1446 йил 21 жумадис сони | 2024 йил 23 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Аллоҳдан тўсилиш (3-қисм)

16:46 / 08.10.2017 4025 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

8. «У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, У сенга ҳамма нарсадан яқинроқ Зот-ку?!»

Аллоҳ таоло бандасига ҳаммадан кўра яқин эканини У Зотнинг Ўзи Қуръони Каримда баён қилиб қўйган.

Аллоҳ таоло Қоф сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз. Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз» (16-оят).

Бирор асбоб ва ёки буюмнинг устаси ундаги энг майда икир-чикирларгача яхши билади. Унинг хусусиятларини, афзалликларини, шунингдек, камчиликларию нуқсонларини ҳам яхши билади. Ҳолбуки, у яратувчи эмас. У бор-йўғи, мавжуд нарсаларни бир-бирига қўшиб, улаб, кесиб, ўйиб ва бошқа усуллар билан асбоб ясайди. Яратувчи эса йўқдан бор қилади.

Ушбу оятда Аллоҳ таоло:

«Албатта, инсонни Биз яратганмиз», деб таъкидламоқда.

Демак, Яратувчи яратган нарсасининг ҳамма тарафини мукаммал билади. Шу билишини Аллоҳ таоло инсоннинг энг нозик жойларидан бирини тилга олиш билан билдирмоқда:

«ва унинг нафси нимани васваса қилишини ҳам билурмиз».

Нафснинг васвасаси инсоннинг хаёлида кечади, унинг жараёнини ташқаридан ҳеч ким билмайди. Аллоҳ таоло ўшандай махфий нарсани ҳам билиб тургандан кейин, бошқасини билиш Унга ҳеч гап бўлмай қолади.

Инсон ҳар доим, ҳар лаҳза Аллоҳнинг чангалида, Унинг сергак кузатиши остида туришини билдириш учун Аллоҳ оятнинг охирида:

«Ва Биз унга жон томиридан ҳам яқинмиз», – дейди.

«Жон томири» деганда биз қон томирини тушунамиз. Инсон шуни тўла ҳис қилиб олса, ҳар бир ҳаракати, гапи, сўзи Яратганни рози қилиш учун бўлиши лозимлиги ҳақида ўйлаб қолади. Ҳеч бир гуноҳга, ҳаром ишга яқинлашмай қўяди. Доимо ҳушёр, сергак яшайди.

Аллоҳ таоло Мужодала сурасида марҳмат қилади:

«Албатта, Аллоҳ осмонлару ердаги барча нарсаларни билишини англамадингми? Агар учтанинг махфий суҳбати бўлса, албатта, У Зот уларнинг тўртинчисидир. Бештаники бўлса, У Зот уларнинг олтинчисидир. Бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлсалар ҳам Аллоҳ албатта улар биландир. Сўнг қиёмат куни уларга нима амал қилганларининг хабарини берур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир» (7-оят).

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримани Набий алайҳиссаломга қарата қилган хитоби ила бошламоқда:

«Албатта, Аллоҳ осмонлару ердаги барча нарсаларни билишини англамадингми?»

Яъни «Аллоҳ осмонлару ердаги ҳамма нарсаларни дақиқ жойларигача билишини ўзинг яхши англайсан-ку».

«Агар учтанинг махфий суҳбати бўлса, албатта, У Зот уларнинг тўртинчисидир. Бештаники бўлса, У Зот уларнинг  олтинчисидир. Бундан оз бўлса ҳам, кўп бўлса ҳам ва қаерда бўлсалар ҳам, албатта, Аллоҳ улар биландир».

Шунинг учун ҳам Аллоҳга ва Унинг Расулига душманлик қилувчилар динга душманлик борасида «Яширинча, пичирлашиб гаплашмоқдамиз, ҳеч ким билмаяпти», деб ўйламай қўяверсинлар. Аллоҳнинг Ўзи улар билан бирга бўлиб, барча гапларини билиб турибди.

«Сўнг қиёмат куни уларга нима амал қилганларининг хабарини берур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани ўта билувчидир».

Аллоҳ таоло Ҳадид сурасида марҳамат қилади:

«У осмонлару ерни олти кунда яратиб, сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир. Ерга нима кирганини ҳам, ундан нима чиққанини ҳам, осмондан нима тушганини ҳам, унга нима кўтарилганини ҳам биладир. У қаерда бўлсангиз ҳам сиз билан бирга. Аллоҳ нима амал қилаётганингизни кўриб турувчидир» (4-оят).

Осмонлару ерни Аллоҳ яратгани ҳақиқат. Олти кунда яратилиши бизнинг тасаввуримиздаги кун ҳисобида эмаслиги ҳам аниқ. Чунки биз ҳисоблайдиган кунлар дунё яратилганидан кейин жорий бўлган. Демак, «олти кун» Аллоҳнинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган кунлардир.

«У осмонлару ерни олти кунда яратиб...»

Насороларга ўхшаб, «Аллоҳ душанба куни уни яратди, сешанба куни буни яратди... ва чарчаб, якшанба куни дам олди», дейиш мусулмонларга мутлақо тўғри келмайди.

Шунингдек, Арш тўғрисида ҳам иймон келтирамиз-у, унинг ҳақиқатини билмаймиз. «Арш» сўзи луғатда «подшоҳнинг тахти» деган маънони англатади. Лекин Аршнинг асл ҳақиқатини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади.

«...сўнгра Аршга истиво қилган Зотдир».

Оятда «сўнг Аршга истиво» қилди, дейилади. «Истиво» сўзи луғатда «кўтарилиш», «ўрнашиш» ва «эгаллаш» деган маъноларни билдиради. Лекин Аллоҳга нисбатан бу маъноларни биз тушунгандай ҳолатда ишлатиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бу ҳолат «ҳамма нарсани яратгандан сўнг Аллоҳ таоло уларни Ўзининг тасарруфига олди», деб шарҳланади.

«Ерга нима кирганини ҳам…» билади.

Ҳар лаҳзада ерга сон-саноқсиз нарсалар кириб туради, буларнинг барчасини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билиши мумкин.

«…ундан нима чиққанини ҳам…» билади.

Албатта, ердан ҳар лаҳзада сон-саноқсиз нарсалар чиқиб туради. Буларнинг ҳаммасини ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади.

«...осмондан нима тушганини ҳам, унга нима кўтарилганини ҳам биладир».

Худди шу каби, осмондан тушиб ва унга кўтарилиб турувчи нарсаларни ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади, бошқа ҳеч ким билмайди.

Аллоҳ таолонинг

«У қаерда бўлсангиз ҳам, сиз билан бирга» деган сўзи «илми ва қудрати билан» деб тушунилади.

Аллоҳ таолога нисбатан жисм ҳақида сўз ҳам бўлиши мумкин эмас.

Демак, Аллоҳ таоло Ўз илми ва қудрати билан бандаларининг барчаси қаерда бўлсалар ҳам улар билан бирга бўлади.

Эй ожиз банда! Сенга ҳамма нарсадан яқинроқ Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин?!

9. У Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин? Ҳолбуки, агар У бўлмаса, ҳеч нарса мавжуд бўлмайдиган Зот-ку?!

Ушбу жумланинг маъноси аввал ҳам ўтган. Бу ерда маънони яна ҳам таъкидлаш мақсадида бошқача сўзлар билан жумла тузилган. Азалдан ёлғиз Ўзи бўлган Аллоҳ таоло ҳамма нарсани вужудга келтирган. Агар У Зот вужудга келтирмаса, ҳеч нарса мавжуд бўлмас эди. Бас, шундай экан, қандай қилиб мавжудотлар ўзларини вужудга келтирган Зотни тўсадиган ҳижоб – тўсиқ бўлишлари мумкин?!

10. «Воажабо! Қандай қилиб адамда вужуд зоҳир бўлиши мумкин ёки қадимлик сифатига эга бўлган Зот билан бирга янги пайдо қилинган нарса қандай собит бўлиши мумкин?!»

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ тўққизта инкорий саволлар ила Аллоҳ таолонинг Биру Борлигига шак келтириб бўлмаслигини исбот қилиб бўлганидан кейин, ­эътиборни Аллоҳ таолога куфр келтирадиган ва У Зотдан бошқага топинадиган нобакорларга қаратиб, уларнинг ҳолидан ажабланишини билдирмоқда.

«Воажаб! Қандай қилиб адамда вужуд зоҳир бўлиши мумкин...?!»

Бу дунёдаги Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсалар адам – аслида йўқ нарсалардир. Бу дунёда бирдан-бир ҳақиқий мавжуд Зот Аллоҳ таолодир. Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсаларни У Зот адамдан – йўқдан бор қилгандир – адамдан вужудга келтиргандир. Шу билан бирга, уларнинг бу дунёдаги вужудини тутиб турган ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Бас, шундай экан, қандай қилиб адамда – асли йўқ нарсанинг зотида вужуд бўлиши мумкинки, унга ибодат қилинса?!

«...ёки қадимлик сифатига эга бўлган Зот билан бирга янги пайдо қилинган нарса қандай собит бўлиши мумкин?!»

Бу дунёда ҳақиқий қадим Зот Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзидир. Ундан бошқа барча мавжудотлар қадим сифатига эга бўлган Аллоҳ таоло томонидан ҳодис – янги пайдо қилингандир. Уларнинг бирортаси Аллоҳ таоло билан бирга собит бўла олмаслар, балки У Зотнинг тутиб туриши ила вужудлари турур, бўлмаса яна адамга айланурлар. Зотан, бир нарсанинг ўзи ҳам адам сифати билан, ҳам вужуд сифати билан сифатланиши маҳолдир. Чунки адам ва вужуд бир-бирига тамоман зиддир. Бир-бирига зид икки сифат бир нарсадан бўлиши мутлақо мумкин эмас. Ажабланарлиси шуки, ҳақиқат шунчалар равшан бўлса ҳам, одамлар ичида Холиқни қўйиб, махлуққа топинадиганлари бор. Улар худди дарахтни тан олмай, унинг соясини тан олганларга ўхшарлар.

Бундай нобакорлар ҳақида Аллоҳ таоло Аъроф сурасида қуйидагиларни айтади:

«Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратиб қўйдик. Уларнинг қалблари бор-у, у билан англамаслар. Кўзлари бор-у, у билан кўрмаслар. Қулоқлари бор-у, у билан эшитмаслар. Ана ўшалар чорвалар кабидирлар. Балки янада адашганроқдирлар. Ана ўшалар – ўзлари ғофиллардир» (179-оят).

Ояти кариманинг биринчи жумласидан, Аллоҳ таоло аслида қадимдан жаҳаннам учун жинлар ва инслардан кўпларини яратиб қўйган экан, деган хулоса келиб чиқиш эҳтимоли бор.

«Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратиб қўйдик».

Аммо бу иш Аллоҳнинг илми замон, макон ва моддий ҳодисаларга тегишли эмас, балки уларнинг ҳаммасидан баланд турувчи ўзига хос олий бир мақом эканини англатиш учун айтилади. Аллоҳ ўхшаши йўқ Зотдир. Унинг сифатларини бошқаларникига ўхшатиб бўлмайди. Аммо тушунишга осон бўлиши учун бир ҳолни тасаввур қилайлик: инсон ўзи ясаган асбоб ёки ускунани, устоз ўз шогирдининг баъзи хусусиятларини билади. Уста ёхуд устоз ўзининг чегараланган билими асосида ўзи ясаган асбоб ёки таълим берган шогирдига нисбатан келажакда рўй берадиган бирор воқеани айтса ва бир кун ўша воқеа ҳақиқатда содир бўлса, устанинг ёки устознинг ўша гапи шу ишни содир қилди, деб бўладими? Йўқ. Шунга ўхшаб, Аллоҳ таолонинг чексиз илми ҳам маъсият қилган бандаларни дўзахга ташловчи куч эмас, балки камчиликсиз, тўғри илмдир.

Ушбу оятда зикри келаётган, жаҳаннам учун яратилган кўплаб жин ва инсонларнинг бу даҳшатли маконга киришларига сабаб Аллоҳнинг азалий илми эмас, балки бунинг сабаби уларнинг қалблари бўла туриб, ҳақиқатни ҳис қила олмасликларидир. Уларнинг кўзлари бўла туриб, Аллоҳнинг борлигига далолат қилувчи нарсаларни кўра олмасликларидир. Уларнинг қулоқлари бўла туриб, ҳидоятга элтувчи нарсаларни эшита олмасликларидир.

«Уларнинг қалблари бор-у, у билан англамаслар. Кўзлари бор-у, у билан кўрмаслар. Қулоқлари бор-у, у билан эшитмаслар.

Улар Аллоҳ берган ақл, кўз, қулоқ ва бошқа маърифат воситаларини тўғри ишга солиб, ҳидоят йўлидан юрмаганларидан кейин, албатта,

«Ана ўшалар чорвалар кабидирлар. Балки янада адашганроқдирлар. Ана ўшалар – ўзлари ғофиллардир».

Бундай махлуқлардан кўра чорва ҳайвонлари афзалроқдир. Чунки ҳайвонлар бу дунёда ўзларига юклатилган вазифани адо этадилар. Улар инсонларнинг турли мақсад ва манфаатлари учун яратилганлар ва ўшаларни тўкис адо этадилар. Аммо Аллоҳ берган жамики ноз-неъматлардан фойдалана туриб, ўз Робби ҳузуридаги вазифасини адо этмаган инсон ҳайвондан ҳам баттар бўлиши шак-шубҳасиздир.

Аллоҳ таоло барчамизга бирор нарса ила У Зотдан тўсилмаслигимизни насиб этсин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қорин шаҳвати ҳалокатга элтувчи нарсаларнинг энг катталаридан бири ҳисобланади. Одам ота ва момо Ҳаввонинг жаннатдан чиқарилишларига ҳам айнан қорин шаҳвати давоми...

4112 11:43 / 15.12.2018
Ҳижрий ўттиз иккинчи сана.Қудратли Ислом давлатининг пойтахти Мадинаи Мунаввара шаҳри.Ўша пайтдаги Ислом давлати бошлиғи, халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу давоми...

3551 22:07 / 09.04.2018
Исрофгарчиликка йўл қўйишнинг бир неча сабаблари бор. Келинг, улардан баъзиларини эслаб ўтайлик.1. Исрофчининг исрофнинг барча кўринишларини ман қиладиган диний давоми...

3231 14:39 / 28.03.2018
У зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкинУ Зотни бирор нарса тўсишини қандай тасаввур қилиш мумкин Ҳолбуки, ҳамма нарсани У зоҳир қилганкуУ Зотни давоми...

4022 16:34 / 08.10.2017