1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Зикрнинг даражалари

19:16 / 08.08.2017 6766 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Зикрни унда Аллоҳ билан ҳозир бўлмаганинг учун тарк қилма! Чунки У Зотнинг зикри йўқлигидаги ғафлатинг Унинг зикри борлигидаги ғафлатингдан оғирроқдир. Шоядки, У сени ғафлат бор зикрдан уйғоқлик бор зикрга кўтарса, уйғоқлик бор зикрдан ҳузур бор зикрга кўтарса, ҳузур бор зикрдан Зикр қилингандан бошқадан ғойиб бўладиган зикрга кўтарса. «Бу эса Аллоҳ учун қийин эмасдир».

Зикр нафсни поклайдиган ва ахлоқни сайқаллайдиган энг кучли омиллардан бири ҳисобланади.

Қуръон тиловатидан кейин банданинг тили учун энг афзал ибодат Аллоҳ таолонинг зикридир. Зикр ила банда Аллоҳ таолога ихлос билан дуо қилади ва ҳожатларини сўрайди.

«Зикр» сўзи луғатда «эслаш», «хотирлаш», «сўзлаш», «тилга олиш», «баён этиш», «шарҳлаш», «тавсифлаш» каби маъноларни англатади. Аммо умумий маънода зикр икки хил бўлади: тил билан ва дил билан зикр қилиш.

Буларнинг ҳар бири ҳам икки турли бўлади: унутганини эслаш ва унутмаса ҳам, ёдидаги нарсани хотирлаш.

Уламолар истилоҳида: «Зикр – банданинг ўз Роббини тили ва дили билан эслашидир. Бу У Зотнинг Ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр қилиш ёки Китобини тиловат қилиш, ёхуд У Зотга дуо қилиш, У Зотдан бирор нарсани сўраш, У Зотга ҳамду сано айтиш, У Зотни улуғлаш ва У Зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.

Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши керак бўлган марғуб ишдир. Фақат шариат истисно қилган, қазои ҳожат ва хутба эшитиш пайтига ўхшаш ҳолатлардагина зикр қилинмайди.

Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримдаги кўплаб оятларда биз бандаларга зикр қилишни амр этган. Зикрни кўп қилиш ва бунда бардавом бўлиш нажот учун шарт қилинган. Аллоҳ таолонинг Ўзи зикр қилувчиларни мақтаган, уларни Ўз оятларидан баҳраманд бўладиганлар, деб атаган ва зокирларнинг ақл эгалари эканини таъкидлаган. Баъзи уламоларимиз мазкур оятларнинг сони бир юз етмиш тўртта эканини таъкидлаганлар.

Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилмайдиганларни қоралаган, зикрни унутиб, бошқа нарсани эслайдиганларнинг ҳасрат-надоматда қолишини таъкидлаган.

Аллоҳ таоло Тоҳо сурасида марҳамат қилади:

«Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга тор ҳаёт бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз» (124-оят).

Демак, инсон Аллоҳ таолони унутса, Уни зикр қилмаса, Унинг ҳидоятига эргашмаса, ўзига ўзи душманлик қилган бўлади. Аввало, ундай одам бу дунёда ночор ҳаёт кечиради. Иймонсизлиги туфайли ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймас бўлиб қолади. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам, бу нарсалар унга оз кўринади. Улардан ажраб қолишдан қўрқаверади. Иймонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.

«...ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз».

Бу ҳам дунё ҳаётида қилган қилмишига муносиб жазодир. Лекин унинг ўзи нима учун кўр ҳолида тирилтирилганини тушуна олмайди.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар» (41-42-оятлар).

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш ҳамда «У мени кузатиб турибди» деган доимий сергакликда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, холис амал қилишдир.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Бас, Мени зикр қилинг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг» (152-оят).

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно касб этади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт ва ризқ берган бандаларига: «Мени зикр қилинг», демоқда.

Хўш, Аллоҳ таоло бу ожиз бандаларининг эслашига, зикр қилишига муҳтожми? Йўқ, У беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилиб, эслашлари ила Аллоҳ таоло уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қаерда-ю, оламларнинг Робби бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қаерда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ таоло дейдики: «Эй одам боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман».

Аҳмад ривоят қилган.

Аллоҳ таоло Аҳзоб сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилувчи аёллар – ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва буюк ажрни тайёрлаб қўйгандир» (35-оят).

Аллоҳни кўп зикр қилиш барча олиймақом инсоний сифатларнинг юзага келиши ва бардавом бўлишига олиб келади. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардан саналади.

Қалби очиқ зотлар Аллоҳ таолонинг даргоҳидан бошқа жойда нажот йўқлигини англаб етганлар. Аллоҳ таолонинг даргоҳига эса У Зотга бўлган ҳақиқий муҳаббат ила вафот этмагунча эришиб бўлмайди. Ҳақиқий муҳаббат эса маҳбубни давомли зикр қилиш ва уни тарк этмаслик ила собит бўлади.

Давомли зикрга кераксиз ишларни, беҳуда ўйин-кулгини ташлаб, кечаси ва кундузи учун вазифа қилиб олинган зикрларни бажариш билан эришилади.

Охират саодатини ирода қилган банда ўзига истиғфор, таҳлил, такбир, салавот каби зикрларни вазифа қилиб олиб, уларни доимий равишда адо этиб юради.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматда зикрнинг даражалари ҳақида сўз юритмоқда.

«Зикрни унда Аллоҳ билан ҳозир бўлмаганинг учун тарк қилма! Чунки У Зотнинг зикри йўқлигидаги ғафлатинг Унинг зикри борлигидаги ғафлатингдан оғирроқдир».

Қуръони Каримда эслатилган зикрдан мурод Аллоҳ таолони эслаш бўлиб, у қалб амалларидан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида марҳамат қилади:

«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарру-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма» (205-оят).

Яъни Аллоҳни доимо зикр қилиб юр. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани эшитиб турувчи Зотдир. Унга қарата баланд овозда дуо ёки зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Энг муҳими, зикр бардавом бўлиши ва дилдан чиққан, тазаррули бўлиши шарт. Акс ҳолда инсон ғофиллардан бўлиб қолади.

Аллоҳ таолони қалб билан зикр қилишга эришиш учун аввал У Зотни тил билан зикр қилишни йўлга қўйиш зарур бўлади. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кишиларни дастлаб Аллоҳ таолони тил билан зикр қилишга чорлар эдилар.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, мен учун Ислом шариатидаги нарсалар кўпайди. Менга маҳкам тутадиган нарсамнинг хабарини беринг», деди. У зот:

«Тилинг доимо Аллоҳнинг зикридан ҳўл бўлсин», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Аммо Аллоҳ таолони тил билан зикр қилаётганларнинг кўпчилиги зикр давомида хаёли қочаётганини, тилида қилинаётган зикр дилига ўтмаётганини сезадилар. Тилдаги зикр бир ёқда қолиб, дили бошқа ёққа кетаётганидан ҳайратга тушадилар. Сўнгра бундай зикрнинг фойдаси бўлармикан ёки зикрни тўхтатсаммикан, дея ўйлана бошлайдилар. Ана шу ҳолатда нима қилиш кераклигини ва бунинг сабабини Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматнинг юқорида келтирилган биринчи жумласида баён қилган. Яъни агар тилинг билан зикр қилаётганингда ғафлатда қолсанг, тилинг бошқа, дилинг бошқа бўлиб қолса ҳам, тилинг билан зикр қилишни тўхтатма, давом этавер. Чунки Аллоҳ таолони тил билан зикр қилиб туриб ғафлатда бўлишинг У Зотни зикр қилмасдан ғафлатда бўлишингдан яхшироқдир.

Бу ишнинг сабабларини шайх Аҳмад Зарруқ раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагича баён қилади:

1. Тил билан зикр қилишда нима бўлса ҳам Аллоҳ таолога юзланиш бор. Зикр қилишни тўхтатишда эса Аллоҳ таолодан бир йўла узилиш бор.

2. Тил билан зикр қилишда жисмдаги аъзолардан бирини Аллоҳ таолонинг ибодати ила зийнатлаш бор. Тил билан зикр қилишни тўхтатиш эса мазкур ибодатдан маҳрум бўлишдир.

3. Тил билан зикр қилишда роббоний нафас бор. У эса ўз навбатида тил билан нутқ қилинаётган нарсанинг таъсирли бўлишига ва қалбнинг уйғонишига олиб боради.

Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ҳикматнинг кейинги жумласида қуйидагиларни айтади:

«Шоядки, У сени ғафлат бор зикрдан уйғоқлик бор зикрга кўтарса».

Аллоҳ таолони тил билан зикр қилишнинг ўзи ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ибодат ҳисобланади. Фақат ушбу ибодат тилнинг ўзигагина боғланиб қолган, холос. Агар ушбу ибодатни тинмай давом эттирилаверса, аста-секин бошқа аъзоларга ҳам ўтиб, охир-оқибат қалбгача етиб бориши умид қилинади.

Тил билан бўладиган фаолиятларнинг барчасида ҳам ушбу ҳолатни мулоҳаза қилиш мумкин. Ёлғон ва ғийбат билан тилини ҳўл қилиб юрадиганларга диққат билан назар солинса, уларнинг тилида кўп такрорланган ёлғон ва ғийбат бутун вужудларига уриб кетганини мулоҳаза қилиб олиш қийин эмас.

Шунинг учун тилида доимо Аллоҳ таолонинг зикрини қилган, Қуръони Карим тиловатини қилганларга ва сабр билан бу савобли ишларда бардавом бўлганларга Аллоҳ таолонинг Ўзи қалб уйғоқлигини ато қилиши ҳеч гап эмас.

Фақат тилига кучи етиб, дилига кучи етмаса ҳам, сабр билан, тинмай Аллоҳ таолонинг зикрини қилиб юрадиган банда зикр ибодатини тили билан адо этиш жараёнида Роббига узр айтгандек ҳам бўлади. «Роббим, тилимга кучим етди, у билан Сенинг зикрингни қилдим. Лекин дилимга кучим етмаяпти, унга ҳам кучим етадиган бўлишига Ўзинг ёрдам бергин», дегандек бўлади.

Аста-секин бу иш ўз самарасини бера бошлайди. Аллоҳ таолонинг Ўзи вақти-соати етганда, тинмай тили билан зикр қилиб юрадиган банданинг дилини ҳам очиб қўяди. У банда энди қалби уйғоқ бандалар қоторига қўшилади.

Қалб уйғоқлигининг бу ердаги маъноси зикр далолат қилган маънога ва унинг тақозосига аҳамиятли бўлиш, қалбни ўша томонга бутунлай буриш ҳамда аввал ҳис қилмаган бўлса, энди ҳис қилишга ўтишдир.

Қалби уйғоқ банда тили билан Аллоҳ таолони зикр қилса, дили тили зикр қилган нарсанинг маъносига тўлиқ эътибор берадиган, тили билан такрорлаётган нарсани доимо тўла-тўкис ҳис қилиб турадиган бўлади.

Бу эса қалбнинг Аллоҳ таоло томон юзланишининг биринчи даражасидир. Ундан кейин эса иккинчи даражага навбат келади.

«...уйғоқлик бор зикрдан ҳузур бор зикрга кўтарса...»

Зокир зикр лафзларини тили билан зикр қилиб, дили ғофил бўлиши даражасидан тили билан қилган зикрни дили билан ҳис қилиш даражасига кўтарилиб, қалби уйғонганидан кейин ўша ҳолда яна сабр ила давом этавериши лозим бўлади. Аввалги дил ғафлати ҳолига қайтишдан ўта эҳтиёт бўлади. Дил уйғоқлиги ҳолатини яхшилаб, юқори даражага кўтариш пайидан бўлади. Аллоҳ таолонинг зикрини қилиш бўйича вирд – вазифа олиб, уни ўринлатиб адо этиш ҳаракатида бўлади. Агар мазкур ишларни ихлос билан давом эттириб бораверса, Аллоҳ таолонинг фазли-карами ила кейинги даражага, ҳузур даражасига кўтарилиши мумкин бўлади.

Шу ерда «ҳузур» сўзининг маъноси ҳақида икки оғиз сўз юритишимизга тўғри келади. Бизда «ҳузур» сўзи роҳат қилиш маъносида тушуниладиган бўлиб қолган. Аслида эса бу сўзнинг маъноси «ҳозир бўлиш»дир. Қалбнинг ҳузури деганда қалбнинг роҳатланиши деган маънодан олдин унинг ҳозир бўлишини англашимиз керак. Қалб ҳозир бўлгандагина ҳузур қилади.

«Қалб ҳозирлиги» деганда эса қалбнинг машғул бўлиб турган нарсасидан ўзгаларидан фориғ бўлиши англанади. Зикр қилиб турган кишининг қалбида зикрдан бошқа нарса бўлмаса, қалби ҳозир бўлган бўлади.

Қалбнинг ҳозир бўлиши ҳимматга боғлиқдир. Киши бирор ишни муҳим деб билса ва унга керакли аҳамиятни берса, қалби ўша иш учун ҳозир бўлади. Зикрда қалб ҳозир бўлиши учун барча аҳамият ва ҳимматни зикрга қаратиш лозим бўлади. Охиратга иймоннинг кучли ёки кучсизлигига қараб, ҳиммат ҳам кучли ёки кучсиз бўлади. Зикрда қалби ҳозир бўлмаган одам иймони кучсизлигини билсин ва уни кучайтириш ҳаракатида бўлсин.

Зикрда қалбнинг ҳозир бўлиши учун қуйидагиларга эътибор бериш лозимдир.

1. Талаффуз қилинаётган каломни фаҳмлаш қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардан биридир. Араб тилини билмайдиганлар ўзлари талаффуз қилаётган зикрларнинг маъноларини ўзлаштириб олишлари лозим. Унга ҳам қодир бўлмаганлари, энг оз деганда, умумий маънони билиб, талаффуз қилинаётган нарсанинг нима эканини имкони борича билиб турсалар яхши бўлади. Бунинг учун зеҳнни жамлаб, хаёлни олиб қочадиган нарсалардан узилиш керак бўлади.

Хаёлни олиб қочадиган нарсалар ташқи ва ичкига бўлинади.

Ташқиси қулоқ ва кўзни машғул қиладиган нарсалардир. Бу нарсалардан узилиш нақ­шинкор жойлардан четланиш ва хаёлни олиб қочадиган нарсаларни йўқотиш билан ҳосил бўлади.

Хаёлни олиб қочадиган ички нарсалар ташқиларидан кўра кучли бўлади. Бу нарса кўпинча дунё­нинг ғамига ботган одамларда бўлади. Бундай одамнинг фикри бир жойда турмайди. Ҳатто кўзини юмиб олса ҳам фойда бермайди.

Бу ҳолатни муолажа қилиш учун қаттиқ уриниш керак бўлади. Зикрга яхшилаб тайёргарлик кўрилади. Барча машғул қиладиган ишларини битиради. Қалбининг холи бўлиши учун ҳаракат қилади. Ўзига ўзи охиратни эслатади. Аллоҳ таолонинг кўриб турганини эсга олади. Зикр пайтида дунё ташвишларидан бирортасини хаёлига келтирмасликка ҳаракат қилади.

Албатта, дунё муҳаббатини қалбдан узиб қўйиш қийин иш. Уни бутунлай йўқотиш ундан ҳам қийин. Аммо имкони борича зикр пайтида дунё муҳаббатидан четланишга ҳаракат қилиш керак.

2. Аллоҳнинг азимлигини ҳис қилиб туриш ва ҳайбати ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир.

Аллоҳнинг таъзими У Зотни улуғлаш ва азаматини ҳис қилишни ўрганиш ила юзага келади. Шу билан бирга, нафснинг ҳеч нарсага арзимаслигини билиш билан ҳам бўлади. Ҳайбат эса улуғлашдан келиб чиққан хавфдир. Зикр пайтида доимий равишда Аллоҳ таолонинг азаматини ҳис этиб, У Зотнинг ҳайбатини сезиб турган одамнинг қалби албатта ҳозир бўлади.

3. Умидворлик ҳам қалб ҳозир бўлишига хизмат қиладиган омиллардандир. Одатда умидворлик қўрқувдан устун турадиган ҳолат бўлади.

Шундай қилиб, қалб ҳозирлиги ила зикрнинг маъноси қалбга нақш қилинади. Ўша нақш ундан зинҳор ажралмайдиган бўлади.

Зокир одам қалб уйғоқлиги даражасида зикр қилаётган сўзининг маъносини тўлиқ англаётган бўлса, энди унинг ҳис-туйғулари Аллоҳ таолога юзланиб қилаётган зикри – истиғфори, тасбеҳи, саноси, тавҳиди ва бошқалари билан У Зотга муҳаббат, хавф, улуғлаш ва маҳобат ила жазб қилинади. Қалб ҳозирлиги ила қилган зикри таъсирида зокир аста-секин дунё ташвишидан қутулиб боради. Бу ишнинг самараси мўл ва бардавом бўлиши учун эса қалб ҳозирлиги ила қилинадиган зикрни, жумладан, ривоятларда келган зикрларни, саҳар чоғлари истиғфор айтишни, фажрдан кейин ва қуёш ботаётган пайтда тасбеҳ айтишни, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салавот айтишни кўпайтириш лозим. Шу билан бирга, тил зикри билан бирга дил зикрига ўтишни ҳам кўпайтириш керак.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:

«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор. Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни олов азобидан сақлагин» (190-191-оятлар).

Осмонга назар солиб, ақлини ишлатган одам, ерга назар солиб, ақлини ишлатган одам, кечаю кундузнинг алмашишига назар солиб, ақлини ишлатган одам, албатта, Аллоҳнинг ягоналигига, қудратига, яратувчилигига қойил қолмасдан иложи йўқ.

Осмонлару ердаги ҳамма нарсалар азалий эмас, балки кейин пайдо бўлганлигини ҳам ақл ишлатган одам дарров тушуниб етади. Демак, уларни пайдо қилувчи Зот бор. У Аллоҳ таолодир.

Кечаю кундузнинг алмашиб туриши ернинг қуёш ва ўз ўқи атрофида айланиб туришидандир. Лекин уларни яратган ва қуёшни ҳам ўз ўқи атрофида айланадиган қилиб қўйган ким? Албатта, Аллоҳ таоло жалла жалалуҳудир.

Ушбу ояти карималардан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса ҳам иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда эслаш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатда олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.

«Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида зикр қиладилар ва осмонлару ернинг яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки...»

Шундай даражада тафаккур қилган одамнинг қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.

«Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ...»

Ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритган одам, албатта, Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини тушуниб етади ва:

«Ўзинг поксан…»  деб тасбеҳ айтиб, У Зотни ёдга олади. Ушбу борлиқнинг яратилиши, ундаги нарсаларнинг ҳақиқатини тушуниб етиш буларни қилишда тадбиркорлик, ҳикмат ва мақсад борлигини англаб етишга олиб боради. Шундай бўлса, бу дунёда яшаётган кишилар учун адолат ҳам зарурлигини тушуниб етади. Демак, одамлар қилган ишларнинг ҳисоб-китоби ҳам бўлади. Бу иш бу дунёда эмас, у дунёда амалга оширилади.

Зокир қалб ҳозирлиги ва ҳузури ила, сабр билан зикрни давом эттираверса, ушбу даражадаги зикрдан ўзига вазифа олиб, уни тинимсиз, ихлос билан адо этиб бораверса, Аллоҳ таоло унга лутфу карам кўрсатиб, зикрнинг юқори даражасига кўтариши мумкин.

«...ҳузур бор зикрдан Зикр қилингандан бошқадан ғойиб бўладиган зикрга кўтарса. «Бу эса Аллоҳ учун қийин эмас».

«Зикр қилинган»дан мурод Аллоҳ таолодир. Зикрнинг ушбу даражасига етишган зокир ўз зикри давомида Аллоҳ таолодан бошқа барча нарсаларни унутиб қўяди. «Зикр қилингандан бошқадан ғойиб бўлиш» қалбнинг мақоми кўтарилиб, У Зот таолодан бошқа нарсаларнинг мавжудлигини фаҳмламайдиган даражага етишидир. Бу ҳолат зокирнинг зикри пайтида ҳам, бошқа пайтида ҳам давом этадиган бўлса, фано даражасига етган бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло томон йўл тутишни истаган мўмин банда зокирлик йўлига кириши лозимдир. Зикр йўли эса тил билан зикр қилишдан бошланади. Дастлаб тил билан зикр қилганда дил ғофил бўлса ҳам ҳечқиси йўқ. Зотан, тил билан қилинган зикр аста-секин дилга кўчиши бор.

Агар зокир тил билан зикр қилишда сабр билан бардавом бўлса, ўзига вазифа олиб, уни канда қилмай бажариб борса, қалби ғофиллик ҳолидан қутулади. Аллоҳ таолонинг ёрдами ила қалби уйғоқлик даражасига етишади.

Агар зокир қалби уйғоқ ҳолида сабр билан бардавом бўлса, ўзига вазифа олиб, уни канда қилмай бажариб борса, зикр бутун вужудини эгаллайди ва Аллоҳ таолонинг ёрдами ила ҳузур даражасига эришади. Зикр унинг доимий сифатларидан бирига ва фикрий фаолиятига ҳам айланади. Ушбу ҳолда сабр билан давом этса, Аллоҳ таолонинг лутфи ила аста-секин фано мақомига эришиши мумкин бўлади.

Аллоҳ таоло барчамизни зикрни унда Аллоҳ билан ҳозир бўлмаганимиз учун тарк қилмаслигимизни насиб айласин! У Зотнинг зикри йўқлигидаги ғафлатимиз Унинг зикри борлигидаги ғафлатимиздан шиддатлироқ эканини англаб етишимизни насиб этсин! У Зот бизни ғафлати бор зикрдан уйғоқлиги бор зикрга кўтарсин, уйғоқлиги бор зикрдан ҳузури бор зикрга кўтарсин, ҳузури бор зикрдан Зикр қилингандан бошқадан ғойиб бўладиган зикрга кўтарсин!

Аллоҳ таоло бу ишда ҳар бир бандага Ўзи ёрдамчи бўлсин! Омин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таолога муҳаббат банданинг энг олижаноб хислатларидан биридир. Бандани Аллоҳ таолога яқинлаштирувчи ибодатлар эса руҳни озиқлантиради ва қалбни давоми...

5486 17:08 / 01.10.2017
Қабул бўлишда сенга борлиги ғойиб бўлган ва вужуди арзимас бўлган амалдан умидворроқ амал йўқ.Мўмин банда бу дунёда қиладиган барча амалларининг Аллоҳ таоло давоми...

4751 00:53 / 13.11.2017
Учинчи гуруҳ олимлар .Ғийбатнинг гуноҳи ўчирилиши учун тавба қилишдан ташқари ғийбат қилинган кишидан кечирим сўраш ҳам зарур. Ўша одамга уни ғийбат қилишгани давоми...

3642 12:33 / 12.06.2018
Сен Роббингга суяниб талаб қилган нарса тўхтаб қолмас. Сен ўзингга суяниб талаб қилган нарса осон бўлмас.Бу дунё ва охират талабларидан бирини қилмоқчи давоми...

3790 21:18 / 16.12.2017