1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Масжиддан тўсган золимдир

17:10 / 01.06.2019 5090 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни хароб қилишга саъй­ҳаракат қилган кимсадан кўра золимроқ ким бор? Ана ўшалар уларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди! Уларга дунёда шармандалик бордир ва уларга охиратда улкан азоб бордир.

Ушбу ояти кариманинг таъбирига кўра, дунёда масжидларда Аллоҳнинг исми зикр қилинишини ман этган ва масжидларни бузишга ҳаракат қилган шахслардан золимроқ одам йўқ. Бу улкан ҳақиқатдир.

«Аллоҳнинг масжидларида Унинг исми зикр қилинишини ман этган ва уларни хароб қилишга саъй­ҳаракат қилган кимсадан кўра золимроқ ким бор?»

Кофир, динсиз бўлишнинг ўзи улкан зулм. Аммо ўзи кофир бўлгани етмагандек, бошқаларни масжидга кириб, ибодат қилишдан ман этиш ундан ҳам катта зулм. Масжидларни бузиш, уларни хароб қилиш зулм устига зулмдир.

Мусулмонлар тарих давомида бундай чексиз зулму ситамларни жуда кўп тортдилар. Энг кейинги даврда худосиз жаллодлар дунёда ҳеч ким қилмаган гуноҳни қилиб, куфр асосида давлат қуриб, динни «афюн» деб эълон қилганлари етмагандек, бутун халқни, етти пуштидан тортиб мусулмон бўлиб келаётган халқни Аллоҳнинг масжидларида ибодат қилишдан тўсдилар. Ибодат қилганлари, Аллоҳнинг Китобини ўрганганлари учун қийнаб, ўлдирдилар, қувғин қилдилар, тўлаб бўлмайдиган солиқлар солдилар.

Мазкур худосиз кофирлар ўн минглаб масжидларни, ояти карима таъбири билан айтганда, «Аллоҳнинг масжидларини» буздилар, хароб қилдилар. «Хароб» сўзи бузишдан кўра умумийроқ маънони беради. Масжидда намоз ўқилмаслиги ҳам унинг хароб бўлганидир. Худосиз кофирлар бузилмай қолган масжидларни шу йўл билан хароб этдилар. Ибодатхоналарни омборларга, турли куфр идораларига, ароқ сотадиган дўконларга, босқинчи кофирларнинг яшаш жойларига, ҳатто чўчқахоналарга айлантирдилар. Самарқанд ва Бухорога ўхшаш қадимий шаҳарлардаги масжидлар ҳожатхоналарга айлантирилди. Инсоният ўзининг узун тарихида кўпгина қийинчиликларни бошидан ўтказган, аммо бунга ўхшаш ваҳшийликни кўрмаган!

Ўша кофирлар, динсизлар ҳам одам эдилар, улар ҳам Худонинг бандаси эди. Уларнинг ҳам ақли бор эди.

«Ана ўшалар уларга фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари керак эди!»

Тафаккур қилиб ўйлашлари, бандаликни бўйинларига олиб, одамларни ибодатдан тўсиш ўрнига ўзлари ҳам уларга қўшилиб ибодат қилишлари лозим эди. Масжидларни бузиб, хароб қилиш ўрнига уларга тавозеъ билан, қўрққан ҳолларида кириб, Аллоҳнинг зикрини қилишлари керак эди. Улар ҳам шу ғояда яратилган эдилар. Ҳа, шундай бўлиши керак эди. Аммо тескариси бўлди, улар ўзлари ибодатга кирмаганлари етмагандек, соф иймонли мўмин-мусулмонларнинг ўз Роббларига ибодат қилишларини ҳам кўра олмадилар. Мўминларни Аллоҳнинг ибодатидан ман этиб, шайтоннинг ибодатига мажбур қилдилар.

Кофирлар мўмин-мусулмонларнинг ўз маблағлари, меҳнатлари, ҳунарлари билан Аллоҳ учун қурган масжидларини бузиб, омборхона, ароқхона, бузуқхона ва бошқа «хона»ларга айлантирдилар. Шундай ишларни қилиб, энди ҳеч нарса бўлмагандай, кетаверадиларми?! Йўқ! Аллоҳ таоло ушбу оятнинг ўзида уларнинг оқибати нима бўлишини айтиб қўйган:

«Уларга дунёда шармандалик бордир ва уларга охиратда улкан азоб бордир».

Улуғ Аллоҳнинг сўзи ростдир. Дарҳақиқат, тарих гувоҳдирки, масжидларни бузганлар, одамларни ибодатдан ман қилганлар бу дунёда ҳам ҳаловат топмаганлар, ниҳоят, хор бўлиб ўлганлар. Ундайларни яқин ўтмишимиздан кишилар номма-ном билишади. Ҳолбуки, бу дунёдаги қийинчиликлар қиёматда тортадиган азоблар олдида ҳеч нарса эмас. Кофирлар доимо қўлларидан келган ёмонликларни қилаверадилар. Улар одамларни масжидларда Аллоҳнинг исмини зикр қилишдан қайтариб, Аллоҳнинг масжидларини хароб этишга ҳаракат қилишади. Аммо шундай жабру зулмга қарамай, мусулмонларнинг Аллоҳга ибодат қилишга имконлари бор.

"Тафсири ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, Биз расулларимизга ва иймон келтирганларга дунё ҳаётида ва гувоҳлар турган Кунда ҳам нусрат берурмиз.Яъни Аллоҳнинг нусрати бу дунёда ҳам давоми...

12304 11:02 / 21.08.2020
Бир солиҳ зот ҳар куни Қуръони Каримдан ўн пора ўқишни одат қилиб олган эди. Бир куни Ёсин сурасини ўқиб ўтириб, .У ҳолда мен аниқ залолатда бўламанку, деган оятни давоми...

1520 08:00 / 29.10.2020
Миҳбардан ривоят қилинади .Биз бир маййит учун тобут ҳозирлаётган эдик, олдимиздан Рабиъ ибн Барра ўтиб қолиб, .Бу ғариб ким, деб сўради. .У ғариб эмас, қариб қариб давоми...

3233 08:00 / 06.03.2020
Фақиҳ Абу Лайс раҳимаҳуллоҳ айтадилар Қози иккала даъвогарни ўтқазишда, уларга қарашда ва бошқа муомалаларда, асарларда келганидек, баробар бўлиши керак.Умму давоми...

2141 17:00 / 22.11.2020
Аудиолар

210865 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130130 14:35 / 11.08.2021