоҳ таолодан сўрадим ва У Зот менга иккисини жамлаб берди».

Шайх Аҳмад Зарруқ юқоридаги гаплардан кейин айтади: «Шунинг учун ҳам шайх Абул Аббос Мурсий раҳматуллоҳи алайҳ муаллифга (Сакандарийга) ўзи машғул бўлиб турган илми зоҳирдан чиқишни ирода қилганда: «Албатта, шу билан бирга, эришиш узоқдир. Ўз ҳолингда ўтиравер. Бизнинг қўлимиздан сенга етиши тақдир қилинган нарса етаверади», деди. Сўнгра унга назар солиб туриб, «Ушбу сиддиқларнинг ҳолидир. Улар бир нарсадан Аллоҳ таолонинг Ўзи уларни киритишни зиммасига олгани каби чиқаришни ҳам зиммасига олмагунича чиқмайдилар», деди».

Ҳозирги даврнинг кўпгина муаммолари ушбу таълимотларга амал қилмаслик натижасида чиқмоқда десак, муболаға қилмаган бўламиз. Жамиятда кўплаб учрайдиган қарздорлар, иши юришмаётганидан тинмай шикоят қилаётганлар билан яқиндан танишсангиз, сирлари ошкор бўлади. Кўплари ўзига насиб қилган ҳолатда хотиржам, фаровон турмуш кечириб турган бўлишига қарамай, осон йўл билан кўпроқ бойлик орттириш илинжида ўзи яхши биладиган ва таъминлаб турган ишини ташлаб, «бизнесмен» бўлишга интилган, яқин кишилардан қарз олиб, «иш» бошлаган бўлади. Кейин эса иши юришмай, «бизнеси» орқага кетиб, ўзи қарзга ботиб қолган, ҳозир кун ўтказиши қийин бўлиши билан бирга, олган қарзининг фоизи тинмай ўсаётган бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни У Зотдан ўзимизни шариатга мувофиқ ҳолатдан бошқа ҳолатга чиқаришини сўрашимиздан Ўзи асрасин!

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)


_________________________________________________________


[1] Абу Муҳаммад Саҳл ибн Абдуллоҳ ат-Тустарий замонасининг машҳур зоҳиди, мутакаллими ва илк тасаввуф шайхларидан. Ҳижрий 203 (милодий 818) йили Тустарда туғилган. Маккада Зуннуни Мисрий билан кўришиб, ундан таълим олган. Нафс, кибру ҳаво мавзуларини тадқиқ қилган, таваккул ва валийликка доир ўткир қарашлари бор. Умрининг охирида Басрада яшаб, мударрислик қилган. Ўнга яқин асар ёзгани маълум, аммо булардан «Тафсирул Қуръанил-азийм» номли тафсиригина бизгача етиб келган. Ҳижрий 283 (милодий 896) йили Басрада вафот этган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар Расулуллоҳсоллаллоҳуалайҳива саллам Бошқа инсонларнинг аёлларига нисбатан иффатли бўлинг. Аёлларингиз ҳам иффатли давоми...

6226 00:00 / 26.06.2018
Шайтоннинг қалбга кириш йўллари банданинг сифатлари бўлиб, улар кўпчиликни ташкил қилади. Биз мазкур эшикларнинг энг катталари ҳақида сўз юритамиз.1. Ғазаб ва давоми...

4161 15:09 / 03.10.2020
Нурлар қалблар ва сирларнинг уловларидир.ndash Нурлар воридлар орқали Аллоҳ таоло қалбга солган ёруғликлардир. Нурни шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳи давоми...

3658 16:06 / 11.03.2018
Дуодаги илтижога қарамай, бериш муддатининг кечга сурилиши умидсизлигингга сабаб бўлмасин. У Зот сенга Ўзи ихтиёр қилган нарсани Ўзи ирода қилган вақтда ижобат давоми...

7172 10:33 / 15.07.2019