1446 йил 17 жумадис сони | 2024 йил 19 декабрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Бир ҳадис таҳлили

05:00 / 14.01.2017 4039 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмилла‪ҳ‬ир Ро‪ҳ‬манир Ро‪ҳ‬им‪!‬


Рамазон шариф рўзасини тутишни бизларга фарз қилган Алло‪ҳ‬ таолога ‪ҳ‬амду санолар бўлсин‪! ‬

Рамазони шариф кечаларининг ибодатини бизларга суннат қилган Пай‪ғамбаримизга салоту саломлар бўлсин‪!‬

Аммо баъд:‬


Ибн Хузайма ўзининг ‪«‬Са‪ҳ‬и‪ҳ”ида 1887-рақам билан узун ‪ҳ‬адисни ривоят қилади:

“Алий ибн Зайд ибн Жудъон бу ҳадисни Саъид ибн Мусайябдан, у Салмон Форсий разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Шаъбон ойининг охирида бизга шундай хутба қилдилар: “Эй одамлар! Сизларга буюк ой – муборак ой соя солиб турибди... Ким унда бирор яхши хислат билан қурбат ҳосил қилса, бошқа ойларда фарзни адо қилгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо қилса бошқа ойлардаги етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират ва охири дўзахдан озод бўлишдир...”


Ибн Хузайма бу ривоятни келтиргач ортидан: “Агар бу хабар саҳиҳ бўлса...”, деб яна: “Алий ибн Зайднинг ҳифзи ёмон бўлгани учун уни ҳужжат қилмайман”, деган. Айрим қўлёзмаларда “Агар... бўлса” калимаси тушиб қолган ва Ибн Хузайма ҳадисни “саҳиҳ хабар”, дегандек кўрсатилган. Бу тўғри эмас. Ибн Ҳузайма ҳадиснинг саҳиҳ эканига қатъий ишонмаган. Шунинг учун “Агар хабар саҳиҳ бўлса” дейиш билан ҳадиснинг иллати мавжудлигига ишора қилган. 

Ҳадисни яна Маҳомилий “Омолий”да, Байҳақий “Шуъаб” ва “Фазоилул авқот”да, Абу Шайх ибн Ҳиббон “Савоб” китобида, Суютий “Дуррул Мансур”да, Асбаҳоний “Тарғиб”да ривоят қилишган. Барчалари ушбу ҳадисни Саъид ибн Мусайябдан, у киши Салмон Форсийдан ривоят қилган, деган тарзда келтиришган. Фақат шу маънога далолат қилувчи ҳадисни Ибн Асокир Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган. 

Бу ривоятларнинг деярли ҳаммасини дироят ва ривоят уламолари саҳиҳ эмаслигини айтишган ва аксарлари буларни мункар, дейишган. Айримлар ботил ва яна айримлар эса жуда заиф ҳадислигини айтишган. Мункар ҳам заиф ҳадисларнинг бир туридир. 

Бу ҳадиснинг заифлиги икки жиҳатдандир:

1. Санад жиҳатидан;

2. Матн жиҳатидан.

1. Санад жиҳатидан заифлиги санаддаги узилишдир. Яъни Саъид ибн Мусайяб Салмон Форсий разияллоҳу анҳуни кўрмаган ва у кишидан ҳадис эшитгани собит эмас. Яна бу ҳадиснинг санадида Алий ибн Зайд ибн Жудъон бор. Бу ровийнинг заиф эканини Аҳмад ибн Ҳанбал, Ибн Маъин, Абу Хузайма, Жузжоний ва бошқалар айтишган. (“Сияру аъломин нубало”га қаранг! 5/207).  

Дорақутний айтади: “Менинг наздимда у доим бўшлигича қолди”. 

Яҳё ибн Маъин эса уни ҳужжат эмас, деган. 

Абу Ҳотим Розий ва Бадруддин Айнийлар ҳадисни “мункар” дейишган. Шайх Албоний ҳам ўзининг “Силсила”сида бу ҳадисни 871-рақам билан келтирган ва мункар ҳадис, деган. Мункар ҳадис деб заиф ровий ёлғизланиб қолган ёки заиф ровий ишончли ровийларга зид келиб қолган ҳадисга айтилади. Мункар ҳадиснинг асосий аломати ундаги ёлғизланиб қолиш сифатидир. Яъни ҳадиснинг ровийси ёлғизланиб қолиши ёки матндаги маъно ёлғизланиши, бошқа ишончли матнларга хилоф келиб қолиши билан мункар бўлади. Баъзан мункар ҳадис зоҳирда ишончли кўриниши мумкин, лекин ўша мавзудаги ҳадисларни жамлаб, текшириб кўрилганда ундаги маъно бошқа саҳиҳ ривоятлардаги маънога терс келиб қолади ва шу билан бирга ўша ҳадис ёлғизланиб, унинг мункар экани юзага чиқади. Шунинг учун ҳам зоҳирда саҳиҳ кўринган ҳадисларга тўғридан-тўғри амал қилиб кетавериш даъвоси янглиш даъводир. Имом Аҳмад розияллоҳу анҳу мункар ҳадисни таърифлаганда, ровийлари сиқа (ишончли) бўлсада, ривояти ёлғизланиб қолган ҳадисни мункар деган. Яъни бир ривоятнинг мавзусини ишончли ровий келтирган бўлсада, ўша мавзуда ундан бошқа ровийлар у айтган гапни келтирмаган бўлишса ёки унинг гапига зид маънони келтирган бўлишса, ўша ҳадис мункар бўлади. Буни фақатгина ўша мавзуга алоқадор барча ҳадисларни жамлаб ўрганиш орқали аниқлаш мумкин. Шу маънога ишора қилиб Абдуллоҳ ибн Муборак раҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Ҳадисларни ҳадисларга уриштириб кўринглар!” Яъни бирор мавзуда ҳадис ворид бўлса, айнан шу мавзуга алоқадор бошқа ҳадисларни ҳам атрофлича ўрганиб чиқиш лозим. Шунда умумий ва ёрқин хулосага келиш имкони туғилади.

2. Муҳаддислар биз ўрганаётган ҳадисни фақат ундаги заиф ровий сабабидан заиф дейишмаган, балки ҳадиснинг матнидаги ифодалар ҳам саҳиҳ ҳадисларга зид эканини алоҳида таъкидлашган ва шу сабабли уни мункар дейишган.

 Кўрганимиздек, ҳадисда Рамазон шарифнинг кунлари уч даҳага тақсимланмоқда. Биринчи ўн кунлик раҳмат  даҳаси, иккинчи ўн кунлик мағфират даҳаси ва учинчи ўн кунлик эса жаҳаннамдан озод бўлиш даҳаси, дейилмоқда. Бу маънони қувватлаш учун бошқа ривоятларни топиб бўлмайди, балки аксинча, ушбу мавзуни инкор қиладиган ишончли ривоятлар мавжуд. Ўша ишончли ривоятларга кўра, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва мағфирати ҳамда жаҳаннамдан инсонларни озод қилиши Рамазоннинг ҳар кунига оид экани маълум бўлади. 

Яъни Аллоҳ таолонинг раҳмати кенгдир, У Зотнинг мағфирати ҳадсиздир ва ҳар ифтор кечасида жаҳаннамдан озод қилиш бордир! 

Имом Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан марфуъ ҳадисни ривоят қилади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Қачон Рамазоннинг биринчи кечаси бўлса шайтонлар ва бебош жинлар кишанланади, жаҳаннам эшиклари қулфланади, улардан бирорта эшик очилмайди. Жаннат эшиклари очилиб, улардан бирортаси ёпилмайди. Ҳар кечаси бир нидо қилувчи нидо қилади: “Эй яхшилик истови, юзлан! Эй ёмонликни истовчи тўхта! Аллоҳ учун жаҳаннамдан озод бўлувчилар бордир ва бу ҳар кечада содир бўлади!” (Имом Термизий) айтади: “Бу бобда Абдурраҳмон ибн Авф, Ибн Масъуд ва Салмонлардан ҳам ривоят бор”.

Демак бу ҳадисдаги маънога кўра, жаҳаннамдан озодлик ҳар кечада содир бўлиши таъкидланмоқда. Шундай экани уни маълум ўн кунликка чегаралаш тўғри эмас. 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Ким Рамазонда иймон  ила савоб савоб умидида рўза тутса, унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилинади”. Муттафақун алайҳ.

Ушбу саҳиҳ ҳадисда ҳам киши иймон ва савоб умиди билан Рамазон рўзаларини тутса унинг олдинги гуноҳлари мағфират қилиниши очиқ айтилмоқда. Бу эса Рамазоннинг барча кунлари мағфират эканига далолатдир. Шундай экан мағфират кунларини алоҳида ўн кунликка чегаралаш тўғри бўлмайди.  

Демак бу ишончли ҳадислардаги маънолар юқоридаги ҳадис маъносига зид келиб қолмоқда. Аслида ҳадислардаги айрим маънолар зоҳирда бир-бирига зид келиб қолса, уламолар уларнинг орасини мувофиқлаштириш учун бир неча илмий босқичларни босиб ўтиш лозимлигини айтишган. Мен уларни ўта қисқа шаклда эслатиб ўтсам:

Биринчи босқич: бир‑бирига зид икки маънонинг орасини жамлаш, уларни таъвил қилиш ва маънолари орасини мувофиқлаштириш. Бу ишнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари мавжуд;

Иккинчи босқич: агар уларнинг орасини жамлаш имкони бўлмаса:, даъво йўлидан юришган:, яъни бири иккинчисини насх қилишини даъво қилиш. Насхни исботлаш ҳам у қадар осон иш эмас;

Учинчи босқич: агар бунинг ҳам имкони бўлмаса ва қариналар (яъни бунга ишора қиладиган маълумотлар) имкон бермаса, улар орасидан бирини кучли санаш йўлидан юришган, яъни бирини бошқасидан устун қўйишган. Бу ҳам ўта чуқур билим ҳамда салоҳиятни талаб қилади. 

Уламолар орасида учинчи маслакни иккинчисидан муқаддам қўйганлар ҳам бор: жамлаш, таржиҳ қилиш ва насхни даъво қилиб, исботлаш. 

Бу уч босқичнинг ўзига яраша ўта машаққатли илмий довонлари мавжуд бўлиб, уларни дақиқ илмга эга зотларгина забт этишлари мумкин. Мен ҳозир буларнинг тафсилотига киришиб ўтирмайман. Чунки бу босқичлар асосан икки ёки ундан кўп саҳиҳ ҳадисларнинг зоҳирда бир бирига зид келиб қолганида кўриб чиқилади. Зотан биз таҳлил қилаётган ҳадисимиз санади ва ровийларидан бири танқидга учраб турибди. Шунинг ўзи бошқа саҳиҳ ҳадисларга бу ҳадисни мухолиф бўла олмаслигини таъминлайди. Шу билан ундаги матн ҳам бошқа бир қатор саҳиҳ ҳадислардаги матнлар олдида ёлғизланиб қолмоқда. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Рамазон шарифнинг кириши билан жаннат эшиклари очилади, деган матннинг ўрнига раҳмат эшиклари очилиши айтилган ва унинг фақат дастлабки ўн кунликка оидлиги таъкидланмаган. 

Яна Ибн Хузайма келтирган ҳадисдаги: “Ким унда бирор яхши хислат билан қурбат ҳосил қилса, бошқа ойларда фарзни адо қилгандек бўлади. Ким унда бир фарзни адо қилса, бошқа ойлардаги етмишта фарзни адо қилгандек бўлади”, дейилган матнга қарши мулоҳазалар мавжуд. Зотан нафл ибодатлар фарзнинг ўрнига ўтиши муболағали гап, шу билан бирга Рамазондаги ибодатларнинг ажри етмиш баробарга чегараланиши ҳам бошқа ишончли ривоятларда келган ўн баробардан етти юз баробаргача, деган маънога зиддир. Яна ҳадиси қудсийда рўзадорнинг ажри ҳисобсиз экани, уни фақат Аллоҳнинг Ўзигина бериши айтилгани Ибн Хузайма келтирган матннинг мункар эканини билдиради. Шундай экан, Ибн Хузайма ривоят қилган ҳадисни айтадиган киши унинг матни ва ровийларидаги заифликни албатта, келтириб қўйиши лозим. Чунки мункар ҳадиснинг ҳукми уни қабул қилмай, рад этишликдир. Агар ушбу ҳадиснинг заиф жиҳатлари эслатиб қўйилмаса, бугунгидек, кўпчилик оддий инсонлар онгида ҳадисдаги маънолар ўрнашиб қолади. Заиф ҳадисларга тарғиб ва тарҳибда, фазилатларда амал қилса бўлади, деган гапни ҳам юзаки тушунмаслик лозим. Уламоларимиз заиф ҳадисларга фазилатларда амал қилиш мумкин бўлиши учун маълум шартлар топилиши кераклигини айтишган. Мусталаҳул ҳадис асарларида буни алоҳида таъкидлашдан. Шу шартлардан бири ҳадис жуда заиф бўлмалиги лозим. Яна бири ҳадис мункар бўлмаслиги керак, яъни нассга (оят ва саҳиҳ ҳадисларга) қарши бўлмаслиги лозим. Яна бу каби заиф ҳадисларга эътиқод маъносида ишонмаслик шарт. Яъни ундаги маънолар ақидани ифодалай олмаслигини тушуниш керак ва ҳоказо...

Биз кўриб чиққан ҳадис эса айрим муҳаддисларнинг наздида ўта заифдир, кўпчилик эса унинг мункар эканини алоҳида таъкидлашган. Шундай экан ундаги маънога боғланиб қолмаслик зарур. Балки саҳиҳ ҳадисларда келганидек, Аллоҳнинг раҳмати кенг эканига, У Зотнинг мағфирати шомиллигига, ҳар кечада жаҳаннамдан озод бўлиш борлигига ишонишимиз даркор!

Демак, бундан қуйидаги натижаларга эришдик:

1. Ибн Хузайма раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган юқоридаги ҳадис ва унинг тобеълари санад ва матн жиҳатидан заифдир;

2. Ҳадиснинг мункар эканини муҳаддислар алоҳида таъкидлашган;

3. Мункар ҳадиснинг ҳукми уни олмаслик, яъни рад қилишдир;

4. Бу ҳадисдаги матнга кўра, Аллоҳнинг раҳматини чегаралаб қўйиш бордир. Бу эса саҳиҳ матнларга зиддир;

5. Рамазон ойининг кунларини учта ўн кунликка тақсимлаш, аввалини раҳмат, ўртасини мағфират ва охирини жаҳаннамдан озод қилиш даҳаси, деб ишониш тўғри эмас;

6. Ибн Хузайма раҳимаҳуллоҳнинг ўзи ҳам ривоятнинг ишончли эмаслигига ишора қилган;

7. Ҳадиснинг ўзидан зоҳирига қараб ҳукм олишга уриниш мутахассис бўлмаганлар учун хатарли эканини бу мисолда кўриб ўтдик.Аслида бу ҳадис ҳукм олинадиган ҳадислар жумласидан бўлмасада, айнан шу мисолга ўхшаш ҳукм олинадиган ҳадислар ҳам мавжудлигини унутмаслигимиз лозим;

 8. Хатиблар, воизлар бу каби ривоятларни айтишганда, унинг заиф эканини алоҳида таъкидлашлари лозим. 

9. Зоҳирда бир-бирига зид келиб қоладиган ҳадисларни юзаки хулосалаш тўғри эмас экан, балки бундай вазият улар орасини жамлаш ёки бирининг насх эканини исботлаш ёҳуд бирини бошқасидан кучлироқ эканини кўрсатиб бериш каби илмий босқичларга муҳтож экан. 

10. Заиф ҳадисларга тарғиб ва тарҳибда, фазилатларда амал қилиш жоиз бўлиши учун ўша ҳадис ўта заиф бўлмаслиги ёки мункар бўлмаслиги лозим экан.

Хулоса қилиб айтганимизда, Рамазон ойининг ҳар кеча ва кундузи раҳмат ва мағфиратдир, унинг ҳар кечасида эса жаҳаннамдан озод этиш бордир!

“Раҳматим эса, ҳамма нарсадан кенгдир. Уни тақво қилганларга, закот берганларга, оятларимизга иймон келтирганга ёзажакман”. Аъроф сураси 156 оят.


Пайғамбаримизга битмас туганмас салавоту саломлар бўлсин!



Аброр Мухтор Алий.

1436 ҳижрий, 15 Рамазон.

03.07.15.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум. Ва алайкум ассалом. Қалайсиз ака... Яхши, уфф чанқаб кетдим, анаву крандан бир пиёла сув қуйиб узатиб юборинг. Ия, рўзамасмисиз ака Рўза фарзку Э, давоми...

5490 13:58 / 06.04.2022
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуда ривоят қилинади .Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан рўзадорнинг қучоқлаши ҳақида сўради. Унга рухсат давоми...

3967 19:30 / 25.04.2021
Ўзбекистон радиосининг .Оқшом тўлқинларида, ахборотмусиқий эшиттириши орқали берилган ушбу ваъз, Тошкентдаги .Тилла Шайх, масжидида ийдmdash Рамазон намози олдидан давоми...

3548 05:00 / 14.01.2017
183. Эй иймон келтирганлар Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки тақводор бўлсаларингиз.Бу ояти каримани ҳам Аллоҳ таоло давоми...

2897 05:00 / 11.01.2017