1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Савдодаги ҳаром амаллар

14:47 / 17.10.2017 7570 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савдо молининг олдини тўсиб
чиқиш ҳаромдир

Савдода ҳаром қилинган ишлардан яна бири бозорга келтирилаётган савдо молининг олдини тўсиб чиқиб, арзонга олиб, қимматга сотишдир.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам савдо молларини бозорларга тушмасидан олдин тўсиб чиқишдан қайтардилар». 

Аҳмад ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда бозор қоидаларидан яна бири баён этилмоқда. Бозор атрофида айланиб юриб, осон йўл билан бойлик орттириш мақсадида нарх-навонинг ўсишига сабаб бўладиган кишиларнинг иши нотўғри экани баён қилинмоқда.

Яъни бу «Ташқаридан бозорга ўз маҳсулотларини сотгани олиб келаётганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозордаги нархни билмасларидан олдин арзон-гаров сотиб олманглар», деганларидир. 

Жоҳилият даврида шундай қиладиганлар бор эди. Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу ўзлари: «Биз улов минганларнинг олдини тўсиб чиқиб, бозорга келмасларидан олдин таомларини сотиб олар эдик», деганлар. 

Саҳрода, қишлоқда яшайдиган кишилар одатда бозордаги нархдан яхши хабардор бўлишмайди, савдо-сотиқ ишларида шаҳар аҳолиси каби устомон ҳам бўлишмайди. Шунинг учун йўлини тўсиб чиқиб, молини сотиб олмоқчи бўлган одамга арзонга сотиб қўйиши мумкин. Натижада у ҳам, бозорга келадиган оддий кишилар ҳам зарар кўрадилар. 

Аммо бозорга келиб, вазиятни ўз кўзи билан кўриб, мулоҳаза қилиб сотгани яхши бўлади. Агар бир киши ўз молини олдини тўсиб чиққан чайқовчига сотса-ю, кейин бозорга келиб, нарх-навони кўриб, айниб қолса, молини қайтариб олишга ҳаққи бор.

 

Ўзганинг савдоси устига
савдо қилиш ҳаромдир

 – Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири бировнинг савдоси устига, у баҳолашишни тугатмай туриб савдо қилишдир.

 Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин, ўз биродари совчилиги устига совчилик қилмасин. Фақат унга ўзи изн берса, майли», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган. Бошқа бир ривоятда: 

«Мусулмон ўз биродарининг савдолашиши устига савдолашмасин», дейилган.

Ушбу ҳадиси шарифда савдода содир бўлиб турадиган икки хил ишдан наҳ­йи қилинмоқда:

1. Бировнинг битирган савдоси устига савдо қилиш. 

Бу икки хил кўринишда бўлиши мумкин: 

Биринчи кўринишда бировдан нарса сотиб олган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсасини қайтариб бер, мен сенга худди шу нарсани арзон нархга бераман», дейди.

Иккинчи кўринишда эса: «Бировга нарса сотган одамга: «Савдонгни бузиб, нарсангни қайтариб ол, мен сенга ундан кўра кўпроқ пул тўлайман», дейди.

Бу кишилар ўртасида келишмовчилик, уруш-жанжал келтириб чиқарадиган бузғунчиликдан иборат ишдир. Эркин бозор қоидасига, одамларнинг баъзилари баъзиларидан фойда олишига зид нарсадир. Шунинг учун ҳам бу нотўғри иш шариатда ман қилинган.

2. Бировнинг савдолашиши устига савдолашиш.

Яъни бир киши бир нарсанинг устида савдолашиб қўйди, ҳали бир йўла сотиб олгани йўқ. Шунда бир одам келиб, сотувчига: «Менга сотсанг, ундан кўп нарх бераман», дейиши мумкин эмас. Ёки харидорга: «Менинг худди шу савдолашган нарсангга ўхшаш нарсам бор, сенга арзонга бераман», дейиши мумкин эмас. Савдо битса, битиб кетди, битмаса, учинчи киши ўз мақсадини айтса бўлади. Бу ишда ҳам бошқаларга зарар келтириш борлиги учун ҳаром қилинган.

Ўйлаб кўрадиган бўлсак, бозор ва савдо соҳасида келиб чиқадиган кўпгина уруш-жанжал, келишмовчиликларнинг асосий сабабларидан бири ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган масаладир. Кишиларнинг Ислом таълимотларидан бехабарликлари, хабардорларнинг мазкур таълимотларга амал қилмасликлари оқибати нима бўлишини шундан ҳам билиб олаверсак бўлади.

Ҳаром нарсаларнинг савдоси ҳаромдир

 – Савдода ҳаром қилинган ишлардан бири шариатда ҳаром қилинган нарсаларнинг савдосидир.

Ислом шариатида қиймати йўқ ёки ҳаром дейилган нарсаларнинг савдоси билан шуғулланиш мутлақо мумкин эмас. Умуман, савдо билан шуғулланмоқчи бўлган одам дастлаб бу борадаги ҳалол-ҳаромни, мумкин ва мумкин бўлмаган нарсаларни, бу борадаги тижорат одобларини яхшилаб ўрганиб олиши шарт. Шундан кейингина яхши ният билан иш бошлайди.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Бозор ва унга боғлиқ масалалар китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бир мусулмон муҳтож бўлиб, қарз сўради. Иккинчи мусулмон ўз биродарига ёрдам бериш ниятида унга қарз берди. Улардан бири қарз берувчига, иккинчиси қарздорга давоми...

14254 14:40 / 09.10.2017
ndashИбн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Агар бир қавм аҳдни бузсалар, Аллоҳ уларнинг устидан душманларини ғолиб давоми...

3475 05:00 / 17.02.2017
Аллоҳга маъсият қилишСавбон розийаллоҳу анҳу ривоят қилади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар Банда гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан, давоми...

4931 05:00 / 17.02.2017
Электрон тижорати деганда у товар ва хизматларни интернет тармоғи орқали амалга ошириш тушунилади. У компютер, тармоқ, дастур ва электрон сайтдан иборат. давоми...

3790 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

210897 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130160 14:35 / 11.08.2021