1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Маййитни дафнга тайёрлаш

05:00 / 18.01.2017 17755 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бандаларига дунё ҳаётида чиройли яшашлари, охират тадоригини кўришлари учун барча ҳукмларни нозил қилган Аллоҳга беадад ҳамд-санолар бўлсин.  

Аллоҳнинг ҳукмларини ўзининг сўзлари, феъллари билан намунавий тарзда кўрсатиб берган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин. 

Динимизда инсон ҳуқуқлари жуда ҳам мукаммал даражада белгилаб қўйилган. Барча йўл-йўриқлар батафсил, гўзал услубда баён қилинган. Исломда инсон ҳуқуқлари нафақат ижтимоий ҳаётда, балки вафотидан кейин ҳам ҳимоя қилинади. Вафот этган инсоннинг ҳам ўзига яраша ҳақ-ҳуқуқлари бўлади. Мазкур ҳуқуқларнинг асосийлари маййитнинг тириклар зиммасидаги ҳақлари ҳисобланади. Биз қуйида ана ўша ҳақлар хусусида суҳбатлашамиз.


Маййитни дафнга тайёрлаш


Инсон вафот этгач мусулмонларнинг зиммасига унинг тўртта ҳаққи вожиб бўлади. Бу ҳақлар фарзи кифоя бўлиб, мусулмонлардан маълум кишилар бу ҳақларни бажарса, бошқалардан соқит бўлади. Аммо уларни ҳеч ким бажармаса, барча гуноҳкор бўлади. Маййитнинг тириклар устидаги ҳақлари қуйидагилар:

1.    Ювиш;

2.    Кафанлаш;

3.    Жаноза ўқиш;

4.    Дафн қилиш;


Ювиш:

Ювиш  амалиётини ўрганишдан олдин унинг таърифи, ҳукми, ғассолнинг сифати, ювишни вожиб қилувчи шартларни билиб олишимиз лозим.

“Ювиш” деганда маййитнинг баданини сув билан суннатга мувофиқ тарзда ғусл қилдириш тушунилади.


Ҳукми:

Юқорида келтирилганидек, маййитни ювиш фарзи кифоядир. Агар маййит ювилмай қолган бўлса, қабрини очиб, ювиб қайтадан кўмилади. Аммо қабр очилганда маййитнинг ярмидан кўпи топилса, уни ювиб жаноза намози ўқилади. Агар ярмидан ози топилса, ювилмайди ҳам жаноза ҳам ўқилмайди. 

Агар  маййитни ювиш учун сув бўлмаса ёки сув бўлса ҳам, уни ювиш мумкин бўлмаса, мисол учун, ювилганда бадан аъзоларини узилиб кетиш хавфи бўлса, таяммум қилдирилади. 

Маййитни одамлар кўзидан ҳоли жойда ювиш мақсадга мувофиқдир. Мабодо, маййит бўлак-бўлак бўлиб кетган бўлса, бўлакларни жой-жойига қўйиб, ювилади. Иложи борича бу ҳолатни бошқаларга изҳор қилинмагани маъқул.


Ғассол қандай бўлиши керак:

Маййит эркак бўлса, эр киши, аёл бўлса, аёл киши ювиши керак. Бунга уламолар иттифоқ қилишган. Эркакни аёл киши ёки аксинча, аёлни эркак киши ювиши мумкин эмас. Ҳанафий мазҳаби уламолари киши ўз хотинини ҳам ювиши мумкин эмас, дейдилар. Чунки аёл вафот этиши билан ўрталаридаги никоҳ узилади ва  хотин эрига номаҳрам бўлиб қолади.

Аммо хотин ўз эрини ювиши мумкин. Ҳатто ражъий талоқ (никоҳсиз ярашиш мумкин бўлган талоқ) иддасида ўтирган бўлса ҳам. Чунки у ҳолатда ҳали эр-хотинлик алоқаси тўла узилмаган бўлади.

Бу борада Алоуддин Косоний роҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: 

“Аёл эрини ювиши мумкин, зеро, ювинтиришнинг жоизлиги никоҳ сабабидандир. Никоҳ борми, демак,  ювиш ҳам мумкин. Эр вафот этиши билан никоҳ аёлнинг иддаси чиққунича сақланади. Аммо аёл вафот этгач, никоҳ ниҳоясига етади, яъни, эр хотинига бегона каби бўлиб қолади. Бу ҳолатлар эр-хотинлик собит қолган бўлганидадир. Аммо боин талоқ ёки уч талоқ тушган бўлса-ю, сўнг эр вафот этса, аёл ҳам эрини ювишга ҳақли эмас”.

Балоғатга етмаган ўғил ёки қиз болани эркак ҳам, аёл ҳам ювишлари мумкин эканига уламолар иттифоқ қилишган.

Ғассол ювиш ишларини яхши биладиган, таҳоратли (таҳоратсиз бўлса ҳам жоиз), ишончли, тақводор бўлгани афзал.

عن عبد الله بن عمر قال  : قال رسول الله صلى الله عليه و سلم  ليغسل موتاكم المأمونون .رواه ابن ماجه

Абдуллоҳ ибн Умар розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Маййитларингизни ишончлилар ювсин”,  дедилар”. 

Ибн Можа ривояти.

Шу билан бирга, ғассол оқил бўлиши, фарзи кифоя амали мукаллафлардан соқит бўлиши учун ювишни ният қилиши лозимдир. 

Жумҳур уламолар айтадилар:

 “Ғассол маййитни ювгани учун ҳақ олса жоиз, бу улуш маййитнинг қолдирган молидан олиб берилади. Лекин ҳанафий уламолар: “Ғассол текинга ювиб бергани афзал. Агар ўша ерда ювишга ундан бошқаси бўлса, ҳақ талаб қилиши мумкин. Акс ҳолда, ювиш унга фарзи айнга айлангани учун ҳақ талаб қилиши мумкин эмас”, дейдилар. 


Ювишни вожиб қилувчи шартлар:

Қуйидаги шартлар мавжуд бўлса маййитни ювиш вожиб бўлади:

1.    Маййитнинг мусулмон бўлиши.

2.    Маййитнинг бир дақиқа бўлса-да, яшагани маълум бўлиши. 

Маййит гўдак бўлса, тирик туғилган бўлса, ювилади, унга жаноза ўқилади, марос олади ва қолдиради. Тириклик аломати овоз чиқариш, акса уриш, йиғлаш ёки бир марта бўлса ҳам қўл оёғини қимирлатиш бўлиши мумкин. Айрим ривоятларда гўдак ўлик туғилса, аммо ҳамма аъзолари бутун бўлса, ҳаётдан ҳеч бир аломат бўлмаса ҳам, ювилади ва унга исм қўйилади, дейилган. Лекин ҳам ўлик ҳам чала туғилган бўлса, ювилмайди. Устидан бир марта сув қуйиб, латтага ўраб, исм қўйиб, дафн қилинади. Чунки Имом Термизий Жобир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

عن جابر عن النبي صلى الله عليه وسلم قال الطفل لا يصلى عليه ولا يرث ولا يورث حتى يستهل

Яъни, “Токи овоз чиқармагунча гўдакка намоз ўқилмайди, мерос ҳам олмайди, (ундан) мерос олинмайди ҳам”, деганлар. 

3.    Маййитнинг бутун жасади, ёки ярми, ёки кўпроғи боши билан бирга бўлиши.

Маййит шаҳид бўлса ёки йўл тўсар ё золим томонидан ноҳақ ўлдирилган ёҳуд ўғри кечаси уйида ўлдириб кетган бўлса, ўлаётган маҳалда у болиғ, оқил бўлса, жунуб,  нифос, ҳайздан холи бўлса, у ҳолда ювилмайди, унга жаноза намози ўқилади, холос. 

عَنْ جَابِرٍ  قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ يَجْمَعُ بَيْنَ الرَّجُلَيْنِ مِنْ قَتْلَى أُحُدٍ فِي ثَوْبٍ وَاحِدٍ ثُمَّ يَقُولُ: أَيُّهُمْ أَكْثَرُ أَخْذًا لِلْقُرْآنِ فَإِذَا أُشِيرَ لَهُ إِلَى أَحَدِهِمَا قَدَّمَهُ فِي اللَّحْدِ وَقَالَ أَنَا شَهِيدٌ عَلَى هَؤُلاَءِ يَوْمَ الْقِيَامَةِ وَأَمَرَ بِدَفْنِهِمْ فِي دِمَائِهِمْ وَلَمْ يُغَسَّلُوا وَلَمْ يُصَلَّ عَلَيْهِمْ. رَوَاهُ البخاري.

 Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудда қатл бўлганлардан икки кишини бир кийимга жамлар эдилар. Сўнгра: 

“Икковларидан қайси бири Қуръонни кўп билади?” дер эдилар. Қачонки улардан бирига ишора қилинса, ўшани лаҳадга олдин қўяр эдилар. У зот: 

“Буларга қиёмат куни мен гувоҳман”, дедилар. 

Уларни қонлари билан дафн қилишга амр қилдилар. Ювилмадилар ҳам, уларга намоз ҳам ўқилмади”. 

Бухорий  ривояти.

Демак, шаҳидларни дафн қилиш оддий маййитларни дафн қилишдан фарқлидир. Шаҳидлар ювилмайди, кийимлари, қонлари билан кўмилади. Чунки бу ҳолат Аллоҳ йўлида, Ислом йўлида жон фидо қилганлар учун шону шараф белгисидир. Улар қиёмат куни тирилганларида ҳам қизил қонларидан мушк-анбар ҳиди уфуриб туради. Бу уларнинг шаҳид бўлганларини махшар аҳлига изхор қилади.

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уҳудда шаҳид бўлган саҳобаларни ювмасдан, қонлари ва кийимлари билан, кўмганлар. Шунинг  учун ке¬йинги даврларда ҳам шаҳид бўлганларни шу тариқа кўмиш шаръий ҳукм бўлиб қолган.

Икки кишини бир қабрга кўмиш мумкинлиги ҳам ушбу ривоятдан билиб олинади.

Мазкур ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жаноза ўқимадилар, дейилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса шаҳидга намоз ўқилади, чунки бошқа ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Уҳуд шаҳидларига намоз ўқиганлари ҳам ривоят қилинган, дейдилар. 

Бундан ташқари, маййитга жаноза ўқиш унинг ҳурмати учундир. Шаҳид эса бу ҳурматга бошқалардан кўра ҳақлироқдир, дейди, баъзи уламолар. 

Киши сувда чўкиб ўлган бўлса ғусл қилдирилади, аммо, уни ювиш ниятида ўша сувда уч бор пишиб олинса ҳам кифоя. 

Инсон вафот этганидан сўнг унга энг яқин ва меҳрибон бўлган киши мулойимлик билан, аввало, икки  кўзини  юмдириб қўяди. Бир латта билан ияги остидан бошлаб бошининг тепа томонига қараб тортиб оҳиста боғлайди.  Бу ишларни қилаётган киши мана бу сўзларни айтади: 

بِسْمِ اللَّهِ وَعَلَى مِلَّةِ رَسُولِ اللَّهِ اللَّهُمَّ يَسِّرْ عَلَيْهِ أَمْرَهُ ، وَسَهِّلْ عَلَيْهِ مَا بَعْدَهُ ، وَأَسْعِدْهُ بِلِقَائِك ، وَاجْعَلْ مَا خَرَجَ إلَيْهِ خَيْرًا مِمَّا خَرَجَ عَنْهُ

Яъни, “Аллоҳнинг номи ва Расулуллоҳнинг уммати бўлиб бу ишларни бошлайман. Эй Аллоҳ, унинг ишини осон, бундан кейингиларини енгил қилгин. Ўзинга йўлиқиш билан уни бахтли этгин. Чиққан жойи (дунё)дан кирган жойи (охират)ни  яхшироқ қилгин”.

Уламолар  маййитга яқинроқ жойда бахурнинг (исириққа ўхшаб тутатиб қўйиладиган ўсимлик, русча ладан) бўлишини мустаҳаб санашган. Унинг аъзоларини ювишга осон бўлиши учун оҳиста силаб, тўғирлаб, бир текис қилиб қўйилади. Очиқ қолган баданларини беркитилади. Шишиб кетмаслиги учун қорнига бирон бир оғирроқ нарса бостириб қўйиш ҳам мумкин. Маййит бор хонада хайз, нифос  кўраётган аёллар ҳамда жунуб киши бўлмагани маъқул. 

Киши аниқ вафот этгани маълум бўлганидан сўнг қўшнилари ва қариндош уруғларига бу воқеанинг хабарини бериб, жанозага таклиф этиш шаръан жоиздир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаъфар ибн Абу Толиб, Зайд ибн Ҳориса ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа розиаллоҳу анҳумларнинг жанозаларини эълон қилганлар. Дафн ишлари тайёргарлиги тезлаштирилади. 

Маййитни ювиш учун бир тарафи баланд ва бир тарафи паст қилинган ювғич тахта устига ётқизилади. Боши юқори томонга, оёғи пастки томонга, ҳудди ўлим тўшагидаги кишининг ётишидек қиблага йўналтириб қўйилади. Ҳанафий уламоларнинг баъзилари  қабрга ётқизилгандек ётқизилади, деганлар. Тўғрироғи эса ювишга осон бўлган тарзда қўйилишидир. 

Ғассол ювишни бошлашда маййитни эҳтиётлаб, аврат аъзоларини ошкор этмай, кийимларини ечиб олади. 

 Маййитни ювғич тахтага олиб, устига бирон бир мато ташлаб қўяди.


islom.uz



Қўлига латта ёки қўлқоп кийиб ювади 

Ғассол ёлғиз ўзи ювишга қийналса, бошқани ёрдамга таклиф қилиши дуруст. Маййитни ювганда авратига қараш мумкин эмас. 

عن علي رضي الله عنه قال : قال النبي صلى الله عليه و سلم : لا تبرز فخذيك و لا تنظر إلى فخذ حي و لا ميت

Али розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : “Сонингни кўрсатма, тирик ёки ўликнинг сонига ҳам қарама”, деганлар. 

Ҳоким ривояти

Шунингдек, ғассол маййитнинг баданидаги айб ва нуқсонларни бошқаларга айтмайдиган омонатли инсон бўлиши керак. 

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ غَسَّلَ مَيِّتًا فَأَدَّى فِيهِ الْأَمَانَةَ وَلَمْ يُفْشِ عَلَيْهِ مَا يَكُونُ مِنْهُ عِنْدَ ذَلِكَ خَرَجَ مِنْ ذُنُوبِهِ كَيَوْمِ وَلَدَتْهُ أُمُّهُ

Оиша розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир маййитни ювса, у ҳақидаги омонатни адо қила олса ва ўша пайтда ундаги ёмон ҳолатлар ҳақида фош қилмаса, гуноҳларидан онасидан туғилган кунидек фориғ бўлади”, дедилар. 

Аҳмад ривояти.

Агар ғассол маййитда яхшилик аломатини, масалан, юзининг нурафшонлигини, табассумни ва шу кабиларни кўрса, уни изҳор этиб, бошқаларга ҳам айтиши яхшидир. 

Маййитни жунуб киши ювинганидек бир марта ювиш вожиб. Уч марта ювиш эса суннатдир.

Ювинтириладиган сув сидр (яхшироқ поклаш учун сувга солиб қайнатиладиган ўсимлик тури) ёки ишқор  (ҳозирги кундаги турли хил шампунь ёки бадан ювиш учун мўлжалланган воситалар) билан қайнатилган бўлиши ёки қайнатилган сувнинг ўзи, иссиқроқ бўлиши лозим.


Ювиш тартиби:


Ювишдан олдин маййитни нажосатлардан холи қилиш учун бироз ўтиришга мойил қилиб қорни силанади.


islom.uz




Сўнг, маййитга истинжо қилдирилади. Бу Абу Ҳанифа ва Муҳаммад роҳматуллоҳи алайҳумоларнинг фикри бўлиб, бунга Абу Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ қўшилмаган. Кайфияти: ғассол қўлига бир латта ўраб, у билан маййитнинг аврат аъзоларини сув қуйган ҳолда ювиб чиқади, зеро, латтасиз қўл билан ушлаш кўз билан кўришдек харом. islom.uz



Аввал ўнг тарафдан,


islom.uz




 таҳорат оладиган ўринларидан бошлаши  ва тоқ ададда – уч, беш, етти марта ювиши лозим.

عَنْ أُمِّ عَطِيَّةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا قَالَتْ لَمَّا غَسَّلْنَا بِنْتَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لَنَا وَنَحْنُ نَغْسِلُهَا ابْدَءُوا بِمَيَامِنِهَا وَمَوَاضِعِ الْوُضُوءِ

 Умму Атиййа розиаллоҳу анҳодан ривоят қилинади :

 “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Зайнабнинг жасадини юваётганимизда бизга: “Аввал ўнг аъзоларидан ва таҳоратда ювиладиган жойларидан бошлаб ювинглар!”,  деганлар. 

Бухорий ривояти.

 Баданни ювишда, аввал,  қийинчилик бўлмаслиги учун оғизни чайқамасдан ва бурун қоқмасдан таҳорат олдирилади. Оғиз-бурунни чайқаш ўрнига ғассол қўлига латта ўраб, сувли ҳолатда тишларини, лунжларини, лаб ва бурун атрофини ювиб чиқади. “Раддул-Муҳтор” китобининг муаллифи аллома Ибни Обидин роҳматуллоҳи алайҳи бу борада “Намоз фарз бўлганларга таҳорат олдирилади”, деб айтганлар. Ювиш маййитнинг бошидан, юзидан бошланади.  Соч-соқоли имкон бўлса хитмий (русча штокроза розовая) билан, бўлмаса совунга ўхшаш нарсалар билан ювилади. Соч-соқоли йўқлар бундан мустасно.  

Сўнгра чап тарафини бостириб ётқизилади ва ўнг тарафига сув қуйилади, ҳатто, босиб ётган тарафигача сув етказилади.


islom.uz




 Кейин эса, ўнг тарафига ёнбошлатиб, ҳудди шу иш қилинади. Ҳар бир ўгиришда уч маротаба ювилади. Бундан кўпайтирилса ёки камайтирилса ҳам ғусл адо топади, чунки вожиб бир марта эканлиги эътиборидан жоиз бўлаверади. Ювиш асносида авратидан чиққан нарса сабабли ювиш қайтарилмайди, чунки ундаги нопоклик таҳоратни кетказувчи нарсалар сабабли эмас, балки, ўлим сабабидандир. Шунинг учун ювиш комил бўлаверади. 

Ювиб бўлгач, кафанни ҳўл қилмаслиги учун бутун бадани тоза латта билан артиб чиқилади. 

Эркак кишига маййитни кафанга ўрашдан аввал унга уч ёки беш, яъни тоқ ададда хушбўйлик сепилади. Бу ҳолат уни тириклик ҳолатига эътиборан, яъни инсон тириклик ҳолатида ўзига ҳам либосига ҳам хушбўйлик сепиб юргани каби.

 عن جابر قال قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : " إذا أجمرتم الميت فأجمروه ثلاثا " 

Жобир розиаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар маййитларингизга хушбўй нарса сепсангиз, тоқ қилиб, уч бор сепинглар”, дедилар. 

Аҳмад ва Ҳоким ривоятлари

Кафанлашдан олдин маййитнинг боши ва соқолига хушбўйликлар, атрлар суртилади. Ханут (маййит бузилмаслиги учун ишлатиладиган модда, атр навларидан бири) ва кофурни (русча камфара) пахтага теккизиб, унинг оғзи, бурни, кўз ва қулоқ  атрофига, сажда қиладиган жойлари: пешонаси, бурни, икки кафти, тиззалари, оёқ учларига суртилади.

Бу амаллар барчаси мустаҳаб саналади. Булар бўлмаган тақдирда бошқа хушбўй нарсаларни ишлатиш ҳеч нарса қилмайди. Заъфарон (русча шафран) ва варс (сариқ дарахт, инглизча memecylon tinctorium) ни эркакларга ишлатишлик макруҳ. 

Сочи таралмайди, безак берилмайди ва калта қилинмайди. Тирноқларига ҳам тегилмайди. Олиб қўйилган бўлса, кафани орасига қўйиб юборилади. Хатна қилинмаган бўлса, шу ҳолатда қолдирилади. Қўллари гавда устига эмас, балки, ёнбошига узун қилиб қўйилади. 

Ювадиган жой ювинди суви тўпланиб қолмайдиган, яъни оқиб кетадиган бўлиши лозим.


Жўрабаев Юсуфжон


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фиқҳга оид китобларга ҳукм оятлари тафсирига бағишланган китоблар ҳам қўшилади. Бунда тафсирчи қайси фиқҳий мазҳабга мансуб бўлса, ояти карималарни ўша мазҳаб давоми...

4377 21:10 / 24.04.2019
. ,. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Азон ва иқома орасидаги дуо рад қилинмас,, дедилар,. .Сунан, давоми...

3572 17:00 / 26.08.2021
Фиқҳ китоблари ёзилиш шаклига кўра ҳам бир неча турга тақсимланади. Баъзиларида алоҳида бир мазҳабнинг, тўғрироғи муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар давоми...

3388 05:00 / 18.01.2017
Ҳанафий мазҳаби бўйича, кафан уч турга зарурат кафани, кифоя кафани ва суннат кафанига бўлинади. 1. Зарурат кафани. Зарурат ва ожизлик бўлганда эркак ва аёлга давоми...

1719 19:00 / 16 февраль