1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

Эътикоф

17:25 / 16.06.2017 4589 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Арабча «эътикоф» сўзи «лозим тутиш, туриб қолиш» маъноларини билдиради. Эътикоф – банданинг Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ва ибодат нияти билан масжидда бўлишидир. Эътикоф Қуръони Карим ва Суннати набавийя ижмоъ билан собит бўлган.

Оятдан далил:

«Ҳамда Иброҳим ва Исмоилга: «Байтимни тавоф қилувчилар, муқим турувчилар, рукуъ ва сажда қилувчилар учун покланглар», деб амр этдик» (Бақара сураси, 125-оят).

Демак, эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодатдир. Эътикоф Иброҳим алайҳиссаломнинг даврларидан буён бор.

Ҳадисдан далил:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирар эдилар. Вафот этган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Эътикоф ўтиришни назр қилган эркак кишига эътикоф вожиб бўлади. Рамазон ойининг охирги ўн кунида эътикоф кифоя (яъни баъзи мусулмонларнинг бажариши билан бошқалардан соқит бўладиган), таъкидланган суннат, бошқа вақтларда мустаҳабдир. Мустаҳаб эътикоф учун рўза шарт эмас.

Аллоҳ таоло:

«...Байтимни тавоф қилувчилар, (ибодатда) қоим турувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилувчилар учун поклагин», деган (Ҳаж сураси, 26-оят).

«Мухтасари Виқоя»да эътикоф ҳақида шундай дейилади: «Эътикофнинг ози бир кундир. Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради. Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди. Жумага заволдан кейин боради. Кимнинг уйи узоқ бўлса, суннатларни ўқиб, жумага бемалол улгурадиган вақтни чамалаб боради. Жомеъ масжидда мазкур муддатдан кўпроқ туриб қолса ҳам эътикофи бузилмайди. Агар узрсиз маълум вақтга чиқса, эътикофи бузилади. У эътикоф ўтирган масжидида еб-ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан олди-сотди қилиши мумкин. Бошқа кишига эса бу ишларни масжидда қилиш мумкин эмас. Кечаси ёки унутиб бўлса ҳам жимоъ қилиш эътикофни бузади.

Аллоҳ таоло:

«Ва масжидларда эътикоф ўтирганингизда уларга (аёлларга) яқинлик қилманг», деган (Бақара сураси, 187-оят).

Шунингдек, фарждан бошқа жойга жимоъ қилиш, ўпиш, ушлаш туфайли маний тўкса ҳам эътикоф бузилади. Аммо маний тўкилмаса, мазкур ишлар туфайли эътикоф бузилмайди. Аёл киши уйида эътикоф ўтиради. Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунлар кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради. Кундузнинг ўзини ният қилиш жоиз».

Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига юқоридаги оят далилдир. Бу оятда эътикоф ўтирган шахс ўз жуфти ҳалоли билан жинсий яқинлик қилмаслиги кераклигига ва эътикоф ибодати масжидда бўлишига ҳам далил бор.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам то Аллоҳ у зотни вафот эттиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Кейинчалик, у зотдан кейин завжалари ўтиришди».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади:

1. Вожиб. Бунга назр қилинган эътикоф киради.

2. Суннати муаккада. Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.

3. Мустаҳаб. Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.

Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у орқали банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.

Ҳадиси шарифларда эътикофнинг фазилатлари, эътикоф ўтирувчининг вазифалари батафсил баён қилинган:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Эътикоф ўтирувчи учун бемор кўргани бормаслик, аёл кишига қўл тегизмаслик ёки қучоқламаслик, зарур бўлмаган ҳожат учун чиқмаслик суннатдир. Рўзасиз эътикоф йўқ. Жомеъ масжиддан бошқа жойда эътикоф йўқ».

Абу Довуд ва Насоий ривоят қилишган.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўрта ўн кунликда эътикоф ўтирдик. Йигирманчи куннинг тонги отгач, нарсаларимизни кўчирдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга келиб: «Ким эътикоф ўтирган бўлса, эътикоф ўтирган жойига қайтсин. Чунки мен (тушимда) шу кечани (Қадр кечасини) кўрдим ва ўзимнинг сув ва лойга сажда қилаётганимни кўрдим», дедилар.

У зот эътикоф ўтирган жойларига қайтгач, осмонни булут босиб, устимизга ёмғир ёғди. У зотни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, ўша куннинг охирига бориб, осмонни булут қоплади. Масжид бостирмадан иборат эди. Шубҳасиз, мен у зотнинг бурунларида, бурунларининг учида сув ва лойнинг изларини кўрдим».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда шундай келган: «Абу Салама айтди: «Абу Саъид Худрийнинг олдига бориб, «Бизни хурмо боғига олиб чиқмайсанми, гаплашиб ўтирар эдик», дедим. У чиқди. Сўнгра унга: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан Қадр кечаси ҳақида эшитган нарсангни менга гапириб бер», дедим. У гап бошлади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг аввалги ўн кунлигида эътикоф ўтирдилар. У зот билан бирга биз ҳам эътикоф ўтирдик. Шунда Жаброил келиб, у зотга: «Сен истаган нарса олдингда», деди. У зот ўрта ўн кунликда эътикоф ўтирдилар. У зот билан бирга биз ҳам эътикоф ўтирдик. Шунда Жаброил келиб, у зотга: «Сен истаган нарса олдингда», деди. Сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг йигирманчи куни тонгда хутба қилиб, «Ким Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эътикоф ўтирган бўлса, қайтсин. Менга Қадр кечаси кўрсатилди, сўнгра эсимдан чиқарилди. Албатта, у охирги ўн кунликнинг тоқ кечасидадир. Мен лой ва сувга сажда қилганимни кўрдим», дедилар. Масжиднинг томи хурмо шохи билан ёпилган эди. Осмонда бирор нарсани кўрмас эдик. Бир парча булут келиб, ёмғир ёғди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам биз билан намоз ўқидилар. Шунда у зотнинг бурунлари учида лой ва сув асарини – тушларининг тасдиғини кўрдим».

Бухорий ривоят қилган.

Агар бир одам рўзасиз эътикоф ўтиришни назр қилса ҳам, у кишига назр қилган эътикофи кунлари рўза тутиш вожиб бўлади. Чунки рўза назр қилинган эътикоф дурустлигининг шартидир. Эътикоф Масжидул Ҳаромда, ундан кейин Масжидун Набавийда, ундан кейин Масжидул Ақсода, ундан кейин жамоат кўп йиғиладиган масжидларда афзалдир. Беш вақт намоз жамоат бўлиб ўқилмайдиган масжидда эътикоф ниятида ўтириш саҳиҳ эмас. Аёл киши эрининг ижозати билан ўз уйидаги намоз ўқийдиган ўринда эътикоф қилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар йили Рамазон ойининг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтиришни канда қилмаганлар. Эътикоф муддати бир кундан ўн кунгачадир. Вожиб эътикофни ният қилган киши масжиддан чиқмайди (ҳожат учун, таҳорат олгани, ғусл қилгани чиқса бўлади). Эътикоф ўтирувчи тозаликка риоя қилган ҳолда еб-ичиши, озгина ухлаши, кийим ўзгартириши, ўзининг ёхуд оиласининг рўзғорини тебратиш учун эҳтиёжига зарур нарсаларнигина (масжиддан чиқмай) савдо қилиши жоиз.

Эътикофчилар намоз ўқийдилар, тасбеҳ айтадилар, Қуръон ва китоб ўқийдилар, илм ўргатадилар ва ўрганадилар, дуо қиладилар, ухровий (охиратга оид), хайрли сўзларни гапирадилар, зарур бўлмаса, дунё сўзидан сўзламайдилар, дунё ишини қилмайдилар. Эътикофчига тек туриб сукут сақлаш, аёлига яқинлашиш, ўпишиш, жимоъ қилиш, савдо қилиш (молни масжидга келтирмасдан савдо қилиш мумкин) ман этилган. Узрсиз, дунёвий иш учун масжиддан ҳеч қандай зарурий сабаб бўлмай бир зумга бўлса ҳам ташқарига чиқса, вожиб эътикоф бузилади, суннат ёки мустаҳаб бўлса, тугайди.

Бир кунлик эътикофни қасд қилган киши тонг отмасидан масжидга кириб, қуёш ботгач чиқади. Бир кундан кўп эътикоф ўтиришни назр қилса, қуёш ботмасидан илгари масжидга кириб, кейинги куннинг қуёши ботганидан сўнг чиқади. Киши неча кун эътикоф ўтиришни назр қилса, ўша кунларнинг кечаларида ҳам эътикоф ўтириши лозим бўлади. Кечалари эътикофни назр қилган киши кундузлари ҳам узлуксиз эътикоф ўтириши лозим. Лекин кечаларни истисно қилиб, фақат кундузлари эътикоф ўтиришни ният қилиш жоиз. Агар киши бир ой эътикофни назр қилиб, қалбида ният қилса, тили билан айтмагунича назр ҳисобланмайди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (мўминниг қалқони китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ёғсиз гўшт, сут маҳсулотлари, шунингдек, сабзавотлар ва меваларни кўпроқ танаввул қилишингиз тавсия этилади. Саҳарлик чоғида меъёрда овқатланинг, ортиқча давоми...

6123 17:05 / 09.06.2017
Рўзанинг турлари тўрттадирЛозим рўза.Лозим рўза иккига фарз ва вожибга бўлинади.Фарз рўза. У ҳам иккига тайин қилинган ва тайин қилинмаган фарз рўзага давоми...

11553 17:30 / 23.05.2017
Рўза аҳкомлари ва рўзадорлар учун умумий огоҳлантиришКўз эгаларига ибрат бўлиши учун тунни кунга алиштириб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Кенгчилик неъмати учун давоми...

4254 13:59 / 02.06.2017
Қўл билан истимно қилишнинг ҳукмиБир одам хаёлини чалғитувчи, ўта кучли шаҳватини сўндириш учун қўли билан истимно қилган бўлса, ўша одамнинг аёли йўқ бўйдоқ давоми...

16347 14:41 / 13.06.2017