1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Ақл эгалари учун белгилар

21:10 / 31.03.2019 7973 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Осмонлару ернинг подшоҳлиги Аллоҳникидир. Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир.

Шундай бўлганидан кейин ким ҳам Унинг азобидан қочиб қутула олар экан!

Сураи кариманинг охиридаги оятларда яна Аллоҳнинг ягоналигига, қудратига, яратувчилигига далиллар келтирилади. Кишиларни осмонлару ерларга – Аллоҳнинг мулкига тадаббур ва тафаккур билан назар солишга чақирилади.

 Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор.

Осмонга назар солиб, ақлини ишлатган одам, ерга назар солиб, ақлини ишлатган одам, кечаю кундузнинг алмашишига назар солиб, ақлини ишлатган одам, албатта, Аллоҳнинг ягоналигига, қудратига, яратувчилигига қойил қолмасдан, иложи йўқ.

Осмонлару ердаги ажойиб мутаносиблик бутун дунё тортишиш қонуни ила шундай бўлиб турганини илм-фан айтади. Лекин ўша қонунни ким ижод қилди?!

Осмонлару ердаги ҳамма нарсалар азалий эмас, балки кейин пайдо бўлганлигини ҳам ақл ишлатган одам дарров тушуниб етади. Демак, уларни пайдо қилувчи Зот бор. У Аллоҳ таолодир.

Кечаю кундузнинг алмашиб туриши ернинг қуёш ва ўз ўқи атрофида айланиб туришидандир. Лекин уларни яратган ва қуёшни ҳам ўз ўқи атрофида айланадиган қилиб қўйган ким? Албатта, Аллоҳ таоло жалла жалалуҳудир.

Бу ҳақиқатларни тушуниб етиш учун инсон ақл эгаси бўлиш билан бирга, қуйидаги оятларда келадиган сифатларга ҳам соҳиб бўлиш керак:

Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин.

Роббимиз, албатта, Сен кимни оловга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан. Ва золимларга ҳеч қандай ёрдам берувчилар йўқ.

Роббимиз, биз «Роббингизга иймон келтиринг!» деб иймонга чорлаётган нидо қилувчини эшитдик ва иймон келтирдик. Роббимиз, бизни мағфират қилгин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда аброрлар билан бирга ўлдиргин.

Роббимиз, бизга расулларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин. Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан».

Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса ҳам иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатда олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.

«Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки...»

Шундай даражада тафаккур қилган одамнинг қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.

«Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ...»

Ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритган одам, албатта, Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини тушуниб етади ва:

«Ўзинг поксан»  деб тасбеҳ айтиб, У Зотни ёдга олади. Ушбу борлиқнинг яратилиши, ундаги нарсаларнинг ҳақиқатини тушуниб етиш буларни қилишда тадбиркорлик, ҳикмат ва мақсад борлигини англаб етишга олиб боради. Шундай бўлса, бу дунёда яшаётган кишилар учун адолат ҳам зарурлигини тушуниб етади. Демак, одамлар қилган ишларнинг ҳисоб-китоби ҳам бўлади. Бу иш бу дунёда эмас, у дунёда амалга оширилади. Шу боисдан охират умидида дуо қилиш бошланади:

«...бизни олов азобидан сақлагин».

Дўзахда куйишдан ҳамма ҳам қўрқади. Хусусан, ибодатли, иймонли, тафаккурли кишилар бу ҳақиқатни тўлиқ ҳис этадилар. Шунинг учун ҳам:

«Роббимиз, албатта, Сен кимни оловга киритсанг, батаҳқиқ, уни шарманда қилибсан»,  дейдилар.

Демак, дўзахда шарманда бўлишдан қўрққанлари учун Аллоҳдан ёрдам сўрашади.

«Ва золимларга ҳеч қандай ёрдам берувчилар йўқ».

Фақат золимларгина дўзахга сазовордирлар.

«Роббимиз, биз «Роббингизга иймон келтиринг!» деб иймонга чорлаётган нидо қилувчини эшитдик ва иймон келтирдик».

«Нидо қилувчи»дан мурод Муҳаммад алайҳиссаломдирлар. Ақли ва қалби очиқ кишилар у зотнинг даъватларини эшитишлари билан дарров иймонга келганлар.

Ақли ва қалби очиқ кишилар иймонга киришлари билан, энг аввало ўз Пайғамбарлари ҳақида ўйлай бошлайдилар. Гуноҳлари ва ёмонликларидан қутулиш ҳақида қайғурадилар ва уларни кечишини сўраб, Аллоҳга тазарру қиладилар:

«Роббимиз, бизни мағфират қилгин ва ёмонликларимизни ўчиргин ҳамда аброрлар билан бирга ўлдиргин».

Дуонинг охирида Аллоҳдан умидворлик ва Унинг ваъдага хилоф қилмаслигига ишонч таъкидланади:

«Роббимиз, бизга расулларингга ваъда қилган нарсаларингни бергин...»

Аллоҳ Ўз пайғамбарлари тили билан мўмин бандаларга савоб, нусрат, жаннат ва бошқа нарсаларни ваъда қилган эди.

«...ва бизни қиёмат куни шарманда қилмагин».

Яъни қиёмат куни кофирларни халойиқнинг олдида шарманда қилганингдек, бизни ҳам шарманда қилмагин.

«Албатта, Сен ваъдага хилоф қилмассан».

Бунга ишончимиз комил.

Кейинги оятларда мазкур дуонинг қабул бўлгани ҳақида сўз кетади:

Робблари уларга: «Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман. Баъзингиз баъзингиздансиз. Ҳижрат қилган, диёрларидан чиқарилган, Менинг йўлимда азият чеккан, жанг қилган ва қатл этилганларнинг ёмонликларини ўчиргайман ҳамда уларни албатта остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритгайман, Аллоҳ ҳузуридан савоб ўлароқ», – дея ижобат қилди. Ва Аллоҳ ҳузурида гўзал савоб бўлган Зотдир.

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло «Тафаккурингизни, хаёлингизни, ниятингизни ёки гапу сўзингизни зое қилмайман», – дегани йўқ. Балки «Амалингизни зое қилмайман», – демоқда.

Демак, Аллоҳнинг ўлчовида энг эътиборга сазовор нарса амалдир. Яхшилик йўлида қилинган амал Ислом дини назарида ибодат даражасига кўтарилади. Амал қилувчи иймонли бўлса, бас. У кимлигидан қатъи назар, амали зое бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло:

«Мен сизлардан эркагу аёл амал қилувчининг амалини зое қилмасман»,  демоқда.

Чунки эркак ҳам, аёл ҳам Аллоҳнинг бандалари, асллари бир. Эркаксиз аёл бўлмайди, аёлсиз эркак бўлмайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло:

«...Баъзингиз баъзингиздансиз», – демоқда.

Кейинги жумлаларда зое қилинмайдиган амалларнинг батафсил баёни келади:

«Ҳижрат қилган...»

Яъни дину диёнат йўлида, иймону ақийда йўлида ўз ватанини ташлаб чиқишга мажбур бўлганлар.

«...диёрларидан чиқарилган...»

Яъни ўзлари хоҳлаб чиқмасалар ҳам, душман мажбур қилиб, диёрларидан қувилган зотлар.

«...Менинг йўлимда азият чеккан...»

Яъни Аллоҳнинг йўлида, дину диёнат йўлида азият чекиб, машаққат тортганлар.

«...жанг қилган ва қатл этилганларнинг...»

Яъни Аллоҳнинг йўлида урушларда қатнашганлар ва уларнинг ичидан шаҳид бўлганлар.

Ушбу тоифаларга Аллоҳ таоло:

«...ёмонликларини ўчиргайман ҳамда уларни албатта остларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритгайман…» – деб ваъда бермоқда.

Шу билан бирга, бу нарсалар қаердан эканининг ҳам баёни келмоқда:

«...Аллоҳ ҳузуридан савоб ўлароқ», – дея ижобат қилди. Ва Аллоҳ ҳузурида гўзал савоб бўлган Зотдир.

"Тафсири ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш ва у зотни улуғлаш диндан бўлиб, ибодат саналар экан, у ҳолда ибодатнинг ўрни қалб, тил ва тана давоми...

1325 15:00 / 28.10.2020
Абу Ҳурайра Яманнинг Давс қабиласидан эдилар. Исломдан олдинги исмлари Абдушшамс ибн Сохр эди. Исломга кирганларидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам давоми...

4250 09:00 / 23.05.2021
Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири бировнинг савдоси устига, у баҳолашишни тугатмай туриб савдо қилишдир. . ,. . ,. .Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан давоми...

2358 14:00 / 28.07.2019
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш воситалардан бири таҳоратдир. Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган маъно келиб давоми...

1527 16:57 / 06.12.2022
Аудиолар

135078 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55354 14:35 / 11.08.2021