1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рўза

Таровеҳ намози

05:00 / 14.01.2017 21282 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Aраб тилидаги “таровеҳ” сўзи луғатда “дам олиш; роҳатланиш” маъноларини билдиради. Рамазон ойида адо этиладиган йигирма ракатли намознинг ҳар тўрт ракатини ўқигач бир оз дам олингани учун шундай ном берилган. Унинг вақти рамазон ойида хуфтон намозидан кейин кириб, то бомдод вақти киргунича давом этади. Витрдан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиш дуруст бўлади, лекин афзали – таровеҳни витрдан олдин ўқиш. 


Таровеҳ намози таъкидланган суннатлардандир. Жамоат бўлиб ўқиш эса маҳалла кишилари учун кифоя суннат ҳисобланади. Яъни, айримлар жамоат бўлиб таровеҳни ўқишса, қолганлардан жамоат бўлиб ўқиш суннати соқит бўлади. Аммо бир маҳаллада ҳеч ким жамоат бўлмаса, шу маҳалладаги ҳамма одам суннатни тарк қилган ҳисобланади. 

 Имом Бухорий ва Муслимлар ривоят қилган ҳадиси шарифда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рамазон ойидаги кечалардан бирининг ярмида масжидга чиқдилар. Шу чиқишлари уч марта бўлди. Рамазоннинг учинчи, бешинчи ва йигирма еттинчи кечалари масжидда намоз ўқидилар. Бошқалар ҳам у ерда намоз ўқишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан саккиз ракат намоз ўқидилар, одамлар эса қолганини уйларида адо қилишди. Уларнинг уйларидан хурмо дарахтининг шитирлаши каби овозлар келар эди.

Ушбу ҳадисдан маълум бўладики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таровеҳ намозини ва уни жамоат бўлиб ўқишни саҳобаларга суннат қилиб қолдирдилар. Лекин улар билан йигирма ракат ўқимадилар. Ваҳоланки, ҳазрати Умар даврларидан ҳозирга қадар таровеҳ йигирма ракат ўқиб келинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар гал масжидга чиқиб таровеҳни ўқиганларида, одамлар масжидда кўпаяверди. Учинчи бор чиққанларида масжидга одам сиғмасди. Шундан сўнг умматга таровеҳнинг фарз бўлиб қолишидан қўрқиб чиқмадилар. Бошқа бир ривоятларда шу хусусда ҳадислар келган. Яна ҳадиси шарифдан шу нарса маълум бўладики, таровеҳ намози Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда саҳобаларга ўқиб берган ракатнинг ўзигина эмас экан, балки ҳадиси шариф иборасига кўра, «Улар қолганини уйларида адо қилардилар». Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзларининг халифалик даврларида одамларнинг рамазон кечаларида масжидга тўплаб, таровеҳни йигирма ракат жамоат билан ўқишни жорий қилдилар. Саҳобалардан бирор киши бу ишга қарши чиқмади. Ҳатто ҳазрати Умардан кейинги ҳазрати Усмон ва ҳазрати Алийдек хулофои рошидинлар мартабасидаги зотлар ҳам бу амални тўхтатишмади. Ваҳоланки, бу улуғлар диндаги бидъат амалларнинг рўпарасида ҳаргиз сабр қилиб тамошабин бўлиб туришмаган, балки у бидъат бўлса, ўз ўрнида тўхтатардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилгандилар: «Ўзингларга менинг суннатимни ҳамда рошид ва маҳдий бўлган (яъни, ҳидоят, тўғри йўлдан юрувчи) халифаларимнинг суннатини лозим тутинглар, буни ақл тишларинг билан маҳкам тишлаб олинглар». (Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳанифанинг шогирдларидан бўлган Абу Юсуф устозидан: “Нима учун Умар розияллоҳу анҳу бу ишни қилган?” деб сўради. Абу Ҳанифа: “Таровеҳ суннати муаккадалардандир. Умар розияллоҳу анҳу бу ишни ўзидан ўйлаб чиқиб жорий қилгани йўқ. У ҳаргиз бидъатчилардан бўлмаган. У мусулмонларни нимага буюрган бўлса, ўзи билган диндаги асл нарсага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларида бор бўлган амалга буюрган”, деб жавоб бердилар.

Таровеҳ намози витрдан ташқари йигирма ракат ҳисобланади. Унинг вақти хуфтон намозидан кейин кириб, то бомдод вақти киргунча давом этади. Витрдан олдин ҳам, кейин ҳам ўқиш дуруст бўлади. Лекин афзали таровеҳни витрдан олдин ўқишдир. Таровеҳ икки ракатдан ўқилади, ҳар тўрт ракат ўқилгач, бир оз истироҳат учун ўтириш маъқулдир. Саҳобаи киромлар ҳам худди шундай қилишарди. Таровеҳ (истироҳат) намози, деб номланишининг ҳам асл сабаби шудир. Чунки таровеҳ роҳатланиш маъносидадир. Намозхон шу ўтиришда зикру тасбеҳга машғул бўлади ёки сукут сақлайди. 

(Бизнинг диёрларда ушбу ўринда қуйидаги каби тасбеҳлар ўқиш одат бўлган:


سُبْحانَ ذِي الْمُلْكِ وَالْمَلَكوُتِ سُبْحانَ ذِي الْعْزَّةِ وَالعَظَمَةِ  وَالْقُدْرَةِ  وَالْكِبْرِياءِ وَالْجَبَرُوتِ  سُبْحانَ الْمَلِكِ الْحَيِّ الَّذِي لا يَمُوتُ سُبُّوحٌ قُدُّوسٌ رَّبُّنا وَرَبُّ الْمَلَائِكَةِ وَالرُّوحِ لا إلَهَ إلّا اللهُ نَسْتَغْفِرُ اللهَ نَسْئَلُكَ الْجَنَّةَ وَ نَعُوذُ بِكَ مِنَ النَّارِ


“Субҳана зил мулки вал малакути, субҳана зил ъиззати ва ъазомати вал қудроти вал кибрияи вал жабарути, субҳанал маликил ҳаййил лазий ла ямуту, суббуҳун қуддусур Роббуна ва Роббул малаикати вар руҳи, ла илаҳа иллалоҳу настағфируллоҳ, ва насалукал жанната ва наъузу бика минан нар”).

Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни бир бора хатм қилиб чиқиш ҳам рамазон ойининг суннат амалларидандир.

Афзали имом жамоатнинг ҳолига риоя қилиб қироатни бир оз тезлатади, лекин шарт шуки, тезлик намозни бузадиган ёки намозхонлар англай олмай қоладиган даражада бўлмасин. Таровеҳ намозларида Қуръони Каримни хатм қилишдан қавм малолланса, имом уларнинг малолланишини эътиборга олмайди, балки суннатни адо қилади. Фотиҳадан кейинги зам сурани узун оятдан бир оят, қисқа оятдан уч оят миқдоридан кам ўқиб қўйиш ҳаромга яқин макруҳлардан ҳисобланади. Чунки бунда вожибни тарк қилиш бор. 

Таровеҳнинг ҳар икки ракати мустақил намоз бўлиб, уларга алоҳида ният қилинади, такбири таҳримадан сўнг эса сано ва «Аъузу...», «Бисмиллаҳ...»лар ўқилади. Қаъдада ташаҳҳудга қўшимча саловот ва дуоларни ҳам қўшади ва ҳоказо. Таровеҳ намозларини қиёмга қодир бўлатуриб ўтириб ўқиш ҳам дурустдир. Аммо қиёмда туриб ўқиса, ўтириб ўқигандан кўра афзалроқ бўлади. Имомга эргашувчи ўтирган ҳолида ҳам иқтидо қилса дуруст, аммо қиёмга қодир бўлатуриб, то имом рукуъга боргунча қиёмни кечиктириш макруҳ ҳисобланади. Чунки бунда ибодатга дангасалик қилгани зоҳир бўлади. Таровеҳ намозининг масжидда адо қилиниши маъқулдир. Зеро, шариатга кўра, жамоат бўлиб адо қилинадиган ибодатларнинг афзалроғи масжидда бўлганидир. 

Таровеҳ намозининг вақти чиқиб кетса, қазоси ўқилмайди. Чунки қазо фарз ва вожиб амалларгагина хослангандир. Мабодо, бирор киши таровеҳнинг қазосини ўқиса ҳам, у мутлақ нафл намозлар жумласига кириб кетади, барибир таровеҳнинг ўрнига ўтмайди. Таровеҳ намози рўзанинг суннатларидан эмас, балки рамазон ойидаги суннатлардан ҳисобланади. Шу сабабли таровеҳ намозини ўқиш мусофир учун, рўза тутмаган узрли касал учун ҳам суннат бўлади. Маълумки, бу кишиларга рўза тутиш шарт эмас эди. Шу билан бирга ҳайз ва нифос кўраётган аёллар ҳам агар куннинг охирида пок бўлишса, таровеҳни ўқишлари суннат ҳисобланади.


Аброр МУХТОР АЛИЙ тайёрлади



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мана, Рамазон ойининг раҳмат, мағфират даҳаларидан ўтиб, дўзахдан озод бўлиш даҳаси бўлмиш учинчи ўн кунлиги ҳам кириб келди. Шунинг учун аввало ўзимизга, сўнгра давоми...

3639 17:08 / 08.06.2018
Савол Рўза тутмасликни ёки тутган бўлса ҳам очишни мубоҳ қилувчи амаллар қайсилар Жавоб Улар қуйидагилардир 1. Беморлик. Ҳалок бўлиши, бирор аъзосига талофат давоми...

2547 15:10 / 26 март
Эътикоф ҳақида САВОЛ Эътикоф нима Унинг ҳукми қандай Эътикофда ўтириш шартми ЖАВОБ Эътикофrdquoнинг луғавий маъноси бирор ишга қаттиқ берилмоқrdquo, ғайрат билан давоми...

4953 14:00 / 18.04.2023
1. Муайян фарз2. Муайян бўлмаган фарз3. Муайян вожиб4. Муайян бўлмаган вожиб5. Суннат6. Мустаҳаб нафл7. Макруҳи тахримий8. Макруҳи танзиҳий1. Муайян фарз рўзаҳар йили давоми...

3806 08:00 / 14.04.2021