1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

У Аллоҳдир

09:45 / 02.04.2019 8070 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам билувчидир. У ўта меҳрибондир, ўта раҳмлидир.

Ушбу оятдан маълум бўладики, эътиқод ва ибодат фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғи керак. Барча қалблар фақат Унгагина талпиниши лозим. Аллоҳ таоло шундай Зотки, сиз билан биз билган ва билмаган барча нарсаларни билади. Осмонлару ерда Аллоҳ билмаган нарса йўқ, демак, Унгагина ибодат қилиш керак.

Аллоҳ таолонинг меҳрибонлик ва раҳмлилик сифатлари ҳақида аввал сўз юритганимиз боис, ҳозир такрорлаб ўтирмаймиз.

У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Муъминдир, Муҳайминдир, Азиздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир.

Аввалги оят каби, бу ояти карима ҳам Аллоҳ ваҳдониятининг исботи ила бошланган ва У Зотнинг бир неча исмларини эслатмоқда, жумладан:

Малик – ҳақиқий Эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хожа бўлмайди. Шунинг учун инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона Яратганга, ҳақиқий Эгага қул бўлишлари лозим.

Қуддус – барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳ таолонинг Ўзигагина хосдир.

Салом – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот. Аллоҳ таоло «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.

Муъмин – иймон ва омонликни берувчи.

Муҳаймин – ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни Аллоҳ таоло бандаларнинг барча ҳолатларининг гувоҳи бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.

Азиз – барчанинг устидан Ғолиб.

Жаббор – олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.

Мутакаббир – кибриёси ва улуғлиги муболағали Зот.

Ушбу баркамоллик сифатларига эга бўлган айбсиз Зот мушрикларнинг Унга ширк келтиришидан ҳам покдир.

У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал исм­лар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир.

Суранинг ушбу сўнгги оятида Аллоҳнинг яна бир неча сифатлари ҳақида сўз боряпти. Хусусан:

Холиқ – яратувчи.

Бориъ – йўқдан бор қилувчи.

Мусоввир – махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи Зот.

Дунёдаги барча чиройли исмлар Аллоҳникидир. Ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизта чиройли исми зикр қилинган. Осмонда бўлсин, ерда бўлсин, дунёдаги барча нарсалар Аллоҳ таолони поклаб ёд этади, лекин биз уларнинг тасбеҳларини тушунмаймиз. Аллоҳ Ғолибдир ва Ҳакийм – барча ишларни ҳикмат билан қилувчи Зотдир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Маъқал ибн Ясордан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Кимки тонг чоғи уч марта «Аъуузу биллаҳис-самийъул алийм минаш шайтонир рожийм» деса ва «Ҳашр» сурасининг охирги уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло саловот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади», – деб марҳамат қилганлар.

"Тафсири ҳилол" китобидан



Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон йил ҳисоби Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Маккадан кейинроқ Пайғамбар шаҳри Мадинат унНабий деб аталган Ясриб, яъни Мадина давоми...

8518 11:31 / 26.04.2019
СаволБир биродаримиз анча йиллар олдин бир қиз билан яхши кўришиб, .Мен сенга уйланаман. Уйланмасам, эмган сутим ҳаром бўлсин,, деб қасам ичган экан.Тақдир давоми...

3201 21:04 / 13.11.2018
1993 йилда Америка фуқароси Жеймс Скот ўйнаши билан бемалол ишрат қилиш учун хотинининг ишдан уйга қайтишига халал бермоқчи бўлди. У бунга муносиб йўл қидирди. Ва давоми...

6070 17:06 / 05.06.2020
Қуръонда пайғамбарлар дуолари давоми Қуръонда Юнус алайҳиссалом ҳақида шундай дейилган.Албатта, Юнус ҳам юборилган Пайғамбарлардандир. Ўшанда у тўлган кемага давоми...

4992 12:40 / 18.04.2019
Аудиолар

210842 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130105 14:35 / 11.08.2021