1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсири ҳилол

Бақара сураси, 184 оят

18:10 / 18.06.2017 8046 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бақара 184. Саноқли кунларда. Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бу ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир.

Яъни рўза фарз қилинган кунлар «саноқли кунлар»дир. Рўза тутишнинг ўзига яраша машаққати бор. Шунинг учун Аллоҳ таоло беморлик ва мусофирлик туфайли бир оз қийинчиликда турган бандаларига машаққат устига машаққат бўлмасин деб, енгиллик берди:

«Сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан».

Яъни бемор тузалганидан сўнг, мусофир сафардан қайтганидан сўнг неча кунни тутмаган бўлса, ўшанча кун қазо рўза тутади. Уламоларимиз беморлар сафига ҳомиладор ва эмизадиган аёлларни ҳам қўшганлар. Ҳомиладор аёл неча кун рўза тутмаган бўлса, туққанидан кейин шунча кун қазо рўза тутади. Эмизадиган аёл ҳам боласини кўкракдан ажратганидан сўнг қазо рўза тутади.

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида фидя – бир мискин таоми бордир».

Яъни ёшлари улуғ бўлиб, рўза тутишга ярамай қолган кишилар тутилмаган ҳар бир кунлик рўза ўрнига бир мискинни тўйдирадилар. Бу эса ўзи яшаб турган диёрнинг ўртача таоми ҳисобида бўлади. Буни «фидя бериш» дейилади.

Уламоларимиз ушбу тоифага тузалмайдиган, сурункали касали бор кишиларни ҳам қўшганлар. Уларнинг касаллари рўза тутишга қўймайди. Қазосини тутади, дейилса, тузалишларидан умид йўқ.

«Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, бу ўзи учун яхшидир».

Ким савобни кўпроқ оламан, деб бир кишига эмас, икки-уч кишига ёки ўртача эмас, олий даражадаги таомларни берса, ўзи учун яхшидир.

«Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир».

Бошқа ибодатлар каби, рўза ҳам, аввало, бу ибодатни адо этувчи шахсларга яхшилик келтиради. Жаннатга кириш, олий мақомларга эришиш, ироданинг кучли бўлиши, раҳм-шафқат сифатининг кучайиши, тақво ҳиссининг уйғониши, соғлик ва саломатлик ҳамда бошқа кўплаб биз билган-билмаган яхшиликларга рўза тутиш орқали эришилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўзи хоҳлаган кишисига ҳикматни берар. Кимга ҳикмат берилса, дарҳақиқат, унга кўп яхшилик берилибдир. Фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар. Бақара 269.Ҳикмат билан давоми...

5487 09:35 / 02.05.2018
Бақара 43. Намозни тўкис адо қилинг, закотни беринг ва рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг.Яъни .Эй Бану Исроиллар, сиз ҳам мусулмон бўлиб, мусулмонлар давоми...

5259 03:15 / 27.05.2017
Бирбирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб, одамларнинг молларидан бир қисмини гуноҳ ила ейишингиз учун уни ҳокимларга ташламанг. давоми...

6289 14:35 / 26.01.2018
Агар хавфда қолсангиз, пиёда ва уловда ҳолингизда. Омонликда бўлганингизда Аллоҳни У Зот сизга билмаган нарсангизни ўргатганидек зикр қилинг. Бақара 239. Намоз давоми...

3951 10:30 / 20.03.2018