1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Совчилик одоблари

16:26 / 02.08.2017 10728 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оила қўрғонининг пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотин ўртасини маҳкам боғловчи ришта никоҳдир. Никоҳ инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Чунки ҳаётда ҳалол ва ҳаромни ажратиш, эр-хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш, оила тузиш, инсон наслининг давомийлигини таъминлаш, ёш авлод тарбияси каби муҳим масалаларнинг барчаси шаръий никоҳга боғлиқдир. Шунинг учун динимиз оилани никоҳ асосида қуришга алоҳида аҳамият беради. Аллоҳ таолонинг эр-хотин жуфтлигини яратишдан иродаси ҳам инсон наслини кўпайтириб, ер юзини обод қилиш эди: “Аллоҳ сизлар учун ўзларингиздан жуфтлар яратиб, жуфтларингиздан сизлар учун ўғиллар ва набиралар пайдо қилди ва сизларни пок нарсалардан ризқлантиради...” (Наҳл сураси: 72-оят).

Пайғамбар алайҳиссалом ўз ҳадисларида: Никоҳ менинг суннатимдир, ким суннатимдан юз ўгирса, у мендан эмас (яъни умматимдан эмас), деганлар. Демак, никоҳ асосида турмуш қуриш Аллоҳ таолонинг буйруғи, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари экан, мусулмон киши оила қуриш йўлида ҳаракат қилмоғи, турли сабабларни рўкач қилиб, уни пайсалга солмаслиги, оиласини никоҳ асосида бунёд қилмоғи лозим. Никоҳ туфайли инсон ўз насл-насабининг поклигини сақлайди, иффатини асрайди, бузуқлик, зино сингари ҳаром ишлардан тийилади.

Маълумки, одатда никоҳдан аввал совчилик ва қўл сўраш деб аталган ишлар амалга оширилади. Бу масала муқаддас динимиз таълимотларида жуда ҳам батафсил ёритиб берилган. Шаръий манбаларда ва араб тилида совчилик деган сўз “хитба” деб аталади. “Хитба” қисқача айтадиган бўлсак, бирор аёлга уйланиш истагидаги киши ёки унинг вакили уйланмоқчи бўлинган қизга ёхуд унинг валийсига ўз хоҳишини очиқ айтишини англатади. Шунинг учун ҳам фиқҳий манбаларимизда бу сўз нутқ қилиш, хитоб қилиш маъноларини ўз ичига олган ўзак ҳарфлардан ташкил топган.

Совчилик ёки хитба никоҳ сари босилувчи илк қадам ҳисобланади. Совчилик оила қуришдек бахтга олиб борувчи василадир. Совчилик амалиётининг аҳамияти буюклигидан Қуръони карим ва шарафли ҳадисларда у бир неча бор тилга олинган. Ва бу борада Аллоҳ томонидан ўзига хос тартиб-қоидалар жорий қилинган бўлиб, уларга риоя қилиш лозиму лобуддир.

Совчилик никоҳнинг дуруст бўлиш шартларига кирмайди. Совчиликсиз ҳам никоҳ ақди тузилиши мумкин. Аммо, одатда одамлар никоҳдан аввал совчилик қиладилар. Айниқса, бизнинг юртларда бу иш ўзгача аҳамият касб этган. Ўзига хос кўринишга эга бўлиб қолган. Аммо, шуни ҳам билиб қўйиш керакки, юқорида “хитба” деб атаганимиз шаръий маънодаги совчилик айнан аёл кишилар томонидан амалга оширилиши шарт эмас. Балки, бу – уйланмоқчи бўлаётган кишининг ўзи томонидан ҳам амалга оширилиши ёхуд у ўртага қўйган эркак вакил томонидан амалга оширилиши мумкин. Чунки, фиқҳий маънодаги совчилик бу – уйланиш ёки келин қилиш истагида бўлинган қиз ёки аёлга ёхуд унинг валийсига бўлажак эрнинг шахсан ўзи ёхуд унинг вакили томонидан оила қуриш ҳақидаги мазкур истак ва рағбат очиқ айтилиши тушунилади, холос. Совчилик асли шундан иборат. Шу боис, бу ишга эркаклар бош бўлиши яна ҳам мақсадга мувофиқ ишдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: Совчилиги осон бўлиши, маҳри енгил бўлиши ва ҳомиладорлиги ҳам осон бўлиб, фарзанд туғиши ҳам осон бўлиши аёл кишининг баракотли эканлигидандир” (Имом Аҳмад ривояти. Ҳасан ҳадис).

Ушбу ҳадиси шарифда совчилиги мураккаблаштирилмаган, ноз қилиб, совчиларни овора-ю сарсон қилмаган, катта маҳр талаб қилиб, куёв томонни машаққатга қўймаган келин баракотли ва қадами қутлуғ бўлиши айтилмоқда. Шунингдек, аёлнинг турмуш қургандан сўнг кўп ўтмай, бўйида бўлиб, осонгина фарзанд дунёга келтириши ҳам унинг муборак аёл эканлигидан дарак экан.

Ҳадиси шарифларда хулқу одоби ва диёнати жойида бўлган инсон куёв бўлишга талабгор бўлганда ҳеч қандай монеъликлар бўлмаса, дарров икки ёшни бошини қўшиб қўйишга тарғиб қилинади. Агар бундай қилинмаса оламда фасод ва бузилиш юзага келишидан огоҳлантирилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар: Агар ҳузурингизга диёнати ва хулқи яхши бўлган киши (қизингизни сўраб) келса, бас, уни қизингизга уйлаб қўйинг. Агар бундай қилмайдиган бўлсангиз, Ерда фитна ва катта фасод юзага келади”. (Имом Термизий ва бошқалар ривояти).

Ҳамма нарсанинг ўз тартиб-қоидалари мавжуд бўлгани каби динимизда совчиликнинг ҳам ўзига хос қонун-қоидалари мавжуд. Уларга риоя қилинса кўп нохуш ҳолатлар, низо ва хусуматлар барҳам топади.

Совчиликнинг ҳукми совчи бўлинаётган аёлнинг ҳолатига қараб турлича бўлади. Мисол учун, эри бор аёлга совчи қўйиш мутлақо ҳаромдир. Бу ерда шунга аҳамият берайликки, шаръий маънодаги совчилик деганда тегишли қиз ёки аёлга унга уйланиш рағбатини айтиш тушунилади. Шу маънода, эри бор аёлга очиқчасига ҳам, киноя орқали ҳам уйланиш истагини билдириш шаръан ҳаром ва катта гуноҳ саналади.

Эҳтимол, қуйидаги гаплар кўпчиликка эриш туюлар, аммо, ҳаётда шундай инсонлар ҳам учраб турадики, бирор аёлга кўнгил қўйгач, ҳар турли йўллар билан уни йўлдан уришга, эридан ажратиб олиб, ўзиники қилиб олишга ҳаракат қилади. Ҳар-хил яхшиликлар қилади, жуда чиройли муомала қилади. Чин кўнгилдан яхши кўришини айтади ва Эринг билан ажрашсанг, сенга уйланаман!”, деб ваъдалар беради. Натижада, аёл ўз эрини ёмон кўриб қолади. Бундан фойдаланган шайтон оилани бузишга яна ҳам қаттиқроқ тиришиб, васваса қилади. Оқибатда, катта мусибат юз беради. Оила бузилади. Бу ҳаётда бор нарса. Ҳатто жуда кўп учраб турадиган ҳолатдир, афсуски.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: Бир аёлни ўз эрига қарши қайраб, эрига муносабатини бузган ёки қулни ўз хожасига қарши қайраган инсон биздан эмас!” (Абу Довуд ва бошқалар ривояти).

Шунингдек, ражъий талоқ туфайли идда сақлаётган аёлга ҳам совчи қўйиш ёхуд боя айтганимиздек уйланиш рағбатини билдириш мумкин эмас. Бу катта низо чиқариши билан бирга катта офатларга, хусумат ва ҳатто фожиага олиб келади. Шу боис, динимизда бу иш ҳаром қилинган. Негаки, ражъий талоқда то идда муддатида экан эр истаган пайтида аёлига қайтиши мумкин. Ражъий талоқ билан эр-хотин ораси узил-кесил ажрамайди.

Ҳатто эри вафот этган аёлга ҳам то иддаси тугамагунча уйланиш рағбатини очиқ айтиш ҳаром қилинган. Чунки, бу ҳолатда идда ўтириш вафот этган эрнинг ҳаққи ҳисобланади. Ва бу ҳаққа ҳам тажовуз қилиб бўлмайди. Зеро, мусулмон инсон тириклигида қандай ҳурматли бўлса, вафотидан сўнг ҳам шундай ҳурматлидир. Бу ҳолатда фақат киноя ва ишора билан рағбат баён қилиниши мумкин, холос. Масалан, бир кишининг синглисининг эри вафот этган бўлса, ўша кишига синглингиз иддаси тугагач, хабар беринг, деган қабилда киноя орқали мақсадни билдириш мумкин. Бу фиқҳда таъриз деб аталади. Бу жоиз.

Шунингдек, боин талоқ қилинган масалан, уч марта талоқ қўйилган аёлга ҳам то иддаси тугамагунча совчи қўйиб бўлмайди. Фақат, юқорида айтилганидек, киноя ва ишора билан уйланиш истаги ифода этилиши мумкин. Аммо, очиқчасига айтиш жоиз эмас. Зеро, ҳатто уч талоқ билан эридан боин бўлган аёл ҳам иддани эрининг уйида ўтказади. Бу жиҳатдан улар ташқаридаги бехабар одамлар учун эр-хотин ҳукмида бўладилар. Шу ҳолатда бундай аёлга совчи бўлиш катта фитна ва фасод юзага келишига сабаб бўлади.

Шу ўринда яна бир нарсага эътиборингизни қаратишни истардик. Агар қайсидир эр-хотин орасига талоқ тушиб, иддаси чиқиб кетган бўлса ҳам, аммо қонун орқали ажрим қилинмаган бўлса, суд уларни ажратиб бермаган бўлса, ундай аёлга ҳам ўзбошимчалик билан уйланиб олиш дуруст эмас. Чунки, бунда ҳам ўртада низо ва фитна чиқиш хавфи туғилади, валлоҳу аълам.

Шундай қилиб, оила қурмаган ёхуд оиласи билан ажрашган аммо идда муддати тугаган аёлларга очиқчасига ҳам, киноя ва ишора билан ҳам оила қуриш истаги изҳор қилиниши жоиздир. Буни бизнинг тилимизда совчи бўлиш ёки совчилик дейилади.

Мана шундай ҳолатда ҳам барибир ўзига хос одоблар мавжуд. Мисол учун бир қизга совчилар келиб турибди. Кимдир биринчи бўлиб қайсидир қизнинг уйига бориб, унинг валийсидан қизига уйланиш истагини билдирмоқда. Мана шу ҳолатда бировнинг совчилиги устига совчилик қилиш жоиз эмас. То, аввалги совчиларнинг иши бир ёқли бўлиб, улар табиий равишда қайтариб юборилмагунча ўртага суқилиб, ўзгаларнинг совчилигини йўққа чиқариш динимизда мумкин эмас, ҳаром қилинган. Чунки, бу иш ҳам жамият вакиллари ўртасида низо ва фасод келтириб чиқаради.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Киши ўз биродарининг савдоси устига савдо қилмасин ва биродарининг совчилиги устига совчилик қилмасин” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Бошқа бир ҳадисда эса то аввал совчи бўлган киши ўз хоҳиши билан тарк этмагунча ёхуд бошқа бир инсонга рухсат бермагунча бировнинг совчилиги устига совчилик қилишдан қайтарилади.

Уйланиш ва совчи бўлишдаги одоблардан яна бири истихора қилиш ва яқинлар билан маслаҳатлашишдир. Зеро, Аллоҳга истихора қилган ва бандалар билан маслаҳатлашиб иш юритган киши ҳеч қачон надомат қилмайди. Набий алайҳиссалом ҳар бир каттаю кичик ишда истихора қилишни таълим берганлар. Бу ниҳоятда муҳимдир.

Бирор муҳим ишга қадам қўйишдан аввал икки ракаат нафл намоз ўқиб, истихора дуосини ўқиб, амалга оширмоқчи бўлган иши ҳақида Аллоҳга юзланиб, хайрлисини сўраса, албатта Аллоҳ унга йўл кўрсатади. Астойдил ўқилган истихорадан сўнг қайси ишга кўнгли чопса шу нарса Аллоҳ томонидан берилган ишора деб айтишади, уламолар. Агар биринчи мартасида ҳеч нарса ҳис қилмаса, иккинчи марта, учинчи марта ва қайта-қайта истихора қилса, албатта бунинг хайрли натижаси кўринади иншоаллоҳ.

Баъзи уламолар эса, истихора қилган киши бирор нарсани ҳис қилиши шарт эмас, истихора қилгандан сўнг ўзи маъқул деб билган ишни Аллоҳга таваккул қилган ҳолда амалга оширса, шунинг ўзи яхшилик билан ниҳояланади, деб айтишади. Хулласи калом, нима бўлганда ҳам истихора совчилик ва уйланишдек аҳамиятли ишларда ғоят муҳимдир.

Никоҳ қурган ёшлар келажакда бахтли ҳаёт кечиришлари учун хонадон эгалари совчи қўйишда мазкур оила ҳақида эринмасдан суриштиришлари лозимдир. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бирор кимса, сиздан маҳаллангиздаги бирор оила ҳақида суриштириб келса ёки қариндошингиздан бирор ким ҳақида сўраса, унга ҳақиқатни айтишингиз лозимдир. Эҳтимол сизнинг биргина сўзингиз мазкур оила бир умр бахтли бўлишига сабаб бўлар ёки бир умр бахтсиз бўлишидан асраб қолар. Шунинг учун гувоҳлик беришда адолатли бўлиш лозимдир. Аллоҳ таоло айтади: “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳ учун (тўғриликда) собит турувчи, одиллик билан гувоҳлик берувчи бўлингиз: бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни уларга нисбатан адолатсизлик қилишга ундамасин! Адолатли бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ ишларингиздан хабардордир”. (Моида сураси, 8-оят).

Нафақат, ўзгалар ҳақида, балки ўзингиз, ўз оила аъзоларингиз ва фарзандларингиз ҳақида ҳам бор гапни айтишингиз лозимдир. Зеро, Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй, имон келтирганлар! Адолатда барқарор туриб, ўзларингиз ёки ота-оналарингиз ва қариндошларингиз зарарига бўлсада, Аллоҳ учун (тўғри) гувоҳлик берингиз! У (гувоҳлик берилувчи) бой бўладими, камбағал бўладими, Аллоҳ у иккисига (огоҳлик жиҳатидан) яқинроқдир. Бас, адолатли бўлишингиз учун ҳавойи нафсга берилиб кетмангиз! Агар (тилларингизни) бурсангиз ёки (гувоҳликдан) бош тортсангиз, албатта, Аллоҳ қилаётган ишларингиздан хабардордир” (Нисо сураси, 135-оят)

Кўпчилик орасида тарқалган хатолардан бири шуки, бирор қизга совчи бўлинганда ўз ўғилларининг айби умуман айтилмайди. Эҳтимол, фарзандлари гиёҳванд ёки зинокор бўлиши мумкин. Ёки бошқа жиддий камчиликлари бўлиши мумкин. Яхши ниятда буни яширишади. Шояд, ўғлимизни уйлантириб қўйсак, ўша эски ҳунарларини тарк этиб, яхши йўлга кириб қолар, зора, бекорчи юришларини йиғиштирса, деган умид билан жиддий камчиликларини яширадилар. Аммо, касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади, деганларидек, бу нарсалар тўйдан сўнг маълум бўлгач, оила бузилади ва бир қиз бахтсиз бўлиб қолади ёки ота-онасининг обрўсини ўйлаб, бир умр заҳар-заққумни ичга ютиб яшашга мажбур бўлади.

Кўпинча, қиз томондан бўлажак куёв ва унинг оиласи ҳақида маълумотга эга бўлиш учун куёв томоннинг қўни-қўшниларидан ёхуд таниш-билишларидан бирортасидан бўлажак куёв ҳақида сўраб-суриштирилса, фақат мақтаб, салбий томонлари айтилмайди. Бу ҳам юқорида айтилганидек, катта хато ва янглишувдир.

Фотима бинт Қайс деган саҳобийя аёл бор эди. Шу аёлга Абу Суфён ва Абу Жаҳм деган кишилар совчи бўлишади. Мазкур аёл бу ҳақда маслаҳатлашиш учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келади ва ҳолатни баён қилади. Шунда Пайғамбаримиз бояги икки саҳобийдаги аёлга ёқмаслиги мумкин бўлган икки камчиликни очиқ айтдилар. Дедиларки, Абу Жаҳм ҳеч таёғини елкасидан қўймайди. Яъни, бу билан Абу Жаҳм аёлларга қўли югурдак, аёлларга қаттиққўл деган маънони уқтирдилар. Баъзилар эса Пайғамбаримиз бу сўзлари билан бу киши кўп сафарда юришига ишора қилганлар дея изоҳлашади. Абу Суфён ҳақида эса, у ниҳоятда қашшоқ бўлиб, умуман моли йўқ, дедилар. Шундан сўнг, мазкур аёлга Усома ибн Зайдни таклиф қилдилар. Натижада улар ҳавас қиладиган оила бўлишди.

Ушбу ҳадиси шарифдан хулоса қилиб, уламоларимиз уйланиш борасида савол ва маслаҳат сўралган киши адолат билан тўғрисини айтиши лозим, деган тўхтамга келганлар.

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир роҳманир роҳиймОламлар роббиси, шариъат, ҳукм ва намозни адо қилиш амрини қилган ягона Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Махлуқотларининг энг давоми...

4063 05:00 / 15.02.2017
Хўш, қадрқимматинг қачон тушади Қачонки, сени тарбия қилишда машаққат чеккан зотларга овозингни баланд кўтарсанг, ўшанда тушади. Фарзанд, ўзини минг машаққат давоми...

2888 17:04 / 08.01.2017
.Лиъон, сўзи лаънатдан олинган бўлиб лаънатлашиш маъносини англатади. Шариатда эса, хотинини зинода айблаб, гувоҳ келтира олмаган эрнинг ва зинонинг рад этган давоми...

4273 05:00 / 14.02.2017
Ҳадялар ҳақидаги бобларЯхшилик қилишнинг услубларидан бири ҳадядир. Шунинг учун ҳам китобда ушбу хайрли ишга алоҳида қисм бағишланмоқда..Ҳадя, деганда бир одам давоми...

4606 23:37 / 14.03.2017