1446 йил 7 рабиъус сони | 2024 йил 10 октябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир

10:46 / 23.10.2017 5154 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир. Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир.

Бу ояти карима «Нур ояти» деб ҳам номланади.

Тафсирчиларимиз, файласуфларимиз бу ояти карима ҳақида кўп баҳс юритганлар. Ҳатто Ҳужжатул Ислом имом Ғаззолий «Нур ояти»ни тафсир қилиб, «Мишкотул анвор» номли бир китоб ҳам ёзганлар.

Оятда Аллоҳ таоло Ўз Зоти олийсини «Нур» деб атамоқда. Лекин бу нур сиз билан бизнинг тушунчамиздаги моддий, кўзга таъсир ўтказадиган, олимлар тахминича, бир сонияда 186000 мил тезликда ҳаракат қиладиган ёруғлик нури эмас. Аллоҳ таолонинг ҳеч бир сифати сиз билан бизнинг тасаввуримизга тўғри келмайди. У ўхшаши йўқ Зотдир. Буни ҳамма уламоларимиз бир овоздан таъкидлаганлар. Аммо оятнинг тафсирига келганда, фикрлар турлича бўлган.

«Аллоҳ осмонлар ва ернинг нуридир».

Бу жумлани баъзи уламоларимиз «Аллоҳ осмонлар ва ерни мунаввар қилувчидир», – деб тушунтирганлар. Бошқа бирлари эса «Аллоҳ осмонлару ерни вужудга келтирувчидир», – деганлар. Яна бошқалари, Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни, яъни борлиқни Ўз нуридан яратгандир, деган маънода тафсир қилганлар. Яна бир тоифаси «Аллоҳ таоло борлиқни билдирувчидир», – деганлар.

Бу тушунчаларнинг ҳаммаси араб тилида «нур» сўзи ифода этадиган маънолардан олингандир.

«Нур» сўзи, аслида, ўзи зоҳир бўлиб, ўзгаларни ҳам зоҳир этувчи вужудга нисбатан ишлатилади. Мисол учун, қоронғиликда ёруғлик зоҳир бўлиб, аввал ўзи кўринади ва шунинг баробарида атрофни ҳам ёритади, яъни кўрсатади.

Шу сабабдан, қуёш, ой, юлдузлардан тараладиган, бир сонияда 186000 мил тезликда ҳаракат қилиб, кўзга, миядаги кўриш марказига таъсир ўтказадиган ёруғлик ҳам нур дейилади. Шунингдек, илмга нисбатан ҳам «нур» сўзи ишлатилади. Яна иймон ҳам нур дейилади; Қуръонни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи нур деб атаган; кўзнинг кўриш қобилиятини-да нур дейишади; фарзандга нисбатан ҳам «кўзимнинг нури» деган иборани ишлатишади. Қисқаси, «нур» сўзи жуда кўп маъноларда қўлланган.

Шунга ўхшаш луғавий маънолар эътиборидан келиб чиқиб, оятдаги жумланинг тафсири турлича бўлган. Ўша тафсирлардан баъзилари юқорида келтирилди.

Аллоҳ таоло осмонлар ва ернинг нури экани инсоний тасаввурга сиғиши қийин, шунинг учун инсон идрокига мос мисол билан тушунтирилмоқда:

«Нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида, шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир».

Ўша вақтда ёруғлик ҳосил қилиш учун ишлатиладиган шиша чироқ инсонлар онгида энг тараққий этган восита бўлган. Нур яхши таралиши учун, аввало, деворда ўйма токча бўлиши керак.

«Нурининг мисоли худди бир токча...»

Токчада турган чироқнинг нури беҳуда тарқалмасдан, бир тарафга таралади, шамол тегиб, ўчиб қолавермайди ҳамда липиллаб, тутамайди. Аммо фақат пилик ёнган билан ёруғлик бўлмайди. Агар пиликнинг устига шиша ўрнатилса, у ўчиб ҳам қолмайди, нури ҳам атрофга равшан таралади.

«…унинг ичида чироқ бор, чироқ эса шиша ичида...»

Энди, шиша билан шишанинг ҳам фарқи бор. Шиша қанчалик шаффоф бўлса, чироқнинг нури шунчалик равшан ёритади. Ушбу оятда мисол келтирилаётган чироқнинг шишаси гўё дурдан бўлган бир юлдуз экан.

«…шиша эса гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб...»

Дур мусаффолик, юлдуз эса ёруғлик тимсоли. Икки тимсол бир бўлиб, ўша чироқнинг шишасида акс топмоқда. Бу эса мисли йўқ даражада ёруғлик берадиган чироқ деганидир.

Энди, бу чироқ ёниши учун ёқилғи – мой керак. Аммо мой яхши бўлмоғи лозим, йўқса, чироқ равшан нур таратолмайди. Оятнинг давомида васф қилинаётган чироқнинг ёғи қанақа экани баён этилмоқда:

«...шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир».

Яъни чироқнинг ёғи муборак зайтун дарахтидан олинган. Ўша вақтдаги энг яхши чироқ ёғи зайтун ёғи бўлган. Аммо ҳамма зайтуннинг ҳам ёғи бир хил бўлавермайди. Қуёш тегмай, сояда ўсган зайтундан умуман яхши ёғ чиқмайди. Қуёш фақат шарқ томонидан тушадиган зайтуннинг ёғи ҳам, шунингдек, фақат ғарб томонидан қуёш тушадиган зайтун дарахтининг ёғи ҳам унча яхши бўлмайди. Энг яхшиси шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмай, эртадан кечгача қуёшда тобланиб, қуёш нурини тўла эмиб ўсган зайтуннинг ёғидир. Бунинг устига, зайтун муборак дарахтдир.

«Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди».

Яъни яхши жойда ўсган муборак дарахтнинг – зайтуннинг ёғи бўлгани учун, чироққа қуйиб, пиликка олиб ёқмаса ҳам, ўзидан-ўзи зиё таратиб юборай деб турибди.

Хуллас, токча нур учун тайёрланган, чироқнинг ўзи нур, устига кийдириладиган шиша нурли юлдуз каби, дурдек равшан, ёғи ҳам нур сочай деб турибди. Буларнинг ҳаммаси

«...нур устига нурдир».

Ҳа, Аллоҳнинг нури ана шундай ёрқиндир. Аммо

«Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур».

Ҳаммани ҳам ҳидоят қилавермайди. Кўзи кўр одам қуёшнинг, ойнинг, юлдузнинг, ҳатто олдида турган чироқнинг нурини кўрмаганидек, қалб кўзи кўр одам ҳам Аллоҳнинг нурига – иймонга, дину диёнатга, Қуръонга, Исломга ҳидоят топмайди. Шундай қилиб,

«Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур».

Одамларга қандай мисол тўғри келишини У Зотнинг Ўзи билади.

Чунки

«Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир».


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Тафсири ҳилол китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зиёфат ўлароқ, ана ўша яхшими ёки заққум дарахтимиҚани айтингларчи Зиёфат ўлароқ, наъим жаннати яхшими ёки заққум дарахтими Заққумнинг тафсилоти кейинги давоми...

10409 23:38 / 19.02.2018
Баъзи мўмин бандалардан дўзахга мубтало қиладиган амаллар содир бўлсаю, у кейин бошқа керакли амалларни қилса, дўзахга кирмай қолиши мумкин. Маълум гуноҳларни давоми...

3418 17:00 / 11.10.2021
Савол Нега Аллоҳни кўриб бўлмайдиЖавоб 1. Маълумки дунё ҳаёти имтиҳондир. Аллоҳ ва расули берган хабарларга ишониш ва амал қилиш билан инсон имтиҳондан давоми...

4059 13:06 / 04.11.2018
Албатта, маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятни гуноҳ эканини билиб, хижолат бўлган ҳолда амалга оширади. Савобдан маҳрумлигини ва жазога давоми...

3776 23:54 / 02.12.2016
Аудиолар

131422 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51903 14:35 / 11.08.2021