1447 йил 26 ражаб | 2026 йил 15 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савол жавоб

Мунофиқлик

09:20 / 29.10.2017 5530 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Устоз мунофиқликдан қандай даволанса бўлади, бу қалб иллатларининг энг ҳатарлиси унинг муолажаси ҳакида ҳабар беринг илтимос.

Жавоб:

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф 

 

Мунофиқлик

Ҳар бир банда ҳазир бўлиши лозим бўлган қалб хасталикларидан яна бири мунофиқликдир.

Араб тилида мунофиқликни англатувчи сўзларнинг ўзаги бўлмиш «нифоқ» сўзи ичи бўш, ташқи кўриниши ўзгача нарсага ишлатилади. Мисол учун, юмронқозиқ ёки тулкининг уясига ҳам «нифоқ» сўзи ишлатилади. Чунки, улар устидан оддий ерга ўхшайди, бир тарафдан кирса, иккинчи тарафдан чиқиб кетаверади. Ҳозирги кунда ажнабий тилларда «тоннель» деб номланаётган иншоотлар ҳам арабчада «нафақ» дейилади.

Агар бу маънони дийний-ақийдавий истилоҳда ишлатмоқчи бўлсак, сиртдан мусулмонликни эълон қилиб, ичидан унга лойиқ бўлмасликка «мунофиқлик» деб айтилади.

Одамлар кўз ўнгида Ислом дийнига мансублигини эълон қилиб, ҳатто баъзи амалларни ҳам қилиб юрадиган, аслида, эътиқоди бузуқ бўлган кишилар «мунофиқ» дейилади.

Журжоний нифоқни «Таърифот»да: «Нифоқ тил билан иймонни изҳор қилиб, дилдаги куфрни беркитишдир», деб таъриф қилган.

Бу «катта нифоқ» деб аталади.

Кўпгина ҳадиси шарифларда мунофиқларнинг аломатлари ҳақида сўз юритилган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عَمْرٍو قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ r: ثَلاَثٌ إِذَا كُنَّ فِي الرَّجُلِ فَهُوَ الْمُنَافِقُ الْخَالِصُ إِنْ حَدَّثَ كَذَبَ وَإِنْ وَعَدَ أَخْلَفَ وَإِنْ اؤْتُمِنَ خَانَ وَمَنْ كَانَتْ فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْهُنَّ لَمْ يَزَلْ يَعْنِي فِيهِ خَصْلَةٌ مِنْ النِّفَاقِ حَتَّى يَدَعَهَا. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Уч нарса қай кишида бўлса, холис мунофиқ бўлур: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, омонат ишонилса, хиёнат қилади. Кимда шу хислатлардан биттаси бўлса, уни тарк қилгунича нифоқдан битта хислати бўлади». 

Аҳмад ривоят қилган.

Бундай нифоқ амалий – «кичик нифоқ» деб аталади.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан», деган (145-оят).

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида:

«Аллоҳ мунофиқ эркакларга, мунофиқ аёлларга ва кофирларга жаҳаннам оташини ваъда қилди. Унда абадий қолурлар. Ўша улар учун етарлидир. Ҳамда Аллоҳ уларни лаънатлади. Уларга доимий азоб бордир», деган (68-оят).

Имом Бухорий қилган ривоятда Ҳузайфа ибн Ямон розияллоҳу анҳу: «Бугунги мунофиқлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидагидан ёмондир. Чунки, улар мунофиқликни махфий қилардилар, булар эса, ошкора қилмоқдалар», деган эканлар.

Мунофиқликнинг зарарларидан:

1.   Аллоҳ таоло мунофиқнинг амалини қабул қилмайди.

2.   Мунофиқнинг қалбида марази бўлади. У, мусулмонларга етган мусийбатдан масрур ва нусратдан маҳзун бўлади.

3.   Мунофиқ бахил бўлади. Молни фақат риё учун сарфлайди.

4.   Мунофиқнинг эътиқоди, илми ва амали залолатдадир.

5.   Мунофиқ риёкордир.

Мунофиқлар кофирлардан ҳам хатарли. Кофирлар билан бўладиган алоқа ва муомалаларда биз уларнинг кимлигини эътиборга олиб, ўзларига яраша иш тутамиз. Мунофиқлар эса, сиртдан мусулмон бўлиб кўринадилар. Одамнинг ичидагини билиб бўлмайди, натижада уларга ҳам мусулмонча муомала қилишга мажбур бўлинади. Бу билан мунофиқлар орқали дийнга катта зарарлар етказишга имкон яратилади.

Айнан мана шу ҳолат уларга қиёмат куни кофирлардан кўра кўпроқ ва аламлироқ азоб берилишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло мунофиқлар жаҳаннамнинг энг қаъридан жой олишларини таъкидлаб айтган.

Мунофиқлик турли ахлоқий разийлатнинг уясидир. Риёкорлик, алдамчилик, хиёнат, ёлғончилик, иккиюзламачилик, ваъдага хилоф қилишлар шулар жумласидан. Мунофиқлик ҳар бир умматнинг жисмини титиб юборадиган ижтимоий касалликдир.

Мўмин банда нифоқ ва унга олиб борувчи нарсалардан куйдирадиган оловдан қўрққандек қўрқиши керак. Мўмин киши катта-кичик нифоққа тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.

Инсон Аллоҳнинг зикрини тез-тез қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади. Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дийн таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, дийний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.

Мўмин банда нифоқ ва унинг аломатларини яхши таниб олиб, улардан доимо четда бўлиш чораларини кўриши лозим. Жумладан, Аллоҳнинг зикридан, Қуръон ва шариатдан, дийн таълимотларидан узоқлашмаслиги керак.

 

http://savollar.islom.uz/savol/16150

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум Мен бир оиланинг келиниман, аммо бу оиланинг қоидаларига кўника олмаяпман. Турмушга чиққанимга 3 йил бўлди. Қайнонам мен уйда йўқлигимда давоми...

2936 08:54 / 05.10.2019
САВОЛ Обҳаво маълумотини эшитса ва бошқаларга уни етказса, гуноҳ бўладимиЖАВОБ Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.Ҳеч нарса бўлмайди. Обҳаво маълумоти ғайбнинг хабари давоми...

3615 20:11 / 27.04.2016
Ассалому алайкум Ҳозирда мусулмон бўлмаган юртдаман. Емак учун харид қилаётган маҳсулотларнинг таркиби билан танишиб, кейин сотиб оламиз. Лекин шундай бўлсада, давоми...

2559 12:03 / 15.11.2018
Ассалому алайкум Устозлар, юртимизда чоп этилаётган Қуръони Карим китоблари сотила бошланди ва унинг нархи 31000 сўм деб белгиланди. Мен Қуръони Карим сотадиган давоми...

4798 06:10 / 09.09.2018