1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ҳаж ҳақида (2)

05:00 / 16.01.2017 3978 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

ИБРОҲИМ ВА НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМЛАРНИНГ ҲАЖЛАРИ

Абу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ Амр ибн Зубайр розияллҳу анҳудан бу мавзуга доир мурсал ҳолдаги ҳадисни ривоят қилганлар. Унинг хулосаси шуки, Солиҳ ва Ҳуд алайҳиссаломлардан бошқа барча пайғамбарлар Каъбатуллоҳни ҳаж қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом ҳам Байтуллоҳни тавоф қилганлар. Тўфон тарқалгач Байтуллоҳнинг ўрнида қум уйимларидан бошқа бирор нарса қолмаган эди. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Каъбатуллоҳнинг жойини билдиргач, Аллоҳнинг билдирган белгисига биноан Каъбатуллоҳни қуриб битказдилар ва ўзлари у ерни ҳаж қилиб: “Аллоҳнинг ҳукми билан инсонларга ҳаж қилишни” эълон қилдилар. Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссаломдан кейин келгувчи барча пайғамбарлар Байтуллоҳни ҳаж қилдилар.

عَنْ عُرْوَةَ بْنِ الزُّبَيْرِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ : مَا مِنْ نَبِىٍّ إِلاَّ وَقَدْ حَجَّ الْبَيْتَ إِلاَّ مَا كَانَ مِنْ هُودٍ وَصَالِحٍ وَلَقَدْ حَجَّهُ نُوحٌ فَلَمَّا كَانَ مِنَ الأَرْضِ  مَا كَانَ مِنَ الْغَرَقِ أَصَابَ الْبَيْتَ مَا أَصَابَ الأَرْضَ وَكَانَ الْبَيْتُ رَبْوَةً حَمْرَاءَ فَبَعَثَ اللَّهُ هُودًا عَلَيْهِ السَّلاَمُ فَتَشَاغَلَ بِأَمْرِ قَوْمِهِ حَتَّى قَبَضَهُ اللَّهُ إِلَيْهِ فَلَمْ يَحُجَّهُ حَتَّى مَاتَ فَلَمَّا بَوَّأَهُ اللَّهُ لإِبْرَاهِيمَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ حَجَّهُ ثُمَّ لَمْ يَبْقَ نَبِىٌّ بَعْدَهُ إِلاَّ حَجَّهُ.

Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Солиҳ ва Ҳуддан ташқари барча пайғамбарлар Байтни ҳаж қилганлар. Нуҳ алайҳиссалом ерни сув посганда ҳаж қилдилар. Шунда ерга етган ғарқ бўлиш Байтга ҳам етган эди. Натижада Байт қизил қум тепалиги бўлиб қолди. Аллоҳ таоло Ҳуд алайҳиссаломни юборди, Аллоҳ уни қабз қилгунича ўз қавмини иши билан банд бўлиб, то вафот этгунларича ҳаж қилмадилар. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга уни жойни билдирган эди, ҳаж қилдилар, сўнг ундан кейин келган барча пайғамбар ҳаж қилдилар” (Байҳақий ривояти).

 

МУСО АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ҲАЖЛАРИ

Абу Бакр Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан мавқуф ҳолатдаги бир ҳадисни ривоят қилганлар. Мусо алайҳиссалом эллик минг Баний исроилликлар билан Байтуллоҳни ҳаж қилганлар. Имом Шофии раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишларича, бирор пайғамбар эҳромсиз Байтни тавоф қилмаганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Макка фатҳидан бошқа барча ўринда эҳромсиз ҳарамга кирмаганлар.

Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳ “Шуъаби иймон”да Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан мурсал ҳолатдаги бир ҳадисни нақл қилганлар. Унда айтилишича, Иброҳим алайҳиссаломга Байтни белгиси айтилганда, уни таъмирлашга киришдилар ва уни ўз ниҳоясига етказганларидан кейин Байтни ҳаж қилдилар. Шундан кейин, Иброҳим алайҳиссаломдан кейин келган барча пайғамбарлар Байтни зиёрат қилдилар.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ : حَجَّ مُوسَى بْنُ عِمْرَانَ عَلَيْهِ السَّلاَمُ فِى خَمْسِينَ أَلْفًا مِنْ بَنِى إِسْرَائِيلَ وَعَلَيْهِ عَبَاءَتَانِ قَطَوَانِيَّتَانِ وَهُوَ  يُلَبِّى لَبَّيْكَ اللَّهُمَّ لَبَّيْكَ لَبَّيْكَ تَعَبُّدًا وَرِقًّا لَبَّيْكَ أَنَا عَبْدُكَ أَنَا لَدَيْكَ لَدَيْكَ يَا كَشَّافَ الْكُرَبِ قَالَ فَجَاوَبَتْهُ الْجِبَالُ. {ش} قَالَ الشَّافِعِىُّ رَحِمَهُ اللَّهُ : وَلَمْ يُحْكَ لَنَا عَنْ أَحَدٍ مِنَ النَّبِيِّينَ وَلاَ الأُمَمِ الْخَالِينَ : أَنَّهُ جَاءَ الْبَيْتَ أَحَدٌ قَطُّ إِلاَّ حَرَامًا وَلَمْ يَدْخُلْ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم مَكَّةَ عَلِمْنَاهُ إِلاَّ حَرَامًا إِلاَّ فِى حَرْبِ الْفَتْحِ.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Мусо ибн Имрон эллик минг бани исроил ичида ҳаж қилдилар. Эгниларида қатвониянинг икки абоаси бор эди. У “лаббайкаллоҳумма лаббайк лаббайка тааббудан ва риққан лаббайк. Ана абдука ана ладайка ладайка яаа кашшаафал кураби” деб талбия айтдилар. Бас уни тоғлар ижобат қилди”. Шофии раҳматуллоҳи алайҳ: “Ўтган пайғамбар ва умматлардан бирортаси Байтга эҳромсиз кирмаганлар” деб ҳикоя қилганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам Макка фатҳидан бошқа бирор ўринда эҳромсиз кирмаганлар” деди.

 

НУҲ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ КЕМАЛАРИНИ ТАВОФИ

Ҳуд сурасининг 41-44 оятлари борасида “Тафсири мазҳарий”, “Тафсири қуртубий” ва “Маъорифул Қуръон” каби тафсирларда Нуҳ кемаси билан, Нуҳ тўфонига доир қуйидаги ривоят келтирилган. Нуҳ алайҳиссалом иймон келтирган кишилар билан махлуқлардан олиб кемага чиқдилар. Кема ражабнинг ўнинчисидан муҳаррам ойининг ўнинчисигача Ироқнинг Мавсил ва Армарнистондан ўтиб Маккага кириб келди ва байт устини етти марта айланиб, Ироқнинг Жудий тоғи чўққисига бориб тўхтади (Маъорифул Қуръон).

Аллоҳ таоло дунёнинг бирорта жойига бермаган иззат ва азаматни Байтуллоҳга ато қилди. Дунёдаги барча инсонлар юзлаб машҳур иморатларни билмаслари мумкин, лекин Байтни албатта биладилар

وروي أن نوحا عليه السلام ركب السفينة لعشر مضت من رجب وجرت بهم السفينة ستة أشهر، ومرت بالبيت فطافت به سبعا وقد رفعه الله من الغرق وبقي موضعه، وهبطوا يوم عاشوراء، فصام نوح، وأمر جميع من معه بالصوم شكرا لله عز وجل.

Ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳиссалом кемага ражабнинг ўнинчи куни миндилар ва кема олти ой сузиб, Байтни етти марта тавоф қилди. Аллоҳ Байтни ғарқ бўлиб кетишдан кўтариб, ўрнини қолдирди. Улар ашуро куни тушдилар. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳ таолога шукр қилиш учун рўза тутдилар ва ўзлари билан бўлган барчага рўза тутишга амр қилдилар.

 

БАЙТУЛЛОҲНИ ҚУРИЛИШИ

Байтуллоҳнинг қурилишига доир кўплаб муҳаддис ва муфассирлар томонидан ривоятлар нақл қилинган. Уларнинг барчасини бир жойга тўплаб қаралса, Байтни ўн маротаба таъмирланганлиги аниқ бўлади. Улар ҳақида ибн Ҳажар Асқалоний ўзларининг “Фатҳул борий”, Бадруддин Айний ўзларининг “Умдатул қорий” асарларида нақл қилиб келтирганлар. У ривоят “Ийзоҳут Таҳовий”да ҳам мухтасар тарзда нақл қилинган. Улар қуйидагилар:

1. Одам алайҳиссалом яратилишидан илгари фаришталар Аллоҳ таолонинг амри билан Байтни қурганлар;

2. Одам алайҳиссалом ерга тушганларидан кейин Аллоҳнинг амри билан Байтни таъмирлаб, уни тавоф қилганлар;

3. Шийс алайҳиссаломнинг қуришлари;

4. Нуҳ тўфонидан кейин Каъбатуллоҳнинг асари ҳам йўқ бўлиб кетади. Шунда Аллоҳ таолонинг амри билан Иброҳим ва Исмоил алайҳиссаломлар қайтадан қуришади;

5. Амолиқа қабиласи томонидан қурилиши;

6. Журҳум қабиласи томонидан қурилиши;

7. Қусай ибн Килоб томонидан қурилиши;

8. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам 33 ёшга кирганларида Қурайш қабиласи томонидан қурилиши;

9. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам истакларига мувофиқ Байтни қурганлар. Наби соллалоҳу алайҳи васалам ҳажжатул вадоъда Оиша онамизга: “Келгуси йил тирик бўлсам кириб чиқиш осон бўлиши учун Каъбатуллоҳни шарқига ва ғарбига эшик қўйяман ва ҳатиймни унга қўшиб қўяман” дедилар. Лекин, келаси йили икки олам сарвари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оламдан ўтдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Маккага волий бўлганларида Расулуллоҳ хоҳлаганларидек Байтни қурдилар ва ҳозирда мавжуд бўлган эшик рўпарасига яна бир эшик қилдилар. Унинг асари ҳозир ҳам билиниб туради;

10. Ҳажжож ибн Юсуф Маккаи мукаррамага ҳужм қилиб, манжаниқ ва турли ўқлар билан Каъбани ўққа туттиртириб, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуни шаҳид қилдирди ва Каъбатуллоҳни буздириб, Қурайш томонидан қурилганда Каъба қандай ҳолатда бўлса, ўша ҳолатга қайтарди ва ҳатимни Байтдан ажратиб қўйди ҳамда ғарбий эшикни беркитиб ташлади. Ҳозирги кунда Каъба Ҳажжож томонидан қурилган кўринишдадир. Ҳорун Рашид Каъбани Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хоҳлаганлари тарзда қуришни истаган пайтда Имом Молик раҳматуллоҳи алайҳ: “Каъбани қайта қуриш жоиз эмас. Агар унга рухсат берилса, ҳар подшоҳ ўзи истагандай уни қуришга ҳаракат қилади” дедилар[1].

أنها بنيت عشر مرات منها: بناء الملائكة عليهم السلام. ومنها: بناء آدم عليه السلام. ومنها: بناء أولاده. ومنها: بناء الخليل إبراهيم عليه السلام. ومنها: بناء العمالقة. ومنها: بناء جرهم. ومنها: بناء قصي بن كلاب. ومنها: بناء قريش. ومنها: بناء عبد الله بن لزبير بن العوام الأسدي رضي الله عنه. ومنها بناء الحجاج بن يوسف الثقفي.

Каъба ўн маротаба қурилгандир. Улар қуйидагилар: Фаришталар, Одам алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом, Амолиқа қабиласи, Журҳум қабиласи, Қусай ибн Килоб, Қурайш қабиласи, Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу, Ҳажжож ибн Юсуфлар томонларидан қурилган[2].

عَنْ الرَّشِيد أَوْ الْمَهْدِيّ أَوْ الْمَنْصُور أَنَّهُ أَرَادَ أَنْ يُعِيد الْكَعْبَة عَلَى مَا فَعَلَهُ اِبْن الزُّبَيْر، فَنَاشَدَهُ مَالِك فِي ذَلِكَ وَقَالَ : أَخْشَى أَنْ يَصِير مَلْعَبَة لِلْمُلُوكِ، فَتَرَكَهُ.

Рашид ёки Маҳдий ёки Мансурлардан бири Ибн Зубайр розияллоҳу анҳу қилгани каби қайта қуришни хоҳлаган эди, Имом Молик раҳматуллоҳи алай унга бу борада хитоб қилиб: “Подшоҳлар учун бу ўйин бўлиб қолишидан қўрқаман” дедилар. Шунда у тарк қилди[3].

 

МАККАИ МУКАРРАМА ВА МАДИНАИ МУНАВВАРА ҚАНДАЙ ҚИЛИБ АЗИЗ ВА МУКАРРАМ ШАҲАРЛАРГА АЙЛАНИБ ҚОЛДИ

عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: «ما أطيبك من بلدة وأحبك إلي، ولولا أن قومك أخرجوني منك، ما سكنت غيرك».

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

Сендан зиёда пок ва муқаддас шаҳар бирор жойда йўқ ва мени наздимда сендан зиёда маҳбуб ва суюкли шаҳар ҳам бирор жойда йўқ. Агар қавмим мени сендан чиқармаганларида эди, сендан бошқа жойни ўзимга маскан тутмаган бўлар эдим” дедилар” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламларнинг қадамлари сабабли бир неча шаҳарлар шарафли ва азаматли шаҳарга айланди. Энди, қиёматгача ўша шаҳарларнинг азамати бардавом бўлади. Аллоҳ таоло Маккаи мукаррамани шарафли ва пок жой қилди. Аллоҳ амри билан Иброҳим алайҳиссалом ўз хонадонини у ерга жойлаштирди ва унинг азаматини дунёга ёйдилар. Шунингдек, Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг биринчи аёллари билан Қуддусда яшадилар. Шу сабабли у ердан Пайғамбарлар силсиласи чиқди ва у шаҳар ҳам иззатли ва шарафли шаҳарларга айланди. Ҳижратдан илгари Мадинанинг на иззат ва на шарафи бор эди. Унинг эски номи Ясриб эди. У ерда турли касалликлар ва ўлатлар кенг тарқалган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у ерга ташриф буюрганларидан кейин, у ерни Мадина деб номладилар. Пайғамбаримиз барокатларидан у ерда тарқалган турли ўлатлар барҳам топиб, барокатли ва файизли шаҳарлардан бирига айланиб, у ер Мадинаи тоййиба номини олди. Мадинаи мунавваранинг ҳудуди ҳам Маккаи мукаррама каби ҳарамга айланди. Ҳозирга келиб, бутун дунёдаги мусулмонлар у ерга боришни ўзлари учун шараф деб биладилар. Буларнинг барчаси пайғамбаримиз Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни Маккадан Мадинага ҳижрат қилганликлари сабаблидир.

صلِّ وَسَلِّم دائماً أبَدَاً على صَفِيِّكَ خَيرِ الخَلقِ كُلِّهِمُ

اللَّهُ أَكْبَرُ كَبِيراً وَالْحَمْدُ لِلَّهِ كَثِيراً

وَسُبْحَانَ اللَّهِ بُكْرَةً وَأَصِيلاً

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

 

ИККИ ҲАРАМДАГИ ТАБАРРУК ЖОЙЛАР ВА МАШҲУР АМАЛЛАРНИНГ ИСТИЛОҲЛАРИ

إِنَّ أَوَّلَ بَيْتٍ وُضِعَ لِلنَّاسِ لَلَّذِي بِبَكَّةَ مُبَارَكًا وَهُدًى لِلْعَالَمِينَ (96) فِيهِ آيَاتٌ بَيِّنَاتٌ مَقَامُ إِبْرَاهِيمَ وَمَنْ دَخَلَهُ كَانَ آمِنًا وَلِلَّهِ عَلَى النَّاسِ حِجُّ الْبَيْتِ مَنِ اسْتَطَاعَ إِلَيْهِ سَبِيلًا وَمَنْ كَفَرَ فَإِنَّ اللَّهَ غَنِيٌّ عَنِ الْعَالَمِينَ (97)

Уларнинг ҳаётга энг ҳирс қўйган одамлар эканлигини биласан. Мушриклардан бирлари минг йил умр кўришни суяди. Аммо узоқ умр кўриши уни азобдан қутқармайди. Ва Аллоҳ уларнинг қилаётганларини кўрувчидир. Жиброилга душман бўлганларга айт, албатта у(Қуръон)ни сенинг қалбингга Аллоҳнинг изни билан, ўзидан олдингини тасдиқловчи ва мўминлар учун ҳидоят ва башорат қилиб туширди” (Бақара 96-97 оятлар).

Аллоҳ таоло Маккаи мукаррамада ибрат ва ҳидоятга восита бўладиган кўплаб табаррук мақом ва нарсаларни барпо қилди. Шунинг учун ҳожилар у ердаги табаррук жой номлари ва у ерда айтиладиган лафзларни яқиндан билиб олишлари лозим. Агар у ерга тегишли истилоҳлар маъноларини яқиндан билиб, тушуниб олишмаса ҳаж амалларини бажаришаётганда кўплаб камчиликларга йўл қўйишларига тўғри келади. Шу боис бу ўринда табаррук жой ва амалларнинг истилоҳларини шарҳлаш зарурати юзага келди. Улар қуйидагилар:

Эҳром: Эҳромнинг маъноси бирор нарсани ҳаром қилишдир. Ҳожи ҳаж ва умра нияти ила талбия айтса, унинг зиммасига эҳромдан илгари ҳалол бўлган баъзи ишлар ҳаром бўлади. Шунинг учун унга эҳром дейилади. Одамлар орасида икки алоҳида-алоҳида матодан иборат ҳожилар ишлатадиган нарсага эҳром дейилади. Лекин, бу мажозийдир. Ҳақиқатда эса, бу эҳром эмас[4]. Ҳаждаги эҳром намоздаги такбири таҳрима кабидир, яъни намозни ният қилиб Аллоҳу акбар лафзини айтиш билан намозга кирилади. Шунингдек, ҳаж ёки умрани ният қилиб, талбия айтиш билан эҳромга кирилади.

Ифрод: Мийқотдан фақат ҳаж қилиш учун ёки Маккаликлар ҳарамдан эҳромга киришлари ифрод ҳажи дейилади. Бундай киши қурбонлик куни жамраи ақаба, яъни катта шайтонга тош отгандан кейин эҳромдан чиқади ва бундай ҳожига муфрид ҳаж қилувчи дейилади[5].

Офоқий: Мийқот ташқарисидан ҳаж ёки умра қилиш учун ҳарами шарифга келган ҳожига айтилади. Масалан, Ўзбекистон, Миср, Шом, Африка, Ҳиндистон ва Яман каби шаҳарлардан ҳаж ёки умра қилишга келган ҳожилари сингари[6].

Ҳаж ойлари: Шаввол, зул қаъда ва зул ҳижжанинг аввалги ўн кунларини ҳаж ойлари дейилади[7].

Ҳаром ойлар: Уруш ва жанжал ҳаром қилинган ойларга айтилади. Улар ражаб, зул қаъда, зул ҳижжа ва муҳаррам ойларидир[8].

Қурбонлик куни: Ўнинчи зул ҳижжанинг субҳи содиғидан ўн иккинчи зул ҳижжанинг қуёши ботгунича, яъни уч кунга айёми наҳр (қурбонлик кунлари) дейилади[9]. Қурбонлик сўйиш намоздан сўнг бошланади.

Ташрийқ кунлари: Ўн биринчи зул ҳижжадан ўн учинчи кунгача ташрийқ кунлари дейилади. Лекин, тўққизинчи зул ҳижжадан ўн учинчи кунгача, яъни беш кун такбири ташрийқ айтилгани учун ушбу беш кунга мажозан ташрийқ кунлари дейилган[10].

Ҳаж кунлари: Саккизинчи зул ҳижжадан бошлаб ўн иккинчи зул ҳижжа кунигача айёми ҳаж (ҳаж кунлари) дейилади. Ушбу беш кун ичида ҳажнинг барча нусклари адо қилинади. Шунинг учун ҳам ушбу беш кунга айёми ҳаж дейилган.

Изтибоъ (إضطباع): Эҳромнинг юқоридаги қисмини ўнг қўлтиқ остидан ўтказиб, чап елкага ташлаб, ўнг елкани очиқ қолдиришга изтибоъ дейилади.

Истилом: Қора тошни ўпиш ёки қўл билан ушлаш ёки қўл билан ушлаб, сўнг қўлни ўпиш ёки узоқдан қора тошга қўл билан ишора қилиб, сўнг қўлни ўпишга истилом дейилади[11]. Шунингдек рукни ямонийга қўл теккизишга ҳам истилом дейилади.

Салом дарвозаси: Сафо ва Марва тепалиги томонидан Байтуллоҳга кириб келинадиган эшикка айтилади. Байтуллоҳга биринчи маротаба шу эшикдан кириб келиш афзалдир. Билинг-ки, сафо ва марва тепалиги томонидан кўплаб дарвозалар бор бўлиб, уларнинг ҳар бирини номлари пештоққа ёзиб қўйилган. Набавий масжиднинг бир эшигининг номи ҳам бобис саломдир.

Фатҳ дарвозаси: Масжидул ҳаромнинг икки катта минораси ўртасида жойлашган катта дарвозага Бобил фатҳ дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтуллоҳга Макка фатҳи куни ушбу дарвозадан кириб келганлар.

Умра дарвозаси: Ҳарамнинг икки минораси оралигида жойлашган катта дарвозанинг номи бўлиб, умра қазоси вақтида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша дарвозадан Байтуллоҳга кириб келганлар.

Фаҳд дарвозаси: Шоҳ Фаҳд томонидан қурилган, икки минора оралигида жойлашган катта дарвозага айтилади.

Абдулазиз дарвозаси: Икки катта минора орасидаги катта дарвоза бўлиб, у дарвозадан кирилса рукни ямонийнинг тўғрисидан чиқилади. Набавий масжиднинг бир дарвозасига ҳам боби Абдулазиз дейилади.

Билол розияллоҳу анҳу дарвозаси: Сафо тоғи билан Абдулазиз дарвозаси орасида жойлашган катта дарвоза бўлиб, уни устида бир минора қурилган. Юқорида келтирилган дарвозалардан ташқари Масжиди ҳаромнинг кўплаб кичик-кичик дарвозалари бўлиб, улар боби Мадина, боби ҳудайбия, боби бани Шайб кабилар. Масжиду ҳаромга кириш учун жами тўқсон бешта дарвоза мавжуддир.

Жаброил алайҳиссалом дарвозаси: Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларига кирадиган Набавий масжиддаги бир дарвозага айтилади. У дарвозадан ташқарига чиқилганда Бақеъ қабристони тўғрисидан чиқилади. У дарвозадан ичкарига кирилганда ўнг қўл томонда, яъни шимолда суффа аҳлининг жойи бор. Чап қўл томонда эса, яъни жанубда Фотима розияллоҳу анҳонинг ҳужралари жойлашган. Ҳужрадан бироз юриб ўтилса, риёзул жаннатга ўтилади.

Аёллар дарвозаси: Набавий масжиднинг қадимги дарвозаларидан бўлиб, Жаброил дарвозаси томонидан бироз нарироқда жойлашган.

Абдулазиз дарвозаси: Бу ҳам Набавий масжиднинг бир дарвозасидир. Набавий масжиднинг машриқ томонида учта катта-катта дарвоза бўлиб, улар боби Жаброил, боби Нисо, боби Абдулазиздир. Уларнинг ичида боби Абдулазиз янги қурилган дарвозадир.

Умар, Мажидий ва Усмон розияллоҳу анҳумлар дарвозалари: Набавий масжиднинг шимолий томонида учта катта-катта дарвозалар бўлиб, улар Умар розияллоҳу анҳу, Мажидий раҳматуллоҳи алайҳ, Усмон розияллоҳу анҳу дарвозаларидир. Улардан Умар ва Усмон розяллоҳу анҳумлар дарвозалари Саъудия ҳукумати томонидан қурилган. Мажидий дарвозаси эса, Туркия ҳукумати султони Абдулмажийд Туркий томонидан қурилган бўлиб, у икки дарвоза ўртасида, яъни Умар розияллоҳу анҳу дарвозасининг ўнг, Усмон розияллоҳу анҳу дарвозасининг чап томонида жойлашгандир. Турклар томонидан Набавий масжидда қурилган иморатларнинг барчаси қизил рангдадир.

Боби Саъуд, боби Абу Бакр розияллоҳу анҳу, боби раҳма, бобис салом: Ушбу тўрт дарвоза Набавий масжиднинг мағриб томонида жойлашган бўлиб, улардан Саъуд ва Абу Бакр розияллоҳу анҳу дарвозалари янги қурилгандир. Қолган иккитаси қадимийдир.

Бадана: Тавофи зиёратдан илгари ҳожи аёли билан қўшилиб қўйса ёки жанобат, ҳайз, нифос ҳолатида тавофи зиёрат қилса, уни жаримасига бир туя ёки мол сўйиш вожиб бўлади. Шунга бадана дейилади.

Талбия: Унинг маъноси эҳромга кирган пайтда “лаббайка”ни айтишдир. Бу ҳақда “талбия” сарлавҳаси остида атрофлича сўз юритилади.

Такбийр: Унинг маъноси “Аллоҳу акбар (Аллоҳ буюк)” деганидир. Такбири ташрийқ лафзларини ўқишга ҳам такбийр дейилади[12].

Таҳлийл: “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни ўқишга айтилади.

Таҳмийд: “Алҳамду лиллаҳ”ни ўқишга таҳмийд дейилади.

Тасбийҳ: “Субаҳааналлоҳни” ўқишга тасбийҳ дейилади.

Таматтуъ: Ҳажнинг бир тури бўлиб, ҳаж ойларида мийқотдан умра қилишга эҳромга кириб, умра амалларини қилгандан кейин эҳромдан чиқади ва саккизинчи зул ҳижжа куни ҳажга эҳромга киради. Шундай қилишга таматтуъ дейилади. Бу ҳақда “Таматтуъ” сарлавҳаси остида батафсил баҳс юритилади.

Танъийм: Маккаи мукаррамадаги бир тоғнинг номи танъиймдир. У ҳарам ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлиб, ҳажжатул вадоъда Оиша онамиз инилари Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан умрага эҳром боғлаш учун у тоғнинг этагига келганлар[13].

Жиърона (Жиъиррона): Маккадан 25 километр узоқликда жойлашган жойга айтилади. Маккадан машриқ томонга катта йўл ўтган бўлиб, у йўл Нажд, Ироқ ва Мадина йўли ҳисобланади. Ушбу катта йўлга “ал-хаттус сариъ” ҳам дейилади. Ушбу йўл орқали Ҳарамдан саксон киломер узоқликда Қарнул манозил мийқоти жойлашган. Ҳарамдан ушбу катта йўл орқали ўн олти километр юрилгандан кейин чап томонга, яъни шимолга бурилиш чиқади, у ердан Мадина томонга тўққиз километр юрилса, Жиъронага етиб борилади. Ушбу ерда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳунайн ва Ҳавозин қабилаларидан олинган ғанимат молларини тақсим қилиб, кечки пайт бу ердан умрага эҳромга кирганлар. Набий солллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўша пайтда Жиъронага тикилган чодирлари ўрнида ҳозир бир масжид қурилган бўлиб, одамлар у ердан умра эҳромига кирадилар.

Жамарот ёки жимор: Минодаги машҳур устунлар бўлиб, уларга тош отилади. Улар ичида Ҳарамга нисбатан энг охиргиси жамаратул кубродир. Уни жамаратул ақаба, жамаратул ухро ҳам дейилади. Ундан кейингисини жамаратул вусто ва учинчисини жамаратул увло дейилади.

Жаннатул муъалло: Хадижа розияллоҳу анҳо билан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки ўғил фарзандлари Маккадаги Жаннатул муъалло қабристонига дафн этилганлар. У ерга кўплаб саҳобийлар дафн этилганлар. У қабристон иккига бўлинган бўлиб, иккиси ўртасидан йўл ўтган. Ҳарами шариф томонидаги қисми етарлича каттадир. Лекин, уни қарама-қаршисидаги, яъни тоғ этагидаги бироз кичик бўлиб, қабристоннинг айни шу қисмида Хадижа онамизнинг мозорлари жойлашган. Ушбу қабристонга дафн этилиш яхши насибадир.

Жаннатул Бақеъ: Мадинаи мунавварадаги катта қабристон бўлиб, у ерда минглаб саҳобий ва тобиинлар дафн этилганлар. Жумладан, Фотима розияллоҳу анҳо, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча аёллари, Усмон Ғаний, Абу Саъийд Худрий розияллоҳу анҳумлар у ерга дафн этилганлар. Бу қабристонга кўмилганлар яхши насибали инсонлардир.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ مَنْ اسْتَطَاعَ أَنْ يَمُوتَ بِالْمَدِينَةِ فَلْيَمُتْ فَإِنِّي أَشْفَعُ لِمَنْ يَمُوتُ بِهَا.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ким Мадинада вафот этишга қодир бўлса, вафот этсин. Чунки, унда вафот этган кишини шафоат қиламан” дедилар” (Термизий ривояти).

Жабали Уҳуд: Мадинаи мунаввара ташқарисидаги бир томонда жойлашган узун ва катта тоғ бўлиб, у тоғ этагида Уҳуд ғазоти бўлиб ўтган. Бу ерда Ҳамза розияллоҳу анҳунинг мозорлари бор. Уҳудда етмишта саҳоби шаҳид бўлиб, уларнинг мозорлари ҳам у ерда жойлашган. Ҳозирда у қабристонни тўрт томондан панжара билан ўраб қўйилган. Мадинага борган зиёратчи Уҳуд шаҳидлари мозорини зиёрат қилиши мустаҳабдир.

Жабали Абу Қубайс: Ҳажари асвад томонда жойлашган жуда катта тоғ бўлиб, Сафо тоғи Абу Қубайс тоғи этагида жойлашган кичик бир тоғди. Ҳозирда Абу Қубайс тоғи тепасида шоҳларнинг уйлари қурилган. Аллоҳ таоло биринчи бўлиб дунёда Абу Қубайс тоғини яратган. Нуҳ тўфонидан кейин у тоққа биринчи бўлиб, Абу Қубайс номли бир киши уй қурганлиги учун, тоғ ўша киши номи билан аталган.

Жабали Раҳмат: Арафот тоғи ёнбағридаги бир кичик тоғни номи бўлиб, у ерда икки ракъат намоз ўқиб дуо қилинса, дуони ижобат бўлишига сабаб бўлади. Арафа куни у тоғ жуда тиқин бўлади. Шунинг учун заъиф инсонлар у ерга тиқилмасликка ҳаракат қилиши лозим. Чунки, вафот этишларига сабаб бўлиши мумкин.

Жабали Қузаҳ: Муздалифа майдонидаги кичик бир тоғ бўлиб, унинг этагида Масжиди машъари ҳаром қурилган. Арафотдан Муздалифага кетишда ўнг-чап томонда икки тоғ бўлиб, икки тоғ ўртасидан ўтиб борилганда икки тоғ тугаб, Муздалифа бошланади ва рўпарадан Қузаҳ тоғи ҳамда Масжиди машъари ҳаром кўзга ташланади.

Жабали Сабийр: Жабали Сабийр борасида Термизий (Ж. I. – Б. 180.), Абу Довуд (Ж. I. – Б. 268.), Ибн Можа (Б. 217.) китобларида ҳадиси шарифлар зикр қилинган. Уларда ривоят қилинишича, мушриклар Муздалифадан Минога Сабийр тоғида қуёш ёришганини кўрмагунларича равона бўлмас эканлар. “Базлул мажҳуд (Ж. III. – Б. 169)”да ва Термизий ва ибн Можа тўпламида Сабийр тоғи борасида келган ҳадис ҳошиясида, у тоғни узун ва кенг ҳамда Муздалифадан Миногача чўзилган деб зикр қилинган. У тоғ Муздалифадан Минога боришда чап қўл томонда жойлашган. Маккаи мукаррамада ушбу ном билан бешта тоғ номланган.

“ат-Тарихул қавийм”да Сабийр тоғи борасида батафсил маълумот келган. У китобда Сабийр тоғи билан Маккадаги еттита тоғ номланиши зикр қилинган. Улар қуйидагилар:

1. Сабийри насъ; 2. Сабийри ашбараҳ; 3. Сабийри аҳдаб; 4. Сабийри аъраж; 5. Сабийри ғайноъ; 6. Сабийри хазроъ; 7. Сабийри занж.

Ушбу еттита тоғдан учтаси тўғрисида сўз юритиш лозим. Улар қуйидагилар:

1. Сабийри насъ – у узун ва кенг ҳамда машҳур тоғ бўлиб, Муздалифадан тўлиқ Минони кесиб ўтиб жамраи ақабагача чўзилган. У тоғнинг бир томони тўлиқ миногача, иккинчи томони тўлиқ азизия минтақасигача чўзилган. Ушбу тоғ борасида ҳадис китобларида мушрикларнинг воқеаси баён қилинган. Унда айтилишича, мушриклар Муздалифадан Минога Сабийр тоғига қуёш нури тушгандан кейин жўнашар эди дейилади. Мушриклар Сабийр тоғига қуёш тушишини кўп кутишганидан: “Эй, тоғ тезроқ ёриш, биз равона бўлайлик” дердилар.

Иккинчи тоғ, Сабийри ашбараҳдир. Учинчи тоғ эса, Сабийри аҳдабдир. Сабийри ашбараҳ билан Сабийри аҳдаб иккаласи ҳам Минода жойлашган бўлиб, бири иккинчисига улангандир. Минодан Муздалифа ва Арафот томонга борилса чап қўл томонда у икки тоққа дуч келасиз. У икки тоғ Хайф масжиди қарама-қаршисида жойлашгандир. Агар сиз жамаротдан Муздалифа ва Арафотга юзланиб юрсангиз чап томонингизда шу икки тоғ жойлашгандир. Ўнг томонингизда эса, Хайф масжиди ва Насъ тоғи бордир.

Тўққизинчи зул ҳижжа куни Сабийри ашбараҳга қуёш нури тушган пайт ҳожилар Минодан Арафотга равона бўлишлари мустаҳабдир. Сабийри аҳдаб тоғи этагида Исмоил алайҳиссаломни қурбонлик қилинаётганида осмондан бир қўчқор туширилган. У тоғ ҳам Хайф масжиди қаршисида жойлашган бўлиб, у жуда баланд ва кенг тоғдир. Сабийри аъраж билан Сабийри Ғайно Мино ён атрофида жойлашган икки тоғдир. Сабийри хадро Ҳарам шарифдан Жаннатул муъалло йўли билан Минога бориш йўлида жойлашган. Сабийри занж Маккаи мукаррамадаги Шабикия томонида жойлашган тоғ бўлиб, унда суданликлар истиқомат қилишади[14].

Жабали Савр: Маккаи мукарраманинг жанубида жойлашган жуда катта бир тоғ бўлиб, у Макка тоғларининг энг баланди ҳисобланади. Қаттиқ иссиқ пайтларда ҳам у тоғнинг тепаси салқин бўлади. У тоғ тепасида Савр ғори жойлашган. Мадинада ҳам бир кичик тоғнинг номи Савр ҳисобланади. У Уҳуд тоғи этагида жойлашган.

Жабали Ҳиро: Масжиду ҳарамндан олти километр узоқликда, жанубда жойлашган баланд тоғ бўлиб, у тоғнинг тепасида Ҳиро ғори жойлашган. У жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий нозил қилинган. У ғордан Каъба кўриниб турар эди. Лекин, ҳозир Каъбани тўрт томони бино билан ўралгани учун Ҳиро ғоридан Каъба кўринмайди. Фақат, Масжидул ҳарамни шифтлари кўриниб туради халос.

Жабали Нур: Ҳиро тоғининг иккинчи номи Нур тоғидир. Бугунги кунга келиб, у тоғ Нур тоғи деган ном билан машҳур бўлиб қолган.

Жабали Қуайқиъон: Каъба ҳатими томонидаги Абу Қубайс тоғи қарама-қаршисида жойлашган. Ҳарамнинг боби фатҳ ва боби умра орасидаги жойдан ташқарига чиқилса рўпарангизда ястаниб ётади. Ҳозирга келиб, у томонда Мадина ва Ҳудайбия эшиклари қурилган. У тарафдаги минтақаларни ҳозир шомия дейилади. Умра қазоси вақтида Макка мушриклари ушбу тоғ тепасига чиқиб: “Мадина истимаси уларни ҳолдан тойдирган” деб кузатиб туришган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбани уч маротаба рамл қилишга, яъни паҳлавонча юриб тавоф қилишга буюрдилар.

Жабали Салъ: Салъ тоғи машҳур тоғ бўлиб, уни этагидан хандақ қазилган. Хандақ ғазоти у тоғ этагида бўлиб ўтган. У тоғ этагида олти масжид барпо қилинган эди. Уларни зикри қуйида келади[15]. Ҳозир у масжидлар бузиб ташланиб, уларнинг ўрнига битта катта масжид барпо қилинган.

Жуҳфа: Робиғга яқин бир жойга айтилади. Унга Маҳийъа ёки Харбо ҳам дейилади. Пайғамбаримиз вақтларида бу жой ташландиқ бир жой бўлган. У Масжиди ҳарамдан 187 километр узоқликда жойлашган[16]. У жой қурлиқлик орқали келувчи шом, миср, жазоир, судан, балғария, фаластин, германия, франция, биританияликлар учун мийқот ҳисобланади. Юқоридаги жойлардан қуруқлик орқали келувчилар Жуҳфадан эҳром боғлашлари вожибдир.

Жабали Қарн: Маккаи мукаррамадан саксон километр узоқликда жойлашган бир жой бўлиб, Нажд ва кўрфазда жойлашган давлатлардан келувчилар учун мийқот ҳисобланади.

Жабали Яламлам: Маккаи мукаррамадан бир юз ўттиз километр узоқликда жойлашган бир тоғ бўлиб, унга яқин шаҳарга Саъдия дейилади. Яман томондан келувчилар бу ердан эҳромга кирадилар. Денгиз йўли орқали келувчи давлат фуқаролари Жиддага бу ер орқали ўтишади. Улар, Масқат, Покистон, Ҳиндистон, Бангладеш, Сингапур, Барма, Тайланд, Малайзия, Австралия ва бошқалар орқали келувчилар учун ҳам бу ер мийқот ҳисобланади. Лекин, Жидда уни қарама-қаршисида жойлашганлиги сабабли Жиддадан эҳромга киришлари ҳам мумкин.

Ҳажари асвад: Байтнинг шарқий-жанубий бурчагида одам бўйи баробар баланд жойга девор ичига жойлаштирилган тош бўлиб, унинг тўрт томони кумуш билан қопланган. Қора тош қайсидир замонда чиққан исёнкорлар томонидан бўлак-бўлак қилиб ташланган. Ҳозирда ўша бўлаклардан саккизтаси ўша халқа ичида туради. Агар ўша саккиз тош ўрнига кумуш билан ўралган жойни ўзини ўпса, ҳажари асвадни ўпган ҳисобланмайди. У тошни келиб чиқиш тарихи ҳақида қуйидаги ҳадисларда батафсил маълумот берилган:

عَنْ عَبْد اللَّهِ بْن عَمْرٍو رَضِىَ اللَّهُ عَنْهَ يَقُولُ سَمِعْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ إِنَّ الرُّكْنَ وَالْمَقَامَ يَاقُوتَتَانِ مِنْ يَاقُوتِ الْجَنَّةِ طَمَسَ اللَّهُ نُورَهُمَا وَلَوْ لَمْ يَطْمِسْ نُورَهُمَا لَأَضَاءَتَا مَا بَيْنَ الْمَشْرِقِ وَالْمَغْرِبِ.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Рукн (қора тош) ва мақом (мақоми Иброҳим) жаннат ёқутларидан икки ёқут (тош) эди. Аллоҳ у иккисини нурини ўчирди. Агар у иккисини нурини ўчирмаганида, машриқ ва мағриб ўртасини албатта иккиси ёритар эди” деяётганларини” эшитдим” деди (Термизий ривояти).

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: " إِنَّ الرُّكْنَ وَالْمَقَامَ يَاقُوتَتَانِ مِنْ يَاقُوتِ الْجَنَّةِ نَزَلَا مِنَ السَّمَاءِ لَهُمَا نُورٌ، فَلَمَّا وُضِعَا فِي الْأَرْضِ طُفِئَ نُورُهُمَا، وَلَوْلَا مَا أَطْفَأَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ نُورِهِمَا ؛ لَأَضَاءَ مَا بَيْنَ السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ، آنَسَ اللهُ تَعَالَى بِهِمَا آدَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ، فَكَانَا يَتَلَأْلَآنِ تَلَأْلُؤًا مِنْ شِدَّةِ بَيَاضِهِمَا، وَأَخَذَ آدَمُ عَلَيْهِ السَّلَامُ الرُّكْنَ فَضَمَّهُ إِلَيْهِ اسْتِئْنَاسًا بِهِ، وَلَوْلَا مَا طَبَعَ اللهُ عَزَّ وَجَلَّ مِنْ أَيْدِي الْجَاهِلِيَّةِ لَأَبْرَأَ الْأَكْمَهَ وَالْأَبْرَصَ، وَلَيْسَ فِي الْأَرْضِ شَيْءٌ مِنَ الْجَنَّةِ إِلَّا الرُّكْنَ وَالْمَقَامَ، فَإِنَّهُمَا جَوْهَرَتَانِ مِنْ جَوْهَرِ الْجَنَّةِ، يَأْتِي كُلُّ وَاحِدٍ مِنْهُمَا يَوْمَ الْقِيَامَةِ أَعْظَمَ مِنْ أَبِي قُبَيْسٍ، لَهُمَا عَيْنَانِ وَشَفَتَانِ يَشْهَدَانِ لِمَنْ وَافَاهُمَا بِالْوَفَاءِ "

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу:

“Рукн ва мақом жаннат ёқутларидан икки ёқутдир. Иккиси осмондан тушганида у иккисини нури бор эди. Ерга иккиси қўйилганида у иккисини нури ўчирилди. Агар у иккисини нурини Аллоҳ ўчирмаганида, албатта ер ва осмон ўртасини иккаласи ёритиб юборар эди. Аллоҳ таоло у иккиси билан Одам алайҳиссаломни ҳурсанд қилди. Иккиси жуда оқ бўлганлигидан ялтирар эди. Одам алайҳиссалом рукнни олиб, у(Каъба) билан дўст бўлиши учун ун(каъба)га қўшди. Аллоҳ азза важалла жоҳилият қўли билан муҳрламаганида кўр ва песни тузатар эди. Ер юзида рукн ва мақомдан бошқа жаннатдан бирор нарса йўқ. У иккиси жаннат жавҳарларидан икки жавҳардир. У иккисидан ҳар бири қиёмат куни Абу Қубайсдан улкан бўлиб келади. У иккисини икки кўзи, икки лаби бўлиб, иккисига вафо қилган кишилар фоидасига гувоҳлик берадилар” деди.

[1] Ийзоҳут Таҳовий. Ж. III. – Б. 629.

[2] Авжозул масолик. Ж. III. – Б. 475.

[3] Авжозул масолик. Ж. III. – Б. 486.

[4] Мустафоду ҳидоя. Ж. I. – Б. 217.

[5] Ал-Масолик фил маносик. Ж. I. – Б. 369.

[6] Ҳидоя. Ж. I. – Б. 214.

[7] Термизий шариф. Ж. I. – Б. 186.

[8] Термизий шариф. Ж. I. – Б. 186.

[9] Ҳидоя. Ж. IV. – Б. 214.

[10] Ҳидоя. Ж. IV. – Б. 214.

[11] Ғания жадийд. – Б. 103.

[12] Фатвои Маҳмудия. Ж. III. – Б. 541.

[13] Ийзоҳут Таҳовий. Ж. III. – Б. 642.

[14] Тарихул қавийм. Ж. II. – Б. 402.

[15] Мустафоду фатҳул қадийм. Ж. III. – Б. 183.

[16] Тарихи Маккаи мукаррама. – Б. 30.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Ҳаж маълум ойлардир,, деган .Бақара, сураси, 197оят. Демак, ҳажни адо этиш учун маълум вақт, маълум ойлар эътиборга олинади. Шаввол ва Зулқаъда давоми...

979 15:31 / 07 июнь
Ҳаж бадал деганда бир кишининг бошқанинг ўрнига эҳромга кириб ҳаж арконларини бажариши тушунилади. Шариат кўрсатмаларига кўра бошқанинг ўрнига ибодатларни давоми...

4254 05:00 / 16.01.2017
Зулҳижжанинг 8кунидан 13кунигача давом этади. 1. 8 зулҳижжада ҳаж нияти билан эҳромга кирилади. Бу ҳажнинг муҳим 1 фарзидир.2. 8 зулҳижжада Минода биринчи туриш ва ўша давоми...

3534 15:00 / 08.07.2022
. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши .Эй Аллоҳнинг Расули Эҳромдаги киши қайси кийимларни кияди, деди. .Кўйлаклар, давоми...

1068 10:24 / 09 июнь